Линклар

Шошилинч хабар
22 октябр 2024, Тошкент вақти: 13:29

Ўзбекистон хабарлари

Ўзбекистонда газ қазиб олиш янада қисқарди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Ўзбекистонда жорий йилнинг 9 ойи давомида газ қазиб олиш ҳажми 35,16 миллиард куб метрни ташкил этди. Шу тариқа мазкур кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 1,67 миллиард куб ёки 4,8 фоизга қисқарди.

Статистика агентлиги чоп этган 2024 йилнинг январь-сентябрь ойларидаги саноат ишлаб чиқаришига доир маълумотларга кўра, газ қазиб олиш қисқариши манзарасида импорт ҳажми ошиб боряпти. 9 ой мобайнида мамлакат хориждан 1 миллиард 278 миллион долларлик (ўтган йилдан 3,6 баробар кўп) газ сотиб олган.

Ички қазиб олиш кўрсаткичи ёмонлашиб бораётгани ҳам газ экспортини оширишга тўсқинлик қилмаган. Йил бошидан буён экспорт 16,5 фоизга кўпайиб, 480 миллион долларга етган.

Таҳлилларга қараганда, Ўзбекистонда газ қазиб олиш ҳажми йил сайин қисқариб бормоқда. 2022 йилда 51,67 миллиард куб метр газ қазиб олинган бўлса, 2023 йилда бу кўрсаткич 46,71 миллиард куб метрга пасайган.

Маҳаллий экспертлар мамлакатнинг газ борасида Россияга қарамлиги ортишидан хавотир билдириб келмоқда.

Аввалроқ Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Устюрт минтақасида геология-қидирув ишлари кутилган натижа бермаса, газ импорти 2030 йилда 10-11 миллиард куб метрга етишини айтганди.

Кун янгиликлари

Қўмита: 520 дан зиёд ресторан давлат тили қонунини бузган

Ўзбекистондаги ресторанлардан бирининг таомномаси (архив сурати)
Ўзбекистондаги ресторанлардан бирининг таомномаси (архив сурати)

Ўзбекистондаги юзлаб умумий овқатланиш корхоналари (ресторан, кафе, ошхона ва буфетлар) давлат тили ва истеъмолчилар ҳуқуқларига доир қонунчилик талабларини бузган.

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси бу ҳақда 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни маълумот ёйинлади.

700 га яқин умумий овқатланиш корхоналарида ўтказилган ўрганишларда уларнинг 524 тасида (75%) таомнома давлат тилида эмаслиги, 480 тасида (69%) иш режими кўрсатилмагани, 449 тасида (65%) нархнома йўқлиги, 429 тасида (62%) автотураргоҳлар мавжуд эмаслиги, 519 тасида (74,6%) фавқулодда вазиятлар учун чиқиш йўлаклари қолдирилмагани аниқланган.

Қайд этилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ва Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекциясига тегишли тартибда маълумот киритилган.

Қўмита умумий овқатланиш корхоналарида қонун талаблари бузилишига дуч келган, ҳуқуқлари бузилган истеъмолчиларга 1159 – ягона ишонч рақамига мурожаат қилишни эслатган.

ССВ “Док-1 Макс” жабрдийдаларига “кафолатланган ёрдам”дан баҳс этди

Ўзбекистонда “Док-1 Макс” иши оқибатида ногирон бўлиб қолган болаларга “кафолатланган тиббий ёрдам” кўрсатилмоқда.

“Gazeta.uz” нашри хабарига кўра, бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазири вазифасини бажарувчи Асилбек Худоёров Тошкентда 21 октябрь куни журналистлар билан мулоқотда гапирган.

Худоёров “Док-1 Макс” иши оқибатида ногирон бўлиб қолган болаларнинг рўйхати вазирликда борлиги, уларга “давлат томонидан кафолатланган тиббий ёрдам кўрсатилаётгани”ни таъкидлаган.

“Gazeta.uz” мухбири ҳукумат мулозимига жабрдийда болаларнинг ота-оналари эътирозли мурожаатлар йўллаётганини эслатган.

Ўша эътироз билдирган ота-оналарнинг эътирозлари нусхаларини бизга тақдим этсангиз, кўриб чиқишимиз мумкин”, деган вазир.

“Док-1 Макс” Ўзбекистон фармацевтикаси тарихидаги энг можароли ишлардан бири саналади.

Мамлакатда 2022 йил охирида Ҳиндистоннинг Marion Biotech ширкати ишлаб чиқарган дори воситаларидан болаларнинг заҳарланиши кузатилган. Расмий маълумотларга кўра, бунинг оқибатида 68 нафар бола вафот этган, камида 18 нафар бола ногирон бўлиб қолган.

2023 йил августида бошланиб, ярим йил давом этган суд якунида дори истеъмолидан вафот этган 68 нафар марҳум ва соғлиғи ўта оғирлашган 4 нафар боланинг қонуний вакилларига 1 миллиард сўмдан, аҳволи қониқарли бўлган 4 нафар боланинг қонуний вакилларига 500 миллион сўмдан, соғлиғи яхшиланган 8 нафар боланинг қонуний вакилларига 200 миллион сўмдан маънавий зарар ундирилиши белгиланган.

Мирзиёев Тошкентнинг дренаж тизимидан норози

Шиддатли жала ортидан сувга тўлган Тошкент кўчаларидан бири (архив сурати)
Шиддатли жала ортидан сувга тўлган Тошкент кўчаларидан бири (архив сурати)

Президент Шавкат Мирзиёев 21 октябрь куни ўтказилган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасига доир йиғилишда Тошкент шаҳри дренаж тизимини танқид қилди.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, Мирзиёев яқинда ёққан кучли ёмғир ҳақиқий аҳволни кўрсатганини қайд этаркан, пойтахт дренаж тизими ишига қатъий эътироз билдирган.

Дренажни тўғрилашнинг ўзи етарли эмаслиги, сувни ҳавзаларда тўплаш тизимини йўлга қўйиб, дарахтларни суғоришга ишлатиш тавсия этилган.

Қайд этилишича, пойтахтдаги туман ҳокимларига жойларга чиқиб, дренаж, яшиллик, ободонлаштириш каби масалаларни “тепасида туриб ҳал қилиш” юкланган.

Шаҳар ҳокимлигига йил якунигача дренаж тизимини сунъий ҳавзалар билан бирга қуриш бўйича дастур ишлаб чиқиш топширилган.

Тошкентликлар бир неча йилдан буён кучли ёмғирдан кейин йўлларни сув босиши муаммосига дуч келади.

Шаҳар ва мамлакат раҳбарияти сув тошқинларининг асосий сабаби 1960-йилларда барпо этилган ирригация ва дренаж тизимининг эскиргани билан боғлиқ эканини бир неча бор таъкидлаган.

Пойтахт йўл инфратузилмаси ва дренаж тизимини модернизация қилиш учун катта маблағ зарурлиги айтилади.

Яна 160 мулозимнинг тадбиркорлик субъектига таъсисчилик қилгани аниқланди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Ўзбекистон Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳукумат тузилмаларидаги 160 нафар бошқарув ходими бир вақтнинг ўзида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётганини аниқлаган.

Ўрганишлар давомида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг 72 нафар ходими 79 та, Тоғ-кон саноати ва геология вазирлигининг 59 нафар ходими 60 та, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг 22 нафар ходими 23 та, Энергетика вазирлигининг 7 нафар ходими 8 та тадбиркорлик субъектида таъсисчи сифатида рўйхатдан ўтгани маълум бўлган.

Қонун бузилиши ҳолатлари бўйича вазирликларга агентликнинг тақдимномалари киритилган.

Жорий йил сентябрида Транспорт, Маданият ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг 116 мулозими тадбиркорлик билан шуғулланиб келгани аниқланганди.

Қонунчиликка мувофиқ, давлат фуқаролик хизматчиларига тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш тақиқланган. Жумладан, “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонуннинг 13-моддасида давлат фуқаролик хизматчиси тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши, тадбиркорлик фаолияти субъектларини ташкил этиши, муассис (иштирокчи) бўлиши, тадбиркорлик фаолияти субъектида ташкилий-бошқарув, маъмурий-хўжалик вазифаларини бажаришига чеклов ўрнатилган.

Хитой Андижонда автомобиль заводи қурмоқчи

“Faw Trucks” ширкати томонидан ишлаб чиқарилган юк машиналари (Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати фотоси)
“Faw Trucks” ширкати томонидан ишлаб чиқарилган юк машиналари (Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати фотоси)

Хитойнинг “Faw Trucks” компанияси Андижон вилоятида юк машиналари ишлаб чиқаришга ихтисослашган завод қуриш ниятида.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, умумий қиймати 100 миллион доллар бўлган лойиҳа доирасида ҳар йили 10 минг дона юк ташувчи автомобиль ишлаб чиқариш режаланган.

Ҳокимлик хабарномасида лойиҳада Ўзбекистон ва Хитой томони улуши қанча экани, завод қурилиши учун сарфланаётган маблағ кредитми ёки сармоями каби масалаларга ойдинлик киритилмаган.

“Faw Trucks” компанияси раҳбариятининг Андижонга ташрифи мобайнида завод қурилишини ноябрь ойидан бошлашга келишилган.

“Faw Trucks” сайтида берилган маълумотларга қараганда, ширкат 2019 йилда 3,5 миллион дона автомобиль ишлаб чиқариб, 6,3 миллиард доллар даромад қилган.

Ширкат ўзини дунёда ва Хитойда юк автомобиллари ишлаб чиқариш бўйича етакчилардан бири сифатида тақдим этган.

Расмий Тошкент: Трансафғон темир йўли беш йилда қурилади

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Ўзбекистон трансафғон темир йўли қурилиши бўйича томонлар билан тўлиқ келишувга эришди, деди транспорт вазири Илҳом Маҳкамов “Daryo.uz” нашрига берган интервьюсида.

Мулозимга кўра, ҳозирда лойиҳанинг техник-иқтисодий асослари ишлаб чиқиляпти.

“2025 йилда лойиҳага тамал тоши қўйилади деб ўйлайман. Қурилиш мураккаблигини инобатга олсак, жараён камида 5 йил давом этади”, деди вазир.

Ўзбекистон Термиз–Мозори Шариф–Кобул–Пешовар трансафғон темир йўли лойиҳасини амалга ошириш учун 2018 йилдан бери ҳаракат қилиб келади.

Қурилиш 2021 йилнинг сентябрида бошланиши режалаштирилганди. Бироқ 2021 йилнинг августида “Толибон” ҳаракати Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаши ортидан лойиҳани амалга ошириш муддати кечиктирилган.

2022 йилнинг 18 июлидан Ўзбекистон, Покистон ва Афғонистон ушбу темир йўл қурилиши юзасидан амалий ишларни бошлагани хабар қилинганди.

Президент Шавкат Мирзиёев 2023 йил 18 август куни тадбиркорлар билан очиқ мулоқотда трансафғон темир йўлини “Жанубий Осиёга чиқадиган энг маъқул, энг арзон, энг хавфсиз йўл” деб атаган.

Даставвал янги темир йўл қурилиши 5 миллиард долларга тушиши айтилганди. Бироқ 2022 йилнинг декабрида Покистон Темир йўллар вазирлиги котиби Зафар Ранжа лойиҳа тахминан 8,2 миллиард долларга баҳоланаётгани тўғрисида баёнот берган.

Қарийб 600 километрли мазкур темир йўл Ўзбекистон ва минтақа давлатлари учун Покистон денгиз бандаргоҳларига йўл очади.

Лойиҳа тўлиқ ишга туширилган тақдирда, Ўзбекистондан Покистонга юкларни бугунгидай 35 кунда эмас, балки 3-5 кунда етказиб бериш мумкин бўлади. Бир стандарт юк контейнерини манзилга етказиб бериш нархи уч баробарга арзонлайди. Мазкур йўлдан юк ташиш ҳажми йилига 10 миллион тоннага етиши мумкин.

Таҳлилчиларга кўра, Кобул ва Исломобод ўртасидаги зиддиятлар, афғон заминидаги турли қуролли гуруҳлар фаоллиги ушбу йирик инфратузилма лойиҳасининг рўёбга чиқишига хавф туғдириши мумкин.

БП: Тўққиз ойда 2,4 трлн сўмлик кредит талон-торож қилинди

Ўзбекистонда жорий йилнинг 9 ойи мобайнида 2,4 триллион сўмлик кредит маблағлари талон-торож қилинган, деб маълум қилди Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсуддинов 18 октябрь куни Тошкентда ўтказилган брифингда.

Аниқланган қонун бузилиши ҳолатлар юзасидан банк ва мижоз корхоналар раҳбарларига нисбатан 791 та жиноят иши қўзғатилган.

Қайд этилишича, прокуратура органларининг аралашуви билан кредит қарздорликларнинг 10,9 триллион сўми ундирилган, 8,9 триллион сўмлик кредитлар бўйича гаровдаги мулкларнинг сотувга чиқарилиши таъминланган, 1,5 триллион сўмлик ижро ҳужжатлари бўйича ундирув қарздорларнинг иш ҳақига қаратилган.

БП маълумотига кўра, январь–сентябрь ойлари мобайнида аниқланган иш ҳақи ва нафақа пулининг талон-торож қилиниши билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан 63 та жиноят иши қўзғатилган.

Аввалроқ Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов мамлакатда амалдорларнинг пора олиш жинояти камайгани ҳолда, бюджет пулларини талон-торож қилиш, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ҳолатлари кўпайганини айтганди.

Ҳокимлардан маҳаллий кенгашга раҳбарлик ваколати олинди

Ўзбекистонда ҳокимларнинг маҳаллий кенгашларга раислик қилиши тақиқланмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 17 октябрь куни имзоланган маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятига оид қонун ҳужжатларига ўзгартиш киритишга доир қонунда шундай талаб илгари сурилган.

Мазкур қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан жорий йилнинг 23 июлида қабул қилинган, юқори палата 20 сентябрь куни уни маъқуллаган.

2023 йилда янги таҳрирда қабул қилинган Конституцияга мувофиқ ишлаб чиқилган қонунга кўра, туман (шаҳар, вилоят) ҳокими ва халқ депутатлари кенгаши раиси лавозимлари бўлинди.

Ҳозирга қадар ҳокимлар ўз ҳудудида вакиллик ва ижро этувчи ҳокимиятни бир вақтнинг ўзида бошқариб келмоқда.

Халқаро ташкилотлар буни ҳокимиятнинг ўзаро тийиб туриш ва рақобат тамойилларига зид эканини айтиб келади.

Маълум бўлишича, бу ўзгариш вилоятлар ва Тошкент шаҳри кенгашлари ҳамда ҳокимлари учун жорий йил 27 октябридаги сайловидан кейин, туман ва шаҳар кенгашлари ҳамда ҳокимлари учун эса 2026 йил 1 январидан эътиборан кучга киради.

Янги қонунда бир вилоят, туман, шаҳар ҳокими ё кенгаши раиси лавозимини икки йилдан ортиқ муддатда кетма-кет эгаллаш тақиқланишига оид банд ҳам мавжуд.

Ҳокимларнинг кенгаш депутати бўлиш ва шу орқали Сенат аъзолигига сайланиш ваколати қолдирилган. Шунингдек, уларга кенгашнинг қонунга зид қарорларини бекор қилиш учун Сенатга ёки судга мурожаат қилиш ҳуқуқи берилмоқда.

Акмал Саидов: Ўзбекистон ЕОИИда кузатувчи мақомида қолади

Акмал Саидов (архив сурати)
Акмал Саидов (архив сурати)

Ўзбекистон учун Евроосиё иқтисодий иттифоқида кузатувчи давлат мақоми кўпроқ мақбул. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов 17 октябрь куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Халқаро шериклик ташаббуслари ҳафталиги очилишида айтган.

Мен Ўзбекистоннинг ЕОИИга аъзо бўлиш имкониятини ўрганиш бўйича парламент комиссиясига раҳбарлик қиламан. Биз ушбу ташкилотнинг мингдан ортиқ турли ҳужжатини синчковлик билан ўрганиб чиқдик ва бугунги кунда ЕОИИ ҳузурида кузатувчи мақомини сақлаб қолиш Ўзбекистон манфаатларига мос келади деган хулосага келдик”, деган Саидов.

Спикер муовинининг таъкидича, қўшни Қозоғистон ЕОИИга қўшилишдан кам фойда кўрган.

Узоқ йиллардан буён қатор халқаро тадбирларда Ўзбекистонни тамсил этиб келаётган Акмал Саидов мамлакат ҳудудида хорижий ҳарбий базалар бўлишига йўл қўйилмаслигини ҳам урғулаган.

“Конституциямизнинг биринчи моддасида Ўзбекистон суверен давлат экани таъкидланган. Агар гап қандайдир ҳарбий мудофаа тузилмалари ва ташкилотларига аъзо бўлиш ҳақида кетса, биз бунга йўл қўймаймиз. Биз ҳеч қачон ўз йигитларимизни (чет элга) бирон-бир ҳарбий, шу жумладан, тинчликпарвар миссияларни бажариш учун юбормаймиз. Бизнинг ҳудудимизда ҳеч қандай хорижий ҳарбий базалар бўлмайди”, деган у.

ЕОИИ 2014 йилда Беларусь, Қозоғистон ва Россия иштирокида тузилган. 2015 йилда унга Қирғизистон билан Арманистон қўшилган. Ўзбекистон ва Куба мазкур тузилмада 2020 йилда кузатувчи мақомига эга бўлган.

Экспертлар Россия ҳали халқаро санкцияларга йўлиқмаганидаёқ ЕОИИни аъзо давлатлар учун манфаатли эмас, деб ҳисоблашарди. ЕОИИ фақат Россия фойдасига хизмат қиларди. Москвага қарши санкциялар жорий этилганидан сўнг ЕОИИ мамлакатларида иттифоқдан чиқиш тарафдорлари янада кўпайган.

Ўзбекистон СИ технологияларини ривожлантирмоқчи

Cунъий интеллект. Иллюстратив сурат.
Cунъий интеллект. Иллюстратив сурат.

Ўзбекистонда 2030 йилга қадар сунъий интеллект асосида яратилган дастурий маҳсулотлар ва кўрсатиладиган хизматлар ҳажми 1,5 миллиард АҚШ долларига етказилиши керак.

Мамлакат президенти 14 октябрь куни имзолаган “Сунъий интеллект технологияларини 2030 йилга қадар ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида” қарорда шу каби талаб ва мақсадлар илгари сурилган.

Ушбу ҳужжатда сунъий интеллект йўналишида фаолият юритувчи илмий лабораториялар сонини 10 тага етказиш, юқори қувватли ҳисоблаш серверларини ишга тушириш, шунингдек, Ҳукуматнинг сунъий интеллектга тайёрлик индексида (Government AI Readiness Index) Ўзбекистонни кучли 50 таликка киришига эришиш белгиланган.

2025 йил 1 сентябргача эса лойиҳалар ва илмий-амалий тадқиқотларни зарур маълумотлар билан таъминлаш мақсадида қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқ ахборот хавфсизлиги чораларини кўрган ҳолда “катта маълумотлар” базасини яратиш топширилган.

Россия армиясига ёлланган ўзбекистонлик 3 йилга қамалди

Россия армияси. Иллюстратив сурат.
Россия армияси. Иллюстратив сурат.

Россия армиясига ёлланган ўзбекистонлик эркакка ҳукм ўқилди, деб хабар берди “Kun.uz”.

Суд ҳукмида келтирилишича, Самарқанд вилояти Булунғур туманида яшовчи, 1968 йилда туғилган Ш.Ж. 2023 йил август ойида Россия Федерацияси қуролли кучлари сафига ёлланган. 2023 йил 28 августдан 11 октябрга қадар Донецк ва Луганск вилоятларида Украинага қарши ҳарбий ҳаракатларда иштирок этган.

“Ҳарбий ҳаракатларда Россия томонидан эгаллаб олинган ҳудудларда қўриқлаш хизматини олиб бордик. Шунингдек, эгалланган ҳудудларда вафот этган ҳарбий хизматчиларнинг ўликларини ташиш ишлари билан шуғулландик”, деган судланувчи ўз кўрсатмасида.

Украина. Ўзбек мигрантлари Украинадаги урушга ёлланмоқдами?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:12:08 0:00

У жангда яралангач, бир муддат Россияда даволанган ва 2024 йилнинг 25 апрелида Ўзбекистонга қайтган.

Суд ҳукми билан Ш.Ж. Жиноят кодексининг 154-моддаси 1-қисмида (ёлланиш) назарда тутилган жиноятни содир этишда айбдор деб топилган. Унга Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаган ҳолда 3 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Озодлик жиноят ишлари бўйича Поп туман судининг 2024 йил 26 июндаги ҳукми билан Россия армияси сафида жанг қилган Ғолиб Алиев 5 йилга қамалгани ҳақида хабар берганди.

Таҳлилларга қараганда, Украинада Россия қўшини сафида жанг қилаётганлар орасида ўзбекистонликлар кўпчилик ташкил қилади. Улар асосан Россияда судланиб, қамоқхонада жазо ўтаётган кишилардир. Бироқ ёлланмалар орасида РФ фуқаролигини олиш ёки пул ишлаш мақсадида ўз ихтиёри билан урушга кетганларни ҳам учратиш мумкин.

Бурхонов: Ҳокимлар чиқарган қарорларнинг 30 фоизи ёпиқ

Акмал Бурҳонов.
Акмал Бурҳонов.

Ўзбекистонда ҳокимлар қарорларнинг 30 фоиздан ортиғи ёпиқ ҳолда қабул қилинмоқда.

“Gazeta.uz” нашри ёзишича, бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов 17 октябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган IV Тошкент аксилкоррупция форумида гапирган.

Бурхоновга кўра, ёпиқ қарорларнинг аксари давлат харидлари ёки бюджет маблағларини сарфлаш билан боғлиқ бўлиб, ҳужжатлар ноқонуний равишда ёпиқ тартибга ўтказилмоқда.

Сирдарё ҳокимининг балчиққа мажбурлаб эктирган пахтаси унмади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:16:40 0:00

Коррупцияга қарши курашга жавобгар мулозим таъкидича, қарорларни ёпиқ тарзда қабул қилишнинг аниқ мезонлари ишлаб чиқилиши, бу борада агентлик хулосасини олиш тартиби жорий этилиши керак.

“Ўйлайманки, яқин кунларда бу таклифлар қабул қилинса, қонунчиликка тегишли ўзгартиришлар киритилади”, деган Бурхонов.

Адлия вазирлигининг “E-qaror” платформаси маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинадиган қарорларни ишлаб чиқиш, келишиш ва рўйхатдан ўтказиш бўйича ягона электрон тизим саналади.

Очиқ маълумотларга қараганда, платформада ўтган 6 ой давомида 63152 та қарор қабул қилинган бўлса, уларнинг 20734 таси, яъни учдан бир қисми ёпиқ характерга эга. Ёпиқ қарорлар қабул қилиш Самарқанд (3630 та), Хоразм (3438 та) ва Фарғона (2232 та) вилоятларида энг кўп қайд этилган.

Жамоат фаоллари қарорларни ёпиқ тарзда қабул қилиш амалиёти очиқлик ва шаффофлик сиёсатига зид эканини айтиб келади.

Қозоғистондаги ЙТҲда олти ўзбекистонлик ҳалок бўлди

16 октябрь куни Қозоғистоннинг Манғистау вилояти ҳудуди, Бейнеу-Тожен трассасида рўй берган ЙТҲ оқибатида Ўзбекистоннинг олти фуқароси ҳалок бўлди, яна тўрт нафари шифохонага ётқизилди.

“Казинформ” агентлиги маҳаллий полицияга таяниб ёзишича, Jac русумли енгил автомобиль чегарадан ўтиш ҳудудида, йўл четида тўхтаб турган MAN юк машинасига келиб урилган.

“Машинада 10 киши бўлган. Ҳодиса оқибатида 6 киши ҳалок бўлган. Жароҳатланган тўрт киши эса Бейнеу туманидаги марказий шифохонага ётқизилган. Жабрланганларнинг аҳволи ўртача оғирликда. Беморларга керакли муолажалар кўрсатилмоқда”, дея маълум қилган Манғистау вилояти ички ишлар идораси.

ЙТҲ қатнашчилари бўлган автомобиллар Ўзбекистонда рўйхатга олингани аниқланган. Улар Россия Федерациясидан Ўзбекистонга қайтаётган бўлган.

Ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ҳодисадан Ўзбекистоннинг Ақтау шаҳридаги бош консуллиги хабардор қилинган.

“Daryo.uz” нашри ҳисоб-китобига кўра, 2017-2022 йилларда Қозоғистон ва Россияда рўй берган автоаварияларда 80 нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлган.

Қозоғистоннинг Ақтўбе вилояти ҳудудида автобус ёниши оқибатда 52 ўзбекистонлик бевақт ҳаётдан кўз юмгани жамоатчилик ёдидан чиққани йўқ.

Парламент сайловларида муддатидан олдин овоз бериш бошланди

Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

16 октябрь куни Ўзбекистон ва хориждаги сайлов участкаларида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлиги сайлови бўйича муддатдан олдин овоз бериш бошланди.

“Gazeta.uz” нашри хабар қилишича, муддатдан олдин овоз бериш 23 октябрга қадар, иш кунлари соат 9:00 дан 18:00 гача, дам олиш кунлари эса соат 11:00 дан 17:00 гача давом этади.

Марказий сайлов комиссияси (МСК) 39 та давлатда 57 та сайлов участкаси ташкил этилгани, шундан 26 та давлатда муддатдан олдин овоз бериш ўтказилишини маълум қилган.

Сайлов-2024: "Янгича", аммо мухолифатсиз сайлов
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:25:45 0:00

Хориждаги участкаларда муддатдан олдин овозлар маҳаллий вақт билан соат 9:00 дан 18:00 гача қабул қилинади.

Мамлакат қонунчилигига кўра, сайлов куни яшаш жойида бўлмаган фуқаролар муддатдан олдин овоз беришлари мумкин. Участкага келган фуқаро аризада сайлов куни кела олмаслиги сабабини (таътил, хизмат сафари, чет элга чиқиш ва ҳ.к.) кўрсатиши шарт.

Парламент қуйи палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлар сайлови 27 октябрда ўтказилади. Сайлов кампаниясига 26 июлдан расман старт берилган.

МСК Либерал-демократик партия, “Миллий тикланиш”, Экологик партия, Халқ демократик партияси ва “Адолат” социал-демократик партиясига сайловда қатнашишга рухсат берган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG