Ўзбекистон хабарлари
Ўзбекистон июнь ойида газ экспортини кескин кўпайтирди
Статистика агентлиги ҳисоботига кўра, Ўзбекистон жорий йилнинг июнь ойида хорижга 181,5 миллион долларлик газ сотган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,4 баравар, жорий йилнинг май ойига нисбатан эса 24 баравар кўп.
Агентлик ҳисоботидан келиб чиқилса, ўтган ярим йил ичида Ўзбекистон хорижга 241,4 миллион долларлик газ экспорт қилган. Хусусан, январь ойида чет ўлкаларга 21 миллион долларлик, февраль ойида 5,7 миллион долларлик, март ойида 18,7 миллион долларлик, апрель ойида 6,9 миллион долларлик, май ойида эса 7,6 миллион долларлик газ сотилган.
Аввалроқ ХХР Бош божхона бошқармаси Ўзбекистондан йил бошидан буён қарийб 235 миллион долларлик газ импорт қилингани ҳақида маълум қилган эди. Хитойдан ташқари Ўзбекистон Қирғизистон билан Тожикистонга ҳам газ етказиб беряпти.
Айни пайтда, Статистика агентлиги қайдича, жорий йилнинг январь-апрель ойларида Ўзбекистон хориждан 809,5 миллион долларлик газ импорт қилган. Бу 2023 йилнинг шу давридаги кўрсаткичга нисбатан тўрт баравар кўпдир.
Кун янгиликлари
ОТБ Ўзбекистонда мактабгача таълимни қўллаб-қувватлайди
Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида юқори сифатли мактабгача таълимни қўллаб-қувватлаш мақсадида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг транзакция масалалари бўйича маслаҳатчиси сифатида фаолият юритади.
ОТБ матбуот хизматининг маълум қилишича, халқаро молиявий тузилма ҳозирда Самарқанд вилоятидаги 100 та мактабгача таълим муассасасини ривожлантиришда маслаҳат хизматини кўрсатмоқда.
ОТБнинг бешта ҳудудда маслаҳати ёрдамида давлат-хусусий шериклик асосида 500 тагача боғча ташкил этилади, бу эса 75 минг нафар тарбияланувчига фойда келтиради.
“ОТБнинг транзакцияларга оид маслаҳат ёрдами болалар боғчаларини бошқариш ва уларнинг сифати ва барқарорлигини оширишда илғор тажриба тақдим этади”, деган ОТБнинг Ўзбекистондаги раҳбари Канокпан Лао-Арая.
Банк кўмаги лойиҳалар тайёрлаш, уларни ташкил қилиш ва малакали хусусий ҳамкорларни жалб қилишни ўз ичига олади. Лойиҳалар таълим тизимини халқаро стандартларга мослаштиришга хизмат қилади.
Ўзбекистон ОТБга 1995 йилда аъзо бўлган. Ўтган қарийб 30 йил давомида банк мамлакатга 12,5 миллиард АҚШ доллари миқдорида қарз, грант ва техник кўмак тақдим этган. Халқаро молиявий тузилма, жумладан, соғлиқни сақлаш, қайта тикланувчи энергия манбалари, коммунал хизматлар ва сув таъминоти соҳаларидаги лойиҳаларни дастаклаган.
Озодлик аввалроқ ОТБ Ўзбекистон ҳукуматининг молия бозорини мустаҳкамлаш ва энергетика секторини ривожлантириш бўйича ташаббусларини қўллаб-қувватлаш учун 400 миллион долларлик қарз ажратгани ҳақида хабар қилган эди.
Суриядаги жангариларга пул юборишда айбланган андижонлик қамалди
Андижон шаҳридаги парҳез таомлар ошхонаси ошпази З.М. диний экстремизм ва терроризмга алоқадор жиноятларда айбдор деб топилиб 10 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди.
ЎзА ҳуқуқ-тартибот идоралари маълумотларига таянган ҳолда хабар қилишича, З.М. телефон аппарати ёрдамида “Instagram”, “Телеграм”, “WhatsApp” тармоқларида профиллар очиб, улар орқали диний-экстремистик ташкилотларнинг “ҳижрат” ва “жиҳод” тўғрисидаги материалларини томоша қилган.
Шунингдек, у Сурия Араб Республикасидаги “Тавҳид ва жиҳод катибаси” ҳамда “Ғуроба катибаси” террористик ташкилотлари сафида бўлган уч андижонлик билан мулоқотга киришиб, уларнинг таъсирида Сурияга кетишни мақсад қилган. Лекин оилавий муаммолар сабабли режасини амалга оширолмаган.
Айблов хулосасига кўра, фуқаро З.М. 2023 йилнинг август-декабрь ойлари давомида Суриядаги фуқароларнинг оила-аъзолари ва танишлари йиғиб берган жами 7150 доллар ҳамда 41,2 миллион сўм пулни криптовалюта билан шуғулланувчи шахсларнинг ҳисоб рақамига ўтказиш орқали уларга етказиб берган.
Маълум бўлишича, Суриядаги уч андижонликдан бири қуролли тўқнашувларда ҳалок бўлган.
Ўтган ҳафта Суриядаги урушда қатнашиб, ижтимоий тармоқларда “Абу Валид” тахаллуси билан видеотасвирлар жойлаб бораётган ўзбекистонлик Худоёр Нуриддиновга нисбатан қидирув эълон қилинганди. Ўзбекистон ИИВ мазкур шахс юритаётган саҳифалар мамлакат ҳудудида тақиқлангани, уларни сақлаш, олиб юриш ва тарқатиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлишидан огоҳлантирган.
Аввалроқ ҳуқуқ идоралари Суриядаги қуролли ҳаракатларда иштирок этаётган бошқа бир Ўзбекистон фуқароси − Давлат Тиллабердиевга нисбатан терроризм бўйича жиноят иши очилганини билдирганди.
Озодлик яқинда ўн уч йиллик фуқаролар уруши даврида Сурияда жанг қилган ўзбек жангариларини эндиликда нима кутаётгани хусусида таҳлилий мақола чоп этганди.
“Ўзбеккосмос” 2 минг чоғли ноқонуний чиқиндихонани аниқлади
“Ўзбеккосмос” агентлиги жорий йил давомида мамлакатнинг қарийб 721 гектар ер майдонида 1928 та ноқонуний чиқиндихона борлигини аниқлади.
Экология йўналишида олиб борилган космик мониторинг жараёнида 255,5 гектар майдонда чиқинди сақлаш полигонлари чегарасидан ташқарига чиқиш ҳолатлари, 465,2 гектарда эса ноқонуний чиқинди полигонлари рўйхатга олинган.
“Ўзбеккосмос” агентлиги матбуот хизмати қайдича, Тошкент вилояти (363 та – 98,6 гектар), Қорақалпоғистон Республикаси (243 та – 63,2 гектар), Навоий вилояти (216 та – 112,4 гектар), Наманган вилояти (195 та – 65,2 гектар), Андижон вилояти (180 та – 42 гектар), Хоразм вилояти (168 – 22 гектар) каби ҳудудларда кўп сонли ноқонуний чиқиндихоналар мавжуд.
Агентликка кўра, ноқонуний чиқинди полигонларининг атроф-муҳит ва экологияга салбий таъсири катта бўлиб, бу ҳол зарарли ҳашаротлар кўпайиши, юқумли ва нафас йўли касалликларининг ортишига ҳам сабаб бўлади.
Ўзбекистонда йилига 14 миллион тонна чиқинди ҳосил бўлади. Лекин уларнинг атиги 4-5 фоизи қайта ишланади. Чиқинди полигонларидан 7 миллион тоннадан зиёд иссиқхона гази атмосферага чиқади, 43 минг тонна заҳарли фильтратлар ер остига сингади.
Жаҳон банки ҳисоботига мувофиқ, биргина Тошкентда PM2,5 майда заррали чанглар таъсири оқибатида йилига ўртача 3042 киши бевақт вафот этади. Экспертлар PM2,5 заррачалари билан антропоген ифлосланишнинг асосий манбалари қаторида чиқиндиларни ёқишни ҳам кўрсатишган.
Расмий статистикага кўра, ҳозирда маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш бўйича аҳолига кўрсатилган хизматлар учун дебитор қарздорлик 596 миллиард сўмни ташкил этади. Бу рақам муттасил ошиб бораётган бир пайтда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қаттиқ чиқинди хизматидан қарздорларнинг электр энергияси учун тўловини чеклашни таклиф этмоқда.
Рус генерали ўлими ортидан Мирзиёев Путин билан гаплашди
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 19 декабрь куни Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди.
Ўзбекистон президенти матбуот хизмати ёйинлаган қисқа ахборотга кўра, давлат раҳбарлари мулоқотида хавфсизликка таҳдид ва хатарларга қарши курашни кучайтириш мақсадида икки мамлакат махсус хизматлари ўртасидаги яқин ва самарали ҳамкорликни давом эттириш муҳимлиги қайд этилган.
Кремль хабарномасида айтилишича, Ўзбекистон томони ташаббуси билан ташкил этилган мулоқотда Мирзиёев Путинга Россия Қуролли кучлари радиациявий, кимёвий ва биологик мудофаа қўшинлари қўмондони, генерал Игорь Кириллов ҳамда унинг ёрдамчиси Илья Поликарпов ўлими муносабати билан ҳамдардлик билдирган.
Ўзбекистон бундай терактни кескин қоралаши таъкидланган.
Мирзиёев ва Путин 11 декабрь куни ҳам телефон орқали мулоқот қилиб, Сурия ва Украина атрофидаги жорий вазият юзасидан фикр алмашишган эди.
17 декабрь куни Москванинг Рязань шоҳкўчасидаги уй олдида содир бўлган портлашда генерал Кириллов ва унинг ёрдамчиси ҳалок бўлган.
18 декабрь куни Ўзбекистоннинг 29 ёшли фуқароси ушбу терактни уюштиришда гумонланиб, ҳибсга олинган.
“Коммерсант” нашри хабарига кўра, 20 декабрь куни суд теракт содир этишда гумонланаётган Аҳмаджон Қурбоновни икки ой муддатга – 2025 йил 17 февралига қадар қамоққа олиш ҳақида қарор қабул қилган.
Россия Федерал хавфсизлик хизмати маълумотига мувофиқ, гумонланувчи Украина махсус хизматлари топшириғи асосида ҳаракат қилган: унга гўёки 100 минг доллар ва “Европа давлатларидан бирига чиқариб юбориш” ваъда қилинган.
ИИББ блогер устидан жиноят иши қўзғатишни рад этди
Тошкент шаҳри Ички ишлар бош бошқармаси энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг шикоят аризаси бўйича иқтисодий таҳлилчи ва блогер Отабек Бакировга қарши жиноят иши қўзғатишни рад этди. Бу ҳақда Отабек Бакиров ўзининг Телеграм каналида маълум қилди.
“Бошқарма қарорига, хусусан, АОКАнинг Энергетика вазири шикоят аризасида кўрсатилган важлар мавжуд эмаслиги ҳақида тегишли экспертиза хулосаси, шунингдек, шикоятга сабаб бўлган пост ёзилганига 1,5 йилдан кўп вақт ўтганлиги асос қилиб кўрсатилган. Ички ишлар органларига мазкур иш юзасидан ўтказилган тезкор суриштирув ва ҳаракатлар учун фуқаровий ташаккур билдираман”, деб ёзди блогер.
Озодлик бир ҳафта муқаддам Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов танқидий-таҳлилий чиқишлари билан танилган иқтисодчи ва блогер Отабек Бакиров устидан прокуратура ҳамда ИИВга шикоят аризаси киритгани ҳақида хабар қилган эди.
Маълум бўлишича, ҳукумат мулозимининг шикоятига блогернинг Сағбон нимстанцияга оид танқидий мулоҳазалари сабаб бўлган.
Вазирнинг иқтисодий таҳлилчи устидан шикоят киритгани мамлакатда энергобўҳрон кучайган паллага тўғри келди. Жамоат фаоллари бу ҳаракатни “танқидчиларнинг овозини ўчиришга уриниш” дея қоралади. Бакировнинг ўзи вазирнинг бу ҳаракатини “энергоцензурага уриниш” деб атади.
Яна бир автолизинг фирмаси фуқароларни чув туширди
Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида давлат рўйхатидан ўтказилган “Halal Auto Leasing kompany” МЧЖ мансабдорларига нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а“ банди (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти маълумот тарқатди.
Мазкур жиноят иши бўйича олиб борилган дастлабки тергов ҳаракатлари давомида жамият раҳбари ва унинг шеригига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.
Маълум бўлишича, мазкур фирма фуқароларга бир неча турдаги автомобилларни бошланғич 20 фоизлик тўлов, йиллик 7 фоизлик устама ва 1 йилдан 5 йилгача бўлиб тўлаш шарти билан олиб беришни ваъда қилган.
Ҳуқуқ идоралари ушбу МЧЖ молиявий-хўжалик фаолиятини ўрганиб, ҳужжатда кўрсатилган 10 миллиард сўмлик низом жамғармаси шакллантирилмаганини аниқлаган.
Жамият томонидан 52 нафар шахс билан автотранспорт воситалари етказиб бериш бўйича тузилган шартномалар асосида 1,7 миллиард сўм маблағ жамият ҳисоб рақамига кирим қилинган. Бу маблағ пластик карталарга ўтказиш йўли билан нақдлаштириб олингани ҳолда, автотранспорт воситаларини ишлаб чиқарувчи ёки етказиб берувчи корхона ва ташкилотлар билан шартнома тузилмаган.
“Halal Auto Leasing kompany” МЧЖдан жабр кўрган фуқаролар (71) 231-33-94 телефон рақами орқали ИИВ Тергов департаментига мурожаат қилишлари мумкинлиги эслатилган.
Ўзбекистонда одамларнинг автомобиль олиб бериш ваъдасига ишониб, миллионлаб сўм маблағидан ажралиб қолиши илк бор кузатилаётгани йўқ.
Молиявий фирибгарликлардан зарар кўрганлар сони юз мингларни ташкил этиши айтилади.
Навоийда 33 ёшли эркак ўлдирилиб дарёга улоқтирилди
Навоий вилояти Кармана тумани Катта мачит маҳалласида яшовчи эркак қотиллик қурбони бўлди.
Kun.uz нашри мухбири билан суҳбатлашган марҳумнинг яқинларига кўра, 1991 йилда туғилган Д.К. Навоий – Тошкент йўналишида қатнайдиган автобусда йўловчиларни йўналтирувчи (посадчик) бўлиб ишлаган.
30 ноябрга ўтар кечаси ишдан уйига келган Д.К. турмуш ўртоғини бошқа эркак билан кўрган.
Тахминларга кўра, ўша тун эрининг уйга қайтишини кутмаган аёл ва унинг таниши вазиятдан чиқиб кетиш мақсадида қотилликка қўл урган. Гумондорларнинг бири эркакнинг оғзини ёпиб турган, иккинчиси ип билан бўйнидан бўғиб ўлдирган. Икковлон жиноятни яшириш учун жасадни Зарафшон дарёсига улоқтирган.
Сўнгра аёл ИИБга турмуш ўртоғи йўқолиб қолгани ҳақида хабар берган.
Қидирув-суриштирув жараёнида жиноятда гумонланиб қамоққа олинган аёл ва унинг хуштори Д.К.ни ўлдириб, дарёга ташлаб юборганларини тан олишган.
Гумондорларнинг кўрсатмаси асосида Зарафшон дарёсидан марҳумнинг мурдаси изланаётгани, аммо совуқ об-ҳаво қидирувга тўсқинлик қилаётгани айтилмоқда.
Фарзанд туғилганда отага ҳам таътил бериш таклиф этилмоқда
Ўзбекистонда ишлаётган эркаклар фарзандли бўлганда турмуш ўртоғига ёрдам бериш ва бошқа фарзандларига қараб туриши учун қисқа муддатли таътил берилиши мумкин.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида муҳокама қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасида ана шу меъёр таклиф этилган.
ЎзА хабарига кўра, миллий қонунчиликда бундай таътил назарда тутилмагани сабабли эркаклар касбий ва оилавий мажбуриятларини уйғун тарзда амалга оширишга қийналган ёки ўз ҳисобидан таътил олишга мажбур бўлган.
Депутат Нодир Тилаволдиев қайдича, бир ой ичида беш кунлик таътил мобайнида эркакнинг маоши сақланиб қолади.
Янги лойиҳа орқали меҳнат ҳуқуқларининг тенглиги, меҳнат ва машғулотлар соҳасида камситиш, тазйиқ ва зўравонликни тақиқлаш принциплари такомиллаштирилмоқда.
Бундан ташқари, оилавий зўравонликдан жабрланган шахсларнинг эҳтиёжманд тоифага киритилиши ва уларни ишга жойлаштириш бўйича давлат томонидан қўшимча кафолатлар берилиши белгиланмоқда.
Қуйи палата матбуот хизмати муҳокама жараёнида қонун лойиҳасидаги айрим нормалар эътирозларга сабаб бўлгани, уларни сайловчилар ҳуқуқ ва манфаатларидан келиб чиқиб янада такомиллаштириш тавсия этилганини билдирган.
Тошкент ва Кобул электр олди-сотдисини давом эттиради
Афғонистон миллий электр энергияси ширкати (DABS) Ўзбекистон билан электр энергияси импорти бўйича келишув муддатини 2025 йил охиригача узайтирди.
Kun.uz хабарига кўра, битим Ўзбекистонда DABS бош директори Абдулборий Умар ва “Ўзэнергосотиш” АЖ бошқаруви раиси Жаҳонгир Обиджонов томонидан имзоланган.
Таъминотнинг ҳажми, нархи, шунингдек, келишувга оид бошқа тафсилотлар ошкор этилмаган.
Афғонистонни уч йилдан бери идора этиб келаётган “Толибон” ҳукумати ноябрь ойи охирида Тожикистон билан, декабрь бошида эса Туркманистон билан электр энергияси бўйича келишувга эришганди.
Афғонистон Энергетика ва сув ресурслари вазирлиги таҳлилларига кўра, мамлакатнинг электр энергиясига бўлган талаби 1500 МВтни ташкил қилади. Шундан 720 МВтга яқини импорт қилинса, қолгани мамлакатда ишлаб чиқарилади.
Ўзбекистонда энергобўҳрон кузатилган вақтларда қўшни мамлакатга электр энергияси етказиб беришда узилишлар кузатилган.
Ўз навбатида, расмий Кобул турли важларга кўра электр энергияси учун тўловларни амалга оширишда кечикишларга йўл қўйгани маълум.
Сенат кейинги йил учун давлат бюджетини маъқуллади
Олий Мажлис Сенатининг 18 декабрь кунги ялпи мажлисида “2025 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун маъқулланди.
Сенат матбуот хизмати ахборотига кўра, 2025 йилда консолидациялашган бюджет даромадлари 431 триллион сўм, харажатлар эса 480,5 триллион сўм миқдорида шакллантирилган. Шу тариқа бюджетда 49,5 триллион сўм ёки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 3 фоиз миқдорида тақчиллик бўлиши кутилмоқда.
Бюджет даромадлари 308,5 триллион сўмни, харажатлари эса 344,8 триллион сўмни ташкил этмоқда. Давлат мақсадли жамғармалари даромадлари ва харажатлари (бюджетлараро трансфертлар ҳисобга олинмаган ҳолда) 66,4 триллион сўм ва 62,8 триллион сўм миқдорида режалаштирилмоқда.
Келгуси йилда ижтимоий соҳага 177,7 триллион сўм, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тадбирларига 3,6 триллион сўм, соғлиқни сақлаш соҳасига 41,3 триллион сўм ажратиш кўзда тутилган.
Бюджетнома муҳокамасида Сенат раиси Танзила Норбоева маблағлар мақсадли ва самарали сарфланишини таъминлашда парламент ҳамда маҳаллий кенгашлар фаол бўлиши, масъулиятни ҳис этиши кераклигини таъкидлаган.
Озодлик аввалроқ 2025 йилда Ўзбекистондаги 18 та вазирлик давлат ғазнасидан жами 195 триллион сўмдан кўпроқ маблағ олиши ҳақида хабар қилган эди.
Кейинги йилда Ўзбекистон номидан ва кафолати остида ташқи қарзларни жалб қилиш бўйича йиллик имзоланадиган янги битимларнинг чекланган ҳажми эса 5,5 миллиард доллар миқдорида бўлади.
Ўзбекистон юборган 18,5 тонна помидор Россияга киритилмади
Россия ветеринар ва фитосанитар назорат федерал хизмати (Россельхознадзор) минтақалараро бошқармаси Нижний Новгород вилоятига Ўзбекистондан юборилган 18,5 тонна помидор партиясини олиб киришга рухсат бермади.
“Коммерсант” нашри хабарига кўра, назорат идораси ушбу тақиққа асос ўлароқ помидорлар жигарранг бужмайиш вируси (ТоBRFV) билан касалланганини кўрсатган.
Бу ҳол лаборатория текширувида аниқлангани айтилган.
Россельхознадзор касалланган маҳсулотлар эгаси томонидан зарарсизлантирилиши, йўқ қилиниши ёки Ўзбекистонга қайтарилиши талабини қўйган.
ToBRFV вируси баргларда мозаика ва деформацияга, меваларда жигарранг ажинлар пайдо бўлишига олиб келади. Вирус юққан сабзавотлар яроқсиз ҳолга келади.
Россельхознадзор аввал ҳам вирус топилди деган иддао билан Ўзбекистондан йўлланган помидорга тақиқ қўйгани маълум.
Таҳлилчилар Россия геосиёсий мақсадлар важидан ҳам Марказий Осиё озиқ-овқат маҳсулотларига тақиқ қўяди, деган фикрдалар.
Архитектура ёдгорлигига зарар берган масъул жазоланди
Тошкент давлат юридик университетининг масъул ходими маданий меросни муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш талабларини бузгани сабаб жазоланди.
Айни пайтда юридик университет тасарруф этаётган пойтахтнинг Сайилгоҳ кўчасидаги собиқ Аёллар ва эркаклар гимназияси (ХIX аср) архитектура ёдгорлиги сифатида давлат муҳофазасига олинган.
Бош прокуратура матбуот хизматининг маълум қилишича, мазкур меъморий ёдгорликнинг эшиклари ўзбошимчалик билан, тегишли рухсат олинмай алмаштирилган.
Шу сабаб суднинг жорий йил 2 декабридаги қарори билан бинодан фойдаланувчи университет мулозими жаримага тортилган.
Маълум бўлишича, юридик университет маъмурияти 2022 йилда ҳам айни шу айблов билан жазоланган.
Маҳаллий фаоллар масъул идораларни муҳофазага олинган меъморий ёдгорликларни сақлашга жиддийроқ эътибор қаратишга ундаб келади.
Озодлик Бухородаги Ситораи Моҳи Хосса саройи таъмирида қадимий нақшларни вайрон қилган реставрация гуруҳи устидан жиноят иши очилгани ҳақида хабар қилган эди. Туризм вазирлиги Ситораи Моҳи Хосса реставрациясини “миллий фалокат” деб атаганди.
Аввалроқ ЮНЕСКО Бухоронинг тарихий ҳудудида бузиш ва қуриш ишларига эътироз билдирганди.
Маҳкумларга масофавий видеоучрашув ҳуқуқи берилади
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 17 декабрдаги мажлисида озодликдан маҳрум этилган шахсларнинг масофали видеоучрашувга бўлган ҳуқуқини таъминлашга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.
Қонун ташаббускорлари фикрича, жазони ижро этиш муассасаларида жазо ўтаётган маҳкумларга масофали видеоучрашув ҳуқуқи берилиши уларнинг яқинари билан доимий алоқани таъминлаш, оилавий муносабатларини сақлаб қолиш ва тузалиш йўлига ўтишига кўмаклашади.
Масофадан ташкил этиладиган видеоучрашув маҳкумларнинг қариндошларини йўлкира харажатларидан озод қилиши ҳам айтилмоқда.
Видеоучрашув сони жазони ўташ тартиботига қараб белгиланади. Масалан, манзил-колониялар ҳамда тарбия колонияларидаги маҳкумларга йил мобайнида йигирма тўртта масофали видеоучрашув ўтказиш ҳуқуқи берилади.
Маҳаллий матбуот 2021 йилда жазони ижро этиш муассасаларида маҳкумлар билан видеоконференц усулида қисқа муддатли учрашувлар ўтказишга рухсат берилиши ҳақида хабар берганди. Жумладан, Daryo.uz нашри Жазони ижро этиш бош бошқармаси мулозими Жамшид Султоновга иқтибосан маҳкумлар ва уларнинг яқинлари ўртасидаги видеоконференц усулидаги учрашув 15 дақиқагача давом этиши, алоқа хизмати учун 5300 сўм ҳақ олинишини ёзганди.
Маълумот ўрнида: 2025 йил 1 январидан эътиборан Ўзбекистонда уй қамоғи эҳтиёт чораси қўлланган ҳамда озодликни чеклаш жазоси тайинланган шахсларни реал вақт режимида масофадан туриб назорат қилиш мақсадида электрон браслетдан фойдаланилиши белгиланган.
Электромобилларни қувватлаш шохобчалари ҳам тармоқдан узиляпти
Ўзбекистонда электромобилларни қувватлаш учун ўрнатилган станцияларни электр тармоғидан узиш бошланди.
Kun.uz нашрига мамлакатнинг турли ҳудудларидан мурожаат қилган ҳайдовчилар кўплаб қувватлаш шохобчалари ишламаётгани, ишлаётганида ҳам соатлаб навбатда туришга тўғри келаётганидан шикоят қилган.
“Ҳудудий электр таъминотидан келишиб, ҳеч қандай сабабсиз станцияларимизни ўчириб ташлашяпти. Нима сабабдан ўчиряпсан, бу трансформатор қонуний ёқилган, деяпмиз. Улар эса “тепадан шундай буйруқ бўлди” дейишяпти. Бошқа ҳеч қандай гап йўқ. Рақобатчи компаниялар билан ҳам худди шундай бўляпти, битта бизда эмас”, деган қувватлаш станцияларига эгалик қилувчи йирик компания вакили.
Энергетика вазирлиги матбуот хизмати электромобилларни зарядлаш станцияларини тармоқдан узиш бўйича топшириқ берилгани ҳақидаги хабарни рад этган.
“Таъкидлаш керакки, айни пайтда мамлакатимизда генерация, яъни электр энергияси ишлаб чиқариш бўйича ҳеч қандай муаммо йўқ. Ишлаб чиқарилаётган электр энергияси эса ўз эҳтиёжимизни тўлиқ қоплашга етади”, дейилган баёнотда.
Бу борада муаммога дуч келган тадбиркорлик субъектларига Энергетика вазирлигининг +99871-231-16-61 (ички 7037, 7046 ва 7057) рақамли “ишонч телефонлари”га мурожаат қилиш тавсия этилган.
Шу йил 9 декабридан Ўзбекистонда истеъмол юқори бўлган ҳудудлардаги автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари фаолиятига чеклов киритилган.
Энергетика вазирлигининг узлуксиз таъминот ҳақидаги ваъдаларга қарамай, ҳали ҳаво ҳарорати манфий даражага тушмаган кунлардаёқ пойтахтдаги ишлаб чиқариш корхоналарини газдан узиш бошланган.
Россиядаги автоаварияда яна беш ўзбекистонлик ҳалок бўлди
Россия Федерациясининг Ульяновск вилоятида Ўзбекистон фуқаролари иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди.
Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги бош консулхонаси ҳодиса 17 декабрь тонгги соат 05:10 ларда Ульяновск вилоятидан ўтадиган Саранск – Сурское – Ульяновск йўналишидаги Р-178 федерал трассасининг 209 километрида рўй берганини маълум қилган.
Уляновск вилояти ички ишлар идораси ёйинлаган маълумотга кўра, ўзбекистонликлар кетаётган Cobalt автомобили қарама-қарши томонга чиқиб кетган ва MAZ юк машинаси билан тўқнашган.
Автоавария оқибатида 5 нафар Ўзбекистон фуқароси (49 ёшли К.С., 47 ёшли А.А. ва Б.О., 36 ёшли Ж.И. ҳамда 20 ёшли К.А.) ҳалок бўлган. Юк машинаси ҳайдовчиси шифохонага ётқизилган.
Консуллик ҳолат назоратига олиниб, ваколатли органлар билан мувофиқлаштириш ишлари олиб борилаётгани, ҳалок бўлганларнинг жасадини Ўзбекистонга қайтариш чоралари кўрилаётганини билдирган.
Таҳлилларга кўра, Россияда рўй берадиган ЙТҲларда ҳар йили ўнлаб ўзбекистонлик нобуд бўлади. Жумладан, жорий йил 10 ноябрь куни Пенза вилоятида Ўзбекистон фуқаролари иштирокидаги ЙТҲда 3 йўловчи ҳалок бўлган.
Озодлик 1 сентябрь куни Нижегород вилояти ҳудудида содир бўлган авария чоғида 7 нафар ўзбекистонлик қурбон бўлгани ҳақида хабар қилган эди.