Акцияларининг қарийб 75 фоизи давлатга қарашли Ўзбекистон Металлургия комбинати АЖ бошқаруви жамоатчиликка очиқланмаган махфий келишув билан самарқандлик олигарх Бахтиëр Фозиловнинг Eriell гуруҳи бошқарувига берилди.
Жорий йилнинг 20 январь куни Бош вазир Абдулла Арипов ўтказган мажлисда асли жиззахлик миллиардер Фаттоҳ Шодиев кланига қарашли SFI Management Group кескин танқид билан заводни бошқаришдан четлатилган эди.
Айни мажлисда Марказий Осиëдаги энг йирик қора металлургия заводи бўлган Ўзметкомбинатга Дилшод Аҳмедов янги ижрочи директор этиб тайинланди.
Собиқ МХХ офицери бўлган Аҳмедов 2011 йилдан бери Eriell гуруҳи таркибидаги ширкатларда бошқарувчи бўлиб ишлаб келган. Ўзметкомбинатдаги вазиятдан бевосита хабардор мулозим¸ шунингдек завод мутахассисининг Озодликка айтишича¸ Аҳмедов раҳбарликка келиши билан асосий лавозимларга Россиянинг Газпромбанк структурасига оид одамларни тайинлаган. (Озодлик суриштирувида ҳамкорлик қилган мулозимлар¸ хавфсизлик хавотирлари боис ўз шахси сир тутилишини сўради.)
Бахтиëр Фозилов таъсисчиси бўлган Eriell ва Enter Engineering компаниялари асосий акциядори эса айнан Россия олигархлари назоратидаги Газпромбанк ва унга алоқадор тизимлардир.
Озодлик суриштируви давомида Ўзбекистондаги энг йирик металлургия заводига молиявий ва ишлаб чиқариш бўйича директор лавозимига олиб келинган россияликлар ишлаган заводларнинг банкрот бўлиб¸ Газпромбанк назоратига ўтгани аниқланди.
Озодлик ихтиëрида ҳозирча Ўзбекистон Металлургия комбинатининг Eriell гуруҳи бошқарувига берилганига оид расмий ҳужжат йўқ. Айни пайтда завод бошқарувидаги шахсларнинг Озодликка сиздирилган ўзаро ëзишмалари¸ қолаверса¸ Дилшод Аҳмедов директорликка келганидан кейин чиқарилган айрим қарорларнинг Озодлик ихтиëридаги нусхалари бошқарувнинг амалда Eriell га берилганини тасдиқлайди.
Ўзбекистон Давлат активларини бошқариш агентлиги¸ Ўзбекистон Металлургия комбинати АЖ матбуот хизмати¸ шунингдек Eriell гуруҳи матбуот котиби Озодликнинг бу маълумотга ойдинлик киритиш ҳақидаги сўровини жавобсиз қолдирди – улар Ўзметкомбинатнинг Eriell бошқарувига ўтганини на тасдиқлади, на инкор қилди.
Жорий ҳафта бошида Озодлик Бош вазир Абдулла Ариповнинг жамоатчиликка очиқланмаган 3 апрель кунги қарори билан Самарқанд халқаро аэропортининг ҳам Бахтиëр Фозиловга берилганини хабар қилган эди.
Шодиевлардан “Фозилов & Co”га
Озодлик Бош вазир Абдулла Ариповнинг шахсан ўзи 2021 йилнинг 20 январь куни Ўзбекистон Металлургия комбинатининг Бекободдаги бош офисида йиғилиш ўтказиб¸ завод бошқарувини ўзгартиргани ҳақида ўша куниëқ хабар қилган эди.
Бу мажлисда Арипов SFI Management group ишончли бошқарувига берилган комбинатдаги вазиятни кескин танқид қилиб¸ заводнинг бу гуруҳ бошқарувида қайтариб олинганини эълон қилган эди.
2017 йил сентябрида Ўзметкомбинат бошқарувини бир неча ой олдин рўйхатга олинган SFI Management Group назоратига шахсан Шавкат Мирзиëевнинг ўзи топширган эди.
Мирзиëев президент бўлиши билан Ўзбекистондаги аксар сердаромад давлат компаниялари ишончли бошқаруви берила бошланган бу гуруҳнинг Шавкат Мирзиëев билан қудачилик ришталарига эга россиялик олигарх Алишер Усмоновга қарашли экани айтилди. Аммо Усмонов Россия матбуотига берган интервьюсида SFI Management Groupнинг бошқа бир олигарх дўсти – Фаттоҳ Шодиевнинг акаси Қобул Шодиевники эканини билдирди.
20 январдаги мажлисдан сўнг Ўзбекистон ҳудудида лом ва қора металлар чиқиндиларини (харид қилиш) тайёрлаш бўйича ягона ваколатли орган ҳисобланадиган Ўзметкомбинатни SFI Management Group бошқаргани ҳақидаги маълумотлар ўчириб ташланди – завод расмий сайтида бу гуруҳ ва унинг заводдаги уч йилдан ошган бошқарувига оид бирор маълумот йўқ.
Озодликнинг Ўзметкомбинатдаги вазиятдан яхши хабардор манбалари¸ SFI Management Group Мирзиëевга ваъда қилинган инвестицияни олиб кирмагани¸ уч йил давомида завод фаолиятини янада ëмонлаштирганини таъкидлади.
20 январь кунги мажлис қатнашчиларидан бирига кўра¸Бош вазир Арипов SFI Management Group раҳбарларини ГБЖни (горячебрикетированное железо-таҳр.) Алишер Усмоновнинг Лебединский Горнообогатительний комбинатидан жуда қимматга олгани учун кескин танқид қилган.
Айни пайтда¸ Ўзметкомбинатдаги ўз бошқарувини ўз расмий сайтида ниҳоятда юқори баҳолаган SFI Management Group уч йил ичида заводда ҳамма соҳада фақат ўсиш бўлганини иддао қилди.
2021 йилнинг 20 январь куни Ўзметкомбинат ишончли бошқаруви SFI Management Groupдан қандай ими-жимида олинган бўлса¸ Шодиевлар Ўзметкомбинатга олиб келган бошқарувчиларнинг кўпчилиги ҳам айни шундай сассиз ва изсиз ғойиб бўлди. Улар ўрнига¸ шахсан Арипов буйруғи билан кўпчилиги Eriell гуруҳи ва Газпромбанк тизимидан чиққан шахслар қўйилди.
Асли самарқандлик Бахтиëр Фозилов таъсис қилган Eriell group акцияларининг катта пакет акцияси айнан Россиянинг Газпромбанки назоратида. Компания расмий сайтидаги маълумотга кўра¸ унинг ягона кредитори ҳам айнан Газпромбанкдир.
Ўзметкомбинат янги ижроия директори – МХХ ва Eriell кадри
20 январь куни Бош вазир Абдулла Арипов ўтказган йиғилишда Ўзметкомбинат АЖ бошқаруви раиси қилиб шу заводда ишлаб келган Рашид Пирматов тайинланди.
Айни шу мажлисда, Ўзметкомбинат АЖ матбуот хизматининг билдиришича¸ Дилшод Aҳмедов комбинат бошқарув раисининг биринчи ўринбосари¸ ижрочи директор этиб тайинланди.
“Ушбу лавозимга ҳам малакали ва тажрибали мутахассис ишлаб чиқариш ташкилотчиси тайинланди”¸ деб ëзган Ўзметкомбинат матбуот хизмати янги директорнинг айнан қайси соҳада “малака ва тажриба” орттирганига изоҳ бермади.
Аҳмедовнинг Ўзметкомбинат АЖ кадрлар бўлимига тақдим этилган расмий биографияси унинг ўтмиш фаолиятига қисман ойдинлик киритади.
Eriell таъсисчиси Бахтиëр Фозилов каби асли самарқандлик бўлган Дилшод Аҳмедов¸ расмий биографиясига кўра¸ 2011 йилдан бошлаб Eriell гуруҳи таркибидаги ширкатлар бошқарувида ишлаган.
51 яшар Дилшод Аҳмедов расмий биографиясида 1996-2011 йилларда “ҳарбий хизматчи” бўлганини ëзган. Озодлик кўрган ҳужжатлар Аҳмедовнинг айни шу 15 йил давомида Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати зобити бўлиб ишлаганини кўрсатади.
Аҳмедов МХХдаги фаолияти даврида президент Каримовнинг 1999 йил 25 августдаги 2380-сонли фармони билан "Жасорат" медали билан мукофотланган.
Аҳмедовни яхши билган мулозимга кўра¸ МХХ зобитининг Каримов томонидан тақдирланишига унинг 1999 йил февралида Тошкентда уюштирилган “террор ҳужумларини” бостиришдаги роли асос бўлган. Айтилишича¸ Аҳмедов 2005 йил май ойида Андижонда рўй берган қонли воқеаларда ҳам “малака ва тажрибали” МХХ зобити сифатида фаол иштирок этган.
“Пирматов Рашид Ҳусанович заводда ҳеч нарсани ҳал қилмайди. У марионетка холос. Асосий лавозимларга кимни тайинлаш¸ кимга қанча ойлик бериш ва ким билан қандай шартнома тузишни Eriellдан келган Дилшод Аҳмедов ва Enter Engineeringда ишлаган Фариз Маҳмудов ҳал қилади. Дилшод Аҳмедов ўтирган жойида Арипов ва Мирзиëев билан бевосита телефонда гаплашади. Аҳмедов келиши билан завод амалда Eriell/Газпромбанк бошқарувига ўтди”¸ деб маълумот берди Ўзметкомбинат бошқарувидаги ўзгаришлардан бевосита хабардор ҳукумат мулозими.
Олдинги компанияларини банкрот қилган россиялик директорлар
Собиқ МХХ зобити¸ Eriell менежерларидан бири Дилшод Аҳмедов Ўзметкомбинат бошқарувига олиб келган янги кадрлардан бири Татьяна Александровна Будей бўлади.
Будей ўтмишда лойиҳалаш, қурилиш-монтаж ва ишга тушириш ишларига ихтисослашган муҳандислик компанияси саналган Краснодардаги Энекс очиқ акциядорлик жамияти (ОАЖ)нинг молия бўйича вице-президенти бўлиб ишлаган.
Энекс акцияларининг 75 фоизи Газпромбанкка қарашли бўлгани боис бир пайтнинг ўзида у Газпромбанк расмий мулозими ҳам саналган. Бу компания¸ миллиардлаб қарзларини тўлай олмаслик ҳолига тушгани ортидан банкрот бўлган ва унинг директори устидан жиноят иши очилган.
Россия Федерацияси Шимолий Кавказ Округ судининг 2019 йил 23 июль куни чиқарган қарорида аризачи – Энекс компанияси собиқ ижрочи директорининг суд ҳайъатига топширган шикояти мазмуни ҳам келтирилган.
Расмий аризасида Энекс собиқ раҳбари компаниянинг банкротликка юз тушиши учун якка ўзи масъул эмаслигини айтиб¸ хусусан¸ Газпромбанк вакили ва молия бўйича вице-президент Татъяна Будей номини тилга олган.
Энекс раҳбарига қўйилган айблар орасида 2013-2014 йилларда ҚҚС (НДС) тўламаслик мақсадида субпудратчилар билан сохта шартномалар тузиш ва миллионлаб рубль маблағни ноқонуний ўзлаштириш айби ҳам бор. Татъяна Будей айнан шу йилларда Энекс ОАЖнинг молиявий директори бўлган.
2016 йили Энексдан ишдан бўшатилган Будей 2021 йил баҳорида Краснодардан минглаб чақирим узоқдаги Бекободда жойлашган Ўзметкомбинат молиявий директори сифатида пайдо бўлгунга қадар нима иш қилганига оид маълумот очиқ манбаларда йўқ.
Дилшод Аҳмедов Ўзметкомбинатга ижрочи директор бўлиши ортидан Ўзбекистондаги энг йирик стратегик бу завод бошқарувига олиб келинган россиялик яна бир менежер Роман Салимович Гараевдир.
Очиқ манбалардаги қидирув натижалари Роман Салимович Гараевнинг Россия солиқ тизимида хусусий тадбиркор мақомида экани ва 2019 йилдан ҳозирга қадар Свердловск областининг Каменск-Уральский шаҳрида рўйхатга олинган "ПК"Шлак-Тех" масъулияти чекланган жамияти бош директори бўлиб қолаëтганини кўрсатади.
"ПК"Шлак-Тех" МЧЖ акцияларининг назорат пакети¸ Россия расмий манбаларига кўра¸ “Каменск-Уральский метталургический завод” (КУМЗ)дир. Гараев ўтмишда айни шу заводнинг метал қуйиш бўйича директори ўринбосари бўлиб ишлаган. Ўзметкомбинатга келгунга қадар ҳам¸ айни шу КУМЗ га қарашли ширкатни бошқарган.
2020 йил декабрида Россия етакчи нашрлари КУМЗнинг ҳам ишлаб чиқаришдаги муаммолар боис зиëнга ботиб¸ миллиардлаб қарзини тўлай олмаëтгани ҳақида ëзди.
КУМЗдан ўз қарзини ундириш мақсадида Россия судига мурожаат қилган компаниялардан бири Eurasian Natural Resources Corporation. Бу корпорация мулкдорларидан бири асли жиззахлик¸ Бельгия фуқароси Фаттоҳ Шодиевдир.
Шодиев ҳолдинги КУМЗдан миллионлаб долларлик қарзини ундиришга уринаëтган бир пайтда узоқ йиллар КУМЗ бошқарув тизимида ишлаган Роман Гараев Шодиевлардан олинган Ўзметкомбинатда ишлаб чиқариш бўйича директор лавозимида пайдо бўлди.
Айни кунларда банкротлик ëқасида қолган КУМЗнинг асосий кредитори – Газпромбанк. Қарзларини тўлай олмаслиги айтилаëтган бу заводнинг яқин орада Газпромбанк томонидан мусодара қилиниши кутилмоқда.
“Дилшод Аҳмедов - ижрочи директор "Eriell" да ишлаган (ишлаяпти ҳам), Фариз Тоҳирович Маҳмудов - ишлаб чиқаришни таъминлаш ва маҳсулот сотиш департаменти директори "Enter engineering"да ишлаган (ва ишлаяпти). Будей Татьяна Александровна - молия директори "Газпромбанк"да ишлаган (ва ишлаяпти), Гараев Роман Салимович - Каменск -Уральский металлургический завод ишлаб чиқариш департаменти директори бўлиб ишлаган. Бу завод банкротликкача етказилиб¸ Путин шайкасига қарашли "Газпромбанк" назоратига ўтказиляпти. Буларнинг ҳаммаси Ўзметкомбинатни бошқариш Eriell/Газпромбанк одамларига берилганини жамоатчиликка кўрсатиш учун етарлидир”¸ дейди Ўзбекистондаги энг йирик қора металлургия заводи янги бошқарувидан хабардор мулозим.
Бу суҳбатдош¸ шахсан президент ва Бош вазир қўллаган янги бошқарув оқибатида Ўзметкомбинатни ҳам Будей ва Гараев ўтмишда бошқарган заводлар тақдири кутаëтгани эҳтимолидан хавотир билдирди.
“Заводга ҳозир яширин шартлар билан Газпромбанкдан катта қарз олинади. Бу пуллар заводни кўтаришга ишлатилмасдан¸ кимларнингдир оффшор ҳисобларига чиқиб кетади. Ўзметкомбинат айни КУМЗга ўхшаб¸ қарзни тўлай олмаслик ҳолига тушади ва у авра-астари билан кредитор (Газпромбанк) қўлига ўтиб кетади. Узоқ вақт Ўзбекистон бюджетига энг катта солиқ тўловчи бўлиб келган Ўзметкомбинат шу тарзда йўқ қилиниб¸ Россия ва Ўзбекистон олигархларига ем бўлади”¸ дейди мутахассис.
Янги бошқарувдаги эски схемалар
Ўзметкомбинат бошқаруви алмашганидан кейин бошланган ўзгаришлар ҳақида Озодликка маълумот берган мулозимлар¸ Дилшод Аҳмедов қўл қўйган қатор ҳужжатларни тақдим этди.
Бу ҳужжатлардан бир гуруҳи¸ Ўзметкомбинатда ишлаб чиқарилаëтган маҳсулотлар¸ хусусан¸ окалина нархининг кескин кўтарилиши билан боғлиқ.
Озодлик тасарруфидаги ҳужжатларга кўра¸ Ўзметкомбинат бошқаруви алмашган 20 январь арафасида мамлакатдаги йирик цемент заводлари¸ хусусан¸ Қизилқумцемент¸ Бекободцемент АЖ билан клинкер ишлаб чиқариш учун зарур хом ашë компоненти бўлган темир окалинанинг ҳар бир тоннасини 350 минг сўмдан сотиш ҳақида шартнома имзолаган.
Ўзметкомбинат Eriell бошқарувчиларига топширилганидан бир ой ўтиб бу шартномалар бекор қилинган ва айни маҳсулот учун янги нарх – ҳар бир тоннасига 1 000 500 сўм белгиланган.
Цемент заводлари бундай нархдаги окалина олишни истамагани ортидан Ўзметкомбинат¸ Озодлик кўрган шартнома нусхаларига кўра¸ март ойида мазкур маҳсулотни катта миқдорда Eriell Group таркибидаги компанияларга сота бошлаган.
“Заводлар бирваракайига уч бараварга қимматлаган окалинани олмаслигини олдиндан билиб¸ нархни кўтаришди. Ҳозир цемент заводлари биз олмагандан кейин нарх тушади¸ деб кутиб турипти. Лекин бу орада Ўзметкомбинат асосий объемни Eriellга берди. Эртага окалина харидорлари Ўзметкомбинатдан эмас¸ балки Eriellдан олишга мажбур бўлади. Фақат энди 1 миллион эмас¸ Eriell белгилайдиган нарх¸ масалан¸ 2 миллионга олишга мажбур бўлади. Даромадни Ўзметкомбинат эмас¸ Eriell қилади”¸ дейди Ўзметкомбинат мутахассисларидан бири.
Озодлик суҳбатдошлари¸ Eriell, Enter Engineering каби компаниялар Ўзбекистон ҳудудида бож ва солиқ тўламай ишлаб келаëтгани боис¸ Eriell бошқарувига берилган Ўзметкомбинат маҳсулотларини ҚҚСсиз арзонга сотиб олиб¸ уни бошқа ширкатларга биржа нархида сотиш амалиëтини бошлаганини иддао қилди.
Очиқ манбалардаги расмий ҳужжатлар¸ қолаверса¸ Озодликка сиздирилган ҳукумат қарорлари ва бошқа ҳужжатлар Шавкат Мирзиëев ҳокимиятга келгандан сўнг Бахтиëр Фозиловга қарашли Eriell, Enter Engineering, Ferkensco, Wind rose, Air Marakanda компанияларига мамлакатдаги энг йирик давлат буюртмалари берилаëтганини кўрсатади. Ҳеч бир тендер ва рақобатсиз миллиардлаб долларлик лойиҳалар пудратчиси этиб танланаëтган бу компаниялар лойиҳа ижроси давомида импорт божи ва бошқа барча солиқлардан озод қилинмоқда.
Хусусан¸ Озодликнинг жорий ҳафта эълон қилинган суриштируви Ўзбекистондаги иккинчи йирик Самарқанд халқаро аэропортини бошқариш президент ва Бош вазирнинг бевосита фармон ва қарори асосида ўтмиши йўқ Air Marakanda МЧЖга берилганини ўртага чиқарди.
Суриштирув давомида уч йилга ниҳоятда улкан имтиëзлар берилиб¸ ҳар қандай бож ва солиқдан мутлақ озод этилган хусусий шерикнинг оффшорда бекитилган компаниялар орқали яна Бахтиëр Фозиловга қарашли экани аниқланди.
15 апрель куни Самарқандга борган Шавкат Мирзиëевга сафар давомида Бахтиëр Фозилов ҳамроҳлик қилди. Хусусан¸ президент матбуот хизмати эълон қилган суратлардан Фозиловнинг нафақат Самарқанд халқаро аэропорти¸ балки Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитига тайëргарлик доирасида 212 гектарлик ҳудудда қурилаëтган янги шаҳар қурилишининг бош муаллифи экани англашилади.