Линклар

Шошилинч хабар
26 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:50

Олимпиадага бораëтган нуроталик ўқувчи қиз ва ўқитувчи аварияда ҳалок бўлди. Яқинлари ХТВни айбламоқда


Ҳодиса жойидан олинган сурат
Ҳодиса жойидан олинган сурат

5 январь куни эрталаб Навоий вилояти Нурота туманидан вилоят фан олимпиадасида иштирок этиш учун йўлга чиққан 11 синфда ўқийдиган 18 яшар қиз ва унинг 27 ёшли ўқитувчиси йўл-транспорт ҳодисасида ҳалок бўлди. Улар билан бирга Nexia автомашинасида бўлган яна бир ўқитувчи ва ўқувчи оғир аҳволда шифохонага ётқизилган. Озодлик билан суҳбатда уларнинг яқинлари ҳодиса учун Халқ таълими вазирлиги масъул, деб билишларини айтишди.

Ҳодисани ўрганаëтган Навоий вилоят, Навбаҳор туман ИИБ ходимининг Озодликка айтишича¸ "Қорақарға" довонида юз берган ҳодисада жиддий жароҳат олган яна бир ўқитувчи ва ўқувчи шифохонанинг жонлантириш бўлимида қолмоқда. ИИБ вакилига кўра¸ ҳодиса юзасидан Нурота ва Навбаҳор туман ИИБ ходимлари қўшма тергов олиб бормоқда. (Ўқувчи ва ўқитувчиларнинг исми Озодликка маълум, марҳумлар ҳамда жабрланганлар яқинларининг илтимосига кўра ошкор қилинмаяпти-таҳр.)

Терговгача суриштирув маълумотларига кўра¸ йўл ҳалокати қуюқ туманда машинанинг йўлдан чиқиб кетиши натижасида содир бўлган. Ҳайдовчи тезликни оширган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги фараз ҳам текширилмоқда. ИИБ ходимларидан бирининг Озодликка айтишича, Nexia ҳайдовчисига нисбатан тилхат эҳтиëт чораси қўлланилган. Халқ таълими вазирлиги Навоий вилоят бошқармаси бошлиғи ўринбосари Дилшод Қодиров Озодлик билан суҳбатда «воқеадан сабоқ чиқарилгани ва бугун олимпиадага борадиган ўқувчилар учун «хавфсиз кузатиш» тадбири ташкил этилганлигини билдирди.

Нурота туман халқ таълими бўлими бошлиғи Байрамали Бобоназаров тумандаги 2-сонли мактаб ўқувчи ва ўқитувчилари билан содир бўлган ҳодисани изоҳлай олмаслигини билдирди.

Ëлғиз онанинг аълочи қизи

Озодлик ҳодисада ҳалок бўлган ва жабрланган ўқувчиларнинг яқинлари билан боғланди ва улардан бири ёлғиз онанинг фарзанди бўлганини аниқлади. Яқинларидан бирининг айтишича, ўзини фарзандига бағишлаган она аълочи қизининг фан олимпиадаларида ғолиб чиқиб, давлат гранти билан ўқишга киришини орзу қилган.

Марҳума хонадонига яқин, исми очиқланмаслигини сўраган нуроталик оналардан бири бундан буëн ўз фарзандларини олимпиадага юбормасликка қарор қилганини айтди:

“Биз ота-оналар, кейинги кунлар бўладиган олимпиадага фарзандимизни жўнатмоқчи эмасмиз. Ўрин олмаса олмапти-да ўша олимпиадасида, кимга керак ўрни. Ҳар йили олимпиада ўтказилади, хар йили шу йўлда илм излаб чиққан фарзандлар аварияга учрайди. Бугунгиси эса жуда даҳшатли бўлди.”

Ўқувчининг бош кийими ва дафтарлари машинадан учиб кетган
Ўқувчининг бош кийими ва дафтарлари машинадан учиб кетган

Халқ таълими вазирлиги Навоий вилоят бошқармаси бошлиғи ўринбосари Дилшод Қодиров ўтган йили ҳам айни шу йўлда ўхшаш ҳодиса юз берганини тасдиқлади, аммо тафсилотларни очиқлашни истамади.

Шунчаки йўл ҳалокати эмас

Ўзининг олий маълумотли ва ҳақ-ҳуқуқни танишини айтган, исми очиқланмаслигини сўраган нуроталик она “илм излаб йўлга чиққанларни ўлим қарши олгани шунчаки йўл ҳодисаси эмас”лигини таъкидлади:

“Бу ҳалокатга ким айбдор? Ўз йўлида кетаётган автомобилга урилиб, шунча оилага бахтсизлик келтирган учар шофёрми? Ўқувчиларнинг иштирокини, вилоят марказига етказишни ташкил этмаган ХТБми? Ўкувчиларни назорат қилиб бормаган ГАИларми? Автобус учун пул ажратмаган Молия бўлимими? Ким икки оилада очилган азага жавобгар? Тирик етим қолган ўқитувчининг болаларини ким боқади? Ким фарзандидан айрилган, 18 йил оқ ювиб, оқ тараган қизини қора ерга кўмилишига сабаб бўлди? Ëлғиз онага фарзандини ким қайтаради? Саволлар жуда кўп, лекин жавоби йўқ. Жаноб Шерматов, қишнинг қировли кунларида ташкил қилган олимпиадангиз оқибатида ҳалок бўлганларнинг оила-азоларига таъзия билдириш эсингиздан чиқмасин!”.

Совуқ хоналардаги олимпиада

Айни пайтда ўткир газ ва электр тақчиллиги кузатилаётган Ўзбекистонда қишнинг қорли-қировли кунларида фан олимпиадалари ташкил этиш билан боғлиқ саволлар жавобсиз қолмоқда. 6 январь куни Қашқадарëда ўтказилаëтган вилоят фан олимпиадасини кузатган ўқитувчи Озодликка видео ва фотоларни юборди. Тасвирларда совуқда бино ташқарисида турган ўқитувчилар акс этган “Шу совуқда ўқитувчи бечораларнинг кўчада туриши ачинарли. Наҳотки, Халқ таълими вазирлиги тадбир ўтаëтган мактабларни иситишни ташкил қила олмаса?”, - дейди Озодлик боғланган қашқадарëлик ўқитувчи.

Вазирлик сукутда

Халқ таълими вазирлигида ўзини вазир ëрдамчиси дея таништирган мулозим Озодлик сўровига жавобан Нуротадаги ҳодисадан хабари йўқлигини айтиб, вазирлик матбуот хизмати билан боғланишни маслаҳат берди.

Халқ таълими вазирлиги жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими бошлиғи Лайло Рустамова эса телефон гўшагини кўтармади.

Илгари ҳам бўлган

Халқ таълими вазирлиги тизимида ишлайдиган ва ўзини Муҳаббат Сувонқулова деб таништирган мулозиманинг микрофонсиз суҳбатда таъкидлашича¸ ўлим хабари ортидан Нурота туман халқ таълими бўлими бошлиғини ишдан олиш масаласи кун тартибига қўйилган.

“Барча мактаб директорлари Телеграмига огоҳлантириш жўнатилди. Олимпиадага боришда хавфсиз кузатув чораларига амал қилиш борасида кўрсатма берилди”, деди мулозима.

Унинг айтишича¸ 2020 йилда ва ундан олдин ҳам олимпиадага бораëтган ўқувчилар билан йўл транспорт ходисалари юз берган:

“2019 йилда Паркентлик ўқувчилар ташкилий равишда Бухородаги саëҳатдан қайтиб келаëттганида, ичида 37 нафар ўқувчи ва 3 ўқитувчи бўлган автобус ағдарилган эди. Шундан кейин хавфсизликка риоя қилиш бўйича кўрсатмалар берилган. Аммо палакат оëқ остида”, - дейди мулозима.

Айни пайтда ҳукумат ўқувчи ва ўқитувчиларни фан олимпиадаларида қатнашишга рағбатлантирувчи янги қарорни имзолаган. Бу ҳақда «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати 6 январь куни Телеграмдаги каналида хабар тарқатди. Ҳукумат қарорига мувофиқ, "ўқувчилари математика, физика, кимё, биология, информатика фанларидан халқаро олимпиадаларда олтин, кумуш ва бронза медалларни қўлга киритган ўқитувчилар ва мактаб директорларига 200, 175 ва 150 % лик устама тўланади".

XS
SM
MD
LG