Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:27

Ўзбек қўшиқчиси икки қора танлини қулликда сақлагани ва калтаклагани иддао қилинди


Икки нигериялик ўзларининг қулликда тутилганликларини айтишмоқда
Икки нигериялик ўзларининг қулликда тутилганликларини айтишмоқда

Тошкентнинг Учтепа туманида истиқомат қилувчи 26 яшар бошловчи ва хонанда Siroj boom ўз ховлисида 20 ва 25 яшарлик иккита нигерияликнинг паспортларини олиб қўйиб, бир йилга яқин вақт давомида қулликда сақлагани иддао қилинмоқда. Нигерия ватандошлари - 20 яшарлик Муниса исмли мусулмон аëл ва 25 яшарлик Шоҳ (Бу исмлар тахаллус. Уларнинг асл исми Озодликка номаълум) маҳаллий блогер видеоканалида чиқиш қилиб, қўшиқчини қулдорликда айблашди. Қулликда оч сақланганини айтган Муниса ўзини Siroj boom калтаклагани акс этган видеони тақдим қилди.

Блогер Искандар Македонский эса, YouTubeдаги каналида чиқиш қилиб¸ бу икки нигериялик ўзбек хонандаси уйида қулликда сақлаган пайт уларга қўриқчилик қилганини айтган шахснинг овозини қўйиб эшиттирди. Ўзбекистонлик бу шахсга кўра, Siroj boomнинг ота-онаси нигериялакларни "қоравой" ва "негр" дея мунтазам ҳақоратлашган ва хўрлаб келганлар.

Муниса ўзининг қулликдаги кечинмаларини телефонида қайд қилган
Муниса ўзининг қулликдаги кечинмаларини телефонида қайд қилган

Учтепа туман ИИБ мулозими Озодликка ўз ҳудудида яшовчиларидан қулликда сақлаш билан боғлиқ шикоят тушмаганини айтди.

Ўзбекистон Маданият вазирлиги "Ўзбекконцерт" давлат муассасаси вакили Озодликка Siroj boom Ўзбекконцертдан лицензия олганини тасдиқлади.

Siroj boom ва унинг маъмури Озодлик қўнғироқларига жавоб бермади.

Тошкентдаги шоу бизнес юлдузларига маъмурлик қиладиган Рамиз Ваҳобовнинг Озодликка айтишича¸ Siroj boom бу икки қора танлини тўйларга олиб бориб, "Келин-салом айттириб пул ишлаган ва ҳар хил тадбирларда пул эвазига қатнаштирган ҳамда тик-токчи ҳамда вайнерларга уларни ижарага бериб турган".

Ëлғон устига қурилган шоу

Қўшиқчи Siroj Boom
Қўшиқчи Siroj Boom

Тошкентдаги шоу бизнес юлдузларига маъмурлик қиладиган Рамиз Ваҳобовнинг иддаосича, тўйларда отарчилик қиладиган ва вокаль қобилияти бўлмаган Siroj boom қўшиқчиликдаги қусурни ранг-баранг манзарали клип орқали бекитиш мақсадида Нигерияга боради:

“У ўша ерда 8 та маҳаллий аҳолини ўз клипи учун ëллайди, аммо пулни кейин бераман, сизларни мусиқий гуруҳга жамлаб, Тошкентга олиб кетиб, машҳур қиламан, дейди. Бундан бир йил олдин у сиз айтган Муниса ва Шоҳ исмли икки қора танлини Тошкентга олиб келади. Улардан ўзининг клипларида текин фойдаланади. Ном чиқариш учун жорий йил 10 октябрида қора танли Мунисага ëлғондакам уйланади. Лав-сторига тушиб, Тошкент ситида видеога тушади. Аслида буларнинг ҳаммаси ëлғон эди. Siroj boom ҳатто "мен қора танли билан ЗАГСдан ўтдим" дея махаллий блогерларни алдайди. Мана, ниҳоят, ҳақиқат юзага чиқди. Икки муҳожир мусулмонни шу совуқда темир контейнерга солиб, қул қилгани аниқ бўлди. Реклама учун бошланган ëлғон бу қўшиқчи учун антиреклама бўлди”, - дейди Рамиз Ваҳобов.

Озодлик бу иддаоларни тасдиқлаш ёки рад этиш имконига эга эмас.

Нигерияликларнинг иддаосича¸ Siroj boom уларнинг ҳар бирига 450 доллар пул ваъда қилиб олиб келган, аммо "бир тийин ҳам бермаган".

Пичоқсиз сўйиш

Қулликка тушганини иддао қилаётган икки нигерияликнинг сўзларига кўра, улар Siroj boomнинг Тошкентнинг Учтепа туманидаги ҳовлисида кундузи сомон қирқиб, кечқурун темир контейнер ичида ухлашган.

Улар оч-нахор, фақат картошка еб, совуқ контейнер ичида яшашга мажбурланганликларини айтишади.

"Агар қочсангиз, мен сизларни ўғри, деб милиция танишларим орқали қаматтираман, пичоқсиз сўяман, деб қўрқитди”,- дейди қулликда сақланганини айтган Муниса.

Одам савдоси ва ирқчилик гумонлари

Ҳуқуқшунос Маримбой Ражабовнинг Озодликка айтишича¸ Siroj boom қилмишини Жиноят кодексининг бир нечта моддаси билан малакалаш мумкин.

“Энг биринчи, бу - одам савдоси. Жиноят кодексининг 135-моддаси “в” “З” бандлари, яъни ожиз аҳволдалиги айбдорга аён бўлган жабрланувчини Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасидан олиб ўтган ҳолда қилинган жиноят. Энди, агар судда уларнинг темир контейнерда сақлангани исботланса, бу 138-модда, яъни ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилишга тўғри келади. Шу пайтгача кам кўрилган яна бир жиноят - ирқий камситишда айблаш мумкин. Бу эса 141-моддада тенг ҳуқуқлилик бузилиши? деб талқин қилинган. Мунисани калтаклагани безорилик, алдаганини эса фирибгарлик сифатида малакалаш мумкин", - деди ҳуқуқшунос.

Озодликнинг Siroj boom ва унинг маъмури билан боғланиш уринишлари натижа бермади.

Ўзбекистон Маданият вазирлиги "Ўзбекконцерт" давлат муассасасининг ўзини Азизбек деб таништирган вакили Озодликка Siroj boom Ўзбекконцертдан лицензия олганини тасдиқлади.

Унинг сўзларига кўра, "масаланинг ҳуқуқий тарафлари ўрганилмоқда".

XS
SM
MD
LG