Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 06:41

МХХдан ДХХга айлантирилган идоранинг асосий вазифалари белгилаб қўйилди


Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) раиси Ихтиëр Абдуллаев
Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) раиси Ихтиëр Абдуллаев

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëев 14 март куни “Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Фармонга кўра¸ МХХ фаолиятини тубдан ислоҳ қилиш мақсадида бу идора номи Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) деб ўзгартирилди.​

ЎзА ахборот агентлиги Президентнинг 2018 йил 14 мартдаги “Ўзбекистон Республикасининг давлат хавфсизлиги тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” фармонига кўра, давлат хавфсизлик хизматнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари тўғрисида маълумот берди.

Агентлик хабарида булар айтилган:

Ўзбекистон Республикасининг давлат хавфсизлиги ва манфаатларини ташқи ва ички таҳдидлардан ҳимоя қилишни таъминлаш, мазкур соҳада қонунийлик ва қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш ва уларга барҳам бериш;

Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузуми, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига тажовузларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш ҳамда уларга барҳам бериш бўйича разведка ва контрразведка фаолиятини амалга ошириш;

Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараларини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш;

Ўзбекистон Республикасининг Қуролли Кучлари ва мудофаа-саноат мажмуасини давлат хавфсизлигига хавф-хатарлар ҳамда таҳдидлардан ҳимоя қилиш, мамлакат мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш бўйича стратегик ташаббусларни амалга оширишда иштирок этиш;

терроризм, экстремизм, уюшган жиноятчиликка, қурол-яроғ, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний муомаласига қарши курашиш;

давлат манфаатлари ва хавфсизлигига таҳдид солувчи миллий, ирқий ва диний адоватни тарғиб этишга қаратилган бузғунчилик фаолиятининг олдини олиш, уни аниқлаш ва унга барҳам бериш;

иқтисодий, илмий-техникавий, ижтимоий ва ахборот соҳаларида давлат хавфсизлигини таъминлаш, Ўзбекистон Республикаси халқининг тарихий-маданий ва бой маънавий меросини ҳимоя қилиш;

давлат органлари ва бошқа ташкилотларда давлат манфаатлари ва хавфсизлигига таҳдид солувчи коррупция ҳолатларига қарши курашиш;

телекоммуникация ва транспорт соҳасида давлат хавфсизлигини таъминлаш, фавқулодда ҳолатларни юзага келтирувчи омилларнинг олдини олиш, аниқлаш ва уларга барҳам бериш;

Хизмат тергов қилиш ваколатига кирувчи жиноят ишлари бўйича терговга қадар текширув ва дастлабки тергов олиб бориш ва тезкор-қидирув фаолиятини амалга ошириш;

давлат органлари ва бошқа ташкилотларда давлат сирлари сақланиши, махсус алоқа хавфсизлигининг таъминланиши ҳамда ахборотларни криптографик ҳимоя қилишни ташкил этиш устидан назоратни амалга ошириш;

давлат манфаатлари ва хавфсизлигига таҳдид солувчи ҳуқуқбузарликлар содир этилишига имкон берадиган сабаб ва шарт-шароитларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш;

Хизматнинг жанговар ва сафарбарлик тайёргарлиги ҳолатини такомиллаштириш ва сақлаб туриш, куч ва воситаларни фавқулодда вазиятлар юзага келган ҳамда ҳарбий ҳолат жорий қилингандаги ҳаракатларга тайёрлаш.

XS
SM
MD
LG