Линклар

Шошилинч хабар
15 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:56

ИИБ ходимлари бозорда норозилик билдирган аёлларга нисбатан куч қўллади (ВИДЕО)


Оққўрғон бозори. 2019, 13 август.
Оққўрғон бозори. 2019, 13 август.

Тошкент вилоят, Оққўрғон туман деҳқон бозорида 13 август куни ўнлаб бозорчи аёллар улар савдо қилаётган жойга дўкон қурилишига норозилик билдирган.

Оққўрғон туман ички ишлар бўлимидан Озодлик олган маълумотга кўра, аёллар усталарнинг иш қуролларини синдириб, қурилаётган дўкон деворини бузиб ташлагани сабабли тартибни сақлаш учун у ерга орган ходимлари юборилган.

ИИБ мулозими “автозак”ка тиқилган аёллар ўша жойнинг ўзида яна қўйиб юборилганини айтди.

Мулозим орган ходимларининг аёлларни автозакка тиқиш ҳаракатлари қанчалик қонуний эканлиги ҳақидаги Озодлик саволига жавоб бермади.

Озодликка 16 август куни юборилган видеода Тошкент вилоятининг Оққўрғон туман деҳқон бозоридаги аёллар ва милиция ходимларининг ўртасидаги зиддият акс этган.

"Ваҳшийлар, ваҳшийлар, кучларинг шунга етдими?!"

Видеода хотин-қизлар бозор йўлини ёпиб қўядиган дўкон қурилишига норозилик билдираётганини, бузиб ташланган девор ғиштларини кўриш мумкин.

ИИБ ходимлари норозилик билдираётган аёлларни зўрлик билан қўлини қайириб, уларни ҳимоя қилаётган бошқа аёллардан ажратиб олишга жон-жаҳди билан ҳаракат қилади.

Тўрт нафар гавдали ва кучли орган ходими нозик қоматли бир қизни аёллар қуршовидан қўлларини қайириб юлиб олади ва уни судраб йўл четида турган маҳбус ташиладиган махсус автомобилга зўрлик билан тиқади.

Орадан бир дақиқа ўтмай, орган ходимлари 30-35 ёшлар чамасидаги яна бир аёлни, икки қўлидан ушлаб, “автозак” томон судрай бошлайди.

Одамлар, асосан, аёллар қий-чув кўтаради, атрофдаги эркаклар бунга аралашмайди ва уларнинг баъзилари телефонга видео олишда давом этади.

Ёш бола онасини "автозак"ка тиқмоқчи бўлганларга норозилик билдиряпти
Ёш бола онасини "автозак"ка тиқмоқчи бўлганларга норозилик билдиряпти

Бу орада орган ходимлари яна бир ўрта яшар аёлга ёпишади. Унинг икки қизи ва бир ўғли, жон-жаҳди билан онасини ходимлар қўлидан чиқариб олишга ҳаракат қилади.

Торт-торт оқибатида аёл ерга йиқилади ва чалқанча ётиб қолади. Аёлнинг фарзандлари эса, “ая, ая...” деб унинг атрофида бақира бошлайди.

Аёлнинг қизлари орган ходимларига қараб, “ваҳшийлар, ваҳшийлар, кучларинг шунга етдими?!” деб бақиради.

Аёллардан бири орган ходимларига “нима ҳақларинг бор, аёлни шундай қилгани?!” деб гапиради. Ходимлар жавоб бермайди.

Бозорда қий-чув давом этади, аёлларнинг орган ходимларининг зўравон ҳаракатларига норозилик сифатида билдирган гаплари эшитилади.

"Хотин-қизлар савдо қиладиган жойларининг сунъий тўсилишига норозилик билдирди"

Озодлик 13 август куни бўлиб ўтган бу воқеани ўрганиш жараёнида, Оққўрғон деҳқон бозорида ишлайдиган, исми сир қолишини сўраган тадбиркорлардан бири билан гаплашди.

Унинг айтишича, кичик тадбиркорлар савдо қиладиган расталарнинг катта кўчага олиб чиқадиган жойига янги дўкон қурилиши ва бунинг оқибатида, уларнинг савдо жойи бекилиб қолишига норозилик билдирган:

“Бу хотин-қизлар кичик тадбиркорлар, яъни ўша жойда нон, ширинлик, қовун-тарвуз ва бошқа майда-чуйда сотади. Кўпчилик шу йўлдан ўтиб бозорнинг ичкарисига кирарди. Яъни, одам гавжум жой. Шу жойнинг кўча томонини қайсидир бир тадбиркорга сотишган. У ўша ерда дўкон қуришни бошлаган. Бундан ғазабланган аёллар кўтарилиб, унинг деворларини бузиб ташлаган. Кейин кучайтирилган милиция ходимлари "автозак" машинасида келди. Бир қизни шафқатсиз равишда қўлларини қайириб, судраб автозакка тиқишди. Қолган аёлларни ҳам тиқмоқчи эди, аёллар кўплашиб уларнинг қўлларига ёпишди. Бир аёл ҳушидан кетиб, йиқилиб қолди. Ўша ерда начальник милиция ҳам бор эди, у вазият қалтислашаётганини кўргандан кейин отбой берди. Автозакдаги қизни ҳам кейин қўйиб юборишди. Милициянинг аёлларга нисбатан ваҳшийларча муносабати ҳамманинг ғазабини келтирди”.

"Хотин-қизлар ИИБга олиб келинмади"

Оққўрғон туман ички ишлар бўлимининг ўзини таништирмаган мулозими, бозорчи аёлларнинг норозилигини бостириш учун милиция гуруҳи юборилганини тасдиқлади:

“Бизнинг ходимлар тартиб сақлаш учун юборилган. Жанжал-тўполон кучайганидан кейин, у аёл ҳам “автозак”дан туширилган. Ҳеч ким ИИБга олиб келинмаган, ўша ернинг ўзида уларга тушунтирилган”.

Мулозим орган ходимлари аёлларнинг қўлларини қайириб, судраб “автозак”ка тиқиш ҳаракатлари қанчалик қонуний эканлиги ҳақидаги Озодлик саволига жавоб бермай, алоқани узиб қўйди.

"Машиналар тирбандлигини йўқотиш учун бу йўл ёпилган эди"

Оққўрғон деҳқон бозори директори Ғулом Тулеповнинг айтишича, бозорда савдо қилаётган аёлларнинг бу норозилиги ўринсиз бўлган:

“У ер жуда гавжум жой бўлгани учун, машиналар ўтолмай қолиб, тирбандлик кучайиб кетди. Шунинг учун ҳокимият билан келишиб, ўша йўлни ёпиш қарорига келдик. У йўлнинг бозор учун кераги йўқ. Ўша жойни тадбиркорга дўкон қуриш учун беришди. Йўлакнинг эски эгаси кичик-кичик дўкончалар қилиб, бу аёлларга ойига 150-200 доллардан ижарага бериб қўйган. Аёлларни гиж-гижлаб норозилик билдиришга ўша одам чиқарган. Менинг билганим шу”.

Оққўрғон тумани ҳокимлигининг ўзини таништирмаган мулозими, ҳозир йўлни тўсиб қўядиган дўкон қурилиши тўхтатиб қўйилгани, норозилик билдирган тадбиркорлар ўз ишларини аввалги маромда давом эттираётганини айтди.

XS
SM
MD
LG