Ўзбекистон ва Қозоғистонда журналистлик фаолиятини юритиш тобора қийинлашиб бормоқда. Бу ҳақда Қозоғистонда яшаётган италиялик журналист Паоло Сорбелло Global Voices мустақил нашри учун мақола ёзди.
Сорбелло польшалик журналист Агнешка Пикулицканинг Ўзбекистонга киришига тақиқ қўйилгани, Қозоғистонда давлат хавфсизлик хизматлари журналист ва фаолларни нишонга олаётгани ҳамда икки мамлакатда цензурани кучайтириш мақсадида «маълумотларни маҳаллийлаштириш» бўйича янги қонунлар қабул қилинганини мисол ўлароқ келтирди.
The Guardian, Al Jazeera, The Diplomat ва Eurasianet нашрлари билан ҳамкорлик қилиб келган мустақил журналист Агнешка Пикулицка-Вильчевска ноябрь бошида Қозоғистон – Ўзбекистон чегарасида Ўзбекистон ҳудудига киритилмади. Бунинг ўрнига хавфсизлик ходимлари уни Тошкент аэропортидан Истанбулга мажбуран учириб юборди.
Пикулицка жорий йилнинг февралида ўзининг Twitter саҳифасида аккредитацияга ариза топширганидан олти ой ўтиб, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигидан рад жавоби олганини маълум қилганди.
Хорижий журналистнинг сўзларига кўра, вазирликнинг Рустам исмли ходими унга жинсий тегажоғлик қилган ва Ўзбекистон ҳақида ижобий мақолалар ёзишини сўраб, босим ўтказган. Кейинроқ вазирлик Пикулицкадан кечирим сўради ва унга аккредитация берди. Аммо июнь ойида журналист яна босимга учрай бошлаганини маълум қилди.
Пикулицка ноябрь ойи ўртасида Podrobno.uz сайтига берган интервьюсида Ўзбекистонда аккредитация олиш узоқ ва машаққатли жараён эканини сўзлаб берди. Журналист Ливандан тортиб, Афғонистонгача бўлган мамлакатларда расмий рухсат олиш бу қадар мураккаб бўлмаганини қўшимча қилди.
Қозоғистонда Apple ва Facebook
23 ноябрь куни Facebook бутун дунё бўйлаб журналистлар, фаоллар ва сиёсатчиларни нишонга олиш учун фойдаланилган жосуслик дастурини ишлаб чиқарган NSO Group Исроил ширкати устидан судга мурожаат қилди. 2021 йилнинг июль ойида бир неча ОАВ ширкатнинг Pegasus дастури қатор мамлакатларда журналистлар, фаоллар ва ҳуқуқбонлар, ҳатто давлат раҳбарларини кузатишда қўлланилганини хабар қилганди.
Дастур юзасидан судга мурожаат қилган Apple Pegasus жосуслик дастури томонидан нишонга олинган бўлиши мумкин бўлган мижозларига электрон почта орқали мактуб юборди. Мактубни олганлар орасида «The Village Казахстан» онлайн журнали асосчиси Аисана Ашим ҳам бор. Ашим мактуб суратини интернетда улашиб, «[давлат томонидан ҳомийлик қилинган ҳужумчилар] кимлигингиз ёки нима қилаётганингизда келиб чиқиб, сизни алоҳида нишонга олишлари мумкин», деб ёзди. Қозоғистонда ўнлаб бошқа журналист ва фаол Apple ширкатидан айни мактубни олишганини маълум қилишди.
Ноябрь ойида Қозоғистон ҳукумати Facebook билан «зарарли контент бўйича яқиндан ҳамкорлик қилиш» ҳақида «қўшма баёнот»ни эълон қилди. Қозоғистон баёнотида айтилишича, номини Meta деб ўзгартирган Facebook Қозоғистон ҳукуматига «Facebookнинг “Контент ҳақида ҳисобот бериш тизими”га тўғридан-тўғри ва эксклюзив кириш ҳуқуқини берган, бу эса ҳукуматга Facebookнинг глобал контент сиёсати ва Қозоғистоннинг маҳаллий қонунларини бузиши мумкин бўлган контент ҳақида хабар беришга ёрдам беради».
Аммо афтидан, баёнот Facebook ширкатидан мустақил равишда эълон қилинган. Meta матбуот котиби Бен МакКонаги электрон почта орқали The Washington Post газетасига ёзган жавобида ширкат «дунё ҳукуматлари маҳаллий қонунларни бузаётгани ҳақида бизга хабар беришлари учун махсус онлайн канали борлигини» айтган.
«Биз Facebook сиёсати, маҳаллий қонунлар ва халқаро инсон ҳуқуқлари стандартларига мувофиқ ҳар қандай ҳукуматдан мустақил равишда индивидуал сўровларни баҳолаш учун изчил глобал жараёнга амал қиламиз», дея қўшимча қилган у.
«Бу жараён дунёнинг бошқа мамлакатларида бўлгани каби Қозоғистонда ҳам худди шундай».
«Маълумотларни маҳаллийлаштириш»
Сорбелло «маълумотларни маҳаллийлаштириш» қонунларини ҳукуматга сўз эркинлигини кўпроқ назорат қилиш имконини берувчи қурол ўлароқ тасвирлади.
Жорий йилнинг бошида Қозоғистонда «маълумотларни маҳаллийлаштириш» тўғрисидаги янги қонун қабул қилинганди. Янги қонун ижтимоий медиа ширкатларидан маҳаллий ҳокимият томонидан болалар учун зарарли деб белгилаган контентни 24 соат ичида ўчириб ташлашни талаб қилади. Бу талабни бажармаган ширкатлар хизматлари мамлакат ҳудудида тўхтатиб қўйилиши мумкин.
Ўзбекистонда эса шу йилнинг февраль ойида ижтимоий тармоқлар ва глобал интернет-компанияларни Ўзбекистон фуқароларининг шахсий маълумотларини мамлакат ҳудудида жойлашган серверларда қайта ишлашга мажбурловчи қонун қабул қилинди.
Шу қонун асосида «Ўзкомназорат» Facebook, Google, Mail.ru, Microsoft Skype, Telegram, Tencent Wechat, TikTok, Twitter ва Yandex компанияларини Ўзбекистон қонунчилиги талабларини бажариш лозимлиги ҳақида огоҳлантирган.
3 ноябрь оқшомида Ўзбекистонда Telegram, Facebook, YouТube ва «Одноклассники» тармоқлари ишламай қолди. Бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон Информатизация ва телекоммуникация назорати бўйича Давлат инспекцияси – «Ўзкомназорат» сайтида номи тилга олинган ижтимоий тармоқлар, шунингдек, Telegram мессенжери шахсга доир маълумотлар субъектлари ҳуқуқларини бузувчилар реестрига киритилгани ҳақида расмий маълумот пайдо бўлди.
Буларнинг ҳаммаси Skype, Twitter, TikTok, «ВКонтакте» ва WeChat тармоқларига шу йил июлида жорий қилинган чеклов амал қилиб турган паллада юз берди.
«Ўзкомназорат» қарори амалда Ўзбекистонда барча тармоқлар блокланганини англатарди.
Тотал чеклов жорий қилингани ҳақидаги хабарлар тарқалганидан кўп ўтмай, президент матбуот котиби Шерзод Асадов давлат раҳбари чеклов ўрнатилганидан хабар топгани ва тармоқлар фаолиятини тиклашга буйруқ берганини маълум қилди.
Асадовга кўра, Президент Шавкат Мирзиёев «Ўзкомназорат»нинг қарорини «бир томонлама ва ўйланмай қилинган ҳаракат» деб баҳолаган.
Ижтимоий тармоқларда блок бекор қилингани олқишланган бўлса-да, айрим кузатувчилар бу ҳолат Мирзиёевнинг яхши ўйлаб кўрилган ҳаракати эканини айтишмоқда. Уларнинг сўзларига кўра, президент бу билан аҳолига алоқа тармоқлари ва оммабоп сайтларни назорат қила олишини эслатиб қўйишни кўзлаган.