Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:48

Ўзбекистон 5 миллион долларга қайта қураётган Ўш ўзбек театридан фоторепортаж


Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги Ўш давлат академик драма театрида таъмир ишлари шу йил 13 сентябрда бошланган. Марказий Осиёдаги энг кекса театрлардан бири сифатида жорий йилда 104 мавсумини очган театрни таъмирлаш учун Ўзбекистон ҳукумати 5 миллион доллар ажратган эди. Қайта қуриш ишларини Ўзбекистондаги “ТРЕСТ 12” хиссадорлик жамияти бош пудратчи сифатида, 50-қурилиш бошқармасининг икки биргадаси эса субпудратчи сифатида олиб бормоқда.

Қурилиш ишларига жами 70 нафарга яқин қурувчи, тўрт нафар қоровул, икки нафар техник инженер ва ошпаз жалб қилинган. Бундан ташқари бешта техника ишламоқда.

Айтиш жоизки, таъмир ишлари бошланган сентябрь ойи ўрталарида Ўш шаҳар мэрияси таъмирлаш ишларининг умумий қиймати 5 миллион долларга баҳоланаётгани, театрда қайта қуриш ишлари, режага мувофиқ, кейинги йил бошларида якунланиши кутилаётганини маълум қилганди.

Қурувчиларга кўра, ҳозир қурилиш материалларининг “Дўстлик” чегараси қирғиз томонидан ўтишида қийинчиликлар бўлмоқда. Навбат катта бўлгани учун қурилиш материаллари деярли бир сутка навбат кутиб чегарада қолиб кетаяпти.

Бундан ташқари, чегарадан ўтаётганида топширилувчи ПЦР тест учун усталар ўз ёнидан пул тўлаётгани уларга оғирлик қилаяпти. Ҳар бир уста 25 кунда бир марта Ўзбекистонга - уйига бориб келади ва Ўзбекистон ҳамда Қирғизистонга ПЦР тест топшириш учун 130 минг сўмдан тўламоқда.

Ўшдаги ўзбек театри Марказий Осиёда очилган илк театрлардан бири бўлиб ҳисобланади. 1918 йили очилган (баъзи манбаларга кўра, 1914 йилда асос солинган) бу маданият масканига 2004 йилда “академик театр” мақоми берилган.

Аввалроқ Озодлик 4 сентябрь куни Қашқадарё вилоят мусиқали драма театри биносининг “капитал таъмирдан сўнг” очилиш маросими бўлиб ўтгани ҳақида хабар қилган. Айрим нашрлар мазкур таъмирга 10 миллиард сўмга яқин пул сарфлангани, бошқалари эса, вилоят ҳокимлигидан олинган маълумотга таянган ҳолда, 17 миллиард сўм харжланганини ёзиб чиқишган.

XS
SM
MD
LG