Линклар

Шошилинч хабар
21 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:45

Оқ Уй Байден ва Путин видеосаммитда нималар ҳақида сўзлашишини маълум қилди


АҚШ Президенти Жо Байден ва Россия Президенти Владимир Путин Женева саммитида. 16 июнь, 2021
АҚШ Президенти Жо Байден ва Россия Президенти Владимир Путин Женева саммитида. 16 июнь, 2021

Оқ Уйнинг матбуот котиби Жен Псаки АҚШ президенти Жо Байден эртага, 7 декабрь куни ҳимояланган видеоалоқа канали орқали Россия президенти Владимир Путин билан сўзлашиши ҳақидаги хабарларни тасдиқлади. Мулоқот Украина теварагида вазият кескинлашгани манзарасида кечади.

Оқ Уй хабарномасида айтилишича, икки раҳбар Америка-Россия муносабатларига доир турли мавзуларни, жумладан стратегик барқарорлик, киберхавфсизлик ҳамда минтақавий масалаларни муҳокама қилишади.

“Президент Байден АҚШ Россия ҳарбийларининг Украина билан чегарадаги хатти-ҳаракатларидан ташвишмандлигини урғулаяжак ва Қўшма Штатлар Украинанинг суверенитети ва ҳудудий бутлигини дастаклашини тасдиқ этажак”, дейилади хабарномада.

Президентлар видеоалоқа орқали суҳбатлашиб олиши хусусида келишувга эришилгани аввалроқ Кремль томонидан маълум қилинганди. Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков журналистларга Байден ва Путиннинг виртуал саммити чоғида Афғонистондаги вазият, Эрон билан ядро битими ва Америка-Россия муносабатлари ҳам муҳокама қилинишини айтди.

Кремль воизи Дмитрий Песков эса мулоқотда, шунингдек, икки томонлама алоқалар ҳамда июнь ойида бўлиб ўтган Женева саммитида эришилган келишувлар ижроси муҳокама қилинишини билдирди.

Байденнинг ўзи 3 декабрдаги баёнотида уни Путин билан “узоқ суҳбат” кутаётганини айтган ва Қўшма Штатлар Украина масаласида Россиянинг ҳеч бир “қизил чизиғи”ни тан олмаслигини таъкидлаган эди. Шунингдек, Байден у ва маслаҳатчилари Кремлнинг агрессив интилишларини тийишга қаратилган ташаббуслар туркумини тайёрлашаётганини маълум қилди. Бундан олдинроқ Путин Украинанинг НАТОга аъзо бўлиши ёки ушбу мамлакатда НАТО ҳарбий инфратузилмасининг жойлаштирилиши Россия учун “қизил чизиқ” эканлигини айтган эди.

Украина қуролли кучлари қўмондонлигига кўра, Украина билан чегара яқинида турган Россия қўшинлари сони 94 минг аскарни ташкил қилади. АҚШ разведкаси сўнгги пайтларда Россия қўшин гуруҳлари тахминан 70 минг ҳарбий хизматчидан иборатлигини, аммо бу рақам 175 минггача ортиши мумкинлигини таъкидламоқда.

АҚШ ва Германиянинг қатор ОАВлари разведкадаги ўз манбаларига таяниб, январь-февраль ойларида Россия иқтидордаги ҳукуматни ағдариш ёки ҳудудларни ишғол этиш мақсадида Украина ҳудудига кенг миқёсда бостириб кириши мумкинлиги ҳақида ёзди. Айни мазмундаги разведка маълумотларини бир неча кун аввал Украина мудофаа вазири Алексей Резников ҳам эълон қилди.

Бироқ Москва бунақа режалари борлигини инкор этиб, қўшинларини ўз ҳудудида ўзи хоҳлагандек жойлаштиришга ҳақлилигини иддао қилмоқда. “Америка овози” ёзишича, Байден маъмурияти вакиллари Путиннинг ниятини ҳали билмасликларини айтишяпти.

Ўтган ҳафта Стокҳолмда АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан музокара ўтказаркан, “Украинага қарши душманона хатти-ҳаракатларини давом эттиргудек бўлса”, Россияни “жиддий талафот ва оқибатлар” кутажагини айтган.

Bloomberg агентлиги хабарига кўра, Стокҳолмда ўтган ЕХҲТ саммити доирасидаги расмий тушлик чоғида Лавров ва Блинкен тортишиб қолган: Россия вазири Украинада 2014 йилда юз берган воқеаларни “давлат тўнтариши” деб атаган ва НАТО билан ЕИни “ўзгача фикрни бостириш” ҳамда Россияга таҳдид солишда айблаган.

Блинкен эса бунга жавобан, 2014 йилда Украина президенти Янукович, унинг итоатидаги кучишлатар тузилмалар Киев Майданида 100 га яқин кишини ўлдирганидан сўнг Россияга қочганини айтган, шунингдек НАТО – мудофаа иттифоқи эканлигини урғулаган.

XS
SM
MD
LG