Линклар

Шошилинч хабар
05 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:40

“Нурафшон йўл”. Чеченистон мактабларида Аҳмат Қодиров ҳақидаги китоб мажбуран ўқитилмоқда


Аҳмат Қодиров ва Рамзан Қодиров. 2004 йил март.
Аҳмат Қодиров ва Рамзан Қодиров. 2004 йил март.

Чеченистонда республика раҳбари Рамзан Қодировнинг отаси, 2004 йилда ўлдирилган Аҳмат Қодировга бағишланган “Нурафшон йўл” номли китоб чоп этилиб, мактаб дастурига киритилди. Полиция майори Амруди Эдилов ёзган ушбу қўлланмани 9-11 синфлар мажбурий тартибда ўрганади. Педагог ва ҳуқуқбонлар нашрни Чеченистонда шахсга сиғиниш сиёсатини кенг ёйишда навбатдаги қадам ўлароқ баҳоламоқда.

Китобда “Аҳмат Қодировнинг сиёсий ва маънавий мероси” акс этган – ҳар ҳолда Грозний давлат ТВси уни шундай таърифлади. Лавҳада айтилишича, қўлланма “Россия тарихи бўйича қўшимча материал сифатида” барча мактабларга етказиб берилган.

Мактабларда Аҳмат Қодиров ҳаёти ва фаолиятини ўқитиш таклифи унинг ўғлидан чиққан. 2019 йил март ойида бўлган бир йиғилишда Рамзан Қодиров отасини “Тахтлар ўйини” сериали қаҳрамонларига менгзаб, республикада бир-бири билан бўғишган тўдаларнинг тугатилиши энг аввало унинг хизмати эканини айтган.

“Болалар боғчадан, мактабдан бошлаб унинг ҳаёт йўлини оз-оздан ўрганганида бу кунларга қандай етиб келганимизни англаган бўлишарди”, деганди ўшанда Қодиров.

Асосий муаллиф – Чеченистон ИИВ иқтисодий хавфсизлик ва аксилкоррупция бошқармаси бошлиғи, полиция майори Амруди Эдилов. Унга Грозний Миллий музейи директори ўринбосари Тамара Элбуздукаева ҳамда ички ишлар вазири Руслан Алхановлар кўмаклашган.

Муаллиф бегона эмас

Аҳмат Қодиров ҳақида китоб ёзиш вазифаси айнан майор Эдиловга топширилиши бежиз эмас: у ҳам, Қодировлар каби, Центара қишлоғидан (ҳозирги номи Аҳмат-юрт) чиққан бўлиб, Чеченистон раҳбарининг даврадошларидан биридир. Ана шу яқинлик туфайли Эдилов мансаб пиллапояларидан шиддат-ла одимламоқда: у бошқармага 2018 йилда ишга келган бўлса, уч йил ичида раҳбарликка кўтарилди, сўнгги бир йилда катта лейтенантликдан майор унвонига етишди.

Отаси Иброҳим Эдилов узоқ вақт Чеченистонда қурилиш соҳаси мутасаддиси бўлган, 2015–2021 йилларда мулк ва ер муносабатлари вазирига ўринбосарлик қилган. Ҳозирда у чечен парламенти аъзоси, қурилиш ва коммунал хўжалик қўмитаси раисидир.

Аммо Эдиловлар орасида Чеченистон раҳбарига энг яқин одам – муаллифнинг амакиваччаси Абдул-Каримдир. Собиқ боксчи ва MMA жангчиси бўлмиш Абдул-Карим Эдилов ҳозирда республика раҳбари котибияти мудири бўлиб ишлайди. Қолаверса, қарийб 10 йил Рамзан Қодировнинг ўғилларига мураббийлик қилган.

Абдул-Каримнинг акаси Волид Эдилов “Аҳмат” спорт клуби бош директори ҳамда Чеченистон бокс федерацияси президентидир.

Оиланинг бошқа аъзоларидан “ОМОН”да хизмат қилувчи подполковник Тимур Эдилов, соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Ҳасан Эдилов ҳамда Чеченистон Хавфсизлик кенгаши аппарати ходими Турпал-Али Эдиловларни ҳам эслатиб ўтиш жоиз.

Китоб, танловлар, изоҳлар...

Чеченистон раҳбари оиласини улуғлашга қаратилган тадбирлар мактаб ўқув дастурига кириб келганига анча бўлган, китоб шу сиёсатдаги навбатдаги қадамлардан бири холос, дейди Гудермес туманидаги бир мактаб директорининг тарбиявий ишлар бўйича муовини.

Исми сир тутилишини хоҳлаган суҳбатдошимиз айтишича, ўқув муассасаларига вақти-вақти билан Рамзан Қодиров оиласи аъзолари шарафига танловлар ўтказиш, шунингдек, унинг яқин кишилари ижтимоий тармоқларда қолдирган постлар тагига изоҳ ёзиб туриш мажбурияти юкланган.

“Изоҳ ёзишнинг ўзи етарли эмас, ишнинг натижасини кўрсатиш учун уларни скриншот қилиб юқори идораларга юбориш керак”, дейди у.

Чеченистонда Рамзан Қодировнинг отаси ва қариндошларига бағишланган танловлар мунтазам ўтказиб келинади. Ёш рассомларнинг “Чечен Республикаси уйғониши – болалар нигоҳида” ва ёш ижодкорларнинг “Бола қалами” сингари танловлари шулар жумласидандир.

Жорий йил сентябрида эса Аҳмат Қодиров, унинг хотини Айман ҳамда Рамзан Қодировларнинг энг яхши портретлари танлов йўли билан аниқланди. Танловда энг қуйи совринли ўрин учун 500 минг рубль мукофот белгиланган эди.

“Жиноятларни хаспўшлашга уриниш”

Аҳмат Қодиров шахсига сиғинишни ёйиш ҳозирги чечен раҳбарларига ўзларининг мавжудлигини оқлаш учун зарур, деб ҳисоблайди қароргоҳи Европада жойлашган “Вайфонд” чечен ҳуқуқбонлик уюшмаси вакили Муҳаммад Абдураҳмонов.

“Чечен одатлари ёлғонга қарши тура олмаяпти, чунки қодировчилар фактларга эмас, кучга таянади. Ленин ва Сталин замонларида шунақа эди. Улар халқни қўрқитмоқда. Одамлар шунақа ҳолга келтирилганки, улар ортиқ ўзларини эмас, қариндошлари ва яқинларини ўйлаб ҳар нарсага мажбур бўлмоқда. Қодировчилар учун муқаддас ҳеч нима йўқ”, дейди Абдураҳмонов.

“Европа чеченлари уюшмаси” раҳбари Аслан Муртазалиевга кўра, Чеченистон аҳолисини Қодировлар оиласига сиғинишга мажбурлашдан муддао “жиноятларни хаспўшлаш ва яширишга уриниш”дир.

“Дин, маданият ва одатлар уларнинг қўлида одамларнинг эркини бўғиш қуролига айланган. Қодиров бир кун келиб Москва уни ўз халқига қурбон қилишини тушунади, шу боис отасини авлиё мақомига кўтариш билан ўзини хавфдан асрашга ҳаракат қилмоқда”, дея мулоҳаза қилади суҳбатдошимиз.

XS
SM
MD
LG