Линклар

Шошилинч хабар
21 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:36

Ўзбекистонда интернет-цензура: Блоклаш, тақиқ, таҳдид, пора ва ДХХга чақирувлар


Тошкентдаги интернет-кафелардан бири.
Тошкентдаги интернет-кафелардан бири.

Демократия, сиёсий эркинликлар ва инсон ҳуқуқларини кузатувчи Freedom House халқаро нодавлат ташкилоти ўзининг 2023 йилги ҳисоботида Ўзбекистонни интернет эркин бўлмаган давлатлар рўйхатида қолдирди. Ташкилотга кўра, президент Мирзиёевнинг айрим ислоҳотларига қарамасдан Ўзбекистон авторитар давлат сифатида қолмоқда.

Ташкилот мамлакатларни 100 баллик шкалада баҳолаган бўлиб, унда Ўзбекистонга 25 балл берилган. Ўтган ҳисоботда балл 27 эди. Бунда балл пасайгани сари эркинлик шунчалик озлиги англашилади.

Ташкилот интернет эркинлигини баҳолаш учун асосий учта категория бўйича мамлакатлардаги аҳволни аниқлаган:

  • Интернет инфратузилмаси қанчалик ишлайди ва одамларнинг ундан фойдаланишга қанчалик имконияти бор;
  • Интернетдан ахборот олиш қанчалик чекланган ёки эркин;
  • Интернетда ахборот тарқатиш қанчалик эркин ва фойдаланувчиларнинг маълумотлари қанчалик ҳимоя қилинади.

Ҳисоботда президент Шавкат Мирзиёев 2016 йилда лавозимга келганидан сўнг амалга оширган ислоҳотлар айрим соҳаларда яхшиланишларга олиб келган бўлса ҳам, Ўзбекистон демократиялашув белгилари оз авторитар давлат бўлиб қолаётгани таъкидланган. Унга кўра, мамлакатда бирорта ҳам мухолиф партия қонуний фаолият юритмайди, қонун чиқарувчи ва суд ҳокимиятлари буйруқ асосида бошқарувчи ижро ҳокимияти қўлидаги қурол холос, оммавий ахборот воситалари эса ҳокимият томонидан қаттиқ назорат қилинади. Қийноқлар ва бошқа шафқатсизликлар тўғрисида хабарлар чиқишда давом этмоқда.

Қамоқдаги блогер Абдуқодир Мўминовнинг қийноққа солингани иддао қилинди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:18:34 0:00

Интернет инфратузилмаси қай аҳволда?

Ҳисоботда Ўзбекистондаги интернет тезлиги ва сифатига 6 баллдан 4 балл берилган.

Ташкилотга кўра, мамлакатда интернетга уланиш тезлиги нисбатан пастлигича қолмоқда. Абонентлар интернет сифати пастлиги ва тез-тез узилиш бўлишидан шикоят қилишади.

Мобил алоқа провайдерлари иккинчи авлод (2G), 3G ва 4G хизматларини кўрсатади, аммо аҳолининг аксарияти 2G (99 фоиз) улана олса, қолганлари нисбатан оз 3G – 90 фоиз ва 4G – 66 фоиз.

Давлатга қарашли UZTELECOM ва бир нечта уяли алоқа операторлари чекланган ҳудудларда ҳамма учун Wi-Fi нуқталарини таклиф этади.

Ўзбекистонда одамларнинг даромадига нисбатан интернетга уланиш нархи пасайиб бораётган бўлса ҳам, сезиларли географик ва гендер фарқлари сақланиб қолмоқда.

Ҳукумат назорати

Ҳисобот муаллифлари интернетга уланиш тезлиги Тошкентдан ташқарида анча пастлигига ҳам эътибор қаратган.

Ташкилотга кўра,ҳукумат АКТ инфратузилмаси устидан жиддий назоратни амалга оширишда давом этмоқда.

2022 йилнинг июнь ва июль ойларида ҳукумат Қорақалпоғистондаги норозилик намойишлари олдидан ва намойишлар вақтида интернетга киришни чеклаб қўйган. Расмийлар чеклов “фейк хабарлар” тарқалишининг олдини олиш учун қилинганини даъво қилади.

2021 йил июлида Ўзбекистон Ахборот ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси шахсий маълумотлар тўғрисидаги қонунга киритилган янги тузатишларни бузгани учун Skype, Twitter, TikTok, VKontakte ва WeChat’га киришни чеклаган.

2021 йил 3 ноябрда бошқа ижтимоий медиа платформалари ва мессенжер иловалари – Facebook, Instagram, LinkedIn, Odnoklassniki, Telegram ва YouTube ҳам блокланган, бироқ ўша куниёқ яна очиб юборилган. 2022 йил август ойида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Twitter, VKontakte ва WeChat’ни блокдан чиқарилганини эълон қилди.

Freedom House бу каби ҳолатларни Ўзбекистон ҳукуматининг интернет инфратузилмаси устидан қанчалик назоратга эга экани тасдиғи сифатида кўрсатмоқда.

OzodNazar: Тор залдаги “кенг” иш: Абдуқодир Мўминов устидан суд бошланди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:33:44 0:00

Ахборот олиш эркинлиги

Ташкилот ахборотни эркин олиш ҳуқуқи қанчалик таъминлангани бўйича мамлакатга 6 баллдан 3 балл қўйган.

Сиёсий ва ижтимоий мавзуларга оид онлайн контент, айниқса, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари бузилишини муҳокама қиладиган сайт ва платформаларга кириш блоклаш ёки фильтрлаш орқали чекланган. Ҳисобот даври давомида ҳукумат йирик ижтимоий медиа платформалари ва хабар алмашиш иловаларига киришни блоклади, дейди ташкилот.

2019 йил декабрь ойида журналист Кэти Путс ва инсон ҳуқуқлари бўйича тадқиқотчи Стив Свердлов Марказий Осиёда Инсон ҳуқуқлари ассоциацияси, Инсон ҳуқуқлари учун халқаро ҳамкорлик, Норвегия Хелсинки қўмитаси ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон-Германия форуми веб-сайтларига кира олмаётганликларини маълум қилишган эди. Орадан кўп ўтмай, оммавий ахборот воситаларини тартибга солувчи давлат органи Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА) вебсайтлар аслида блокланмаганлигини эълон қилди. Шарҳловчилар бу ҳолни хориж эътиборини тортган 2019 йил декабрида бўлиб ўтган парламент сайловлари билан боғлиқлигини тахмин қилишган.

Интернет-цензура

Ўзбекистонда онлайн контент, жумладан, мамлакатнинг энг машҳур янгиликлар сайтлари учун кенг қамровли цензура мавжуд, дейилади ҳисоботда.

2022 йил июнь ойида Қорақалпоғистондаги норозилик намойишлари чоғида «Gazeta.uz» нашри автоном республика мақомининг ўзгариши ва конституцияга таклиф қилинаётган бошқа ўзгартиришлар ҳақидаги мақоласини олиб ташлашга мажбур бўлган.

2022 йил февраль ойида Россия ҳарбийлари Украинага бостириб кирганидан сўнг, расмий Тошкент оммавий ахборот воситаларига босқинни «нейтрал» тарзда ёритишни сўраб кўрсатма берган. Айрим ҳолларда оммавий ахборот воситалари урушни ёритувчи мақолаларни олиб ташлаган. Kun.uz интернет-нашри асосчиси Умид Шермуҳаммедов Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) нашр хабари юзасидан ўзини ва бошқа Kun.uz мухбирларини чақиргани ҳақидаги Facebook’даги постини ўчирган.

“Қандай ҳукуматга эга бўлиш-ўзбек халқининг иши”
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:47 0:00

АОКА ва Рақамли технологиялар вазирлиги онлайн контентни, айниқса ҳукумат учун зарарли деб топилган контентни тартибга солиш учун масъул идоралар саналади. Муайян контентни блоклаш ёки олиб ташлаш қарорлари ҳам шаффоф эмас, дейилади ҳисоботда.

2022 йил декабрь ойида АОКА, Freedom House’га кўра, сўз эркинлигига таҳдид соладиган Ахборот кодекси лойиҳасини эълон қилган. Кодекс лойиҳаси ОАВ ва онлайн муҳитга оид саккизта амалдаги қонун ҳужжатларига ўзгартириш киритишни назарда тутар эди. Блогер кенг маънода журналист ёки “ўз веб-сайтида ва/ёки глобал ахборот тармоғидаги веб-саҳифасида ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ва бошқа маълумотларни жойлаштирадиган шахс” деб таърифланади. Қонун блогерларни "тасдиқланмаган маълумот"ни нашр қилганлик учун жавобгарликка тортади. Ўзбекистондаги оммавий ахборот воситалари бўйича экспертлар таъкидлашича, қонунда яна бир қанча ноаниқ таърифлар мавжуд. Масалан, “оммавий норозилик намойишлари” ҳақида хабар бериш “оммавий тартибсизликларга чақириқ” деб талқин қилиниши мумкин.

OzodNazar: Мирзиёевнинг юбилейини икки журналист қамоқда кутиб олди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:41:15 0:00

Ўз-ўзини цензура қилиш

Ҳисоботда, шунингдек, журналистлар, ижодкорларнинг ўз-ўзини цензуралаш ҳолатлари ҳам сақланиб қолаётгани ва бунда ҳукумат ҳам роль ўйнаётгани таъкидланган. Ҳукуматнинг оммавий ахборот воситалари устидан қаттиқ назоратини ҳисобга олган ҳолда, ўз-ўзини цензура қилиш кенг тарқалганича қолмоқда, дейилади ҳисоботда.

Табу деб топилган мавзулар, жумладан, президентни танқид қилиш ёки коррупциянинг фош этилиши ҳақида фикр билдирган ёки хабар берганлар ҳозир ҳам қаттиқ жазоланиши мумкин. Ҳукуматнинг журналистлар ва уларнинг оилаларини таъқиб қилиши натижасида кўплаб онлайн муаллифлар сўз айтишга чўчиб қолган. Айрим маҳаллий нашрлар ҳокимиятни суиистеъмол қилиш ҳолатларини ёритишда давом этса ҳам, бошқа нашрлар нозик масалаларни муҳокама қилишдан ўзини тияди ёки контентни олиб ташлашга мажбур.

Ҳисоботда 2023 йил март ойида 41 нафар блогер ва журналист Telegram орқали президентдан цензура амалиётини тўхтатишни сўрагани ҳам ушбу ҳолат тасдиғи сифатида келтирилади.

2022 йил июнида The Diplomat нашри ўрганиши ўз-ўзини цензуралашни зўрайтиришда ДХХнинг кенг миқёсдаги ролини очиб берган. Журналистлар ва блогерлар ўзларига пора таклиф қилингани, таҳдид қилингани ёки контентни олиб ташлашга мажбур қилингани ҳолатларини батафсил баён қилишган.

Ҳукумат ахборот нашрларнинг онлайн версиялари таҳририни ҳам расмий, ҳам норасмий кўрсатмалар билан белгилаб келган ва Мирзиёев даврида ҳам бу сақланиб қолди дейилади ҳисоботда.

Ташкилот, шу билан бирга айрим ижобий ўзгаришлар ҳам бўлганини эътироф этган. Мирзиёев даврида Ўзбекистонда онлайн медиа муҳити қаттиқ чекланганича қолган бўлса ҳам, рўйхатдан ўтган баъзи оммавий ахборот воситалари сиёсий ва ижтимоий аҳамиятга эга мавзуларни кўпроқ ёрита бошлаган. Ўтган йилларга солиштирганда кўпроқ интернет фойдаланувчилар мустақил сайтлардан янгилик олмоқда.

2023 йил май ойида Internews томонидан ўтказилган сўров натижаларига кўра, респондентларнинг 38 фоизи ижтимоий тармоқлар “ички янгиликлар”нинг асосий манбаи эканлигини айтишган.

Freedom House’нинг Интернет эркинлиги бўйича ҳисоботи дунё интернет фойдаланувчиларининг 88 фоизини қамраб олувчи 70 та давлатдаги интернет эркинлигини баҳолайди. Бу йилги эълон қилинган ҳисобот 2022 йил июнидан 2023 йил майигача бўлган даврни қамраб олган бўлиб, уни тайёрлаш учун 85 нафар таҳлилчи ва маслаҳатчи жалб қилинган.

Форум

XS
SM
MD
LG