Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раис ўринбосари Ўткир Ҳасанбоев 22 февраль куни ишдан олинди.
Бу ҳақда Озодликка хабар берган айни идораниг исми айтилишини истамаган мулозими Ҳасанбоев масжидлар фаолияти назорати билан шуғулланганлигини айтди. Унга кўра¸ Ҳасанбоев Тошкент Ислом университети ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги ўрта махсус ислом билим юртларида кадрлар тайёрлаш билан боғлиқ масалалар юзасидан маъсул бўлган.
Дин ишлари бўйича қўмитанинг ишдан олинган мулозимини яхши таниган Ўзбекистон мусулмонлар идораси раҳбарларидан бирининг Озодликка айтишича¸ Ҳасанбоев “мусулмонлар билан боғлиқ вазиятни таҳлил қилиб, куч ишлатар идоралар ва МХХга таҳлилномалар ëзиш билан шуғулланган қудратли шахс “ бўлган. Унга кўра, “Ҳасанбоевнинг кетиши Дин ишлари бўйича қўмитанинг МХХ таъсир доирасидан чиқишини” билдиради.
Қўмита кўчирилди
Озодликка маълум бўлишича¸ Ҳасанбаев “бошқа ишга ўтганлиги” боис ишдан олинган. Мулозимга кўра¸ у ишлайдиган Дин ишлари бўйича қўмита 22 февраль куни Вазирлар маҳкамаси биносидан чиқариб юборилган. Қўмита расмий сайтида айтилишича, “Бундан буëн идора Қодирий кўчаси 11- уй, яъни Ислом университети биносининг бир хонасида фаолият олиб боради”.
Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясида диний-маърифий эшиттиришлар олиб борадиган журналистнинг 23 февраль куни Озодликка айтишича¸ “Ҳасанбоевнинг қўмитадан, Айдарбек Тулеповнинг эса, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси ўринбосарлигидан олиниши бу тизимларни МХХ назоратидан қутқариб, мусулмонлар эркинлигини таъминлаш йўлидаги ҳукумат олиб бораëтган иш самарасидир”.
"Эрта севинмайлик"
Озодлик суҳбатлашган Наманган ва Тошкентдаги масжид имом ноиблари “Бу икки қўрқинчли раҳбардан қутулганидан севинганлигини айтишди. Айни пайтда Тошкентдаги “Тинчлик” масжиди имоми Шермурод Тоғай “погонлилар кетганидан сўнг имомлар зиммасига тушадиган масъулият юки” ҳақида Озодликка гапирди:
- Чунки Худо кўрсатмасин¸ мусулмонлар устига бир очкўзроғи ўтириб қоладиган бўлса, пора олиши мумкин. Ўзаро келишмовчилик пайдо бўлиши мумкин. Мана шу кунларда одамлар тўда-тўда бўлиб¸ "менга фалон домлани алмаштириб берасан"¸ "фалон масжидга фалончини қўясан", деб талаб қўйганини эшитдим. Энди хавфсизлик ходимларининг бир иши шундан иборат эдики¸ улар мана шунақа одамларга умуман йўл бермасди. Гапнинг тўғриси¸ ҳеч қайсисини бирор жойга яқинлаштирмасди ҳам. Энди Оллоҳнинг ўзи 1989 йилги воқеаларни қайтармасин. Ўша пайтда муфтийга ва бошқа раҳбарларга итоат қилиш мутлақо йўқ бўлиб кетувди. Ҳар куни¸ ҳар ким ўнта -йигирмата одамни орқасига эргаштиририб тўполон қиларди. Бугун ҳам, эркинлик берилди деб, ўзимиздан кетмасак хўп-хўп¸ лекин акси бўлса МХХ яна қайтиб бизни назоратига олади¸ деди Тошкентдаги “Тинчлик” масжиди имоми.
Масжид "МХХ қулоқларидан" тозаланмоқда
17 февраль куни Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Айдарбек Тулепов ишдан олинган эди. Идорадан олинган маълумотга кўра, айнан Тулепов Миллий хавфсизлик хизматининг (МХХ) бу ташкилотдаги куратори вазифасини бажариб келган. Бундан ташқари, тошкентлик бир неча диний хизматчи МХХнинг масжидларга бириктирилган кураторлари ҳам чақириб олинганини айтмоқда.
Айни пайтда, Тошкентдаги масжидлардан бирида ишлайдиган имом ноибларидан бирининг Озодликка айтишича, прокуратура ходимлари шу кунларда масжидлардаги "МХХ айғоқчилари"ни аниқлаш билан шуғулланмоқда.
"Прокуратуранинг одамлари масжидларда юрибди, МХХнинг айғоқчиларини аниқлаяпти", деди исмини ошкор этишни истамаган имом ноиби.