Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:44

Украина элчиси: Ўзбекистонда уруш ҳақидаги ҳақиқатни билишларини хоҳлайман


Украинанинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Микола Дорошенко Озодлик билан суҳбатда. 9 март, 2022
Украинанинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Микола Дорошенко Озодлик билан суҳбатда. 9 март, 2022

Россиянинг Украинага тажовузи борасида "нейтрал позиция"ни эгаллаган Ўзбекистоннинг расмий матбуоти Украинадаги урушни деярли ёритмаётир.

Бу мавзуда ёзаётган ва гапираётган мустақил нашр ва журналистлар эса босим ва яширин цензурага дуч келаётганини айтмоқда.

Айни пайтда Ўзбекистон аҳолиси уруш ҳақидаги маълумотни асосан, Россиянинг Кремль назоратидаги расмий телеканалларидан олаётгани айтилади.

Ўзбекистонлик фаоллар мамлакат аҳолиси Кремлнинг бир ёқлама тарғиботи таъсири остида қолаётганидан хавотир билдириб келади.

Украинанинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Микола Дорошенко эса, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига Россия телеканаллари трансляциясини тўхтатишни сўраб, нота юборган.

Озодлик расмий Киевнинг Тошкентдаги вакили билан урушгача ва уруш бошланганидан сўнг икки ўртадаги муносабатлар ҳамда Ўзбекистоннинг Украинадаги уруш юзасидан тутган мавқеи ҳақида суҳбатлашди.


Жаноб элчи, сиз Украинадаги уруш ҳақида ёлғон ахборот тарқатаётганини айтиб, Россия телеканалларининг Ўзбекистонда трансляцияси тўхтатилишини сўрагансиз. Сизнингча, Россия телеканалларидаги ёлғон нимадан иборат?

Микола Дорошенко: Ростдан ҳам элчихона нота йўллаган ва бу қуйидаги ҳолатлар билан боғлиқ:

Бугун Украина Европа Иккинчи жаҳон уруши давридан бери кўрмаган агрессияга дуч келганини кўриб турибсиз ва Европа бу агрессиянинг даражасини англамоқда. Украина Россия ҳарбий машинаси арсеналининг бутун зарбаларига ўзини тутиб, нафақат ўзининг, балки бутун қитъанинг хавфсизлигини ҳимоя қиляпти.

Биз нега нота юбордик? Биз Путинни ва унинг жинояткорона буйруқлари ижрочиларини Нюрнберг трибунали кутаётгани ҳақида гапиряпмиз. Биз нафақат Украина ва Европа мамлакатларида, балки Ўзбекистон Республикасида бу маълумотларни одамлар билишларини хоҳлаймиз. Бироқ, таассуфки, Россия телеканаллари буткул бошқа урушни кўрсатмоқда, тўғрироғи – уруш гўё йўқлигини иддао қилишади.

Шу боис биз нота ҳозирлашга мажбур бўлдик, мен уни имзоладим ва 1 мартдаёқ уни жўнатдик. Унинг қисқача мазмуни шундай:

“Россия оммавий ахборот воситалари томонидан олиб борилаётган ахборот кампанияси ҳарбий кампаниянинг бир қисми бўлиб, дунё жамоатчилигини ёлғон маълумотлар билан алдашга қаратилган. Шунинг учун бугунги кунда кўплаб мамлакатларда Россиянинг пропаганда телеканаллари трансляцияси тақиқлаб қўйилди, Европа Иттифоқи мамлакатлари эса Кремлнинг пропагандачиларига қарши санкциялар жорий этишга қарор берди.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Украина томони Ўзбекистон ҳукумати ва ваколатли идораларидан Россия телевизион каналлари трансляциясини ва ижтимоий тармоқлардаги ёйинларини тақиқлаш ҳақида қарор қабул қилишни сўради”.


Бу нотага жавоб бўлдими?

Микола Дорошенко: - Афсуслар бўлсинки, биз ҳануз жавоб олганимиз йўқ.

Шу ўринда эслатиш жоиз, ҳозир Украинадаги уруш борасида Киев ва Москва бераётган баёнотлар бир-биридан кескин фарқ қилмоқда. Асл вазият ҳақида маълумот олиш ва томонлар баёнотини мустақил равишда тасдиқлатиш мушкул.

Жаноб элчи, Украинада уруш бошланганидан бери, расмий Тошкент томонидан сизга ва сиз орқали Украина халқига бирор муносабат, масалан қурбонлар юзасидан ҳамдардлик билдирилдими?

Микола Дорошенко: Афсуски, элчихона орқали расмий мурожаатлар бўлгани йўқ. Аммо Ўзбекистоннинг кўплаб фуқаролари телефон ва ижтимоий тармоқлар орқали биз билан боғланиб, далда беришмоқда. Биз уларнинг дастагини ҳис этиб турибмиз. Шунинг ўзи ҳам жамият Украинада рўй бераётган воқеаларни тушунишини ва шунга реакция кўрсатаётганини билдиради. Биз буни юксак қадрлаймиз.

Элчихонамиз сайтида ва менинг ўз саҳифамда Украинадаги ўз уйларини тарк этаётган уруш жабрдийдаларига гуманитар ёрдам тўплаш учун очилган ҳисобрақам жойлаштирилган. Биласизми, 9 минг сўмдан бошлаб 23, 25, 30, 50 минг сўмлик пул ўтказмалари бўляпти. Мен бу одамлардан жуда ҳам миннатдорман. Улар ўзига тўқ кишилар эмаслигини тушуниб тургандирсиз, албатта. Шундай бўлса ҳам, Украина ёрдамга муҳтожлигини тушуниб, имкон қадар хайрия қилишяпти.

1966 йили Тошкентда кучли зилзила бўлганида Украинадан 30 мингдан ортиқ одам – қурувчилар келишган ва улар шаҳарни тиклаганлар. Тошкентнинг Чилонзор туманида “Ўзбекистон халқига – Украинадан” деб ёзилган уйлар бор. Ўзбекистон билан Украинани боғлаб турадиган кўплаб ришталар бор, биз бу алоқани ҳамиша ҳис этамиз, озгина бўлса ҳам пул ўтказаётган одамларни, бизга ғамхўрлик қилаётган ўзбек халқини ва фуқароларини юксак қадрлаймиз, уларга катта раҳмат.

Россиянинг Украинага нисбатан агрессияси борасида, жуда оз сонли давлатлар қаторида, Ўзбекистон нейтрал позицияни тутди. Сиз бу позицияни қандай баҳолайсиз?

Микола Дорошенко: Биласизми, бу давлатнинг, ҳукуматнинг сиёсати, уларнинг қарори. Албатта, биз бу оғир курашда Украинани қўллаб-қувватлаётган дўстона мамлакатлар гуруҳига бошқалар ҳам қўшилишини истардик. Ўзбекистон юз бераётган бу воқеаларга бефарқ эмас. Биз Ўзбекистондан гуманитар ёрдам олдик, дори-дармон ва тиббий воситалардан иборат 28 тонна гуманитар ёрдам аллақачон Украинага жўнатилди. Ва, билишим қадар, ўзбек жамияти, юқорида айтганимдек, Украина учун гуманитар ёрдам тўплашда давом этмоқда.

Тушунарли. Жаноб элчи, шу ўринда аниқлаштирмоқчи эдим: Сиз Ўзбекистон Украинага гуманитар ёрдам жўнатди, дедингиз. Бу мамлакат номидан жўнатилдими, яъни расмий ёрдамми ёки волонтёрлар ёрдами?

Микола Дорошенко: Йўқ, йўқ, волонтёрлар ҳам ёрдам йиғишни ташкил қилишяпти. Аммо биз Ўзбекистон ҳукуматидан гуманитар ёрдам жўнатилиши ҳақида расмий хабарнома олдик, бу ёрдам аллақачон жўнатилди.

Айни пайтда, Россия давлат ахборот воситалари, Украина урушини озми-кўпми ёритаётган ўзбек нашрларини, Украина тарафини олганликда айблаб, танқид қилмоқда ва ҳатто, Москвадан туриб, расмий Тошкентдан бунга чора кўришни талаб қилмоқда. Бу вазиятни қандай шарҳлаган бўлардингиз?

Микола Дорошенко: Ўзбекистон ОАВлари сўнгги пайтларда Украинада бўлаётган воқеалар бўйича шарҳлар бера бошлади. Яқинда блогерлар, Телеграм-каналлар муаллифлари ва ОАВлар вакиллари билан учрашув ўтказдим. Улардан илтимос қилдим: Ҳақиқатни гапиринглар, юз бераётган воқеалар ҳақида ҳақиқатни ёзинглар, дедим.

Хабарингиз бордир, албатта: Украинадаги урушнинг 13 кунида Россиянинг 12 мингдан ортиқ босқинчи аскари ҳалок бўлди, 2 мингдан ортиқ аскари асирга олинди, жуда кўп ҳарбий техникаси йўқ қилинди – экспертлар баҳолашича, Россиянинг айнан ҳарбий техника бўйича кўрган талафоти суммаси 3 млрд доллардан ошган. Лекин бу ҳақда ҳеч ким гапирмаяпти. Хабарларга кўра, Россиянинг кўплаб фуқаролари урушдан, яъни аскарликка чақиришларидан қўрқиб, атрофдаги мамлакатларга, жумладан, Марказий Осиё мамлакатларига қочиб келишяпти.

Шу боис ҳам Россия оммавий ахборот воситалари ўз имкониятларидан, хусусан, 24/7 режимида трансляция қилувчи “Россия 24” каналидан фойдаланган ҳолда Ўзбекистонга ўз ахборот сиёсатини тиқиштирмоқчи бўляпти. Биз эса ўз навбатида Ўзбекистон аҳолиси орасида уларнинг трансляциясини тақиқлашни сўраб, мурожаат қилдик.

Тошкентлик мустақил журналист Марина Козлова, сиз билан интервьюни эълон қилгач, босимга учраганини билдирди. Ундан бу интервьюга илова қилинган сурат ва видеоларни олиб ташлашни талаб қилишган. Сизнингча бу ҳолат, сиз ва умуман мустақил ўзбек матбуоти учун нимани англатади?

Микола Дорошенко: Мен бунақа сигналларга кўникиб кетганман. Россия бизни русофоб, фашист деб билади, шундай экан? ҳеч ҳайрон қоладиган жойи йўқ. Мен ўз мамлакатим ҳақида гапираман, ўз давлатим ва бугунги кунда эрк ва озодлик учун курашаётган халқим манфаатларини ҳимоя қиламан.

Аминманки, Украина босқинчи ва агрессорларга қарши умумхалқ уришини олиб бораётганидан, босқинчилар ҳатто замонавий уруш қоидаларини тан олмай, Ўрта асрлардагидан ҳам шафқатсиз усулларни қўллаётганидан жаҳон ОАВлари орқали жуда яхши хабардорсиз. Шу боис, сиз айтган ҳолат мени умуман таажжубга солмади.

Мен интервью сўраб мурожаат қилгани учун журналист Мария Козловадан миннатдорман. Унинг сўровига дарҳол жавоб бериб, интервью беришимни айтдим. Мен унга бўлаётган воқеаларга доир бор ҳақиқатни сўзлаб бердим. Ҳозир сиз ёзиб олаётганингиздек, у ҳам интервьюни ёзиб олди ва бўямай-бежамай эълон қилди. Мен унга хат ёзиб, дадиллиги ва тўғрисўзлиги учун миннатдорлик билдирдим. Ва Мартин Лютер Кингнинг буюк сўзларини эсладим, ундан бажонидил иқтибос келтираман: “Пировардида биз душманларимизнинг ҳақоратларини эмас, балки дўстларимизнинг сукутини эслаяжакмиз”, деган эди у.

Бу урушга қадар Ўзбекистон ва Украина орасидаги сиёсий мулоқот қай даражада эдию, ҳозир қай аҳволда?

Микола Дорошенко: Кўзингиз тушган бўлса, Зафар Ҳошимов яхши мақола ёзган экан. У Украина-Ўзбекистон ишбилармонлари кенгашининг раисдоши. 2-3 кун олдин у мазкур уруш Украина ва Ўзбекистон ўртасидаги иқтисодий алоқаларга қай даражада таъсир этиши ҳақида қизиқ бир мақола эълон қилди.

Мен 2020 йилда мамлакатингизга келганимда икки мамлакат ўртасидаги маҳсулот айланмаси 345 миллион доллар эди.

Ўтган йили маҳсулот айланмаси ҳажми 747 миллион долларга етди. Кўриб турганингиздек, рақамларни анча катталаштиришга эришдик. Биз иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматларо комиссия учрашувини ўтказишни режалаган эдик, умид қиламанки, у ўтказилади, унга бош вазир ўринбосари Сардор Умурзоқов раҳбарлик қилади. У Ўзбекистонда ўтказилиши керак, уруш тугаганидан сўнг Украина ишлаб чиқарадиган маҳсулотлар учун бизнес-форумлар ташкил қилмоқчимиз.

Бинобарин, Ўзбекистон ва Украинанинг савдо-иқтисодий алоқалари даражаси анчагина юқори. Украина президенти Ўзбекистон президенти жаноб Мирзиёевни Мустақиллик куни билан табриклар экан, уни расмий ёки ишчи ташриф билан Киевга таклиф этганди. Умид қиламанки, уруш тугаганидан сўнг бу ташриф амалга ошади.

Жаноб элчи, айтингчи, айни пайтда Тошкент билан Киев ўртасида бирон бир сиёсий мулоқот борми?

Микола Дорошенко: Айни пайтда фақат бизнес ўртасида ва иқтисодий йўналишлардагина мулоқот мавжуд. Тушунсангиз керак, албатта, сиёсий мулоқотлар мавриди эмас, уруш кетяпти. Мулоқотлар тез орада қайтадан йўлга қўйилади, деб умид қиламан.

Кейинги пайтларда парламентлараро алоқа яхши ривожланаётган эди, ноябрь ойида биз парламент даражасида икки мамлакат дўстлик гуруҳи йиғилишини ўтказгандик. Бу ҳам сиёсий мулоқот.

Шунингдек, икки мамлакатнинг ташқи ишлар вазирликлари ўртасида ҳам сиёсий мулоқот ва сиёсий маслаҳатлашувлар мавжуд, навбатдаги сиёсий маслаҳатлашувлар май ойида Киев шаҳрида ўтказилиши керак. Ўтказилади, деб умид қиламан.

Шу кунларда расмий Киев Ўзбекистонни қандай давлат сифатида кўрмоқда - эҳтимолий иттифоқчими ёки кўпроқ Россияга яқин давлат сифатидами, ё бошқа бир сифат билан?

Микола Дорошенко: Ўзбекистонда эканман, кўча-кўйда, одамлар орасида юрганимда оддий фуқароларнинг дастагини кўраман, улар бизга шунчаки ҳамдардгина эмас, ёрдам беришга тайёрлигини ҳам ҳис этаман. Ҳа, тушунаман, Ўзбекистон ўз геосиёсий мақоми, қўшнилари билан иш алоқалари ва иқтисодий муносабатларига эга бўлиб, буларнинг бари сиёсий мувозанатни белгилаб беради. Назаримда, Украина Ўзбекистонни ўзига нисбатан дўст давлат сифатида кўради.

Ҳозир Ўзбекистондаги аксарият кўпчиликда Украина НАТО ва Ғарбга ишониб, хатога йўл қўйди, деган хулоса шаклланган. Сиз бунга нима дейсиз?

Микола Дорошенко: Бу гапни айтаётганлар Россия ТВсини кўриб, унда нимани кўрсатишса, нимани гапиришса, барига ишонадиган одамлар бўлса керак. Лекин тафаккур қиладиган, ўқийдиган, замонавий ОАВларни кузатиб борадиган кишилар бутунлай бошқача фикрда.

Эътибор берсангиз, ҳақиқий воқеликни – Украина ўзини муҳофаза қилаётганини, нафақат ўзини, бошқаларни, жумладан Ўзбекистонни ҳам ҳимоя қилаётганини идрок этаётганлар кўпайиб бормоқда. Зеро, мен Ўзбекистон ўтмишга – Совет Иттифоқига қайтишни истайди, деб ўйламайман. Ўзбекистон ўз мустақил сиёсатига эга кучли давлат, келажакда янада қудратли бўлади. Одамлар буни жуда яхши тушунишади. Мен умид қиламан, ишонаманки, Ўзбекистон Украинани сиёсий жиҳатдан қўллаб-қувватлайди.

Бизнинг бу гапларимизни ўзбек халқи эшитишини жуда-жуда хоҳлайман. Яна истайманки, ўзбеклар Украина халқи уруш ёвузликларини бошидан кечираётганини билсин.

Кўриб турибсиз, ҳозир Россияда Z белгисини тақиб ёки ёпиштириб олиб, мақтанчоқлик қилиш авжига чиқяпти, буни телеканаллар ҳам тарғиб қилмоқда. Одамларга бир маълумотни етказиб қўйишингизни хоҳлардим: бундай белги Иккинчи жаҳон уруши йилларида фашистларнинг Заксенҳаус концлагеридаги маҳкумлар оммавий қатл қилинадиган биноларнинг таниқ белгиси эди.

Энди шунақа оммавий қотилликлар украин халқига, Украина фуқаролари нисбатан амалга ошириляпти. Буни ҳам одамлар эшитсин дейман.

Қолаверса, оммавий ахборот воситаларидан ҳақиқатни борича кўрсатишни илтимос қиламан. Ўзбек халқига ушбу мураккаб даврда улкан муваффақиятлар ва равнақ тилайман. Ишончим комилки, иқтисодий алоқаларимизни янада юқори даражада йўлга қўйишга қурбимиз етади.

Яна мен аминман ва аниқ биламанки, бу оғир урушдан сўнг Украина буткул бошқа – янги, модерн давлатга, жумладан, ўзбек бизнеси ва маданияти учун ҳам тортиш марказига айланажак.

XS
SM
MD
LG