Линклар

Шошилинч хабар
16 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:28

Риштонликлар Душанбе ваъда қилган боғча қурилиши қачон битишига қизиқмоқда


Тожикистон ҳукумати томонидан Ўзбекистоннинг Фарғона вилояти Риштон туманида қурилаётган болалар боғчаси биноси
Тожикистон ҳукумати томонидан Ўзбекистоннинг Фарғона вилояти Риштон туманида қурилаётган болалар боғчаси биноси

Фарғона вилоят, Риштон туманида яшайдиган тожик миллатига мансуб фуқаролар Тожикистон ваъда қилган болалар боғчаси қуриб битказилишини кутмоқда.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йили Тожикистонга амалга оширган давлат ташрифи доирасида Тошкент ва Душанбе расмийлари икки мамлакат ҳудудида яшайдиган тожиклар ва ўзбеклар учун мактаб, боғча ва касалхоналар қуриб бериш ҳақида келишиб олгандилар. Бу келишув ортидан Ўзбекистон томони Тожикистоннинг Сўғд вилояти Спитамен туманида мактаб қуриб, 2020 йил сентябрида фойдаланишга топширган.

Тожикистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Риштон туманидаги болалар боғчаси қурилиши коронавирус пандемияси ва у билан боғлиқ чекловлар туфайли тўхтатилганини билдирган. Бу орада, хабардор манбадан олинган маълумотга кўра, Тожикистон Самарқанд вилоятининг Ургут туманида мактаб қурган, бироқ бинони пардозлаш ва жиҳозлаш ишларини ниҳоясига етказмаган.

Ўзини Маҳмудхон деб таништирган риштонлик турғун 15 декабрь куни Озодликнинг тожик хизматига Тожикистон ҳисобидан туманда барпо этилаётган боғча қурилиши “музлатиб қўйилган”ини ёзган.

Бизга: “Тожикистон ҳатто болалар боғчасини ҳам қуролмади”, дейишяпти. Биз Тожикистон расмийларидан боғча қурилишини тезроқ якунлаб, фойдаланишга топширишни сўраймиз, акс ҳолда, бу ҳолат мамлакат эътиборига ва риштонлик тожиклар обрўсига путур етказади”, деб ёзган Маҳмудхон.

Риштонлик бошқа бир неча фуқаро ҳам телефон суҳбати чоғида шунга ўхшаш фикрларни билдирган.

Тожикистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Содиқ Имомий Озодлик радиосининг тожик хизматига йўллаган ёзма жавобида болалар боғчаси қурилиши битаётгани, фақат пардозлаш ишлари қолгани, бироқ ишни поёнига етказишга коронавирус пандемияси халақит берганини маълум қилган.

Қурилиш пандемия ва чегаралар ёпилиб қолгани билан боғлиқ чекловлар туфайли “музлатилган”. Бир ярим ой аввал мен объектда бўлдим. Қурилишнинг асосий қисми якунланган, фақат пардозлаш ишлари ва боғчани жиҳозлаш қолган, холос. Чегаралар очилганидан кейин барча ишлар давом эттирилади”, дея ишонтирган дипломат.

Тожик тилида ёзадиган ўзбекистонлик журналист Мирасрор Фарғоний Тожикистон ташқарисида яшайдиган тожиклар ўз тили ва маданиятини сақлаб қолиши учун Душанбе хорижда болалар боғчалари ва мактаблар қуриш орқали тожик тили ва маданиятини дастаклаши муҳим эканини айтган.

Унинг фикрича, ҳозирда боғча қурилиши тўхтатилган ва Тожикистон объект қурилишини якунлаш учун бутун кучини ишга солиши керак.

Пандемия оқлов учун сабаб бўлмаслиги керак, чунки Ўзбекистон худди шундай чекловлар шароитида Сўғддаги мактабни қуриб битириб, фойдаланишга топширишга эришди”, дея қайд этган М. Фарғоний.

Ўзбекистон билан Тожикистон 2018 йилда бир-бировининг ҳудудида яшаётган ўзбеклар ва тожиклар учун мактаб, боғча ва касалхоналар қуриб бериш ҳақида келишувга эришган.

Келишувга мувофиқ, Тожикистон Самарқандда 640 ўринли умумтаълим мактаби ва Фарғона вилоятининг Риштон туманида 300 ўринли болалар боғчаси қуриб бериш мажбуриятини зиммасига олган.

Айни келишувга кўра, Ўзбекистон Тожикистоннинг Спитамен туманида қиймати 18 миллион сомонийга (тақрибан 1,8 млн доллар) тенг бўлган 630 ўринли мактаб қуриб, шу йил сентябрида фойдаланишга топширган ва Қубодиёнда 200 ўринли касалхона қуришни режаламоқда.

XS
SM
MD
LG