Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:45

Eurasianet: Ўзбекистон нега “Қозоқ қиши”дан қўрқмайди?


Eurasianet нашри бишкеклик сиёсий таҳлилчи Алишер Ҳамидовнинг Қозоғистондаги қўзғолонларнинг Ўзбекистонга таъсири ҳақидаги мақоласини эълон қилди. Муаллиф икки мамлакат ўртасидаги фарқлар ва бу фарқлар ҳисобга олинса, Ўзбекистонда ҳам қўзғолонлар кўтарилиши эҳтимоли қанчалик экани ҳақидаги саволларга жавоб беришга уринган.

Марказий Осиёдаги аҳолиси энг кўп бўлган давлат Ўзбекистон расмийлари чегара оша қўшни давлатларда бўлаётган тартибсизликлардан қўрқади. 2022 йил бошида Қозоғистон барқарор, фаровон ва мустақил бўлиб кўринарди; бир ҳафта ичида унинг энг катта шаҳри ёнди, унинг хавфсизлик хизмати бошлиғи қамалди ва рус қўшинлари мамлакат президенти ҳокимиятини кафолатлади.

Буларнинг барчаси Марказий Осиёдаги бошқа авторитар раҳбарлар учун даҳшатли тушдек. Аммо улар бир хил хавф-хатарларга дуч келмоқдами?

2 январь куни Қозоғистоннинг Манғистау вилоятида ёқилғи нархи ва сиёсий иштирокнинг йўқлиги сабабли бошланган тинч норозилик намойишларига сабаб бўлган нарсада қўшнилари билан умумий жиҳатлар кўп: иқтисодий тенгсизлик, сохта сайловлар ва коррупция. Бунга яна бир қанча ижтимоий касалликларни – жадал суръатда ўсиб бораётган ёш аҳоли, ишсизлик ва юқори инфляцияни ҳам қўшсангиз, бу давлатларни ҳам куни келиб тартибсизлик қамраб олиши мумкиндек туюлади.

Аммо диққат билан қаралса, Қозоғистон ва унинг қўшнилари ўртасида жиддий тафовут борлигини кўриш мумкин.

Улардан бири ҳукмрон элитанинг сиёсий давомийлиги ва қонунийлигидир. Қозоғистондаги тартибсизликларнинг уруғлари 2019 йилда президент Нурсултон Назарбоев қарийб 30 йилдан сўнг ҳокимиятни ўз издоши Қасим-Жомарт Тоқаевга топшириб, хавфсизлик кучлари устидан назоратни сақлаб қолган ҳолда истеъфога чиқиб, ҳокимиятни тақсимлаганда экилди.

Дастлаб барқарор авторитар режимда ҳокимият алмашинувининг яхши намунаси сифатида эътироф этилган бу ўтиш бир неча куч марказларини яратди ва марказий ҳукуматнинг ижтимоий тартибсизликларга самарали жавоб бериш қобилиятига путур этказди.

“Президент армия ва хавфсизлик кучларига раҳбарлик қилмаса, бу қандай ҳокимият алмашинуви бўлди? – дейди Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг собиқ маслаҳатчиси. – Ўзбекистонда бундай бўлмайди”.

Айрим қозоғистонлик сиёсий кузатувчилар ҳам шундай фикрда: Тоқаев маъмурияти, Назарбоев оиласи ва ҳукуматдаги Назарбоев тарафдорлари ҳокимият ва ресурслар учун кураш билан банд бўлиб, қарама-қарши мақсадларни кўзлаган ва оммавий норозилик кучайиб бораётганини эътибордан четда қолдирган.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг исми сир қолишини истаган собиқ маслаҳатчиси Тошкентда элита ўртасида кураш кетаётганини тан олади, бироқ 2016 йилда Ислом Каримов вафотидан сўнг ҳокимиятга келганидан бери Президент Шавкат Мирзиёев бутун сиёсий, хавфсизлик ва иқтисодий кучларни ўз қўлида тўплаганига ишора қилади.

Қозоғистон билан солиштирганда иккинчи фарқ иқтисод билан, яъни бойлик ва ресурсларни тақсимлаш ва бошқариш билан боғлиқ. Қозоғистонда бўлгани каби, Марказий Осиёнинг ҳар бир республикасида бойликнинг катта қисми президент оиласига яқин бўлган оз сонли элита қўлида тўпланган. Қозоғистонда бу чекка ҳудудлардаги қашшоқ аҳолининг норозилигига сабаб бўлди. Шубҳасиз, Ўзбекистонда тенгсизлик мавжуд, аммо унчалик аниқ эмас, шу билан бирга ҳукумат совет услубидаги ижтимоий хавфсизлик тармоғини ва нархларни назорат қилишни давом эттирмоқда.

Иқтисодиёт вазирлиги маълумотлари кўрсатишича, давлатнинг ижтимоий харажатлари, жумладан, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳалари сўнгги йилларда 2015 йилдаги 2 фоиздан 2020 йилга келиб 36 фоизга ошган. Давлат корхоналари иқтисодиётдаги устунликни сақлаб, аҳолининг салмоқли қисмини иш билан таъминламоқда. Бу эса аҳолининг давлатга содиқлигини таъминлайди.

Назарбоев даврида Қозоғистон ҳукумати иқтисоднинг катта қисмини хусусийлаштириб, фойдали нефть ва газ концернларини Лондон ва Нью-Йоркдан бошқараётган хусусий сармоядорларга топширди. Шу боис, Ғарбий Қозоғистонда кўплаб ҳайдовчилар фойдаланадиган газ субсидиялари 1 январда тугатилиб, ёқилғи қуйиш шохобчаларида нарх икки баравар кўтарилгач, кўпчилик одамларга ҳукумат расмийлари бойиш учун шундай қилаётгандек туюлди.

Ўзбекистонда Вазирлар маҳкамасининг собиқ расмийси ҳукумат айрим хусусий компанияларга нефть ва газ каби ҳаётий муҳим маҳсулотлар нархини белгилашга рухсат бермаслигини айтди. “Бу тартибсизликка олиб боради”, дейди у.

Шунингдек, бу кўплаб потенциал ўзбек, тожик ва туркман исёнкорлар – ёш ишсизларни Россия ва бошқа мамлакатларда меҳнат муҳожири сифатида ишлаш учун мамлакатни тарк этишга мажбур қилади.

Учинчи асосий фарқ ижтимоий назоратдир. Тожикистон ва Туркманистон каби Ўзбекистонда ҳам давлат хавфсизлик хизматлари чуқур илдиз отган. Жамиятнинг барча қатламларида, маҳаллалардан тортиб, давлат компанияларигача, зич жойлаштирилган агентлар ва гап ташувчилар тармоқлари фаолият кўрсатади.

Қизиғи шундаки, Қозоғистон ва Қирғизистондаги нисбатан сиёсий ва иқтисодий либераллашув туфайли бу мамлакатлар информаторлар билан камроқ тўйинган. Тоқаев тартибсизликларнинг олдини ололмагани учун Миллий хавфсизлик қўмитасини қаттиқ танқид қилганидан тахмин қилиш мумкинки, у хавфсизлик хизматларининг таъсир доирасини кенгайтириши эҳтимолдан холи эмас.

Ҳукуматнинг тинч намойишларга нисбатан қатъий сиёсати мероси ҳам муҳим роль ўйнайди. Ўзбекистонда ўзбек аскарлари юзлаб намойишчиларни ўлдирган 2005 йилги Андижон қўзғолони хотиралари эҳтимолий намойишчилар учун тўсиқ бўлмоқда.

Қўзғолонларга қарши курашиш қобилиятига ишонишига қарамай, Тошкент ўзининг улкан қўшнисида рўй бераётган воқеалардан хавотирда экани аниқ. Ҳукумат коммунал хизматлар нархлари бўйича режалаштирилган бозор ислоҳотларини бекор қилаётгани, шунингдек, электр энергияси узилишлари мавсумида ички эҳтиёжни тўла қондириш учун газ ва электр энергияси экспортини тўхтатаётгани аломатлари аллақачон кўринмоқда. У, шунингдек, блогерлар ва журналистларни Қозоғистондаги тартибсизликларни муҳокама қилишдан қайтариш учун эскича авторитар усулларга таянган.

Сиз билган шайтон

Қозоғистондаги тартибсизликлардан сўнг Ўзбекистон раҳбарлари боши берк кўчага кириб қолди. Россия барқарорликни сақлаш учун Тошкентни Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига (КХШТ) қўшилишга яна ундамоқда. Бу ташкилот Тоқаевнинг илтимосига кўра асосан россиялик ҳарбийлардан иборат тинчликпарвар кучларни юборган. Ғарб ҳукуматлари сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан либераллашмасалар, бу мамлакатлар ижтимоий зиддиятларга дуч келаверишини таъкидламоқда.

Тошкентдаги ҳукумат инсайдерлари билан бўлган суҳбатлар улар ҳеч бир томонга қулоқ солмаслигидан далолат беради. Уларнинг айтишича, минтақа Ғарб услубидаги демократияга ҳали тайёр эмас. Сиёсий ислоҳотлар янгилар учун иқтисод ва сиёсатни очиб беради, ҳозирги элита эса буни қабул қилишни истамайди. Мирзиёев хусусийлаштириш бўйича кўп ишлар қилди, лекин кўп жиҳатдан бу унинг ислоҳотчи сифатидаги обрўсини мустаҳкамлашга қаратилган пиар эди; бу ҳам анча сустлашди.

Тоқаевнинг КХШТни таклиф қилиш қароридан хурсанд бўлмаган Ўзбекистон ва Туркманистон ҳукуматлари яқин орада аъзо бўлмайди. Бироқ душанбелик таҳлилчининг фикрича, агар ишлар ҳақиқатдан ҳам нотўғри кетса, улар ҳокимиятдан ҳайдалиб, қамоққа тушишдан кўра, ўз виждонларини сотишни афзал кўришади.

Марказий Осиёда, ҳеч бўлмаганда яқин келажакда Тоқаев Москвадан мустақиллигини намойиш эта оладими, деган катта савол туғилади.

Шароф Убайдуллаев: "Қозоғистон бизга жиддий сабоқ бўлиши керак"
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:42:38 0:00

Ўзбекистонлик таҳлилчи Фарҳод Толипов КХШТнинг Қозоғистондаги иштирокини шарҳлар экан, “Агар бундан кейин Қозоғистоннинг кўп векторли дипломатияси ягона Россияга йўналтирилган ташқи сиёсатга айланса, бу Ўзбекистон учун эмас, балки Марказий Осиёда интеграция жараёнлари учун хавф туғдиради. Қозоғистон ўз минтақасидаги интеграциядан четда қолади”¸ дейди.

XS
SM
MD
LG