Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:44

Низомий университети вилоятлардан келган талабаларни ҳайдамоқда


Тошкент Низомий университети ўқув даргоҳи сифатида 81 йил муқаддам иш бошлаганди
Тошкент Низомий университети ўқув даргоҳи сифатида 81 йил муқаддам иш бошлаганди

Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика университети (ТДПУ) маъмурияти Тошкент шаҳри ёки вилоятидан бўлмаган бир неча минг талабани ўз вилоятида мавжуд олийгоҳларга қайтариб юбормоқда. ТДПУда 27 июнь куни бўлиб ўтган йиғинда университетнинг 750 нафар ўқитувчи ва мураббийлари сони "деярли икки бараварга" ҳамда талабалар сони етти мингдан уч мингга қисқариши эълон қилинган.

Шунингдек, Тошкент шаҳри Яккасарой тумани ҳудудида жойлашган ТДПУда мавжуд тўққизта факультетдан саккизтаси Чилонзор туманидаги педагогика коллежи биносига кўчирилади.

ТДПУ ўқитувчилари ва ўқувчиларининг эътирозларига сабаб бўлаётган бу ўзгаришлар, олийгоҳдаги Озодлик манбасига кўра, Ўзбекистон Вазирлар маҳкамаси қарори билан амалга оширилаётир.

Мақсад... вилоятликларни ҳайдаш-ми?

Университет талабаларидан бирининг Озодликка маълум қилишича, 20-июндан буён университет маъмурияти уларни ўқишни ўзлари яшаётган вилоятдаги олийгоҳда давом эттириш истаги битилган ариза ёзишга мажбурламоқда.

Озодликка Тelegram воситасида боғланган биринчи босқич талабаси Тошкентга ўқишга "пахтага чиқмаслик учун" келганини ёзади:

"Биз энди ўз вилоятимизга бориб ўқирканмиз. Наҳотки шу гап рост бўлса? Эндигина 1-курсни томомлагандим. Наҳотки Қаршига бориб ўқисам? Мен бир умр орзу қилардим Тошкентда ўқишни. Ахир ҳар ким ҳар ерда билим олиш ҳуқуқига эга эмасми? Ректоратдан сўрасам, ётоқхона етишмайди, шунга, дейишди. Нима бошқа институтларга етишармикан? Энди ҳаммага «ариза ёзасан» деб мажбурлашаяпти. Мен пахтага чиқмаслик учун Тошкентга ўқишга келгандим. Мақсад Тошкентга келган вилоятликларни ҳайдаш-ми?", дея эътироз билдиради шаҳрисабзлик талаба.

Озодлик боғланган ушбу таълим даргоҳи ўқитувчиларидан бири ушбу хабарни тасдиқлади.

- Роса бир ҳафтадан буён Тошкент шаҳри ёки Тошкент вилоятидан бўлмаган ҳар бир талабадан «ўқишни ўзим ўсиб-улғайган вилоятдаги пединститутда давом эттиришни истайман», деган ариза ёзиб олинаяпти. Сабаби бу ердаги домлаларгаям тушунтирилгани йўқ, - деди ТДПУ ўқитувчиси.

Қисқаришлар

Айни пайтда Озодликка ТДПУнинг 750 нафар ўқитувчи ва лаборантларининг "деярли ярими" "ўз ихтиёри билан ишдан кетиш ҳақида ариза" ёзгани ёки бошқа ўқув юртларига ўтказиб юборилгани маълум бўлди.

ТДПУ ўқитувчисининг Озодликка маълум қилишича, университет маъмурияти уларга жорий қисқаришлар университет маблағининг озайишига боғлиқлигини билдирган.

- Университет ўқитувчи ва лаборантларининг деярли ярими қисқараяпти. Университетда жанжал. Ўқитувчилардан ўз ихтиёри билан ишдан кетиш ҳақида ариза ёзиб олинаяпти. Бундан ўқитувчилар норози. Ректорат университет маблағи озайиб кетганини айтаяпти. Мисол учун, инглиз тили факультетига ҳар йили 200та студент қабул қилинарди. Бу йил бор йўғи 50та студент кираяпти: 10та рус, 40та ўзбек гуруҳига," деди ТДПУ ўқитувчиси.

Университет ўқитувчиснинг айтишича, талабалар сонининг кескин қисқариши вилоятлардан абитурентлар ҳужжатлари қабул қилинмаётганига ҳам боғлиқ.

ТДПУ қабул комиссиясининг аъзоси жорий йилда университетга фақат Тошкент шаҳри ва вилоятидан келган талабалар ҳужжатлари қабул қилинишини билдирди.

Низомий ўрнига Навоий

ТДПУ маъмурияти ходими Озодликка Тошкент шаҳри Яккасарой тумани ҳудудида жойлашган ТДПУнинг тўққизта факультетидан саккизтаси сентябрь ойига қадар пойтахтнинг Чилонзор туманидаги 1-Педагогика коллежи биносига кўчирилишини айтди.

Университет янги тузилмасига кўра, унинг таркибида саккизта факультет фаолият юритади.

ТДПУ маъмурияти ходимининг изоҳ беришича, ушбу олийгоҳдаги туб ўзгаришлар Тошкентда Алишер Навоий номидаги Давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ташкил этилаётгани билан боғлиқ.

Ўзбекистон президентининг 13 майда чиқарилган фармонига мувофиқ, ТДПУ бош биноси янги олийгоҳ ихтиёрига топширилмоқда.

Фармонга асосан, Алишер Навоий номидаги университет таркибида учта факультет: ўзбек филологияси, ўзбек тили ва адабиётини ўқитиш, ўзбек-инглиз таржима факультетлари, шунингдек, Ўзбек тили ва адабиёти илмий-тадқиқот институти ташкил этилади.

Ҳозиргача ТДПУ таркибида бўлган Ўзбек тили ва адабиёти факультети ҳам янги университетга қўшиб юборилади.

Шунингдек, Фанлар академиясининг Алишер Навоий номидаги давлат адабиёт музейи университет таркибига ўтказилиб, унинг негизида Ўзбек тили ва адабиёти музейи ташкил этилади.

Янги университетда ўқув жараёнини шу йил сентябридан бошлашга қарор қилинган.

Университетнинг бош биноси олдидаги майдонда улуғ шоир ва мутафаккир Алишер Навоий ҳайкалини ўрнатиш режалаштирилган.

Кузатувчиларга кўра, Навоий университетининг ибтидоси амалда Низомий университетининг интиҳосини англатади.

XS
SM
MD
LG