Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 09:31

Қарши ва Андижон ортидан Наманган марказида ҳам Damasлар қатнови тақиқланди


Наманган вилояти ҳокимининг махсус фармойиши билан вилоят марказининг шоҳкўчаларида Damas машиналари юриши 25 мартдан тақиқланди. Бу қарорга кўра¸ эрталабки соат 7:00дан кечки 20:00 гача бўлган оралиқда Damasлар "Чорсу", "Сардоба" бозорлари ва марказий "Темир йўл вокзали"га борувчи кўчаларга кирмайдиган бўлди.

Ҳокимлик изоҳи

Наманган ҳокимлиги расмийси бу қарорнинг Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси¸ Автомобиль ва дарë транспорти агентлиги билан мувофиқлашган ҳолда қабул қилинганини билдирди.

“Шаҳарда содир бўладиган автотранспорт ҳодисаларининг қарийб 80 фоизи Damas машиналари билан боғлиқ. Лицензияси бўлса-бўлмаса¸ Damasлар шу марказий кўчаларда одам ташишга ўтиб олишди. Оқибатда¸ тирбандлик кучайиб кетди¸ ҳаракат хавфсизлиги издан чиқди. Шунга ҳоким Damasларни тақиқлашга қарор қилди. Лекин “Тез ëрдам”¸ милиция ва бошқа фавқулодда хизматларга қарашли Damasлар бундан мустасно”¸ деди Наманган ҳокимлигининг ўзини таништирмаган расмийси.

Милиция изоҳи

Наманган вилояти Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси вакили¸ Damasларнинг йўл ҳаракати тартиби ва хавфсизлигига таҳдидга айланганига оид баëнотни тасдиқлади. Лекин айни русумли машиналарнинг марказий кўчалардан қувилиб¸ шаҳарнинг бошқа ҳудудларида бемалол йўловчи ташиш билан шуғулланаëтганига мантиқий изоҳ топиб беришга қийналди.

“Шаҳар марказида йўловчи ташиш қийин - одам ҳам кўп¸ автотранспорт воситаси ҳам кўп. Бундан ташқари бурилиш ва қайрилишлар кўп. Сардоба томонларда Damas ҳаддан ташқари кўпайиб кетганини наманганликлар яхши билади. Бозорлар олдидан ўтиб бўлмай қолди улар кўплигидан. Шунинг учун марказда юриши тақиқланди. Ҳозир шуни назорат қилиш учун 10 та жойга патруллик хизмати қўйганмиз. Лекин бошқа кўчаларда бемалол йўловчи ташишаяпти Damasларда. Агар одам ташиш учун хавфли бўлса¸ нега бошқа кўчалар¸ бошқа шаҳарларда мумкин¸ деган саволингиз ўринлику¸ лекин менда бунга жавоб йўқ”¸ деди Йўл ҳаракати хавфсизлиги расмийси.

Ишлаб чиқарувчи берган изоҳ

1991 йилдан аввалига GM Daewoo компанияси томонидан Ўзбекистонда ишлаб чиқариш йўлга қўйилган Damas микроавтобуси¸ 2014 йилдан бошлаб Питнакдаги "GM Uzbekistan" – "Хоразм Авто"заводида чиқарилмоқда.

“Қарши¸ Андижон ва жорий ойдан Наманганда ҳам хавфсизлик билан боғлиқ хавотирлар сабаб марказда йўловчи ташиш тақиқланган Damas микроавтобуслари ўзи одам ташиш учун қўйилган стандартларга жавоб берадими? Берса¸ нега улар Ўзбекистоннинг айрим шаҳарларида тақиққа учрамоқда”¸ деган саволларга жавоб берган “ЎзАвтосаноат” ширкати мутахассиси¸ жавоб бу машинадан қандай фойдаланишга боғлиқ¸ деган мазмунда гапирди.

“Ишлаб чиқарувчи берган тавсияга кўра¸ Damasда 7 тагача одам ташиш мумкин. Лекин бизда¸ айниқса¸ водий томонларда нима қилишади – 10 тадан кам одамсиз юришмайди¸ яна устига-устак юк ҳам босишади. Бу ишлаб чиқарувчи тавсияларига ҳам¸ йўл ҳаракати талабларига ҳам мутлақ зид. Тақиқларга бизнинг алоқамиз йўқ¸ бошқа тарафдан¸ вазиятни тартибга солиш учун нимадир қилиш керак”¸ деди “ЎзАвтосаноат” расмийси.

Истеъмолчи эътирозлари

Наманган марказида Damasлар қатнови тақиқланганига муносабат билдирган айрим наманганликлар¸ ҳўлу қуруқнинг баравар ëнаëтганига эътироз билдирдилар.

“Хусусий тадбиркорман¸ шахсий Damasим бор. Энди бозор-ўчар қилишгаям бозор яқинига йўлатмаяпти. Майли¸ киракашларни киритмасин¸ тирбандликни йўқотсин¸ бунга розимиз. Лекин менга ўхшаб кундалик иши бозор билан боғлиқ одамлaрга жуда катта ноқулайлик бўлаяпти. Анча узоқдан йўлга белги қўйиб¸ Damas кирмайди¸ деб ëзиб қўйипти. Бунга эътибор бермай ўтганларнинг ҳамма ҳужжaтларини олиб қўйиб¸ жаримага тортаяпти”¸ деди наманганлик тадбиркорлардан бири.

Озодлик гаплашган айрим наманганликлар¸ киракаш Damasчиларни тақиқлаган ҳокимлик¸ улар ўрнига йўловчи ташишни таъминловчи транспорт қатновини ташкиллаштирмаганини билдирди.

Одам ташимайдиганлар Laboга ўтишсин!

Бу эътирозларга муносабат билдирган Наманган ҳокимлиги расмийси¸ уларда жон борлигини эътироф этди ва яқин кунларда бу муаммолар ҳал қилинишини билдирди.

“Киракашлик қилмайдиган Damas эгалари¸ хусусан¸ кичик тадбиркорларга ноқулайлик туғилганини тан оламиз. Улар бизни тушуниб¸ сабрли бўлишар деб¸ турибмиз. Ўзи улар Damasларини Laboга алмаштиришса¸ ўзларига қулайроқ бўларди. Damasлар ўрнига 30 тагача йўловчи ташийдиган автобуслар қўяяпмиз¸ етмаса¸ яна қўямиз. То янги қарор ижроси изга тушиб кетгунча¸ бироз чидаб туришга тўғри келади”¸ деди ҳокимлик расмийси.

Жорий йилнинг январь ойида Қарши¸ февраль ойидан эса¸ Андижон марказида Damasлар қатнови тақиқланди.

27 март куни ҳам иккала вилоят ҳокимлиги расмийлари бундай тақиқнинг амалда экани ва бундан сўнг ҳам амалда қолажагини таъкидлади.

XS
SM
MD
LG