Линклар

Шошилинч хабар
19 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:00

“Қарзларни тўлаш учун мол-мулкимни сотдим”. Туркиялик тадбиркор Мирзиёевга арз қилди


Туркиялик тадбиркор Уғур Ақин.
Туркиялик тадбиркор Уғур Ақин.

Ўзбекистонда қурилиш соҳасида қарийб 30 йилдан буён ишлаб келаётган туркиялик тадбиркор Уғур Ақин президент Шавкат Мирзиёевдан "2 миллион доллар ҳақи"ни ундириб беришда ёрдам сўрамоқда.

57 ёшли турк тадбиркорига кўра, 2018 йилда унинг “Perspektiva Stroy Invest” қурилиш ширкати Тошкентдаги эски фабрика биносини бизнес марказига айлантириш бўйича реконструкция ишларини амалга оширган.

Аммо лойиҳа буюртмачиси бўлган "Gross Insurance" МЧЖ тўрт йилдан буён шартномада кўрсатилган тўловнинг 2 миллион долларлик қисмини тўлашдан бош тортиб келмоқда.

Уғур Ақиннинг иддаосича, "Gross Insurance" МЧЖ Ўзбекистон махсус хизматларининг собиқ раҳбари Рустам Иноятовнинг куёви "Бобур Парпиев ва унинг одамларига тегишли ширкатдир".

Озодлик ихтиёрида бу иддаони тасдиқловчи ҳужжат мавжуд эмас. Озодлик туркиялик тадбиркорнинг иддаолари юзасидан "Gross Insurance" МЧЖ ҳамда Ўзбекистон бош прокуратурасига мурожаат қилди ва ҳозирда жавоб кутмоқда.

Уғур Ақин қарзни ундириб беришни сўраб Ўзбекистон судларига қилган шикоятлари натижа бермаганини айнан шу билан изоҳлайди.

Ўзбекистондаги Корхона ва ташкилотларнинг ягона давлат реестридаги маълумотларга кўра,"Gross Insurance" МЧЖ таъсисчиси Фаррух Аҳмаджонов исмли шахс.

"Қарздор"

Чилонзор туманлараро хўжалик суди 10 июнь куни ўтган маҳкамада аксинча, турк ширкати "Gross Insurance" МЧЖга 10 миллиард сўм қарздор, деган ҳукмни чиқарди.

“Улар реконструкция қимматга тушгани ва таъмир чўзилганини айтиб, 2 миллион долларни тўламай келишди. Энди мени қарздорга чиқаришяпти. "Эски Ўзбекистон" сарқитлари ҳозир ҳам бор. Ҳақсизлик бўляпти. Мен қарзларни тўлаш учун мол-мулкларимни ва бошқа объектларимни сотишга мажбур бўлдим, чунки ишлатган одамларим, олган материалларим учун пул тўлашим керак эди, - дейди Уғур Ақин.

Тошкентдаги "Gross Insurance" ширкатига тегишли бизнес марказ.
Тошкентдаги "Gross Insurance" ширкатига тегишли бизнес марказ.

Тошкент марказидаги Бизнес-марказ бир ярим йил олдин очилган. турк тадбиркори бу давр ичида қарзни ундириб беришни сўраб икки марта судга ҳам мурожаат қилган.

“Биз дастлабки иккита судда ютиб чиқдик ва харажатларимизнинг кичик бир қисмини улардан ундириш ҳақида қарор чиқарилди. Аммо буюртмачи ва унинг одамлари шу маблағни ҳам тўламоқчи эмас. Биз ўн беш кунда зўрға Тошкент туманлараро иқтисодий судидан ижро варақасини олдик ва Юнусобод тумани Мажбурий ижро бўлимига 2022 йил 26 апрелда бердик ва суд қарорини бажаришга оид қарор чиқартирдик.

Буюртмачи ўша куниёқ Олий Судга кассация шикояти ёзиб, ўша куниёқ ижрони тўхтатибди, 2022 йил 29 апрелда Олий Суднинг 2022 йил 22 апрелдан кассация шикояти қабул қилинганлиги ва Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 9 февралдаги қарори ижросини тўхтатиш борасидаги ажримини тутқазишди. Суд қарорини ўн беш кунлаб ололмаймиз-у, Олий Суд бир кунда уларнинг шикоятини олиб, Қарор ҳам чиқариб беради! Энди эса суд бизни қарздорга чиқаряпти”, - дейди “Perspektiva Stroy Invest” қурилиш ширкати асосчиси Уғур Ақин.

Бизнес-марказ қурилишига оид ҳужжатлардан маълум бўлишича, “Perspektiva Stroy Invest” харажатларни 105 миллиард сўмдан кўпроққа баҳолаган. Аммо буюртмачи ширкат "Gross Insurance" МЧЖ текширув ўтказиб, обьект учун 95 миллиард сўм сарфланган, деган хулосага келган, қурилиш ширкатидан 10 миллиард сўмдан ортиқ сўмни қайтариб беришни талаб қилган.

10 июнь куни Чилонзор туман хўжалик суди бу хулосани тўғри деб топган ва “Perspektiva Stroy Invest” шу пулни "Gross Insurance" МЧЖга қайтариши керак, деган қарор чиқарган.

"Тошкент марказидаги Бизнес-марказ бир ярим йилдан бери ишлаяпти ва эгаларига даромад келтиряпти. Бизни қўрқитиш учун буюртмачи Тошкент шаҳар Савдо-саноат палатаси билан келишган ҳолда сохта ахборот билан бизни судга берди ва солиқ текширувларини кетма-кет ташлади", - дея иддао қилади туркиялик тадбиркор.

Давлат реестрида қайд этилган ҳужжат нусхаси.
Давлат реестрида қайд этилган ҳужжат нусхаси.

У ўтган йилларда кўп бора бизнеси ва мол-мулки тортиб олингани, аммо қийинчиликларга чидаганини айтади.

"Чет эллик сармоядорлар, турк сармоядорлари Ўзбекистонда президент Мирзиёев даврида ўзгаришлар бўляпти, бориб бизнес қилайлик, деб турган бир пайтда мени бошимга тушган кўргиликлар уларни аҳдидан қайтариши тайин", - дейди Уғур Ақин.

“Perspektiva Stroy Invest” қурилиш ширкати сўнгги ўн йилда Самарқанд халқаро аэропорти, Тошкентдаги аввалги "Dedeman" меҳмонхонаси, Westminster университети, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги бинолари реконструкцияси каби йирик қурилиш лойиҳаларида қатнашган.

Хорижий сармоядорлар Ўзбекистонда хусусий мулкнинг яхши ҳимояланмагани, кенг тарқалган коррупция, мустақил суд тизимининг йўқлиги иқтисодий эркинлик ва узоқ муддатли ҳамда барқарор иқтисодий ривожланиш йўлида тўсиқ бўлиб келаётганини айтиб келадилар.

Ўтган ой эълон қилган ҳисоботида Жаҳон банки Ўзбекистонда олигархия вужудга келиш хавфи юқори эканидан огоҳлантирган.

Ҳисоботда бошқа собиқ совет давлатларида кузатилгани каби Ўзбекистонда ҳам ҳокимиятга яқин гуруҳлар "хусусийлаштириш натижасида пайдо бўладиган янги ресурслар устидан назоратни қўлга киритиш истагида экани айтилади. Банк экспертларига кўра, бу жараён Ўзбекистонда 2025 йилга келиб ўз чўққисига чиқиши мумкин.

XS
SM
MD
LG