23 апрель куни йўналишда қатновчи Damas автомобилларининг Наманган шаҳрига кириши тақиқлаб қўйилгани тўғрисидаги видеохабар ижтимоий тармоқларда тарқади.
Наманган шаҳар ҳокимлиги мулозими бу хабарни тасдиқлар экан, ҳолатни Damasлар ўрнига автобуслардан фойдаланишга ўтиш йўлида сўнгги йилларда олиб борилаётган сиёсат билан боғлади.
Наманганлик Damas ҳайдовчиларидан бири ижтимоий тармоқларда “Бугундан бошлаб Damasларни Лоладан ичкарига ўтказишмаяпти”, деган видеохабарни эълон қилди.
Лола – Наманганга Андижон томондан келишдаги катта гузар, шаҳарнинг чети.
Ҳайдовчи ўз видеохабарини йўл четида қатор тизилиб турган ўнлаб Damasлар фонида ёзган. У “кредити бор, уйида касаллари бор” ҳамкасблари ишсиз қолаётганидан зорланади.
Наманган шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати ходими (Отабек) Damasлар шаҳарга киритилмаётганини тасдиқлади:
- Тўғри, Damasлар шаҳарга киритилмаяпти. Лекин бу - шаҳарда Damasлар умуман йўқ, дегани эмас, пана-пастқам кўчалардан юриб ишлашаяпти.
Айни пайтда, шаҳар ҳокимлиги мулозимининг сўзларига қараганда, Damasларни шаҳарга киритмай қўйиш бир кечада, тўсатдан қабул қилинган қарор эмас. Бу масалага оид дастлабки ҳужжат – Наманган вилоят ҳокимининг фармойиши бундан 3 йил муқаддам – 2016 йилнинг 23 февралида чиққан. Бу ҳужжат орадан бир йил ўтиб кучга кирган ва шаҳар ҳокимлиги бу масала билан шуғулланишни бошлаган. Ва Damasларга шаҳар ичида ишлаш учун лицензия бериш 2017 йилдан бошлаб тўхтатилган.
Damasчиларга шаҳар ичида ишлашга лицензия бериш 2017 да тўхтатилган бўлса, норозилик нега айнан бугун пайдо бўлди?
Шаҳар ҳокимлиги мулозими бу саволни автоташувларга лицензия берувчи Ўзбекистон транспорт агентлигига (“Дарётранс”) беришни тавсия қилди.
“Дарётранс”нинг Наманган шаҳридаги вакили Озодлик саволини эшитиб-эшитмаёқ алоқани узиб қўйди, Telegram орқали ҳам жавоб бермади.
Damasлар ўрнига кредитга олинган Isuzuлар
Наманганлик ҳайдовчилардан келган яна бир хабар муаллифи шаҳарга Damasларнинг киритилмаётганини “шаҳарга келтирилган автобуслар кредитини қоплаш учун аҳоли мажбуран автобусда юришга мажбур қилинаётгани” билан изоҳлаган.
Наманган шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати ходимининг билдиришича, шу кунда шаҳарда йўловчилар 150 тадан ортиқ Isuzu автобусларида ташилмоқда.
2016 йилнинг 26 июлида (вилоят ҳокимининг Damasларга оид фармойиши чиққанидан 5 ой ўтиб) Uz24.uz сайти Namnews.uz сайтига таяниб, Наманганлик тадбиркор, "Турон-95 МБИ" МЧЖ раҳбари Борилло Муродов томонидан вилоятга 50 та "Исузу" русумли автобуслар олиб келингани, улар 4, 17, 23, 1-йўналишларга қўйилгани тўғрисида хабар қилган эди.
Хабарда¸ тадбиркорга таяниб айтилишича, автобуслар банкдан 4 йил муддатга олинган 4,6 миллиард сўм кредит эвазига олиб келинган ва ҳайдовчиликка кўп йиллик тажрибага эга 50 киши ишга қабул қилинган.
Хабарда "Турон-95 МБИ" МЧЖ раҳбари Борилло Муродовнинг мана бу сўзлари ҳам келтирилган:
"Наманган шаҳрида Damas автоуловлари ҳаддан зиёд кўпайиб кетди. Бунга қарши эмасмиз, бироқ, киракашларимизнинг аксарияти ҳаракат хавфсизлигига риоя қилмайди, сабаби уларнинг кўплари тажрибага ҳам, рухсатномага ҳам эга эмаслар. Яна бир гап: айрим магистраль кўчаларимиз таъмирталаб. Ана шу муаммоларни ҳал этишда мутасадди ташкилотлардан амалий ёрдам кутамиз".
Истеъмолчилар Damasчилардан норози
Республика Истеъмолчилар жамияти Наманган шаҳар бўлими вакили Ҳусанбой Алиев damasчилар билан боғлиқ вазиятни шарҳлар экан, бундай деди:
“Шаҳарда транспорт кўп. Жуда кўп автоҳалокатлар damasчиларнинг айби билан бўлмоқда. Истаган жойида, учинчи полоса демай, светофор демай тўхтайверишади. Охир-оқибат уларнинг шаҳар ичида ишлашини тўхтатишга қарор қилинди. Лекин шаҳардан ташқарида, туманларга, қишлоқларга қатнайверишлари мумкин”.
Ҳусанбой Алиевнинг айтишича, кўплаб damasчилар лицензия бериш тўхтатиб қўйилганидан сўнг, вазиятни тўғри баҳолаб, damasларини енгил машиналарга алмаштириб, таксичилик қилмоқда.