Линклар

Шошилинч хабар
17 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:32

Токиога йўл олган ўзбек енгил атлетикачилари президент ваъда қилган мукофот пулини кутмоқда


 Енгил атлетика - "Спорт қироличаси" номи билан танилган.
Енгил атлетика - "Спорт қироличаси" номи билан танилган.

Олимпиада йўлланмасини қўлга киритган ўзбекистонлик енгил атлетикачиларга президент қарорида белгиланган рағбат пули берилмаяпти.

Озодликка мурожаат қилган спортчиларнинг яқинларига кўра, Ўзбекистон ҳукумати қарори билан Олимпия ўйинларига йўлланма олган ва тегишли нормативларни бажарган спортчиларга 100 миллион сўмдан, уларнинг мураббийларига эса 50 миллион сўмдан мукофот пули ажратилган.

Ўзбекистон енгил атлетика федерациясида Токио олимпиадасига тайёргарлик кўраётган спортчиларга бу маблағлар мусабақадан қайтганларидан кейин топширилишини билдиришди.

2020 йилда COVID-19 пандемияси туфайли Япония пойтахтида ўтказилиши режалаштирилган Олимпия ўйинлари жорий 2021 йилнинг 23 июлидан 8 августигача ўтказилади.

Қатор ўзбекистонлик спорт усталари ҳам ушбу нуфузли мусобақаларда иштирок этиш лицензиясини қўлга киритди.

Жумладан, Токио олимпиадасига Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилиш учун 7 нафар енгил атлетикачи ёшлар бораётгани маълум бўлди.

Бироқ Озодликка мурожаат қилган бу спортчиларнинг яқинлари Олимпиадага йўлланма олганларга ҳукумат ваъда қилган рағбатлантириш пуллари Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси раҳбариятининг шахсий ташаббуси билан берилмаётганини даъво қилди.

- Токио Олимпиадасига йўлланма олган ўзбекистонлик енгил атлетикачилар дуч келган муаммо юзасидан мурожаат қиляпмиз. 7 нафар спортчи нормативларни бажариб, Олимпиада лицензиясини қўлга киритди. Президент қарорига кўра, Олимпиада йўлланмасини қўлга киритган спортчиларга 100 млн, уларнинг мураббийларига эса 50 млн сўмдан рағбат пули берилиши белгиланган.

Барча спорт йўналишлари вакиллари, ҳатто можаро марказида қолган сузувчилар ва уларнинг мураббийлари ушбу рағбат пулларини олди. Аммо Олимпия қўмитаси ва Енгил атлетика федерацияси раҳбарияти турли баҳоналар билан енгил атлетикачилар ва уларнинг мураббийларига Президент қарорида белгиланган рағбат пулини бермаяпти. Нега бундай йўл тутилмоқда? Ахир, бу хатти-ҳаракат Президент қарорига зид-ку!”, деб ёзди исмини очиқламасликни сўраган спортчиларнинг қариндошларидан бири.

Суҳбатдошнинг иддаосича, Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси охирги йилларда Олимпиадада қатнашишга тайёргарлик кўраётган спортчиларнинг муҳим масалалари муҳокама қилинадиган Мураббийлар кенгашини чақирмасдан келаётгани бундай салбий оқибатларга олиб келмоқда.

Озодликка маълум бўлишича, Токиодаги Олимпия ва Паралимпия ўйинларига тайёргарлик кўриш учун тузилган 4 йиллик махсус тайёргарлик дастурига Ўзбекистон ҳукумати томонидан 62,5 млрд сўм маблағ ажратилган, жумладан 4,3 млрд сўм ҳомийлар ҳисобидан.

2016 йилда ҳукумат Бразилиядаги Олимпиада ўйинларига бюджет ҳисобидан 44,1 млрд сўм маблағ ажратганди.

2017 йил 10 августда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ПҚ-3196 сонлиНуфузли халқаро спорт мусобақаларида юксак натижаларга эришган Ўзбекистон спортчиларини жамоат ва спорт ишларига кенг жалб этиш ҳамда спортчиларни ва уларнинг тренерларини рағбатлантириш тўғрисида” деб номланган қарорига мувофиқ, ҳукумат томонидан спортчиларни рағбатлантириш ва Олимпиада лицензиялари сонини ошириш мақсадида Олимпия лицензиясини қўлга киритган спортчига катта пул мукофоти ваъда берилган.

Олимпиадада иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритган спортчига 100 миллион сўм, унинг мураббийсига эса 50 миллион сўм бир марталик рағбатлантириш пули берилиши қонунан тасдиқланди.

Мирзиёев ҳукумати Олимпиада ўйинларида медалларни қўлга киритган ўзбек спортчиларига қўшимча тўловларни 1,5-2 баробарга қўпайтириш ҳақида эълон қилди.

Озодликка мурожаат қилган енгил атлетикачилар яқинлари бу маблағлар спортчиларнинг кўп йиллик тайёргарликка сарфлаган пулларини қоплаши ва уларнинг яхши натижаларга эришишларида яхши рағбатлантириш бўлишига эътибор қаратди.

Озодлик бу масалада Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси раҳбариятига мурожаат қилди.

Ҳозирги кунда Туркияда тайёргарлик машқларида экани маълум бўлган Ўзбекистон Енгил атлетика федерацияси раиси Андрей Абдувалиев Озодликнинг “Нима учун спортчиларга ваъда қилинган рағбатлантириш пуллари тўланмаяпти?” деган саволини эшитгач, телефонини ўчириб қўйди. Абдувалиев билан боғланишга кейинги уринишлар натижа бермади.

Озодлик саволларига енгил атлетика бўйича Миллий терма жамоа бош мураббийси Гўзал Хуббиева ҳам жавоб беришни истамади.

Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси Бош котиби Камолиддин Рўзамуҳамедов атлетикачилар яқинлари бераётган маълумот "бироз янглиш" эканини айтди:

- Сабабини Миллий Олимпия қўмитасига телефон қилиб билишингиз мумкин. Бу маблағ энди Олимпиададан кейин берилади, тантанали равишда сертификат билан бирга топширилади. Кўпчилик Олимпиадага кетиб бўлган – қандай берамиз уларга?! Сизларга нотўғри информация берилибди. Олимпиададан кейин берилади албатта. Спортчиларнинг бу нарсадан 100 фоиз хабари бор. Бу пуллар ҳеч қаерга кетмайди, дея ишонтирди Камолиддин Рўзамуҳамедов.

Аммо Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси Бош котиби нима учун бу пуллар спортчилар Токиога кетмасдан берилмагани ҳақидаги саволни очиқ қолдирди.

45 яшар Оксана Чусовитина - Токио Олимпиадасидаги Ўзбекистон байроқдори
45 яшар Оксана Чусовитина - Токио Олимпиадасидаги Ўзбекистон байроқдори

Бундан олдинроқ -12 июль куни - Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Токиодаги Олимпия мусобақаларида иштирок этишни қўлга киритган спортчилар рўйхатини эълон қилди.

МОҚ маълумотича, 2017 йилдан бошлаб миллий терма жамоа вакиллари 17 спорт тури бўйича 71 та лицензияни қўлга киритган.

FINA комиссияси текширувлардан сўнг Ўзбекистонда ўтказилган очиқ чемпионатда сузувчилар Одилбек Юсупбоев, Элдор Усмонов ва Алексей Тарасенконинг натижалари сохталаштирилганини аниқлаган. Бунинг ортидан уларнинг Токио олимпиадасига лицензиялари бекор қилинди.

Лицензиядорлардан етти нафари “спорт қироличаси” номини олган енгил атлетика бўйича медаллар учун Японияда курашади.

Япония пойтахти Токиода ўтказиладиган ХХXII ёзги Олимпия ўйинларида биринчи ўринни олган ўзбекистонлик спортчиларнинг ҳар бирига 200 минг доллардан пул мукофоти берилади.

Президент Шавкат Мирзиёев бу борада имзолаган қарорга асосан, олтин медаль учун 200 000 доллар, кумуш медаль учун 100 000 доллар, бронза медаль учун 50 000 доллар берилади.

Мазкур харажатлар давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади.

XS
SM
MD
LG