Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:01

"Машина кўп, номер йўқ". Ўзбекистонда авторақамга навбатлар пайдо бўлди


Ўзбекистонда авторақамлар тақчиллашган. Транспорт воситаларини рўйхатга олиш бўлимларида навбатлар юзага келгани айтилади.
Ўзбекистонда авторақамлар тақчиллашган. Транспорт воситаларини рўйхатга олиш бўлимларида навбатлар юзага келгани айтилади.

Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида юзлаб одам авторақам ололмай сарсон бўлмоқда.

“Автомашинани рўйхатдан ўтказиш учун борсак давлат белгиси йўқ дейишди. Рақам учун 450 минг, техпаспортга 210 минг, рўйхатлаш учун 30 минг, техник кўрик учун 80 минг тўлаш керак экан. Аламлиси, рўйхатдан ўтказиш учун ёзиладиган ариза 40 минг, ҳайдовчилик гувоҳномаси алиштириш эса 30 минг сўм! Номер эса йўқ”, - дейди Озодлик суҳбатлашган наманганлик ҳайдовчи.

Мамлакатнинг бошқа вилоят ва шаҳар транспорт воситаларини рўйхатга олиш бўлимларида ҳам айни манзарани кузатиш мумкин.

Ҳайдовчиларнинг Озодликка айтишича, охирги ҳафталарда пойтахт Тошкент ва Ўзбекистоннинг бошқа вилоят ва шаҳарларидаги транспорт воситаларини рўйхатга олиш бўлимлари олдида турнақатор навбатлар юзага келган.

“Бир ҳафтадан бери келамиз, номер йўқ дейди. “Эртага келинг, индинга келинг! Фирмани машиналарига беряпти, жисмоний шахсларга йўқ, деяпти”, - дейди Тошкентнинг Сирғали тумани транспорт воситаларини рўйхатга олиш бўлими олдида турган машина эгаси.

“Автомашиналарга рақам, техпаспорт ва ҳайдовчилик гувоҳномаси бериш идорасидаги ҳолат. База ишламай қоляпти. Оқибатда одамлар соатлаб кутяпти. Одамлар сарсон, овора бўлмасин. Ишни тартибли ташкил қилишларини сўраймиз.

“Бир парча темирни деб шунча одам сарсон бўляпти”, - дейди тошкентлик бошқа ҳайдовчи.

"Машина кўп, рақам оз"

Тошкентнинг шаҳар Йўл ҳаракат хавфсизлиги бошқармасининг транспорт воситаларини рўйхатга олиш бўлими ходими Озодликка машина кўпайиб кетгани сабаб номер етказиб бериш муаммо бўлаётганини айтди.

“Кунига ҳар бир тумандаги бўлимга юзтадан номер бериляпти. Шунга озгина муаммо бўляпти. Машина кўп, номер етказиб беролмаяпмиз”, - дейди Тошкент шаҳар ЙҲХБ транспорт воситаларини рўйхатга олиш бўлими ходими.

Ўзбекистонда авторақамларни ишлаб чиқариш Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигига қошидаги "Ўзавтомобилбелги" давлат унитар корхонаси монополияси остида.

Нега рақамлар етишмаётгани юзасидан бу ширкатдан изоҳ олиб бўлмади.

Ўзбек расмийлари бундан олдин бензин тақчиллигини ҳам машина кўпайиб кетгани билан изоҳлашганди.

Лекин, аҳоли жон бошига машиналар сони бўйича Ўзбекистон 195 мамлакат орасида 137-ўринда.

Ўзбекистонда ҳар минг кишига 87 машина тўғри келади. Бу рақам бир йилда 6тага кўпайган.

Америка Қўшма Штатлар машина кўплиги бўйича иккинчи ўринда. Бу мамлакатда ҳар минг кишига 800та автомобил тўғри келади.

Автомашиналар кўп бўлишига қарамай, рақамларни расмийлаштириш осон ва анча арзон. Виржиния штатида транспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш 10 доллар, Нью-Йоркда эса йилига 30 доллар туради.

Ўзбекистонда номер олиш билан боғлиқ сарсонгарчилик бугун пайдо бўлгани йўқ.

“Мамлакатда номер алмаштиришдан бошқа муаммо қолмаганми?

Мамлакатда пул ўзлаштириш учун бошқа иш қолмаган шекилли. Йўқ, айтинглар, ошиб, тошиб ётибмизми? Бюджет дефицити 5%. Солиқ юки экономиканинг бўғзигача етиб келган. Дунёнинг энг қашшоқ 40 давлатидан биримиз!”, деб ёзди иқтисодчи Отабек Бакиров ўзининг телеграм каналида.

"Машинадан қиммат рақамлар"

Баъзи жойларда авторақамлар йўқлиги сабабли ҳайдовчилар аукционда сотиладиган чиройли рақамларни қўшимча ҳақ эвазига олишга мажбур бўлишяпти.

“Аукционда ўйнаб ютган машинамга рақам олиш учун Хоразм вилоят ЙПХга бордим. Улар сизнинг рақамингиз "Деу тех"да деб бу ерга юборишди. Эрталаб соат 9 да ариза топшириб, бир неча соатдан кейин ҳам ололмадим. Ходимлар қўпол муомала қилишди. Айрим ходимлар эса иш вақтида ўрнида эмас. Хизмат сифатини оширишга эътибор қаратишса, биз каби мижозлар сарсон бўлмасди”,- дейди хоразмлик ҳайдовчи.

2017 йилдан Ўзбекистонда чиройли ёки халқ орасида “золотой” деб аталувчи номерларни аукцион орқали сотиш йўлга қўйилганди.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигига кўра, сўнгги олти ой ичида онлайн аукцион орқали 174 млрд сўмлик авторақамлар сотилган.

Ўтган даврда тузилган битта битимнинг ўртача қиймати 2,2 млн сўмни ташкил этган. Бунда энг арзон авторақам — 545,4 минг сўмга, энг қиммати эса 348 млн сўмга тенг бўлган.

Сотилган авторақамларнинг 93 фоизи жисмоний шахслар, 7 фоиз — юридик шахслар томонидан харид қилинган.

“Бир миллион сўмга эски “Ваз 21011” машинасини сотиб олдигу сарсонгарчилик бошланди. Нотариусга бордик, “ГАИдан муҳр бостириб келинг”, деди. Зангиотадан Қорасувга, ГАИга бордим. Ишламас экан, яна 50 км юриб ортга қайтдим. Душанба куни борсам, ГАИ тушгача ишлар экан. Амаллаб ишни битказдим. Нотариус эса 1 млн сўмлик машина учун 900 минг сўмга яқин пул тўлаттирди. ГАИ харажатлари билан бир миллиондан ошди. Хуллас, сарсонгарчиликлардан кейин керакли тўловларни қилиб, ГАИга келсак, сешанба куни компьютер базаси ишламаяпти, деб баҳона қилишди. Эртаси номер олиш учун эрталаб соат 7.30 да келиб, 12 соат деганда ишим битди. Ана сизга халққа хизмат!”, - дейди тошкентлик ҳайдовчи.

Статистикага кўра, аукцион орқали айнан арзонроқ рақамлар кўп сотилган. Айни пайтда чиройли номерлар учун бир неча юз миллион сўмни аямайдиганлар ҳам топилади.

Қиммат бўлишига қарамай чиройли номерларнинг Ўзбекистонда бозори чаққон. Ўтган йили Тошкентда 30 Z777ZZ номери рекорд нархда, сал кам 600 миллион сўмга сотилди.

Ўзбекистонда "золотой рақамлар" бозори чаққон.
Ўзбекистонда "золотой рақамлар" бозори чаққон.

Чиройли номерларни аукцион орқали сотиш бошқа давлатларда ҳам бор. Дунёдаги энг қиммат номер шу йилнинг май ойида Дубайда сотилди.

P7 номерини ҳайдовчи 15 миллион АҚШ долларига сотиб олди.

Форум

XS
SM
MD
LG