Линклар

Шошилинч хабар
06 январ 2025, Тошкент вақти: 21:19

Тошкент вақти билан яшаётган қирғиз қишлоғи. Минтақада чегара муаммоси ҳал бўлдими?


Чегара келишувида айрим қирғизистонликларнинг норозилигига сабаб бўлган Кампиробод сув омбори яқинида ўтирган маҳаллий яшовчилар.
Чегара келишувида айрим қирғизистонликларнинг норозилигига сабаб бўлган Кампиробод сув омбори яқинида ўтирган маҳаллий яшовчилар.

Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарасининг тинч йўл билан ҳал қилиниши дунёда ёки минтақада андоза бўлиши мумкинми?

Нафақат айрим ҳудудлар алмашилди, балки аввал Ўзбекистонда яшаган ўнлаб инсонларга Қирғизистон фуқаролиги ҳам берилди.

Тошкент билан Бишкек ўртасидаги келишув қонли тўқнашувларгача етган қирғиз-тожик чегарасини ҳал қилишда ўрнак сифатида қўлланилдими?

Чегара келишувлари наркотрафик, диний экстремизм муаммоларини қанчалик бартараф эта олади?

Мақолада ушбу саволларга жавоб излаймиз.

Қора-Янтоқдаги янги ҳаёт

Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасида давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича ҳукуматлараро комиссия келишувига мувофиқ, аввал Ўзбекистоннинг Фарғона вилоятига қарашли бўлган Қора-Янтоқ қишлоғи 2024 йили Қирғизистоннинг Боткен вилоятидаги Қадамжой шаҳри таркибига қўшилди. Бу қишлоқ аҳолиси асосан қирғиз миллатига мансуб.

Қора-Янтоқ – тоғ ёнбағрида жойлашган сокин қишлоқ. Бир вақтлар Ўзбекистон таркибида бўлган бу ҳудуд энди Қирғизистонга қарашли.

Қиш бўлгани учунми, кўчада одам кам. Учратганларимиз асосан, катта ёшдагилар. Уларнинг айтишича, ёшларнинг кўпи Россияга ишлашга кетган.

Қишлоқ раиси бўлиб бир неча йил ишлаган Юнусали Алибоев шундай дейди:

“Мана Қирғизистонга ўтдик. Қирғизистондаги қариндошларнинг сиёсати қанақа бўлади, ҳозирча билмаймиз. Бизга иш-жой қилиб беришар. Бизнинг эл чорвачилик билан шуғулланади. Агар яйловдан ер берса, молларимизни бемалол боқардик. Сув чиқариб беришса, яна яхши бўлардик. Ўзбекистонни ёмон демайман, туғилдик, ўсдик. Минг маротаба розимиз. Икки президентнинг келишуви билан бўляпти”.

Андижон қирғини акс-садоси: Қорасув чегараси очилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:19 0:00

Қора-Янтоқ қишлоғини Қирғизистонга ўтказиш жараёни 2017 йилда бошланган. Расмий Бишкекнинг маълумотига кўра, қишлоқ турғунларининг 250га яқинига 2024 йилнинг октябрида Қирғизистон фуқаролигини тасдиқловчи паспортлар берилди. Маҳаллий аҳолининг айтишича, 300га яқин хўжаликда мингдан ошиқ одам яшайди. Уларнинг айримларида аввалдан Қирғизистон фуқаролиги бўлган.

“Биз аввалдан Қирғизистонда яшасак деб ният қилардик. Сабаби, қариндош-уруғларимизнинг барчаси Қирғизистонда эди”, дейди яна бир қораянтоқлик Шаробиддин Норбоев.

Аҳолига қирғиз паспортини бериш декабр охиригача якунланиши керак. Октябрда қораянтоқликлар билан учрашган Боткен вилояти раҳбарияти ижтимоий хизмат кўрсатиш ва бошқа масалаларни ҳал этиш бўйича махсус дастур қабул қилинишини билдирган.

Қора-Янтоқлик оқсоқолга Боткен вилоятининг аввалги раҳбари Қирғизистон паспортини беряпти.
Қора-Янтоқлик оқсоқолга Боткен вилоятининг аввалги раҳбари Қирғизистон паспортини беряпти.

“Чегара чизиқлари... мана шу ерда катта йўл бор эди - Ўш-Қадамжой йўли. Ана шу йўлнинг олди тарафида эни ва узуни 4 метрга 4 метр қилиб коваланган чуқурлик бор эди. Ана шунинг олди тарафи Қирғизисистонга ўтса керак деб ўйлагандик. Лекин келишувга кўра қишлоқнинг этак тарафидан чегара чизиғи бўлди. Биз кўриб турган ана бу бўш жойлар Ўзбекистонга қолди”, деган Шаробидин Норбоев Қора-Янтоғдаги мактабда бошланғич синфларга дарс беради. Бу қишлоқ Ўзбекистонга қараб турган пайтларда ҳам мактабда дарслар қирғиз тилида ўқитилган.

“Мен 2-2,5 миллион сўм ойлик олардим. Қирғизистонда 21,5 минг сом маош оляпман. Қирғиз сомининг курси юқорироқ бўлгани учун, бу ердаги ойлигим кўпроқ ҳисобланади”, деди Норбоев.

Лекин мактабга кириб, дарс жараёнини тасвирга ололмадик, бошқа ўқитувчилар билан гаплашишга ҳам имкон бўлмади. Мактаб директори журналистлар билан суҳбатлашишга рухсат бермаслигини айтди ва бизни мактаб ҳудудидан кетишимизни талаб қилди.

Аҳолининг журналистлар билан суҳбатларга тайёр эмаслиги, камера ва микрофонларга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиши уларнинг сиёсий тартиб-қоидаларга бўлган эҳтиёткорлигини кўрсатмоқда. Бу эса, узоқ йиллар автократ ҳокимият остида яшаган аҳолининг руҳий ҳолатини акс эттиргандек бўлди. Айримлар ҳатто кўчаларни ҳам видеога олмасликни илтимос қилишди.

Қишлоқ аҳолисининг кўпчилиги миграция сабабли Россияда ишлаётгани ички ресурслар ва меҳнат бозоридаги бўшлиқни кўрсатиб турибди. Бу ҳолат нафақат Қора-Янтоқ, балки Марказий Осиёнинг бошқа чегараолди қишлоқлари учун ҳам хос.

Шунингдек, сув таъминоти ва яйлов масаласи одамларнинг кундалик ҳаёти учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Маҳаллий аҳоли чорвачиликдан даромад олгани сабабли, яйлов ерларининг тақдири уларнинг ижтимоий-иқтисодий барқарорлиги учун муҳимдир.

“Худога шукр, аввал сувдан қийналардик. Қирғизистон билан гаплашиб олиб келишарди. Ҳозир ҳам сув муаммоси бор, секин бўлади ҳаммаси”, дея жавоб берди қишлоқнинг яна бир турғуни Уммугулсум Тожибоева.

Қора-Янтоқда ҳозирча икки давлатнинг валютаси айланмоқда — қирғиз соми ҳам, ўзбек сўми ҳам ишлайди. Қишлоқ кўчаларида ўзбек давлат рақами тақилган автомобилларни кўп учратасиз.

Қишлоқнинг Қирғизистон таркибига ўтиши нафақат географик, балки ижтимоий, иқтисодий ва психологик ўзгаришларни ҳам ўз ичига олган жараёндир.

“Қани энди чегаралар йўқ бўлиб, аввалгидек борди-келди қилсак. Водилимизга борсак, Каптархонамизга борсак, дўст-ёрларимиз бор.Авваллари суннат тўй қилсак, улар келарди, биз борардик, улоқ чопардик... Сен ўзбексан, сен қирғизсан деб бўлинишнинг нима кераги бор?” дейди Юнусали Алибоев.

Қора-Янтоқ мисолида биз фуқароларнинг миллий келиб чиқишидан кўра, уларнинг ижтимоий, иқтисодий ва ҳуқуқий эҳтиёжлари устун эканлигини кўряпмиз. Қора-Янтоқдаги одамлар учун сарҳадлардан кўра ҳаёт сифати муҳимроқ. Уларнинг умумий хоҳиши эса осойишталик, барқарорлик ва инсон сифатида қадрланиш.

Совуган алоқанинг исиши

Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегарани аниқлаш асосан 2022 – 2023-йилларга тўғри келгани билан, якуний жараён 2024 йилда бўлди. Шунинг учун “Озодлик” буни йилнинг муҳим воқеаларидан бири сифатида таҳлил қилишни жоиз топди.

Брюс Панниер
Брюс Панниер

“Буни катта прогресс десак бўлади. Чунки, 30 йилдан кўпроқ вақтдан бери бундай келишувга эришилмаганди. Шунинг учун буни икки давлат учун ҳам ғалаба дейиш мумкин. Бироқ халқ бундан қанчалик мамнун эканини айтиш қийин масала. Чунки, Қирғизистонда шартномага қаршиликлар кўрсатилганини биламиз. Лекин икки давлат ўртасидаги чегарада аввал кўплаб муаммолар бўлганини ҳисобга олганда, бу келишувни жасорат десак бўлади”, дея фикр билдирди Марказий Осиё бўйича таҳлилчи Брюс Панниер.

Чегара келишувлари борасида дипломатик алоқанинг намунаси ўлароқ олқишланаётган Марказий Осиёда ҳал қилинадиган яна муҳим масалалар бор. Уларга дастур давомида тўхталамиз.

Совет картографлари бир давлатнинг чегарасини бошқа бир давлатга ноқулай тарзда қўшиб қўйиш оқибатлари минтақада 30 йилдан ошиқ вақтдан бери бош оғриқ бўлиб келди. Бу ҳақида Қирғизистон бош вазири ўринбосари Эдил Байсалов бундай дейди:

Эдил Байсалов
Эдил Байсалов

“Дунёда чегара муаммоси ҳақида гап кетганда, Фарғона водийси доимо мисол қилиб келтириларди. Совет иттифоқига кирган айрим давлатлар ўртасидаги чегаралар ҳеч қачон ечилмайдигандай, махсус мураккаблаштирилган ва ҳеч бир тараф ҳеч қачон келишувга эришолмайдигандай, келишувга рози бўлмайдигандай классик мисол сифатида кўрсатиларди”.

Айниқса, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистоннинг Фарғона водийсидаги ҳудудларида бири бирига чирмалиб кетган жойлар кўп. Бу эса давлат чегараларини ҳал қилишда муаммо яратиб, ҳатто инсон ўлими билан боғлиқ можароларни келтириб чиқарган. Тошкентнинг қўшнилар билан алоқаси тобора совиб, чегаралар ёпилган.

2016 йилда ҳатто Ўзбекистон билан Қирғизистон ўз ҳарбийларини Унгар-Тепа деб аталган кичик тоғ яқинига жойлаштирган, минтақада чегара масаласи урушга сабаб бўлиши мумкинлиги ҳақидаги башоратлар янада хавотирли тус олган эди. Бу воқеадан ярим йил ўтар-ўтмас, Ўзбекистоннинг биринчи авторитар президенти Ислом Каримов вафот этди.

Қирғизистон билан Ўзбекистон ўртасидаги чегара симлари. Наманган ва Жалолобод вилоятлари ҳудуди.
Қирғизистон билан Ўзбекистон ўртасидаги чегара симлари. Наманган ва Жалолобод вилоятлари ҳудуди.

Каримовнинг ўлимидан кейин эса минтақа давлатларида сиёсий алоқа илиқлашиб, ҳукуматлар чегара муаммоларини ҳал қилишга киришишди.

2000-йилларда, Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги чегаралар тўлиқ аниқланмаган бўлишига қарамасдан, Тошкент бир томонлама чегараларни тўсиб, ўртага чуқурликлар қаза бошлаган.

Ўзбек томони бу ҳаракатни 1999 йили Қирғизистон ҳудуди орқали Ўзбекистонга террорчиларнинг сизиб кириш уринишлари билан изоҳлаган. Бу эса Бишкекнинг эътирозига сабаб бўлганди.

2005 йили Андижон шаҳридаги намойишлар ҳукумат кучлари томонидан бостирилганда юзлаб одам Қирғизистон ҳудудига қочиб ўтган. Шундан сўнг Тошкент Қирғизистон билан чегара пунктларини бирин-кетин ёпишни бошлаган.

Қирғизистонда 2010 йилдаги Апрель ва Июнь воқеаларидан кейин эса Каримов ҳукумати чегараларни деярли буткул ёпди.

2013 йилга келиб, икки давлат ўртасида фаолият кўрсатадиган саноқли пунктлар қолган, холос. Лекин “фуқаролар фақат телеграмма орқали қатнайди” деган қоида киргизилган.

Одамлар ўзларига яқин ҳудуддаги назорат пунктидан ўта олмай, узоқ йўлни босиб бошқа назорат масканларидан кириб-чиқишга мажбур бўлишган.

Бу даврда олий даражадаги сиёсий мулоқот камайган, алоқалар совуган ва чегараларни аниқлаш жараёни ҳам тўхтаб қолган. Тошкент чегараларни миналаштирган.

“Бир вақтлар Ўзбекистон ва Қирғизистон муносабатларига соя соладиган ёки кескинлик, тушунмовчилик ҳолатларини яратган сегмент - чегарани миналаштириш масаласи сақланиб турганди. Яқин ўтмишда минасизлаштириш жараёни бўлиб, у ҳал қилинди”, дейди сиёсатшунов Фарҳод Толипов.

Икки давлат ўртасидаги чегаранинг узунлиги деярли 1473 километрни ташкил этади. Унинг 1170 километрига доир ҳужжатлар 2017 йили имзоланган. Қолгани бўйича 2022 йили консенсусга келишилди.

Қирғизистонлик таҳлилчи Адил Турдукулов:

“Чегара масаласи Қирғизистоннинг сўнгги 30 йиллик тарихида ташқи ва ички сиёсатнинг муаммоси бўлиб келган. Бу Акаев даврида бошланган. Ўша пайтда Хитой билан чегара ҳал қилинганида Узонгуу-Кууш ҳудудини Хитойга берилиши одамларда норозилик келтириб чиқарган. Шунинг учун Акаевнинг ҳокимиятдаги тақдири 2005 йилдаги инқилоб билан тугади. Кейинги президентлар эса чегара масаласини ҳал қилишдан қочишга, жавобгарликни олмасликка ҳаракат қилишган. Аммо Ўзбекистон ва Тожикистон билан чегара муаммоси кескинлашиб бораверди. Агар бу масала ҳал этилмаса, янада кескинлашиши аниқ эди”.

Ҳал бўлган чегара ва хавфсизлик

Хуллас, Қирғизистон ва Ўзбекистон 30 йилдан ортиқ давом этган чегара муаммосига чек қўйганини эълон қилди.

Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов 2022 йили парламентдаги нутқида илгари Қирғизистон билан келишилмаган 35 та участка бўйича якуний келишувга эришилганини, музокаралар 5 йилдан зиёд давом этганини айтган. Қирғиз тарафи қўшнилардан 19 минг гектардан кўпроқ ер олганини билдирган.

Икки республика парламентлари келишувларни маъқуллаб, президентлар Давлат чегарасининг айрим участкалари тўғрисидаги шартнома ва Кампиробод сув омборини биргаликда бошқариш тўғрисидаги битим ратификацияланган.

Чегара масаласи ҳал бўлгани ҳақида 2023 йилнинг январида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бишкекка давлат ташрифи чоғида эълон қилинди. 2024 йилда қирғиз томони демаркация ишлари – яъни чегараларни аниқ белгилаш жараёни деярли якунланганини билдирди. Тошкент одатда чегарага боғлиқ масалаларда кам изоҳ беради ёки умуман расмий маълумот бермайди. ТаҳлилчиАнвар Назировнинг Марказий Осиёнинг умумий чегараси масаласини илгари суриш керак, деб ҳисоблайди.

Анвар Назиров
Анвар Назиров

“Энг муҳими, албатта бу масала тинчлик йўли билан ечимини топди. Энди у ёғига чегаралар қандай назорат қилинади? Чунки, Қирғизстонда ҳам, Ўзбекистонда ҳам ички ва ташқи хавфсизлик чақириқлари бор. Бу - наркобизнес, диний экстремизм, террорчи гуруҳларнинг фаоллашуви. Шунинг учун Марказий Осиёнинг умумий чегараси масаласини олдинга суриш керак. Марказий Осиёнинг ташқи чегараси деган тушунчанинг хавфсизлигини ўйлаш керак. Бу жуда муҳим деб ўйлайман”.

Таҳлилчи Алишер Илҳомов чегарани ҳал қилишни сиёсий ирода билан боғлиқ эканини таъкидлади:

“Чегара мавзусини Марказий Осиё мисолида қарайдиган бўлсак, Ислом Каримов даврида қўшнилар - Тожикистон, Қирғизистон билан муносабатлар унчалик яхши бўлмаган, бу эса “совуқ уруш” каби кўпга чўзилган. Мирзиёев ҳокимиятга келганидан сўнг, унинг авторитар бошқарув услубига қарамасдан, ички сиёсатда иккита ижобий жиҳатни кўриш мумкин. Биринчиси, иқтисодий либерализация, гарчи нисбий бўлса-да, муҳим аҳамиятга эга. Иккинчиси эса, қўшни давлатлар билан муносабатларни яхшилаш, хусусан, Қирғизистон ва Тожикистон билан мавжуд муаммоли ҳолатларни бартараф этишга бўлган интилиш ва сиёсий ирода. Қирғизистон президенти Жапаров Кампиробод сув омбори масаласида мамлакатдаги ички танқидга қарамасдан, ҳар икки томон ўзаро ҳудуд алмашиш бўйича келишувга эришишди”.

Айни пайтда келишув бандларидан бири, яъни Кампиробод сув омбори остидаги ерларнинг бошқа ер участкалари эвазига Ўзбекистонга берилиши Қирғизистонда жамиятнинг бир қисми норозилигига сабаб бўлди. Мамлакатда “Кампиробод иши” деб номланган жиноят иши очилиб, 2022 йилнинг кузида 30 га яқин сиёсатчи ва фаоллар ҳибсга олинди. Бир ярим йилдан кейин Бишкекнинг туман суди уларни оқлади, лекин прокуратура шаҳар судига мурожаат этган. Иш ҳалиям маҳкамада кўриляпти.

“Кампиробод иши" фигурантларидан бири, жамоат фаоли Илгиз Шаменов шу йил 29 ноябрда Давлат хавфсизлик қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев уларни қабул қилгани ва янгиланган чегара харитасини кўрсатганини билдирди. У Фейсбукдаги расмий саҳифасига “бизнинг харита аввал 199 квадрат метр бўлса, ҳозир 200 минг квадрат метр бўлганини ўз кўзим билан кўрдим” дея, Ташиев айтган маълумотларга ишонганини ёзди.

Қирғизистон бош вазири ўринбосари Эдил Байсалов расмий Бишкек чегарани миллий манфаатлардан келиб чиқиб ҳал қилганини таъкидлайди.

“Чегарани фақат икки давлат белгилайди. Икки давлат қандай келишса, у Конституциявий органларнинг қарори билан амалга оширилади. Баъзи бир кимсалар ўтириб, “мен бошқачароқ ҳал қилардим, бу нотўғри бўлди” демаслиги керак. Агар шундай қилишни истаган бўлсангиз, сайланишингиз ва шу муаммоларни ҳал қилишингиз керак эди. Аммо сиз сайланмагансиз. Шунинг учун, бу муаммони келажак авлодга қолдирмаслигимиз лозим. Бу – тарихий масъулият. Уни шошмасдан, пухта тарзда, мамлакат манфаатларидан келиб чиққан ҳолда ҳал қилиб, қўшнилар билан тотувликда яшашимиз зарур”.

Келишувга кўра, Кампиробод сув омборини 12 кишилик комиссия бошқаради. Комиссияга ҳар икки тарафдан олтитадан одам киради. Ўзбекистон сув омбори хавфсизлигини таъминлаш, техник хизмат кўрсатиш ва келишилган ҳажмда сув бериш мажбуриятини олади. Таҳлилчи Брюс Панниер келишувнинг келажаги ҳақида фикр билдирди:

“Мен боя айтганимдек, Қирғизистон тарафда Кампиробод сув омбори билан боғлиқ баҳслар мавжуд. Келажак авлодда бу тарихий келишувнинг бандларига балки норози бўлганлар чиқар. Лекин ҳозирги дамда бу катта прогресс. Чунки, чегара муаммолари ҳал этилмаган пайтда отишмалар, жанжаллар бўлганини биламиз. Ҳозир ҳаммаси яхши. Лекин 20 йилдан кейин қандай бўлишини билмаймиз. Фойда-зиёнини ўша даврда ўйлаб кўришар”.

Таҳлилчи Адил Турдукулов эса чегара келишуви икки давлат учун ҳам стратегик ютуқ бўлди, деган фикрда.

“Кампиробод масаласи жуда катта муаммо бўлди. Негаки, табиат жиҳатидан Қирғизистоннинг қўшни мамлакатлардан бир афзаллиги бор – яъни сув ресурларига эга. Сув сиёсатини қўшнига бериб қўйиш тўғри эмас, деган фикрлар шундан келиб чиққан. Қолаверса, чегаранинг ҳал қилинишининг Тошкент учун ҳам, Қирғизистон учун ҳам аҳамиятли томони шундаки, агар бу муаммо ечилмаса, унда Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўлининг қурилиши савол остида қоларди. Ҳозир эса бу лойиҳа бошланди, шу сабабдан стратегик ютуқка эга бўлдик, деган фикрдаман”.

Ўзбекистоннинг чегара сиёсати

Энди Ўзбекистоннинг бошқа қўшнилари билан юргизаётган чегара сиёсатига тўхталамиз.

Озодлик манбаларига кўра, Ўзбекистон барча қўшнилари билан делимитация ишларини якунлаган. Лекин демаркация ишлари олдинга силжигани йўқ. Бу борада Тошкент Қозоғистон ва Тожикистон билан хукуматлараро комиссия иш юритаётганини айтиб келади.

Туркманистон билан ҳукуматлараро комиссия ҳақида маълумотлар очиқ манбаларда йўқ.

Расмий хабарларда Ашхобод билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича мунтазам музокаралар олиб борилаётгани ҳақида таъкидланади. Туркманистоннинг ҳукуматга яқин нашрлари ўртадаги товар айирбошлаш ҳажми ошгани ҳақида хабар бермоқда. Шунга қарамай, икки давлат фуқаролари узоқ йиллардан бери чегарадан у ёки бу ўтишда қийинчиликларга дуч келаётганини айтишади. Чет элга, шу жумладан, Ўзбекистонга кетаётган фуқаролар ҳақидаги маълумотларни Туркманистон расмийлари эълон қилмайди.

Айни дамда минтақадаги чегарада яна бир оғриқли нуқта бор эди. Бу Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги ҳудудларга боғлиқ. 2021-22- йилларда қурол қўлланилган қонли тўқнашувларда икки томондан ўнлаб инсонлар ҳалок бўлган.

2024 йили Қирғизистон ва Тожикистон давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш масалалари бўйича ҳукумат ишчи гуруҳлари барча участкаларда аниқлаштириш ишларини якунлади. Бу ҳақида икки давлат 4 декабрда расман эълон қилди. Аммо ҳозирча баҳсли ҳудудлар қандай ҳал қилингани ҳақида расмий баёнот берилгани йўқ.

Бишкек билан Душанбега намуна?

Аввалроқ Озодлик мурожаат этган экспертлар ва расмийлар Бишкек ва Тошкент ўртасида эришилган келишув Душанбе билан қўл қўйиладиган ҳужжатларда намуна бўлишини айтишганди:

“Марказий Осиёнинг барча давлатлари учун мисол тариқасида олиш сал қийин, лекин бу Қирғизистон билан Тожикистонинг чегара масаласини ҳал қилишга яхши намуна бўлади. Улар Фарғона водийсидаги ҳудудларни бўлишишади. Тожикстон ва Қирғизистон ўртасида чегара можароларини яхши биламиз. Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг чегараси ҳам Фарғона водийсидаги ҳудудлардан ўтади. Шунинг учун бу келишувни Тожикстондан билан муаммони яқин келажакда ҳал қилиш учун намуна сифатида қўлласа бўлади”, деди таҳлилчи Брюс Панниер.

Эксклавдан кўчган баракликлар

Қирғизистоннинг Қорасув туманида барпо этилган Янги Барак қишлоғи аҳолиси аввал Қирғизистоннинг Ўзбекистоннинг ичкарисидаги ҳудуди бўлган Барак эксклавида яшашган.

Икки томонлама келишув шартларига кўра, Қирғизистоннинг 208 гектар ҳудудга эга Барак қишлоғи Ўзбекистонга берилди. Ўз навбатида Қирғизистон ҳам Андижон вилоятидан тенг миқдордаги ҳудудни ўзига қўшиб олди.

Янги Барак қишлоғи.
Янги Барак қишлоғи.

Абдукаим Алиев Янги Барак қишлоғидаги янги уйини Озодлик радиосининг қирғиз хизмати журналистига таништиряпти. У туғилиб ўсган, ҳаётининг унутилмас дамлари кечган Барак қишлоғини ташлаб, янги маконга кўчиб ўтиш осон бўлмагинини гапириб берди:

“Шундай жойни ташлаб кетишга кимнинг ҳам кўнгли чидарди? Лекин кўчиб келганимиз яхши бўлди. Авваллари йўлларни айланиб, Қизил-Қия томондан келиб-кетишга анча қийналардик.. Кейин яқинроқ жойдан йўл очиб беришди. Тирикчилик осонлашиб, бориб-келиб юрдик. Ҳаёт яхши давмо этаётганди. Лекин ҳамқишлоқларнинг кўпи аллақачон Қирғизистонга кўчиб ўтиб кетишган. Эски қишлоғимиз доим ёдимизда бўлади. Шундай жойни ташлаб кетганмиз деб юрамиз. Муаммомизни ҳал қилиб берган каттаконларга раҳмат”.

Абдукаим Алиев эски қишлоғида уйи ва 88 сотих ери бўлганини, ҳосилдан олган даромад билан кун кечирганини қўшимча қилди.

Барак эксклавидан кўчиб кетаётганлар. Апрель, 2024 йил.
Барак эксклавидан кўчиб кетаётганлар. Апрель, 2024 йил.

15 ноябрда Ўш вилоятининг Қора-Сув туманида янги ташкил этилган Янги-Барак қишлоғи расман очилиб, Ўзбекистон ҳудудида қолиб кетган Қирғизистоннинг Барак эксклавидан одамлар кўчиб келишди.

“Бўлди, келволдик. Соғингандан фойда йўқ. У ерда мактаб, фелдьшер-акушерлик пункти бор эди. Бу ерда ҳам секин-аста бўлади. Набирам болалар боғчасига борарди, ҳозир уйда йиғлаяпти, боғчасини соғиняпти шекилли. Минг марта шукр, катталарга раҳмат. Бизни олиб келишди”, дейди қишлоқ турғуни Идаят Аширова.

Янги қишлоқнинг очилишига қатнашган Қирғизистон президенти Садир Жапаров бу воқеа қирғиз халқи ва мамлакат учун жуда муҳим ҳамда қувончли эканини таъкидлаган.

Расмий маълумотга кўра, Янги-Барак қишлоғида 101 уй-жой қурилиб, сув, электр энергияси билан таъминланди. Бунинг учун бюджетдан 270 миллион сом, яъни 3 миллион доллардан кўпроқ ҳаражат сарфланган. Деқончилик учун ер бериш, мактаб ва болалар боғчаси қурилиши режалаштирилган.

Қора-Сув туманининг Оқ-Тош қишлоқ ҳукуматига қарашли Барак қишлоғи Қирғизистоннинг энг йирик эксклави ҳисобланган. Ўзбекистоннинг Андижон вилояти Қўрғонтепа туманида, чегарадан 1,5 километр узоқликда жойлашганди. Баракликлар Қирғизистонга аввал ҚорағСувдаги назорат масканидан ўтишарди. 2013 йили Ўзбекистон томони анклавга борадиган йўлни бир томонлама ёпиб, ўнлаб километр олисдаги Боткен вилоятининг Қизил-Қия туманидаги назорат-ўтказиш пункти орқали ўтишга рухсат берган. Шундан сўнг муносабатлар тобора қийинлашиб, масала ҳал этилмаганидан кейин баракликлар Қирғиз ҳукуматидан уларни эвакуация қилишни сўраганди.

Қирғизистон ва Ўзбекистон чегарасини ҳал қилишга доир айрим ҳужжатларни тайёрлаш жараёни. Боткен вилояти, 2023 йил.
Қирғизистон ва Ўзбекистон чегарасини ҳал қилишга доир айрим ҳужжатларни тайёрлаш жараёни. Боткен вилояти, 2023 йил.

Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегара келишувидан кейин фуқароларнинг назорат пунктларидан ўтиш тартиби осонлаштирилди. Яъни, у ёки бу давлатга ID карта билан ўтиш имконияти пайдо бўлди.

Ўзбекистонликлар келажакда Қозоғистон ва Тожикистон чегараларидан ҳам ID карта билан ўтиш имконияти эга бўлишлари мумкинлигини президенти Шавкат Мирзиёев 20 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида билдирган.

Ҳалқнинг ва таҳлилчиларнинг келажакда Европа Иттифоқи сингари чегара назорат пунктлари биратўла олиб ташланиши ҳақидаги тахминлари борасида ҳозирча расмий жавоб йўқ.

Барқарорлик омили

Чегаралар давлатнинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини таъминлайди, бу эса халқаро ҳуқуқ ва глобал сиёсатда катта аҳамиятга эга. Чегаралар аниқ белгилангандан сўнг, давлат ўз ички ва ташқи сиёсатида барқарорликка эга бўлади. Лекин таҳлилчилар наздида Марказий Осиёда хавфсизлик борасида эътибор қаратиладиган яна битта масала бор.

“Келажакда Марказий Осиё давлатларининг олдида жиддий глобал чақириқлар турибди. Иқлим ўзгариши, сув етишмасилиги ва бунинг оқибатида қишлоқ хўжалигида пайдо бўладиган муаммолар. Булар хавфсизлик учун катта чақириқ. Битта мамлакат ўз кучи билан бунга қарши кураша олмайди. Шунинг учун Марказий Осиёда қандайдир бир иттифоқ тузиш керак. Бунақа лойиҳа ёки платформа жуда долзарб. Буни қандай амалга ошади, амалга ошадими ёки йўқми, билмайман. Бунинг учун сиёсий элитага катта фаросат керак. Лекин бунақа фаросат Марказий Осиё элиталарида борлиги кўринмаяпти, афсуски бу факт”, дейди Анвар Назиров.

Адил Турдукулов
Адил Турдукулов

Инвестиция нуқтаи назаридан, аниқ белгиланган чегаралар хорижий инвесторларга ишонч остида фаолият кўрсатиш имконини яратади. Бу, ўз навбатида, иқтисодий ривожланиш ва ресурсларни самарали тақсимлашга ёрдам беради. Шунингдек, аниқ чегаралар ташқи савдо алоқалари учун ҳам муҳим аҳамиятга эга, чунки бу савдонинг аниқ ва тўғри йўналишда амалга оширилишини таъминлайди.

“Агар чегара муаммоси ҳал этилмаса, Марказий Осиёда бирлашган геосиёсий минтақа яратиш ҳақида гапиришнинг аҳамияти йўқ. Буни барчамиз англамас эканмиз, инвестицияларни жалб этиш ва ривожланган мамлакатга айланиш каби амбициялар самарасиз бўлади", дейди Адил Турдукулов.

Ҳал бўлмаган вақт пояси

Чегара келишувининг намунаси дея баҳоланаётган Ўзбекистон билан Қирғизистоннинг ўртасида, умуман Марказий Осиёда ҳал қилинадиган яна битта масала бор. Бу вақт пояси. Минтақада Қирғизистондаги вақт барча кўшниларидан бир соат олдинда.

Баъзи жойлардаги чегара ҳудудларида ўзбекистонликлар ва қирғизстонликлар бир девор қўшни яшайди, ёки уйларини битта йўл ажратади, холос. Лекин бирининг уйида соат 7.00 бўлганда, иккинчисиникида миллар 8.00 ни кўрсатади. Ўзбекистондан Қирғизистонга ўтган Қора-Янтоқ қишлоғида ҳам ҳозирча электрон соатлар Тошкент вақти билан ишлаяпти.

Вақтни минтақадаги бошқа давлатларга мослаштириш масаласи қирғиз парламентида кўтарилган. Интеграциянинг кейинги қадами балки айнан шу вақт пояси бўлиши мумкин.

Мақоланинг видеосини томоша қилинг:

Форум

XS
SM
MD
LG