Линклар

Шошилинч хабар
21 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:19

Ўзбек мухолифати сайловлар арафасида фаолларга босим янада кучайганини айтмоқда


2019 йилдаги парламент сайловларини кузатган ғарблик кузатувчилар нисбатан эркин матбуот мухолифатнинг ўрнини босолмаганини айтган.
2019 йилдаги парламент сайловларини кузатган ғарблик кузатувчилар нисбатан эркин матбуот мухолифатнинг ўрнини босолмаганини айтган.

Мухолифатдаги “Эрк” Демократик партияси 16 август куни партия Марказий Кенгаши аъзоси Раҳмиддин Абраевнинг ўзбек куч ишлатар тизимлари томонидан ҳибсга олингани ҳақида хабар тарқатди.

Озодликнинг Абраев тақдирига ойдинлик киритиш мақсадида унинг яқинлари ҳамда ҳуқуқ-тартибот идоралари билан боғланиш ҳаракатлари ҳозирча натижа бергани йўқ.

"Эрк" партияси ёш шоир ва сиёсий фаолнинг оиласи "қўрқитилгани", унинг қаердалиги эса ҳануз номаълум қолаётганини айтмоқда.

Партия етакчиси Муҳаммад Солиҳ Абраев ва бошқа фаолларнинг ҳибсга олинишини “сайлов олдидан майдон тозалаш ва қўрқитиш” ҳаракати деб атади.

“Абраевнинг қаерда экани номаълум”

“Эрк” Демократик партияси Абраев яқинларига таяниб тарқатган хабарда айтилишича, у шу йилнинг 16 август куни Қашқадарё вилояти Муборак тумани Қарлуқ қишлоғидаги уйидан олиб кетилган.

26 яшар Раҳмиддин унга 3 йил олдин тайинланган ҳаракатланишга тақиқни бузиб, шу йилнинг май ойида "Эрк"нинг Тошкентда бўлиб ўтган қурултойига қатнашгани учун жавобгарликка тортилгани айтилмоқда.

Р. Абраев яқинларининг маълум қилишича, бундан уч йил олдин маиший жанжал туфайли жазога тортилган ва унинг ҳаракатланиши чекланган. Тайинланган жазонинг бир йили ўтаб бўлинган. Р. Абраев шу йилнинг 26 май куни “Эрк” партиясининг Қурултойида қатнашиш учун Тошкент шаҳрига келганди. Бугун эса орадан уч ой ўтиб Абраевнинг яшаш манзилини рухсатсиз тарк этгани баҳонаси билан аввал тайинланган жазонинг қолган икки йилини қамоқда ўтказиш учун олиб кетишган”, дея хабар қилинди партия ўзининг расмий сайтида.

Муборак туман ички ишлар бўлими ва вилоят ИИБси вакиллари Озодликка Раҳмиддин Абраевнинг қаерда экани ва нимада айбланаётгани тўғрисида маълумотга эга эмасликларини билдиришди.

Раҳмиддин Абраев
Раҳмиддин Абраев

Ёш шоир Раҳмиддин Абраев 1995 йил 24 декабрда Қашқадарё вилояти Муборак туманида туғилган. Бухоро Давлат тиббиёт институти қошидаги академик лицейнинг “хорижий филология” гуруҳини, кейинчалик Қарши Давлат Университетининг ўзбек филологияси факультетини тамомлаган. Бирмунча вақт “Муборак Ҳаёти” газетасида адабий ходими бўлиб ишлаган.

26 яшар Раҳмиддин Абраев “Эрк” партияси Марказий Кенгаши аъзоси бўлиб, охирги пайтларда партиянинг Телеграм-каналини ҳам бошқариб келган, сиёсий мавзуларда жонли суҳбатлар олиб борган.

Муҳаммад Солиҳ
Муҳаммад Солиҳ

Мухолифатдаги “Эрк” демократик партияси раҳбари Муҳаммад Солиҳ Озодлик билан суҳбатда охирги пайтларда Раҳмиддин махсус хизматлар босими кучайгани тўғрисида хабар бериб келганини айтади:

- Кечаси олинган СМС билан унинг қамалганини билдик. Унга аввалдан телефон қилиб, чақириб юришганди – у бормаган. Аввал отаси чиқди бизга, кейин алоқа узилди. Ҳозир ҳеч қандай маълумот йўқ – Тошкентга олиб кетилган бўлиши мумкинлиги тўғрисида тахмин қиляпман. Уйидан олиб кетишибди. У ишлаб юрган мактабидан бир ой олдин “фаолиятингни тўхтат” деган таҳдидлар билан ҳайдалган эди. Бошқа мактабдан иш топган эди, аммо “у ерга ҳам ишга олишмаяпти” деб шикоят қилиб юрганди. Уни Тошкентга бориб келганини баҳона қилиб, берилган жазо. Унга жуда кўп очиқчасига босим қилишди – у тўхтатгани йўқ эди. Телеграм-каналда олиб бораётган фаолияти учун жазоланди, деб ўйлайман, дейди Муҳаммад Солиҳ.

"Эрк" раҳбари Раҳмиддин Абраевнинг ҳибсга олинишини Ўзбекистонда 24 октябрда ўтиши кутилаётган президент сайловлари билан боғлайди.

- Сайлов олдидан майдонни тозалаб, сайловда жимлик ва сукунат ичида ўзини сайлаб олиш мақсади буларнинг. Шунинг учун сал овози чиққан одамларни актив фаолиятдан узоқлаштириш, қамаш, қўрқитиш ёки жим қилиб сотиб олиш – бутун усуллар ишга солиняпти! Буни ҳам қўрқитмоқчи бўлишган, аммо бола қўрқмагани учун уни қамашга тўғри келди, деди Муҳаммад Солиҳ.

Мухолифатдаги “Эрк” демократик партияси Ўзбекистонда 24 октябрда бўлиб ўтадиган президент сайловини бойкот қилишга чақирди. 9 август куни партиянинг расмий сайтида эълон қилинган баёнотда президент сайлови “Ш.Мирзиёев бошчилигидаги сиёсий гуруҳнинг навбатдаги кўзбўямачилиги” экани айтилади.

Босимлар

Сайлов арафасида Ўзбекистонда фаолият юритаётган бошқа сиёсий фаоллар ҳам босим кучайганини таъкидламоқда. "Ҳақиқат, Тараққиёт ва Бирдамлик" демократик партияси етакчиси, профессор Хидирназар Аллақулов Озодлик билан суҳбатда партия бошқарувидагилар қаттиқ назорат остида эканини айтди.

- Ҳақиқат, Тараққиёт ва Бирдамлик" демократик партияси номи билан ташкилот тузиш учун Мухтор ака деган нафақадаги одамнинг уйига йиғилдик. “Ҳақиқат ва Тараққиёт” партиямиз Адлия вазирлигидан рўйхатдан ўтказилмагани учун янги ном билан партия тузиш ишларига киришамиз, деган мақсадда 20 кишича йиғилдик. Шу хонадон эгасини 50 минимал иш ҳақи билан суд қилишиб, жазолашди! Қарорни ўқидим – бирорта далил йўқ, нимаям ёзсин?! Ундан олдин 14 йил яшаб келаётган жойидан ҳамкоримизни оиласи билан чиқариб ташлашди. Бугун биз жамоатчилик нигоҳида фаол иш қилаётганимиз йўқ-да, шунга фақат кузатувда турибмиз", деди партия раҳбари.

Суҳбатдош Адлия вазирлиги олдида ушланиб, жаримага тортилган партия фаоли, блогер Озодбек Қурбонов ҳам озодликка чиқарилганига қарамасдан назоратда қолаётганини маълум қилди.

Ушбу партия етакчилари янги тузилган партияга ҳатто аъзо бўлаётганларга босимлар кучайгани ҳақида хабар қилиб келган.

Ўзбекистонда ички ишлар ходимлари олийгоҳларда ёшларга янги таъсис этилган “Ҳақиқат ва Тараққиёт” ҳамда "Эрк" партиялари “мамлакат аҳолисини бузғунчи ғоялар билан чалғитувчи гуруҳ" эканини айтиб, уларнинг йиғинларига бормасликка даъват этгани тўғрисида хабар берилган эди.

Таниқли драматург Санжарали Имомов 28 июнь куни ўзининг Фейсбук саҳифасида янги сиёсий партия тузишни мақсад қилиб қўйган 22 кишилик ташаббус гуруҳи тузилганини эълон қилганди. Бу гуруҳга қўшилганлар қаторида сиқув остига қолган Аллақулов партиясида фаолиятини давом эттиролмаган сиёсий фаоллар ҳам бор.

1991 йилдаги илк президент сайловларида қатнашган ягона мухолифат партияси "Эрк" ҳамда янги таъсис этилган "Ҳақиқат ва тараққиёт" партияларининг 24 октябрдаги президент сайловларида номзод кўрсатиш ҳаракатлари Ўзбекистон ичкарисида қаттиқ қаршиликка учраган. Ўтган ой "Эрк" партияси сайловларда номзодини кўрсатган собиқ хонанда Жаҳонгир Отажонов ўзи ва яқинларига босимлар туфайли сиёсий фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлганини эълон қилган эди.

Ўзбекистон Адлия вазирлиги ўтган йил январида "Эрк" фаолларининг партия фаолиятига изн беришни сўраб қилган мурожаатини рад этган.

2020 йил 10 январида "Эрк" партияси фаолларидан бир гуруҳини қабул қилган Адлия вазири Русланбек Давлетов, уларнинг Озодликка айтишича, "бу партия тарихда қолди" дея уқтиришга уринган.

"Эрк"чилар фикрича, партия низоми 1991 йилнинг сентябрида расман қайд этилган ва у бекор қилинган эмас.

2019 йил декабридаги парламент сайловларини кузатган ЕХҲТ миссияси Ўзбекистондаги нисбатан эркинлашган матбуот сиёсий мухолифатнинг ўрнини боса олмаганини айтган эди.

Президент Шавкат Мирзиёев 2019 йилнинг 27 декабрида хориждаги сиёсий мухолифатни мамлакатга қайтариш чақириқларини рад этган эди. У мухолифатга қарши эмаслиги, бироқ мухолифат "ичкаридан чиқиши кераклиги"ни айтган.

Аммо ўтган вақт мобайнида Адлия вазирлиги биронта янги сиёсий партияни рўйхатдан ўтказмаган.

Ўзбекистон расмийлари сайловлар арафасида мамлакат ичкарисидаги мухолифат фаолларига босимлар кучайгани ҳақидаги баёнот ва хабарларга муносабат билдирмаган.

Айни пайтда ҳукуматнинг коронавирусга қарши махсус комиссияси амалдаги ҳукуматпараст сиёсий партияларнинг сайловолди тарғиботларини олиб боришга рухсат берди. Бунда ижтимоий масофа сақлаш ва эмланганлик ҳақидаги талабларга риоя қилиниши назарда тутилган.

XS
SM
MD
LG