Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:35

Ўрта махсус таълим ислоҳ қилинмоқда - икки ўртада ўқитувчилар маошсиз қолди


Андижон қурилиш ва транспорт касб-ҳунар коллежи Ислом Каримов даврида ташкил этилган 1214 та коллеждан бири
Андижон қурилиш ва транспорт касб-ҳунар коллежи Ислом Каримов даврида ташкил этилган 1214 та коллеждан бири

Тошкент вилоятидаги коллежлардан бири базасида ташкил этилган касб-ҳунар мактаби ўқитувчилари ўқув йили бошланганидан буён онлайн дарслар ўтмоқда, бироқ улар расман ўқитувчи эмас, бинобарин, уларга иш ҳақи ҳам тўланмаяпти.

Бу ҳақда Озодликка хабар қилган мактаб директорининг айтишича, мамлакат бўйлаб барча ўқув юртларида шу аҳвол: коллежлар ўрнида ташкил этилган касб-ҳунар мактаблари, шунингдек, коллежлар ва техникумлар учун штат жадваллари тасдиқланмагани сабабли ўқитувчиларни ишга расман қабул қилиш ҳам имконсиз.

Вазият айнан шундай эканлигини Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги мулозими Озодликка тасдиқлади. У штатлар жадвали ўтган ҳафтада тасдиқланганини билдирар экан, кеч тасдиқланганини вазирликлараро "мувофиқлаштириш жараёни чўзилиб кетгани" билан изоҳлади.

Эврилиш

“Гап тегиб қолиши”дан чўчиб, исми ва ўқув юртининг тўлиқ номи айтилишини истамаган директор бошқараётган касб-ҳунар мактаби Тошкент вилоятида. Бу ўқув юрти ўтган ўқув йили якунигача касб-ҳунар колллежи сифатида ишлади ва бу йил сентябрдан касб-ҳунар мактабига айлантирилди.

Маиший хизмат кўрсатиш соҳаси учун 6 йўналишда косиблар (сартарош, тикувчи каби) тайёрлайдиган бу мактабга, директорнинг айтишича, 2018-2019 ўқув йилида 300 нафар ўқувчиси бўлган коллежга касб-ҳунар мактабига айлантирилгач, 2019-20 ўқув йили учун 200 ўқувчи қабул қилинган.

Амалда бор, расман йўқ ўқитувчилар

“Ўқувчиларимизга 15 ўқитувчи ва 5 таълим устаси ўқув йили бошидан буён онлайн дарслар ўтмоқда. Лекин бу 20 устоз расман бизнинг ходимимиз эмас. Улар ҳатто ишга кириш учун ариза ҳам ёзмаган. Бинобарин уларга иш ҳақи ҳам тўланмаяпти”, - деди директор.

Ўқув юрти раҳбарининг айтишича, шу кунда унинг ўзига, бир бухгалтерга ҳамда тўрт қоровулга иш ҳақи тўланяпти, холос.

Директорнинг сўзларига кўра, бу аҳвол тугатилган коллежлар ўрнида ташкил қилинган касб-ҳунар мактаблари ҳамда коллеж ва техникумлар учун штатлар жадваллари ҳали тузилмагани учун юзага келган.

“Штатлар жадвали тузилади деб сентябрь бошидан буён бир неча муддат айтилди. Лекин ҳануз масала ечилгани йўқ”, - деди Озодликка директор 16 ноябрда.

Олий таълим вазирлиги молиячиси директорнинг айтганларини тасдиқлади

Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги матбуот котиби Фарҳод Бабашев Озодликнинг 16 ноябрь кунги саволини жавобсиз қолдирди. Саволни тўлиқ эшитиб бўлгач, котиб ҳеч нарса демай, телефонни қўйиб қўйди.

Озодлик саволига вазирликнинг Молия бўлими мулозими жавоб берди. У “Академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари бошқарув, техник, хизмат кўрсатувчи ва ўқув-ёрдамчи ходимларининг намунавий штатларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорга ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қарор 11 ноябрда чиққанини, ҳужжат матни Lex.uz порталида эълон қилинганини билдираркан, кечикиш сабабини ҳужжатни вазирликлараро мувофиқлаштириш жараёни чўзилиб кетгани билан изоҳлади.

Уч вазирликнинг 2020 йил, 11 ноябрда кучга кирган қарори (Lex.uz сайтидан олинди)
Уч вазирликнинг 2020 йил, 11 ноябрда кучга кирган қарори (Lex.uz сайтидан олинди)

Ҳужжатдан маълум бўлишича, учта вазирлик ўртасидаги бу қўшма қарорни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири 7 октябрда, Молия вазири 8 октябрда, Олий ва ўрта махсус таълим вазири 12 октябрда имзолагани маълум бўлди. Бироқ қарор уч вазир имзолаб бўлганидан 1 ой ўтиб, 2020 йил, 11 ноябрда расман эълон қилинди.

Нега бу ҳужжат эълон қилинмай, яна бир ой ушлаб турилди? Балки мақсад пул тежашдир? Чунки қарорда “Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради”, деб ёзиб қўйилган.

Қарор билан танишиб бўлгач пайдо бўлган саволларни бериш учун Озодлик Олий таълим вазирлиги Молия бўлими билан яна бир марта боғланишга уринди, аммо изоҳ ололмади.

Муҳим саволга мавҳум жавоб

Қарор 11 ноябрда эълон қилинган ва шу куни кучга кирган экан, касб-ҳунар мактаблари, коллеж ва техникумларнинг ўқув йили бошидан буён де-факто ишлаётган ўқитувчилари сентябрь, октябрь ва ноябрнинг 11 куни учун иш ҳақи олмайдими?

Бу саволга Олий таълим вазирлиги мулозими дастлабки мулоқот чоғида мавҳумроқ қилиб “сентябрь-октябрникиям қўшиб тўланади, дейиляпти”, - деди. Бироқ ҳужжатда бу ҳақда ҳеч нарса дейилмаган.

Президентнинг "коллеж ислоҳоти"

Уч вазирликнинг касб-ҳунар мактаблари, коллеж ва техникумлар штат жадвалларини тасдиқлаш тўғрисидаги қарори Ўзбекистон президентининг 2019 йил 6 сентябрдаги “Профессионал таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ қабул қилинган. Фармонга биноан бу йўналишдаги барча ишлар, шу жумладан, штатлар жадвалини тасдиқлаш иши ҳам 2020 йил ўртасигача якунига етиши керак эди.

Президентнинг 2019 йил 6 сентябрдаги фармони билан 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистонда Таълимнинг халқаро стандарт таснифлагичи даражалари билан уйғунлашган янги бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим муассасалари: касб-ҳунар мактаблари, коллежлар ва техникумлар тармоғи ташкил этиладиган бўлган.

Шу мақсадда президент Ислом Каримов даврида ташкил этилган 1214 касб-ҳунар коллежидан:

  • 340 таси касб-ҳунар мактабларига айлантирилган;
  • 147 та касб-ҳунар коллежи йўналишини ҳам коллеж мақомини сақлаб қолган ҳолда тегишли вазирлик ва идораларга ўтказиб берилган;
  • 143 та коллеж олий таълим муассасалари ҳузуридаги техникумларга айлантирилган;
  • 30 та коллеж касб-ҳунарга ўқитиш марказларини ташкил этиш учун Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига ўтказиб берилган;
  • 69 та коллеж Олий таълим муассасаларига уларнинг қувватларини ошириш, истиқболда хорижий олий таълим муассасалари ва уларнинг филиалларини ташкил этиш учун берилган;
  • 97 та коллеж Олий таълим муассасаларига уларнинг кўп тармоқли ўқув марказлари ва амалиёт полигонларини ташкил этиш учун ўтказиб берилган;
  • 388 та коллеж биноси умумий ўрта таълим муассасалари сифатида фойдаланилишга ўтказиб берилган.

Ўзбекистонда 1997 йил августида қабул қилинган Кадрлар тайёрлаш миллий дастурига мувофиқ, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари "миллий кадрлар"га тенглаштирилган эди.

2016 йил декабрида президент Мирзиёев ушбу дастур муваффақиятсизликка учраганини айтган.

2017 йилдан бошлаб Мирзиёев таклифи билан 11 йиллик таълим қайта тикланди. Мутахассисларга кўра, бу амалда Каримов даври ўрта таълим ислоҳотларининг ортга қайтарилганини англатади.

Қайта тикланган тизим қанчалик муваффақиятли бўлгани борасида хулоса чиқаришга имкон берадиган кўрсаткичлар ҳозирча йўқ.

XS
SM
MD
LG