Линклар

Шошилинч хабар
19 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:15

"Ўзбек тадбиркоридан алданган" турк ширкати президент Мирзиёевдан ёрдам сўрамоқда(ВИДЕО)


Туркиядаги “Dalgic Hayvancilik” ширкати раҳбари Аҳмет Далгич.
Туркиядаги “Dalgic Hayvancilik” ширкати раҳбари Аҳмет Далгич.

Туркиядаги “Dalgic Hayvancilik” ширкати раҳбари Аҳмет Далгич (Ahmet Dalgiç) ўзбек тадбиркорларидан алданиб қолганини даъво қилиб, президент Мирзиёевдан 138 минг доллар сармоясини қайтаришда ёрдам сўрамоқда.

Ўзбекистон раҳбарига видеомурожаат қилган Аҳмет Далгичнинг сўзларига кўра, у ҳаққини ундириб беришларини сўраб, саккиз ой аввал Ўзбекистон маҳкамасига мурожаат қилган.

Туркиялик тадбиркор маҳкама, шунингдек, турли вазирлик ва идораларга йўллаган шикоят аризалари натижасиз қолаётганини айтмоқда.

“Dalgic Hayvancilik” ширкати муаммоси борасида Тошкентдаги Туркия элчихонаси ҳам жорий йил февралида Ўзбекистон Ташқи ишлари вазирлигига нота йўллаган.

Ўтган йили Аҳмет Далгич раҳбарлигидаги ширкат, унинг сўзларига кўра, Жиззахдаги “O’rmancha- capers” МЧЖга 95 минг кило ковул учун 138 минг доллар ўтказиб берган.

Озодлик турк ширкати даъволари борасида Ўзбекистон Бош прокуратурасидан изоҳ ололмади.

Туркия ватандоши Аҳмет Далгич 6 август куни Озодликка йўллаган видеосида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилиб, ёрдам сўраган:

“Мен бир йил аввал Жиззах вилояти Фориш туманидаги “O’rmancha- capers” МЧЖга ковул олиш учун 138 минг доллар пул ўтказиб бердим. Бир йилдан бери на пулимни қайтариб беришади ва на ковулни оламан. Сиздан ёрдам сўрайман”.

Аҳмет Далгичнинг президент Мирзиёевга мурожаати
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:34 0:00

Аҳмет Далгич ковул олди-бердисига оид икки томон ўртасида тузилган шартнома ва тўлов амалга оширилганига оид ҳужжатлар нусхаларини ҳам Озодликка тақдим қилди.

Ҳужжатларга кўра, Аҳмет Далгич ширкати Жиззах вилояти Фориш туманидаги “O’rmancha- capers” МЧЖдан 95 минг килограм ковул сотиб олиш учун ушбу ташкилот ҳисоб рақамига 2020 йилнинг 7 август куни 138 минг доллар пул ўтказиб берган.

Тўловга оид ҳужжат
Тўловга оид ҳужжат

Шартномада “O’rmancha- capers” турк ширкатига 2020 йилнинг 31 декабригача 95 минг кило ковулни етказиб бериши лозим бўлган.

Аҳмет Далгичнинг Озодликка айтишича, унинг ширкатига белгиланган муддатда ковул етказиб берилмагач, у Ўзбекистонга келиб, судга мурожаат қилган:

“30 январь куни Жиззахга бориб, судга, Ички ишлар бўлими ва прокуратурага шикоят аризаси ташладим. 40 кун давомида Тошкент билан Фориш ўртасида бир неча марта бориб-келдим. Бирор натижага эриша олмагач, асабийлашиб, соғлиғимни йўқотдим. Кейин Туркияга қайтиб келиб даволандим”.

Далгичга кўра, у адвокат ёллаб, саккиз ой давомида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги, Ички Ишлар вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Бош прокуратурага бир неча бор расман мурожаат қилган. Бироқ ҳеч қандай натижага эришмаган.

Жорий йилнинг 2 февраль куни Тошкентдаги Туркия элчихонаси “Dalgic Hayvancilik” ширкати дуч келган вазият борасида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига нота йўллаб, муаммони ҳал қилишда ёрдам сўраган.

“O’rmancha- capers” МЧЖнинг Озодлик боғланган мулозими “Dalgic Hayvancilik” ширкати даъволарини инкор қилмади. Бироқ тафсилотларини очиқлашни истамади.

“Буни ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳал қилсин. Сизга ҳеч нарса дея олмайман”,- деди мулозим.

“O’rmancha- capers”га яқин манбанинг айтишича, бир ой аввал ушбу компаниянинг икки раҳбари ўзбекистонлик бир тадбиркордан 50 минг доллар олиб, маҳсулот етказиб бермагани учун судланган.

“Уларни “Фирибгарлик” моддаси бўйича айбдор деб топиб, ҳар бирига олти йиллик қамоқ жазоси берди. Улар фақат туркларни алдамаган, ўзимизникиларни ҳам чув туширган. Лекин бу суд ишида турклар масаласи кўрилмади. Унда фақат жиззахлик тадбиркорнинг аризаси бўйича иш кўрилди”,- деди “O’rmancha- capers”га яқин манба.

“O’rmancha- capers” раҳбарлари
“O’rmancha- capers” раҳбарлари

Аҳмет Далгич яқинда у ўз ширкати номидан Тошкентга вакил жўнатгани, бироқ вакилига у ерда таҳдид қилинганини иддао қилди.

“Мен соғлиғим ёмонлашгач, Ўзбекистонга бошқа бора олмадим. Ўз вакилимни жўнатдим. У судга, ички ишларга борди. Бироқ бизнинг ишимизни ҳеч ким текширмаяпти. Менинг Ўзбекистонга жўнатган вакилимга “O’rmancha- capers” раҳбарлари ўлим билан таҳдид қилишган”, - дея иддао қилади Аҳмет Далгич. У бу иддаосини президент Мирзиёевга йўллаган мурожаатида ҳам такрорлаган.

Озодлик “Dalgic Hayvancilik” ширкати томонидан Ўзбекистонга жўнатилган вакили Али Акча (Ali Akça) билан 6 август куни боғланганида у ўлим таҳдиди олгани ҳақида ички ишлар бўлимига мурожаат қилгани ва икки кундан бери кўчага чиқишга қўрқиб ўтирганини айтди.

Озодлик Фориш туман Ички ишлар бўлимидан Али Акчанинг ўлим таҳдиди олгани борасидаги иддаоси юзасидан бирор маълумот ололмади. ИИБ ходими бу ишдан бехабарлигини айтиш билан чекланди.

Озодлик 6 август куни Ўзбекистон Бош прокуратураси мулозимига Туркиянинг “Dalgic Hayvancilik” ширкати раҳбарининг даъво ва иддаолари борасида мурожаат қилди. Бироқ мулозим буни ҳеч қандай кўринишда изоҳламади.

Ковул.
Ковул.

Жиззах – ковул етиштириш бўйича Ўзбекистонда етакчи ҳисобланади. Мамлакат бўйича ковул экспортининг 79 фоизи айнан Жиззахда етиштирилади.

Расмий маълумотга кўра, “O’rmancha- capers” компанияси ўтган йилнинг январь-август ойларида Италия, Испания ва Россияга жами 2,3 тонна ковул экспорт қилган.

“O’rmancha- capers” компаниясининг ковул қадоқлайдиган цехи
“O’rmancha- capers” компаниясининг ковул қадоқлайдиган цехи

Ўзбекистонда хорижлик тадбиркорларнинг фирибгарлик йўли билан алданиш ҳолатлари ҳақида Озодлик аввал ҳам бир неча бора ёзган.

Жумладан, ўтган ой Тошкентда ҳужумга учраган афғонистонлик тадбиркор Абдул Жалил Аскандари ва унинг адвокати Нодир Болтаев воқеаси ҳақида ёзилганди.

Бошқа бир афғонистонлик инвестор Абдул Раззоқ (Mr.Abdul Razeк) муаммоси ўтган йили Озодлик орқали ёритилгач унинг “тухум ортилган фуралари “Ҳайратон” кўпригидан ўтиб, манзилга етганини” билдирган.

5 август куни Kun.uz нашри ўзбек тадбиркоридан алданган уч хорижлик инвестор воқеасини ёритган эди.

Ушбу видеода Буюк Британия, Хитой ва Эрондан келган инвесторлар Ўзбекистонда ҳуқуқлари поймол бўлаётганини айтиб, рейдерликка уриниш, мулкни мажбурий эгаллаб олиш ва пулни қайтармаслик ҳолатларидан шикоят қилишган.

XS
SM
MD
LG