Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:30

Ўзбекистон аҳолиси учун кунлик озиқ-овқат меъёри белгиланди - у 5600 сўмдан 5 баробар кўп


Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, соғлом яшаш учун ҳар бир ўзбекистонлик 60 гр. мол гўшти, 30 гр. қўй гўшти, 25 гр. қуён гўшти, 70 гр. парранда гўшти, 35 гр. балиқ ейиши керак. Униси ёки бунисини эмас, ҳаммасини.

Булардан ташқари, вазирлик тавсия қилган рўйхатда жами 42 турдаги озиқ-овқат маҳсулоти бор. Вазирлик бир киши бир кунда ейиши лозим, деб ҳисоблайдиган маҳсулотларнинг умумий нархи қарийб 30 минг сўмни ташкил қилди.

Кунлик рационал овқатланиш нормативларини Соғлиқни сақлаш вазирлиги жорий ойда белгилади.

Тиббиёт ходими ва иқтисодчи олимнинг фикрича, ҳукумат истеъмол меъёрларига оид тавсиядан кўра, кўпроқ истеъмол савати тўғрисида бош қотириши керак.

Аҳолининг ёши, жинси ва касбига қараб соғлом овқатланишини таъминлашга оид ўртача кунлик рационал овқатланиш нормативлари тўғрисидаги қарорни Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи Б.К. Юсупалиев 17 декабрда имзолади.

Мазкур ҳужжат билан айнан шу масалага оид бундан 19 йил олдинги қарор бекор қилинди.

Касбга қараб энергия сарфи ва сарфга қараб овқат миқдори

Вазирлик овқатланиш меъёрларини белгилар экан, меҳнатга лаёқатсизларни алоҳида гуруҳ сифатида белгилаб, меҳнатга лаёқатлиларни эса, 5 гуруҳга бўлган.

Масалан, меҳнатга лаёқатлиларнинг II гуруҳига ҳайдовчилар, конвейер ишчилари, тикувчилар, савдо ходимлари, радиоэлектрон саноати ишчилари, агрономлар, ҳамширалар, кичик тиббий ходимлар, алоқалар соҳасида хизмат кўрсатувчилар кирган. Булар, ҳужжатга кўра, бир кунда 2100 — 2800 килокалория сарфлайди.

Ёки I гуруҳга киритилган ўқитувчилар 1800 — 2450 килокалория сарфлаши ҳужжатдан маълум бўлади.

Ҳужжатда ҳар бир гуруҳга кирувчилар бир кунда нима ва қанча истеъмол қилиши кераклиги граммларда белгилаб қўйилган.

Қарордан олинган қуйидаги кўчирмада II гуруҳга кирувчи ёши 18 дан 59 гача бўлган эркаклар истеъмол қилиши керак бўлган маҳсулотлар номи ва уларнинг граммлардаги миқдори кўрсатилган.

Дуккаклилар 20
Буғдой уни 25
Гуруч 55
Ёрма (гуручдан ташқари) 30
Буғдой нон 250
Жавдар нон 80
Макаронлар 55
Картошка 250
Карам 55
Бодринг 50
Помидор 60
Лавлаги 40
Сабзи 50
Пиёз 40
Бошқа сабзавот 70
Полиз маҳсулотлари 60
Қовоқ 40
Мевалар 250
Қуритилган 25
Узум 40
Цитрус 10
Мол гўшти 60
Қўй гўшти 30
Қуён гўшти 25
Парранда 70
Балиқ 35
Балиқ маҳсулотлари 30
Сут 400
Сметана, қаймоқ 20
Сариёғ 30
Творог 40
Пишлоқ 20
Тухум (дона) 1,0
Шакар 30
Асал 25
Маргарин 5
Ўсимлик мойи 35
Йодланган туз 5
Чой 2
Кофе 2
Томат паста 4
Зираворлар 2

Барча гуруҳлар учун тавсиялар билан мана бу жойда танишиш мумкин.

Одамлар, одатда, олдига 42 маҳсулотдан иборат рўйхатни қўйиб олиб овқатланмайди. Бас, шундай экан, бундай тавсиянинг илмий қадридан бошқа амалий аҳамияти нимада? Бу саволларга Озодлик Соғлиқни сақлаш вазирлигидан жавоб ололмади.

Қарорнинг ўзида ҳам бу меъёрларни белгилашдан мақсад нима эканлиги аниқ ёзилмаган.

Шунчаки навбатдаги қарор?

Исми айтилмаслигини сўраган фарғоналик терапевт-врач қарор юзасидан фикр билдирар экан, “эътибор берманг, буям кўплаб қарорлар қаторидаги яна бир қарор холос”, деди.

Қарорда белгиланган меъёрларни врачлар аҳоли ўртасида тарғиб қилишга жалб қилинадими, деган саволга андижонлик врач Отабек Аҳлиддинов “Бундай тарғибот буюрилгани тўғрисида ҳеч қачон эшитган эмасман. Бироқ вазирнинг бошқа бир қарори бор, парҳезга риоя қилишни тавсия қилиш тўғрисида”, деди.

Бир кишининг бир кунлик егулиги неча пулга тушди?

Озодлик ССВ қарорида тавсия қилинган маҳсулотларнинг шу кундаги ўртача чакана нархларидан келиб чиқиб, бир кишининг бир кунлик озиқ-овқати неча пулга тушишини ҳисоблаб кўрди.

Қуйида келтирилган маълумотда маҳсулот номи, унинг вазирлик бир кунлик истеъмол учун тавсия қилган миқдори, маҳсулотнинг шу кундаги ўртача нархи (1 килоси ёки донаси) ҳамда тавсия қилинган миқдорнинг нархи келтирилган.

Дуккаклилар 20 гр - 14000с- 280 с
Буғдой уни- 20гр- 4000с - 800с
Гуруч -55гр- 14000с - 770с
Ёрма 30гр- 5000с - 150с
Буғдой нони 250гр -1700с - 425с
Жавдар нон 80гр. 4000с - 320с
Макарон 55гр -7000с- 385с
Картошка 250 гр - 4000с- 1000с
Карам 55гр- 3000с - 165с
Бодринг 50гр- 2000с -100 с
Помидор 60гр - 10000с-- 600с
Лавлаги 40гр- 2000с --80с
Сабзи 50гр --1000с-- 50с
Пиёз 40гр--1500с-- 60с
Бошқа сабзавот 70гр--6000с – 420с
Полиз махсулотлари 60гр- 7000с- 420с
Қовоқ 40гр - 4000с - 160с
Мевалар 250гр- 10000с--2500с
Куритилган 25гр--25000с - 625с
Узум 40--10000с-- 400с
Цитрус--10гр-10000с- 100с
Мол гўшти 60гр-60000с - 3600с
Қўй гўшти 30гр--65000с--1950с
Қуён гўшти 25гр--30000с--750с
Парранда 70гр-15000с--1050с
Балиқ 35гр--30000с--1050с

Балиқ маҳсулотлари-30гр--30000с - 900с
Сут 400гр---5000с--2000с
Сметана, қаймоқ 20гр--7000с--140с
Сариёғ--30гр---30000с--900с
Творог 40гр--7000с - 280с
Пишлоқ 20гр--10000с - 200с
Тухум-(дона)-1,0 - 1000с
Шакар 30гр--7500с--225с
Асал 25гр---70000с - 1750с
Маргарин 5гр---20000с - 100с
Ўсимлик ёғи 35гр--14000с - 490с
Йод.туз 5гр-----
Чой 2гр - 30000с - 60с
Кофе 2гр- 60000с - 120с
Томат паста - 4гр- 21000с- 840с
Зиравор- 2 гр - 10000с - 200с

Жами: 27 475 сўм

Шундай қилиб, ССВ бир кишига бир кунда истеъмол қилишни тавсия қилаётган маҳсулотларнинг жами нархи 27 475 сўмни ташкил қилди.

Бу рақам Президент Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Ҳакимовнинг 5600 сўм ҳақидаги сўзларига ўзбекистонликлар кескин эътироз билдириши бежиз бўлмаганини яна бир бор очиқлаб қўйди.

Мулозим халқаро молия ташкилотлари тилида “қашшоқлик” ифодаси қўлланадиган Ўзбекистондаги камбағалликнинг миллий чегараси ҳақида гапираркан, Жаҳон Банки белгилаган камбағаллик чегарасига нисбатан харид қобилияти паритети айнан 5600 сўмга тўғри келишини айтган, “Агар сиз бир кунда жон бошига 5600 сўмдан кўп даромад қилсангиз, демак, камбағал оилага кирмайсиз”, - деган эди.

ССВ тавсия қилган истеъмол меъёрлари Истеъмол саватчасими?

Иқтисодиёт фанлари доктори Хидирназар Аллақуловнинг 28 декабрда Озодликка айтишича, ССВ тавсияси Истеъмол саватчаси эмас, шунчаки “фойдали маслаҳат”дир. Чунки бу тавсияни берар экан, ҳукумат ўз зиммасига ҳеч қандай мажбурият олмайди. “Истеъмол саватчаси” эса, ҳукуматга мажбурият юклайдиган тушунчадир.

“Шу кунгача Ўзбекистонда “Истеъмол саватчаси” деган институт киритилгани йўқ. Чунки иқтисодиёт шунчалик қолоқ ва хароб ҳолатдаки, “Истеъмол саватчаси”ни давлат таъминлай олмайди, бинобарин, ҳозирча бундай қонунни қабул қила олмайди”, - деди Хидирназар Аллақулов.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг декабрида Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномасида “камбағаллик чегарасини ишлаб чиқиш”нинг бошқа механизми – “истеъмол саватчаси” тушунчасини киритишни таклиф қилар экан, бундай деган:

“Биз илғор хорижий тажриба асосида аҳолининг муносиб ҳаёт даражаси учун зарур бўлган даромадларни аниқлаш бўйича “истеъмол саватчаси” тушунчасини қонунчиликда мустаҳкамлаш ва уни амалда таъминлаш механизмларини яратишимиз лозим”.

Лекин ҳанузгача бу масала ҳал бўлган эмас.

Очлик индекси ҳисоботида Ўзбекистон

Глобал очлик индексининг ўтган ойда эълон қилинган ҳисоботига кўра, Ўзбекистон 107 та давлат орасида 30-ўринни эгаллаган. Ўзбекистон 6,7 балл тўплаб, озиқ-овқат тақчиллиги даражаси паст бўлган 47 давлат қаторига қўшилди.

Қиёслаш учун: Қозоғистон 21-ўринда (5,4 балл),, Арманистон 31-(6,9 балл), Қирғизистон 42-(8,4 балл), Туркманистон 52- ўринда (11,1 балл).

Очлик бўйича вазият 100 баллик шкала билан ўлчанади. Энг яхши натижа кўрсатган, яъни очлик йўқ давлат 0 билан, энг ёмон натижа кўрсатган давлат 'эса 100 балл билан баҳоланади.

XS
SM
MD
LG