2024 йил 1 сентябрдан Ўзбекистонда энг кам пенсия миқдори 15 фоизга ошди. Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларида ҳам пенсия ва нафақалар оширилди. Аммо пенсионерлар барибир пенсия камлигидан шикоят қилиб, бу пул энг оддий эҳтиёжларга ҳам етмаслигини айтишади. Чунки барча устамаларни инфляция ютиб юбормоқда.
Расмий статистикага кўра, тўрт мамлакатда энг кам пенсия қуйидагича:
- Қирғизистонда: 6900 сом (80 доллар);
- Ўзбекистонда: 834 минг сўм (65 доллар);
- Тожикистонда: 195 сомоний (18 доллар);
- Қозоғистонда: 57 853 тенге (110 доллар).
Бу пулга бир ой яшаса бўладими? Озодлик радиоси Фарғона бюроси мухбирлари пенсионерларнинг ўзларидан сўраб кўришди.
Ўзбекистонлик Эркиной Бобохева пенсия ошганини эшитиб хурсанд бўлган эди. У илгари 1,5 миллион сўм оларди, ҳозир пенсияси салкам 2 миллион сўмга чиққан, лекин ҳаёти енгиллашгани йўқ.
Сентябрда расмий ўртача йиллик инфляция 10 фоиздан кўпроқни ташкил қилган эди, бироқ воқелик бир оз бошқача.
“Ҳар ой пенсиямдан 800-900 мингни дори-дармонга сарфлайман. Дориларнинг нархи ошмаганида бизга бирмунча енгиллик бўларди”, дейди ўзбекистонлик пенсионер аёл.
Ўзбекистонда 4,05 миллион пенсионер бор. Мамлакатнинг пенсия тизими мажбурий бадалларга асосланган тизимдан таркиб топган бўлиб, давлат бюджетидан молияланади.
Расмий статистикага кўра, ўзбек пенсионерларининг асосий қисми Фарғона вилоятида яшайди.
Фарғоналик пенсионер Ҳожиакбар Убайдуллаев ҳам зўрға кун кечираётганидан нолийди.
“2 миллион сўмдан кўпроқ оламан, лекин бу пул ҳеч нимага етмайди”, дейди Убайдуллаев.
Ўзбекистонда энг юқори пенсия – 3 млн 888 минг сўм (ҳозирги курс бўйича 300 доллар).
Марказий Осиё мамлакатлари орасида энг кўп пенсия Қозоғистонда, аммо у ерда ҳам пенсионерларга осон эмас.
Олмаоталик Жамол Темиргалиева 259 минг тенге (тахминан 500 доллар) пенсия олади. У Озодлик радиоси журналисти билан суҳбатда омади борлигини, чунки ҳануз “совет” пенсиясини олаётганини айтди.
“Иш стажим 36 йил. Пенсиям меҳнат стажи асосида ҳисобланади, яъни, бошқача айтганда, совет пенсияси. Бундан ташқари, менинг ихтиёрий пенсия жамғармам ҳам бор эди. Аммо, шунга қарамай, камтарона яшаяпман. Озиқ-овқат ва коммунал хизматлардан ташқари, даволанишга ҳам ҳар ой пул сарфлайман. Яқинда стоматологга бордим, битта тишимдаги кариесни даволагани учун 24 минг тенге (46 доллар) олди. Ўтган ойда эса тизза бўғимларимни даволатган эдим. Ҳар ой шу аҳвол”, дейди олмаоталик пенсионер аёл.
Исмини очиқлашни истамаган бошқа қозоғистонлик пенсионер 37 йиллик меҳнат стажига эгалигини ва 180 минг тенге (378 доллар) пенсия олишини маълум қилди.
Қозоғистонда ҳам солидар, ҳам мажбурий жамғариладиган пенсия тизими амал қилади. Давлат томонидан тўланадиган солидар пенсия 1998 йилгача, яъни пенсия ислоҳотига қадар ишлаган одамларга мўлжалланган. Қолган барча кексайганида фақат ўз жамғармасига умид қилиши мумкин.
Қозоғистонда эркаклар – 63, аёллар 61 ёшдан пенсияга чиқишади. Аёлларнинг пенсия ёши мунтазам узайтирилмоқда. 2024 йил 1 октябр ҳолатига кўра, Қозоғистонда пенсионерлар сони 2 млн 413 минг кишини ташкил қилади.
Жорий йилнинг июлида Ягона жамғариладиган пенсия фонди (ЯЖПФ) маълум қилишича, Қозоғистонда энг кўп пенсия миқдори 945 752 тенге (қарийб 1830 доллар)га тенг.
Қирғизистонда ҳам аралаш пенсия тизими амал қилади. 2010 йилда мамлакатда Қозоғистон ва Россия намунасида жамғариб бориладиган пенсия жорий қилинган эди. Ҳозирги кунда бу суғурта бадалларининг 10 фоизини ташкил қилади.
“Қирғизистонликлар пенсиянинг жамғаариб бориладиган қисмига 2 фоиз, солидар қисмига эса 10 фоиз суғурта бадали тўлашади. Пенсия базавий (3170 сом) ва солидар қисмлардан иборат. Жамғарма фондда пули бўлган одам пенсиясининг жамғарма қисми ошади”, дея изоҳ берди Озодликка ижтимоий таъминот масалалари бўйича эксперт Жамила Тўғузбаева.
Қирғизистон Ижтимоий фонди маълумотига кўра, 2024 йилнинг октябр ойи ҳолатига кўра мамлакатдаги пенсионерлар сони 787 500 кишини ташкил қилади.
Ўтган йилги қайдларда Қирғизистонда энг юқори пенсия 100 минг сомдан зиёд (1150 доллар) деб кўрсатилганди. Аммо Фонд қанча одамга шунча миқдорда пенсия тўланишини очиқламаган.
Марказий Осиёда ёшга доир пенсиялар энг кам мамлакат бу Тожикистон. 2024йил 1 июлдан мамлакатда пенсиялар миқдори 30 фоизга ошди ва давлат меҳнат стажига қараб 180 сомоний (17 доллар)дан 1500 сомоний (138 доллар)гача пенсия тўламоқда. Пенсионерлар бу пулга умуман яшаб бўлмаслигидан нолийдилар. Мамлакатда эркаклар 63, аёллар 58 ёшдан пенсияга чиқадилар.
Тожикистонда энг кўп пенсия миқдори яширилади. Бир неча йил муқаддам баъзилар 200 сомоний, бошқа бир тоифадаги одамлар эса 10 минг сомонийдан зиёд пенсия олиши маълум бўлганида жамоатчилик орасида жиддий норозилик пайдо бўлганди. Шу воқеадан сўнг Тожикистон Ижтимоий суғурталаш ва пенсия таъминоти агентлиги пенсиялар миқдорини ва энг кўп пенсия олувчиларни очиқлашни тўхтатган.
Хўжандлик Мавжуда Раҳмонова Фарғона бюроси журналисти билан суҳбатда унинг энг кам ойлик харажатлари пенсияси миқдоридан анча кўплигини айтади.
“Нарх-наво қиммат. Боя гўшт олгани борувдим. Бозорда бир кило гўштнинг баҳоси 105-110 сомоний (10 доллар). Мен 40 сомоний (4 доллар)лик олдим. Шу гўштни 3-4 ҳафтага етказишим керак”, дейди пенсионер аёл.
Мавжуда Раҳмонова Хўжанд бозорларида 1 кг мол гўшти 105 сомоний (салкам 10 доллар) туришини айтади.
Қирғизистоннинг Ўшида эса 1 кило мол гўштининг нархи 600 сом ёки қарийб 7 доллар.
Олмаотанинг Яшил бозорида 1 кг лаҳм мол гўшти 4-4,5 минг тенге (7,5-8 доллар) баҳода сотилмоқда.
Фарғона шаҳри марказий бозорида мол гўштининг нархи 85 минг сўм (6,60 доллар).
“Лаҳм мол гўшти қимматроқ – 1 килоси 100 минг сўм. Суякли гўштни эса 85 мингдан сотамиз”, дейди Фарғона марказий бозори қассобларидан бири.
Марказий Осиё мамлакатларида пенсиялар йил сайин ошиб туради, лекин бу пул бирламчи эҳтиёжларнигина қоплайди, холос.
Айрим кузатувчилар Марказий Осиё республикалари пенсия тизимини тубдан қайта қуриши керак, деб ҳисоблашмоқда.
Бироқ қирғизистонлик ижтимоий таъминот масалалари бўйича эксперт Жамила Тўғузбаева бу фикрга қўшилмайди. Унинг назарида минтақа мамлакатлари иқтисодиётни кўтариб, аҳоли даромадларини оширмас экан, фуқаролар пенсия жамғармаларига ихтиёрий ва мунтазам тўлов қилиб, катта бадал йиғган тақдирда ҳам уларга яхши пенсия тўлашнинг имкони йўқ.
“Пенсия тизими иқтисодиётдан алоҳида, ўзича мавжуд бўла олмаслигига мутлақо аминман. Мамлакатнинг иқтисодий аҳволи қанча яхши бўлса, пенсия таъминоти даражаси шунча юқори бўлади. Ойлик иш ҳақлари кам ва аҳолининг бандлик даражаси паст бўлган давлат катта пенсиялар тўлай олмайди. Фақат пенсия сиёсатини ўзгартириб, пенсия миқдорларини ошириш иложсиз иш”, дейди эксперт.
Ўзбекистон ва Қирғизистон конституцияларида энг кам пенсия миқдори минимал истеъмол харажатларидан кам бўлиши мумкин эмаслигини назарда тутувчи моддалар мавжуд. Тожикистон Конституциясида бунақа модда йўқ, аммо махсус қарорларда минимал ижтимоий кафолатлар секин-аста энг қуйи турмуш даражасига тенглаштирилиши кўрсатилган.
Ўзбекистонда 2024 йилнинг майидан бошлаб энг кам истеъмол харажатлари киши бошига бир ойга 648 минг сўмни ташкил қилади. Бу кўрсаткич Қозоғистонда – 43 407 тенге (83 доллар), Қирғизистонда – 8144 сом (94 доллар) ва Тожикистонда 325 сомоний (30 доллар)га тенг.
Ўзбекистон, Қозоғистон,Қирғизистон ва Тожикистондаги аксар пенсионерлар уларга фарзандлари ва қариндошлари пулдан ёрдам қилиб туришини айтишди. Аммо кексайган чоғида қашшоқликда яшаётган одамлар ҳам кўп.
Форум