Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:40

Отаси Россияда мардикорликда бўлган 15 яшар коллеж ўқувчиси ўзини осди


Самарқанд вилояти Самарқанд туманидаги Қурилиш ва миллий ҳунармандчилик касб-ҳунар коллежининг биринчи курс ўқувчиси ўз жонига қасд қилди. Озодлик манбаларига кўра, отаси Россияда мардикорликда бўлган қиз ўқишдан келибоқ ошхонага кириб ўзини осиб ўлдирган. Туман прокуратураси ўқувчининг ўз жонига қасд қилиш воқеаси юзасидан жиноят иши очган ва унинг бу ҳаракати сабаблари ўрганилмоқда.

Озодликка маълум бўлишича, Самарқанд туманининг Равонак қурилиш ва миллий ҳунармандчилик касб-ҳунар коллежининг биринчи курс қиз бола ўқувчиси (ўқувчининг исм-шарифи Озодликка маълум, лекин ахлоқ қоидалари юзасидан у сир сақланади – таҳририят) 3 ноябрь куни ўз жонига қасд қилган.

Ўқувчи қизни яхши билган равонаклик синфдошининг айтишича, марҳуманинг онаси уч йил аввал ўлган, отаси эса Россияда меҳнат муҳожирлигида бўлган:

“Бу қиз менинг синфдошим эди. Шу йил 33-мактабнинг 9-синфини тугатиб, коллежга ўқишга кирган эди. Отаси Россияга ишлагани кетган эди, ҳар икки йилда бир келарди. Дугонам опаси ва укаси билан аммасининг қаровида қолган эди. Мактабни тоғасининг уйида ўқиб юриб тугатди. Камбағал оиладан эди. Ўша куни коллеждан келгану ошхонага кириб тепадан ўтган газ қувурига ўзини синтетик ип билан осган. Сабабини ҳеч ким билмайди”, деди синфдош дугоналардан бири.

Озодликнинг туман ҳокимиятидаги манбасининг айтишича, ўқувчи қизнинг жасади суд-тиббий экспертизадан ўтказилган ва қизнинг бокира эканлиги аниқланган.

Равонак қурилиш ва миллий ҳунармандчилик касб-ҳунар коллежида фарзанди ўқиётган оталардан бири Озодлик билан суҳбатда, бундай худкушлик воқеаси коллеж тарихида биринчи марта бўлмаётганини иддао қилди:

“Ўтган уч йил мобайнида, агар хотирам панд бермаса, камида бешта шундай воқеа содир бўлди. Коллежда таълим-тарбия сусайиб кетган, директори ичкиликка ружу қўйган одам. Қизларимиздан доим хавотир олиб турамиз. Эшитишимча, бу қиз ҳам коллежда ўқитувчиси томонидан камситилганидан сўнг, дарсдан келибоқ ўз жонига қасд қилган”, деди оталардан бири.

Озодликнинг коллеж директори билан бу борада суҳбатлашишга қилган ҳаракатлари натижа бермади.

Манбаларга кўра, айни пайтда туман прокуратураси бу воқеа юзасидан жиноят иши очган ва қизнинг ўз жонига қасд қилиш сабабларини ўрганяпти.

Ота-онаси хорижга меҳнат муҳожирлигига кетган ёки ўқитувчилари томонидан уялтирилган ва таҳқирланган ўқувчилар орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари Ўзбекистонда кўп содир бўлади.

Жорий йилнинг июнь ойида Тошкентнинг Юнусобод туманида коллеж ўқувчиси ўз жонига қасд қилган эди. Озодлик манбаларига кўра, 17 ёшли бола мактабда ўқитувчиси ва группадошлари томонидан давомли таҳқирланавергач ўзини осган.

2015 йилнинг май ойида Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманидаги 93-мактабнинг 7- синф ўқувчиси ўз жонига қасд қилди. Озодлик манбалари иддаосига кўра, мактаб директори қизнинг телефонидан беҳаё расмларни топиб олиб, уни синфдошлари орасида масхара қилган ва уятга қолган қиз уйида ўзини осган эди.

Ўтган йилнинг апрель ойида Жиззах шаҳридаги 5-умумтаълим мактабининг еттинчи синф ўқувчиси ўз жонига қасд қилган эди. 14 яшар қиз, Озодлик манбаларига кўра, мактабда ўқитувчиси томонидан таҳқирлангандан сўнг ўзини осган эди.

XS
SM
MD
LG