Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:24

“Ўзбек афсонаси” Чусовитина катта спорт билан видолашди


Ўзбек спортининг фахри Оксана Чусовитина Токио Олимпиада ўйинларида сўнгги чиқишини амалга оширди ва катта спорт билан хайрлашди.

Якшанба куни Чусовитина COVID-19 туфайли томошабинларсиз аренада чиқиш қилди. Шундай бўлса-да, аренадаги ҳамкасблари ҳамда ҳакамлар уни гулдурос қарсаклар билан кузатиб қолди.

Чусовитина 2009 ва 2012 йилларда ҳам катта спортни тарк этишини эълон қилган эди, аммо фикрини ўзгартириб, яна беллашди. Спортчи бу сафар аниқ катта спорт билан хайрлашаётганини айтди.

Чусовитина “The Guardian” нашри билан суҳбатда бундан кейин оиласига кўпроқ вақт ажратишни ва Тошкентда спорт клубини очишни режалаштираётганини таъкидлади.

“Ўғлим 22 ёшда ва у билан кўпроқ вақт ўтказишни хоҳлайман. Она ва рафиқа бўлишни хоҳлайман”, деди спортчи.

Чусовитина Токиода 14.166 балл тўплади. Бу эса саралаш босқичидан ўтиш учун камлик қилди.

Чусовитина кўзига ёш олиб хайрлашар экан, икки қўли билан юрак шаклини кўрсатди.

Тадбирдан сўнг “USA Today” нашрига интервью берган спортчи:

“Ажойиб бўлди. Хурсандчилик кўз ёшлари оқди, чунки кўп одам мени узоқ вақтдан бери қўллаб-қувватлаб келади”, деди.

Чусовитина чиқишидан олдин олти марта Олимпиада ўйинларида медал қўлга киритган америкалик гимнастикачи Эли Райсман “Twitter”да “Бу қанчалик зўр таассурот қолдиришини таърифлашга тил ожиз”, деб ёзди.

“NBC Sports” нашри 46 га чиққан Чусовитина якшанба куни Олимпиада ўйинларида иштирок этган энг кекса аёл спортчи ўлароқ тарихга киргани ҳақида хабар қилди.

1991 йилда Чусовитина СССР терма жамоаси таркибида икки карра жаҳон чемпиони унвонини олганди. Илгари СССР ва Ўзбекистондан ташқари, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ҳамда Германия шарафини ҳам ҳимоя қилган. Ўғли Алишерга ўткир лимфоцитик лейкемия ташхиси қўйилгач, спортчи 2002 йилда уни даволатиш учун Германияга кўчиб борган.

Чусовитина Барселонада 1992 йилда ўтган Олимпия ўйинлари чемпиони, уч карра жаҳон чемпиони, Осиё ўйинлари ғолибидир. Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи, “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвонларига эга.

Чусовитина қаторасига еттита ёзги Олимпиада ўйинларида иштирок этган ер юзидаги ягона аёл гимнастикачи сифатида Гиннеснинг рекордлари китобига киритилган. Токиодаги чиқиши билан Гиннес китобидаги рекордини янгилади.

Чусовитина ўзининг охирги Токио Олимпиадасида Ўзбекистон байроғини кўтармади.

Олимпиада очилишига бир неча соат қолганида Олимпия жамоаси раҳбарияти ундан байроқдорликни олиб қўйиб, боксчи Баҳодир Жалолов ва таэквондочи Нигора Турсунқуловага топширди.

Чусовитина бу ҳолат унинг кайфиятини бузганини айтди.

Чусовитинанинг Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси байроқдорлигидан тушунтиришларсиз олиб ташланиши спорт жамоатчилиги ва ижтимоий тармоқларда катта норозиликларни келтириб чиқарди

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Чусовитинани “толиқтирмаслик мақсадида” байроқ олиб қўйилганини билдирди.

XS
SM
MD
LG