Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:12

Сенат Фарғона ҳокимига 3 ой синов муддати берди. Ш. Ғаниев "қуюшқондан чиққани учун" узр сўради (ВИДЕО)


Фарғона вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев
Фарғона вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев

Ўзбекистон Сенатининг Регламент ва одоб комиссияси Фарғона вилояти ҳокими, сенатор Шуҳрат Ғаниевга қатъий огоҳлантириш ва 3 ойлик синов муддати берди.

Комиссия йиғилишида Сенат раиси Танзила Норбоева ижтимоий тармоқларда тарқалган нутқида ҳоким ўта қўпол гапирган ва жамоатчиликда норозилик уйғотган, деб танқид қилган.

Kun.uz нашрининг хабар қилишича, Шуҳрат Ғаниев ўз айбини тан олган, кечирим сўраган ва тегишли хулосани чиқаришни ваъда қилган.

Озодлик вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев олиб боргани айтилган йиғилиш аудиоси ҳақида 29 сентябрь куни хабар қилган эди.

Kun.uz мухбирининг хабар қилишича, 30 сентябрь кунги Сенат йиғилишида Танзила Норбоева Шуҳрат Ғаниевни қаттиқ танқид қилган.

Сўнгра Сенат раиси ҳокимга қатъий огоҳлантириш ва уч ойлик синов муддати беришни таклиф қилган, комиссия аъзолари таклифни маъқуллаган.

Вилоят ҳокими эса ўзига қўйилган айбловларни тан олган.

"Албатта, менинг ота-онам, менинг авлодларим ҳам миллий либосда кийинади. Мен ўзим ҳам уйимда миллий либос кияман. Албатта, ўша куни қуюшқондан чиқиб кетиш ёки ўзини босиб ололмаслик - бу фақатгина ўзимнинг айбим. Мен айбдорман, имконият берсангиз, фақатгина меҳнат қиламан.

Аввало, давлатимиз раҳбари - менга юксак ишонч билдирган муҳтарам президентимиздан ўтиниб-ўтиниб кечирим сўрайман. Ҳурматли сенаторлар сиздан ҳам кечирим сўрайман. Агар имконият берсангиз, тўғри хулоса чиқариб, чин дилдан меҳнат қиламан. Албатта, ҳар қандай жазога лойиқман. Минг бор узр", дейди вилоят ҳокими тармоқларда тарқалган видеода.

29 сентябрь куни Озодликка аудиоёзуви келиб тушган мажлисда вилоят ҳокими Фарғонада "беўхшов соқол" қўйган ва рўмол ўраганга қатъий чора кўришни буюрган.

Ҳокимнинг бу мажлисдаги гаплари ижтимоий тармоқларни ларзага солганидан бир кун ўтиб, Сенат раиси Танзила Норбоева Facebook ижтимоий тармоғида Шуҳрат Ғаниев муҳокамаси учун махсус йиғилиш бўлишини маълум қилди:

"Фарғона вилояти ҳокими, сенатор Шуҳрат Ғаниевнинг ижтимоий тармоқларда тарқалган нутқи 2 кундан буён жамоатчилик томонидан қизғин муҳокама қилиб келинмокда. Муҳокамалар жараёнида Ш. Ғаниевнинг хатти-ҳаракатлари кенг омма орасида салбий эътирозларга сабаб бўлмокда. Шу муносабат билан ушбу ҳолат юзасидан бугун Олий Мажлис Сенатининг Регламент ва одоб комиссияси йиғилиши ўтказилишини маълум қиламан".

Сенат раисининг бу баёноти Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевга тегишли экани айтилган мажлис аудиоёзуви ижтимоий тармоқларда кескин муҳокамалар уйғотганидан бир кун ўтиб пайдо бўлди.

Фарғона ҳокимининг вилоятда соқол ва ҳижобга қарши кураш буйича кескин топшириқ бергани қайд этилган аудиоёзув 29 сентябрь куни Озодликка келиб тушди.

38 минутлик аудиони таҳририятга йўллаган манбалар унинг шу кунларда Ғаниев томонидан ўтказилган селектор йиғилиши давомида ёзиб олинганини билдирган.

Таҳририятга келиб тушган аудиоёзувда мажлисни олиб бораётган мулозим Фарғона вилоятидаги қатор туманлардан йиғилган масъуллардан ҳисоб сўрайди.

(Ҳозирча бу мажлиснинг қачон ва қаерда бўлгани ҳақида аниқ маълумот йўқ. Ҳокимлик бу борадаги саволларни очиқ қолдирди)

Мажлис мазмунидан асосий эътибор диний тарғибот ишлари ва умумий ўрта таълимга қаратилганини тушуниш мумкин.

Аудиоёзувнинг илк сониялариданоқ мулозим жамоат жойларида "беўхшов соқол қўйиб юрган"лар масаласига тўхталади.

"... шуларнинг 386 нафари соқол қўйган, номардлар.Таҳлиллар бўйича бунақа ҳолатлар Қўқон, Фарғона, Марғилон шаҳарлари, Бувайда, Фарғона туманларида беўхшов соқол қўйиш ҳоллари кенг авж олган. Бундан ташқари, хотин-қизлар орасида кийиниш - рўмол, ҳижоб маданиятига риоя этмаётган жами 851 нафар хотин-қиз аниқланиб, улар билан тушунтириш ишлари олиб борилиб, 300 тасининг ташқи қиёфаси ва кийиниш маданиятини ўзгартиришга эришилди", дейди Фарғона вилояти ҳокими экани айтилган овоз эгаси.

Шунингдек, мажлис давомида Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев қўл остидагиларни "аҳмоқ" деб сўкиб, буйруқ ва топшириқлар бераётганини эшитиш мумкин.

Шу тариқа, мулозим Фарғона вилоятидаги қатор шаҳар ва туманлар раҳбарлари ҳисоботини бир-бир ўқийди ва орада уларга янги топшириқлар беради.

Бу вилоят раҳбари даражасидаги мулозимнинг соқолли ва рўмоллиларга кескин чора кўришни талаб қилганини билвосита тасдиқловчи илк ҳолатдир.

Озодлик шу кунларда Наманган вилояти ва Тошкент шаҳрида жамоат жойларида юрган шахслардан соқолини олиш талаб қилинаётгани, айрим ўринларда, соқолини мажбуран олдирилгани ҳақида хабар қилган.

Бундан ташқари, Қўқон шаҳридаги мактабларда рўмолли ўқувчилар ва уларнинг оилалари рўйхати тузилгани маълум.

Аммо шу пайтгача, Озодлик мурожаатларига жавобан соқолни оммавий равишда олдириш ёки рўмолни ечтириш кампанияси бошланганини расмийлар очиқ тан олмаётган эди.

Вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев эса мажлисларда қўпол чиқишлари билан аввалдан танилган.

Шу йилнинг май ойида Фарғона вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг овози, деб иддао қилинаётган аудиоёзувда овоз эгаси вилоят Мажбурий ижро бюроси ва Солиқ идораси бошлиқларига уларнинг “ичагини суғуриб, бошига салла қилиш”, билан таҳдид қилганди.

Ўтган йили январь ойидаги аудиоёзувда эса мулозим Ақтўбе фожиасида 16 фарзандидан айрилган Тошлоқ тумани аҳлини "ҳаромилар" ва "падарингга лаънат" дея ҳақоратлаганди.

Озодликда Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг қўл телефони рақами бор. Аммо, ҳоким изоҳ учун боғланган мухбирнинг саволини эшитгач, бир неча бор алоқани узиб қўйган. 29 сентябрь кунги боғланиш уринишлари ҳам натижа бермади.

Шу йилнинг 2 августида президент Шавкат Мирзиёев ҳам Фарғона вилояти ҳокимини кескин танқид қилган.

Президент видеоселектор йиғилишда Фарғона вилояти ҳокимини “Ғаниев деган валломат”, деб таърифлаб, хиёнатда айблаганди. Президент ҳокимни Риштондаги ноқонуний бузилишлар учун кескин танқид қилган ва у билан “катта ишларни амалга ошириш” имкони йўқлигини айтганди.

Ана шу танқиддан сўнг Фарғона ҳокими Риштон туманига бориб, аҳолидан кечирим сўраган эди.

Аммо, орадан ҳеч қанча ўтмай - Мустақиллик байрами арафасида айнан шу ҳокимни президент "Меҳнат шуҳрати" ордени билан тақдирлади.

XS
SM
MD
LG