Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:58

Ўзбекистонда олий тиббиёт таълими 1 йилга қисқарди


Самарқанд тиббиёт институти
Самарқанд тиббиёт институти

Бу ўқув йилидан мамлакатдаги барча олий тиббиёт билим юртларида даволаш, ҳарбий-тиббиёт, педиатрия бўйича ўқиш аввалги 7 йил ўрнига 6 йил қилиб белгиланди. Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, тиббий-биологик иш бўйича талабалар 5 йил ўрнига 4, тиббий профилактика бўйича 6 йил ўрнига 5 йил ўқийди.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги мулозимининг Озодликка айтишича, янги ўзгаришлар бу йил 1-босқичга қабул қилинадиган талабалар, шунингдек, 2 ва 3 босқич талабаларига таалуқлидир.

- Бу, асосан, ижтимоий фанларнинг қисқартирилиши эвазига бўлади. Бўлғуси шифокорлар энди мутахассисликлари бўйича кўпроқ ўқишади, - деди вазирлик мулозими.

Шу пайтгача олий тиббиёт таълими билим юртларида гуманитар ва ижтимоий-иқтисодий фанлар умумий ўқув соатларининг 15-20 фоизини, асосий мутахассислик бўйича фанлар эса 40-50 фоизни ташкил қилган эди.

Вазирлик мулозимига кўра, энди янги ўқув йилидан бошлаб, ижтимоий-иқтисодий фанлар блоки 7 фоизгача қисқартирилиб, даволаш иши ва тиббиётга оид фанлар ҳажми 85 фоизгача кўпайтирилади.

Қисқа вақт ичида кўпроқ мутахассис

Ўзбекистон олий тиббиёт билим юртларидаги бу ўзгаришлар мамлакат шифохоналарида тиббиёт кадрлари етишмовчилигига тезроқ барҳам бериш уриниши сифатида қаралмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлигидагилар ҳам ўқиш муддатининг қисқартирилиши тиббиёт кадрлари етишмовчилиги қопланишини 15 фоизга тезлаштиради, бюджет маблағининг мақсадли сарфланишига имкон беради, деган ишончда.

- Қисқа вақт ичида малакали тиббиёт мутахассислари кўпроқ чиқарилади. Олдин талаба кераксиз фанлар учун вақтини ва пулини беҳуда кеткизган бўлса, энди керакли фанларни қисқа вақтда ўзлаштиради, бир йилга кетадиган пулини тежайди, керакли мутахассисликни олиб ишини бошлайди, - дейди вазирлик мулозими.

Малакали шифокор бўлиш учун 6 йиллик таълим етарлими?

Тиббиёт соҳаси мутахассислари шифокор бўлиш учун 6 йиллик ўқиш кам эканини айтишади.

Тошкентдаги Юрак жарроҳлик маркази шифокори Рисолат Қосимовага кўра, тиббиёт учун асли 7 йиллик таълим ҳам озлик қилади.

- Бу ерда биз дурадгор ёки машинист чиқараётганимиз йўқ. Инсон ҳаётини ишониб топшириш мумкин бўлган мутахассисларни чиқариш ҳақида гапиряпмизку, - дейди Қосимова.

Исми сир қолишини истаган бошқа бир ўзбекистонлик шифокор эса Ўзбекистондаги тиббиёт билим юртларида билим сифати пастлиги, асосий эътиборни таълим муддатига эмас, сифатини яхшилашга қаратиш кераклигини айтади.

- Билим юртларидаги аҳвол ҳозиргидай бўладиган бўлса 10 йил ўқиса 6 йил ўқиса ҳам яхши мутахассис чиқмайди. Ўқув сифатини ошириш керак, - дейди шифокор.

Малакали шифокорлар четга кетяпти, малакасизлар қоляпти

Ўзбекистонда ҳозир 7та олий тиббий билим юрти бор. Ҳар йили шу олийгоҳлардан 2 мингдан ортиқ шифокор чиқади.

Бу эса чет давлатларга кетиб қолган малакали шифокорлар ўрнини тўлдириш учун камлик қилади, деб ҳисоблайди мамлакатдаги соғлиқни сақлаш тизимини яхши биладиган, ҳозир Яманда жарроҳ бўлиб ишлайдиган ўзбекистонлик шифокор Рустам Рўзметов.

- Ҳозир бу ерда рақамлар ҳақида гап кетяпти. Лекин тиббиёт соҳаси малакали мутахассисларни истайди. Малакали шифокорлар эса Ўзбекистондан чет давлатларга кетиб қоляпти, малакасизлар қоляпти. Мен ишлайдиган касалхонада Ўзбекистондан 7 врач бор. Шифокорларни ойликларини оширса, тиббиёт соҳасини ислоҳ қилса, суғурта тизимларини жорий этиб муолажани қисман пуллик қилса, менимча, шифокорлар кетиб қолмас эди. Коррупция ҳам камаярди. Ҳозирги аҳволда масалан мен Ўзбекистонда ишлашни хоҳламайман, чунки менга у ерда Ямандагидан яхшироқ шароит беришмайди, - дейди Рўзметов.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, ҳозир мамлакатда 70 мингдан зиёд шифокор бор. Яъни, 32 миллион аҳолига эга Ўзбекистонда ҳар 10 минг одамга 20 шифокор тўғри келяпти.

XS
SM
MD
LG