Линклар

Шошилинч хабар
15 январ 2025, Тошкент вақти: 13:41

Олимпиа ўйинлари: Кутилмаган олтин медаллар Марказий Осиёда эҳтиросларни оловлатмоқда


52 килограммгача вазнда олтин медални қўлга киритган ўзбекистонлик дзюдочи Диёра Келдиёрова
52 килограммгача вазнда олтин медални қўлга киритган ўзбекистонлик дзюдочи Диёра Келдиёрова

Марказий осиёлик спортчилар Париж Олимпиадасида Токио ва Рио-де-Жанейродагидан ҳам паст натижаларни қайд этади, дея башорат қилинганди. Аммо минтақа натижалар бунинг аксини кўрсатмоқда.

Парижда ёзги Олимпия ўйинлари бошланишидан олдинроқ АҚШнинг Sports Illustrated (SI) журнали 329 спорт турининг барчаси бўйича эҳтимолий якуний натижаларни прогноз қилган эди.

Бу прогноз Марказий Осиёнинг беш мамлакати учун бир хил эмасди. Масалан, Қозоғистон ўз тарихида энг кам медал олиши, Ўзбекистон эса боксда саккиз йил олдин Рио-де-Жанейрода кўрсатган юқори натижаларини такрорлай олмаслиги башорат қилинди. Қирғизистонга келсак, SI прогнозига кўра, мамлакат ўз тарихидаги дастлабки икки олтин медалини қўлга киритиши керак эди.

Бироқ Марказий Осиё спортчилари дастлабки беш кундаёқ улкан ютуқларга эришиб, мухлисларга Парижда ҳали бундан ҳам ажойиб финаллар бўлишига умид берди.

Ўзбекистоннинг ёзги Олимпия ўйинларидаги илк ғолибаси

Ўзбекистон эркаклар боксида олтин медалларга умид қилишга тамомила ҳақли, аммо ўзбекистонликлар ушбу Олимпиадани айнан аёл спортчи туфайли эслаб қоладиган бўлишди.

52 килограммгача вазнли дзюдочи Диёра Келдиёрова, SI башоратига кўра, мусобақаларнинг иккинчи кунида бронза медалини олиши керак эди. Бироқ у 28 июль куни “Марс майдони” аренасида амалдаги чемпион ва беш йилдан бери мағлубият нималигини билмай келаётган япониялик Ута Абени илк раунддаёқ мағлуб қилиб, мухлисларни ҳайратга солди.

Шоҳсупанинг энг юқори поғонасида турар экан, қиз қувонч ёшларини тўхтата олмади ва унинг миссияси “ватандаги аёллар ҳаётини ўзгартириш” эканини айтди.

Президент Шавкат Мирзиёев қўнғироқ қилиб, Ўзбекистоннинг дзюдо бўйича Олимпиада чемпиони бўлган биринчи аёл спортчиси ва ёзги Олимпия ўйинларида олтин медал ютган биринчи ўзбек спортчи аёли бўлгани билан шахсан табриклади.

Ўзбекистон учун энг баракали Олимпиада 2016 йилги Рио-де-Жанейро Олимпиадасидир (13 та медаль, ундан тўрттаси олтин). Токиода эса мамлакат терма жамоаси атиги 5 та медаль (учтаси олтин) олган.

Ўзбекистон тарихидаги 10 та олтин медалдан бештаси эркаклар боксида қўлга киритилган, айниқса, Рио-де-Жанейро Олимпиадасидан сўнг Ўзбекистонни ҳаваскорлар боксида ўта кучли мамлакат – Куба билан тенг кўра бошлаган эдилар.

Бу гал Sports Illustrated ўзбек жамоасига боксда учта олтин медаль башорат қилган эди. Асадхўжа Мўйдинхўжаев 71 килограммгача вазнда кумуш медаль олиши тахмин қилинган эди, аммо Мўйдинхўжаев букмекерларда фаворит бўлиб турибди, унинг жамоадоши Баҳодир Жалолов эса 95 килограммгача вазн тоифасида олтин медалга реал даъвогар ҳисобланади.

Буларнинг бари Ўзбекистон боксда Риодагидан кўра кўпроқ ёки лоақал ўшанча олтин медаль олиши мумкинлигини кўрсатмоқда. Қолаверса, ушбу Олимпиада Ўзбекистон учун сўнгги энг яхши имконият бўлиши мумкин, чунки бокс 2028 йилда Лос-Анжелесда ўтадиган Олимпия ўйинлари дастурига киритилмаслиги эҳтимоли бор.

Қозоғистоннинг дзюдо бўйича биринчи Олимпиада чемпиони

Париж Келдиёрова учун биринчи Олимпиада бўлса, 31 ёшли қозоғистонлик Елдос Сметовга учинчи уринишда омад кулиб боқди: у Қозоғистоннинг дзюдо бўйича илк олтинь медалчиси бўлди, бунгача у Риода кумуш ва Токиода бронза медалларни ютган эди.

Сметов шоҳсупанинг энг юқори поғонасига элтувчи йўлда дастлаб жаҳон рейтингида пешқадам бўлиб турган тайванлик Юн Вей Янни, кейин эса финалда франциялик Лука Мхеидзени мағлуб қилди.

Халқаро дзюдо федерацияси сайтига берган интервьюсида Сметов бу ғалабасини оиласига, Қарағандадаги “Женис” дзюдо клубига ва ушбу клубда болалигидан бери унга устозлик қилган мураббий Ғалимжон Жилгелдиевга бағишлаганини айтди. Шунингдек, у ўзбек ҳамкасби Диёра Келдиёровани табриклаб, Марказий Осиё спортчиларининг бирдамлигини намойиш этди.

Олимпия ўйинларининг биринчи куни менинг тимсолимда Қозоғистонга олтин олиб келди, иккинчи кунида эса Диёра тимсолида Ўзбекистон ҳам олтинлик бўлди. Демак, бу Ўйинлар Марказий Осиё учун аллақачон ўзига хос бўлиб улгурди”, деди Сметов.

Қозоғистон ушбу ёзги Олимпия ўйинларида янги довонларни забт этишдан кўра номини оқлаб олишни кўпроқ кўзлаган бўлса ажаб эмас. Гап шундаки, мамлакат мустақилликнинг 30 йили мобайнида 74 та медални (15 та олтин) қўлга киритган, аммо шундан 10 таси (олтитаси олтин) допинг можаролари ортидан бекор қилинган.

Токиода Қозоғистонга 8 та бронза медал насиб қилган, холос, спортга катта маблағ тикиладиган мамлакатни бу мутлақо қониқтирмади. Париж – Қозоғистон Миллий олимпия қўмитасининг янги раҳбарияти учун биринчи Олимпиада. Йил бошида қўмитага мамлакатнинг энг машҳур боскчиси Геннадий Головкин президент этиб тайинланган.

Миллий олимпия қўмитасининг собиқ раҳбари Тимур Кулибаев собиқ президент Нурсултон Назарбоевнинг куёви бўлиб, жамоатчилик назарида “эски Қозоғистон”ни тамсил қиларди.

Медалнинг яхши-ёмони борми? Лекин Қирғизистон учун эмас!

Аҳолиси кўплиги ва спортга салмоқли эътибори ҳисобига Ўзбекистон ва Қозоғистон Марказий Осиёдаги қолган уч мамлакатга нисбатан анчагина кўп олимпия медалини қўлга киритган.

Масалан, тожикистонлик мухлислар ўз спортчилари Токиодан фарқли ўлароқ, Парижга бекорга бормаганини эшитиб, енгил тин олган бўлишса ажаб эмас: 30 июль куни Сомон Маҳмадбеков 81 килограммгача вазнда бронза медаль ютди. Албатта, дзюдо мусобақасида!

Умуман, Марказий Осиёнинг олимпия спортчилари орасида дзюдочилар энг кучлилардан саналади: Туркманистондан бошқа барча мамлакатлар ўз вақтида спортнинг ушбу турида медаль олган, аксар ҳолларда бронза медалларни.

Sports Illustrated 25 ёшли Маҳмадбековнинг бронза олишини кутмаган бўлса-да, оғир вазнли бошқа тожик спортчиси, 27 ёшли Темур Раҳимов кумуш медалга сазовор бўлишини каромат қилганди. Олтин медаль ушбу мусобақада ростакам сенсация бўлур эди, чунки олдинда Раҳимовни – уч карра олтин медал соҳиби, кўпчилик барча даврларнинг энг кучли дзюдочиси деб атайдиган француз Тедди Ринер билан беллашув кутмоқда.

Шуниси аниқки, миллий дзюдо федерацияси раҳбари ва айни чоғда президент Эмомали Раҳмоннинг набираси Исмоил Маҳмадзоир ҳар қандай медалга жон дейди.

SI Туркманистон учун бирон хайрли башорат қилмаган. Мамлакат ўзининг биринчи олимпия медалини 4 йил бурун Токиода олди: ўшанда Полина Гурьева аёллар оғир атлетикасида кумуш ютганди.

Олимпия шоҳсупаси чўққисига ҳеч қачон чиқмаган яна бир мамлакат – Қирғизистон. Аммо кураш спортида энг муваффақиятли қирғиз спортчиси Айсулуу Тинибекованинг юлдузли онлари келгандек туюлмоқда.

31 ёшли Тинибекова – уч карра жаҳон чемпиони. Бироқ у ўзининг ягона олимпия медалини (кумуш) фаолиятидаги учинчи Олимпиада бўлмиш Токиодаги Ўйинларда қўлга киритган. Кўплар уни 62 килограммгача вазнда фаворит ҳисоблайди.

Парижда кураш бўйича мусобақалар келаси ҳафтага белгиланган. Юлдузли карьераси ва 2028 йилги Олимпиадагача ёши ўтиб қолишини назарда тутганда, Париж Айсулуунинг олтин медаль олиш учун сўнгги имконияти бўлиши мумкин.

Қирғизистонда аёллар кураши гуллаб-яшнамоқда: Тинибекова мураббий Нурбек Изабеков жамоасининг бош қаҳрамони. Бу жамоада яна Токио бронза медалчиси, 24 ёшли Мээрим Жуманазарова ҳамда 2023 йилги жаҳон чемпионатининг кумуш медали соҳибаси, 25 яшар Айпери Медет қизи каби спортчилар бор.

Sports Illustrated Тинибекова билан Медет қизига – олтин, юнон-рум услубида курашчи Жоламан Шаршенбековга ҳам олтин ва яна уч спортчига бронза медаллар башорат қилган.

Америка журнали башорати тўғри чиқса, бу Қирғизистоннинг ҳозиргача барча Олимпия ўйинларидаги энг катта ютуғи, шунингдек маълумоти бўйича “спорт мураббийи” бўлмиш президент Садир Жапаровнинг популистик режими учун айни муддао бўлур эди.

Дарвоқе, қирғиз спортчилари Парижда янги байроқ остида иштирок этмоқда: Жапаров “кунгабоқарга ўхшайди” деган баҳона билан ўтган йили байроқ дизайнини янгилатган.

Тинибекова байроқ ўзгартирилишига очиқ норозилик билдирган бир неча спортчи қаторида эди, Шаршенбеков эса декабрда “мусобақаларда фақат эски байроқни кўтариб чиқаман”, дея баёнот берган.

Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси ва амалда Жапаров билан бирга мамлакатни идора қилаётган Қамчибек Ташиев ўшанда Шаршенбековга: “Расмий мусобақаларда давлат байроғисиз чиқишга ҳеч бир спортчининг ҳақи йўқ. Қани, чиқиб кўр-чи!” дея пўписа қилган эди.

Форум

XS
SM
MD
LG