Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:20

"Сиёсатчилар баландпарвоз нутқларни яхши кўради." Туркий давлатлар ҳамкорлигининг келажаги борми?


ТДТга аъзо давлатлар раҳбарлари ташкилотнинг илк саммитида. Самарқанд, 11 ноябрь, 2022 йил.
ТДТга аъзо давлатлар раҳбарлари ташкилотнинг илк саммитида. Самарқанд, 11 ноябрь, 2022 йил.

3 ноябрь куни Остона шаҳрида Туркий давлатлар ташкилотининг 10-саммити бўлиб ўтмоқда. Ушбу учрашувдан нимани кутиш мумкин? Россия Украинадаги уруш ботқоғига тушиб қолган бир пайтда Туркия минтақадаги таъсирини оширишга уринмоқдами? Туркий давлатлар ўртасида, хусусан, ҳарбий соҳада ҳамкорлик келажаги борми? «Озодлик» бу ҳақда Шимолий Кипр Яқин Шарқ университети сиёсатшунослик кафедраси доценти Асел Тутумлу билан суҳбатлашди.

ТУРКИЯ МАНФААТЛАРИ ВА ТАЪСИРИ ҚАНДАЙ?

Озодлик: Остонада Туркий давлатлар ташкилотининг 10-саммити бўлиб ўтмоқда. Ташкилот фуқаро муҳофазасининг қўшма механизмини тасдиқлаши кутилмоқда. Саммитда минтақа ва ундан ташқаридаги сиёсий ва иқтисодий ўзгаришлар муҳокама қилинади. Йиғилишнинг вақти ва геосиёсий контексти ҳақида нима дея оласиз?

Асел Тутумлу: Ҳозир [Яқин Шарқда] содир бўлаётган воқеаларни ҳисобга олсак, бу Туркия учун жуда муҳим саммит. Уруш давом этар экан, Туркия Қизил ва Ўрта ер денгизи орқали жанубдан ҳам, шимолдан ҳам юк ташиш учун маълум хавфлар борлигини тушунади. Шу боис Туркия учун Транскаспий йўлаги бўйлаб юк ташишни кенгайтириш муҳим аҳамиятга эга.

Бу ерда Туркия манфаатлари билан Марказий Осиёдаги давлатлар манфаатлари мос келади. Улар ҳам хавфли вазиятда, чунки шимолда [Россия] бор, қуйида эса Афғонистон. Толиблар Қўштепа ирригация каналини қураётганини ҳисобга олсак, улар билан ишлаш анча қийин. Узоқ муддатда бу канал қишлоқ хўжалигига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ички ва айни дамда ташқи хавфларни вужудга келтириши мумкин.

Озодлик: Таҳлилчилар Туркия президенти Эрдўғоннинг асосий мақсади Россия Украинадаги уруш ботқоғига тушиб қолган бир пайтда ресурсларга бой собиқ совет республикалари билан иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаб олиш эканини таъкидламоқда. Бу ҳақда қандай фикрдасиз? Туркия минтақадаги таъсирини оширишга ҳаракат қилмоқдами?

Асел Тутумлу: Албатта, Эрдўғон режимининг Марказий Осиёдаги режимларга таъсири кучайиб бораётгани бор гап. Биз барча даражада яқин ҳамкорликни кўрмоқдамиз: учрашувлар ва маслаҳатлашувлар тез-тез бўлиб турибди. Эрдўғон режими ва Марказий Осиё режимлари ташқи сиёсатда ўз позицияларини мувофиқлаштиришга ҳаракат қилмоқда. Аммо Туркиянинг сармоядор сифатида таъсири анча чекланган.

Туркия минтақада барқарорликни таъминлашда ўзини жуда муҳим ўйинчи сифатида кўрсатишга ҳаракат қилмоқда: нафақат Россия ва Украина ўртасидаги музокараларда воситачилик қилиш, балки Яқин Шарқда маълум мувозанатни яратишда ҳам. Туркия ўзининг алоҳида геосиёсий мавқеини қандай ушлашни ва ундан Европа, Марказий Осиё, араб давлатлари ва шимолий қўшнилар билан муносабатларда қандай фойдаланишни билади. Туркия кучайиб бораётган бўлиши мумкин, аммо бу контекстга боғлиқ: агар уни бирданига маълум бир кучлар, масалан, Россия, Эрон ёки Исроил тан олмай қолса, унда таъсир дастаклари камаяди.

АНҚАРА НИМА ТАКЛИФ ҚИЛИШИ МУМКИН?

Озодлик: ТДТнинг узоқ муддатли режасининг катта қисми икки йил аввал қабул қилинган “2040 йилгача Турк дунёси концепцияси” ҳужжатида белгиланган. Унда ушбу ташкилот аъзо давлатларнинг жамоавий ресурсларидан қандай фойдаланиши ва жаҳон саҳнасида қандай қилиб муносиб кучга айланиши кўрсатилган. ТДТ давлатлари жамоавий ресурслардан қанчалик фойдалана олади?

Асел Тутумлу: Ҳали кўп натижа кўрмадик. Марказий Осиёнинг бешта давлати орасида уринишлар бор: улар минтақа сифатида ўз яхлит ташқи сиёсатини қуришга ҳаракат қилмоқда. Кейин эса бошқа давлатлар, жумладан, Озарбайжон ва Туркия билан сиёсат қурилади. Яъни, бу давлатларнинг муносабатида қандайдир гуруҳлашув бўлиши мумкин. Бу жуда табиий. Озарбайжон ва Туркия тарихан яқин давлатлар, тил ва маданият жиҳатидан унчалик фарқ қилмайди. Туркия ва Озарбайжон бир гуруҳ бўлиб чиқяпти.

Қолган уч аъзо (Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон) ўз қарашлари ва ўз ҳамжамиятига эга. Бу икки тизимни қандай интеграция қилиш катта савол. Келажак ушбу икки гуруҳ ҳамкорлик қилиш имкониятларини қанчалик топа олишига боғлиқ бўлади.

Самарқанд саммити: Мирзиёев туркий давлатлар лидерларини кутиб олмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:13:14 0:00

Ҳозир маълум иқтисодий истиқболлар бор. Аммо сиёсий жиҳатдан ТДТнинг барча аъзолари турли қадрият ва манфаатга эга. Масалан, Озарбайжоннинг туркман газини ўз инфратузилмаси орқали ўтказиш бўйича жуда оддий таклифи ҳам музокаралар даражасида қолиб кетди, чунки Туркманистон [ТДТда кузатувчи] туркман газининг Европа бозорларига чиқишига имкон берувчи кўприкларни яратишдан манфаатдор эмас.

Туркманистоннинг манфаатлари нафақат туркман газини сотиш учун йирик инфратузилмани яратиш, балки ички инфратузилма ва янги конларни ривожлантиришдан ҳам иборат. Ўз навбатида, Озарбайжон ва Туркия Туркманистон ички иқтисодиётидаги тарихий ўйинчилар бўлган Хитой ёки Россияга солиштирганда кўп нарса таклиф қила олмайди.

Яъни, муайян сиёсий позициялар ва манфаатлар фарқланиши Нигоҳ-2040 га эришиш йўлида жуда катта муаммодир.

ҲАРБИЙ САНОАТДА ҲАМКОРЛИК ИМКОНИ ҚАНЧАЛИК?

Озодлик: Сизнингча, қайси соҳада мамлакатлар фаолроқ ҳамкорлик қилиши мумкин?

Асел Тутумлу: Дарҳол эсга ҳарбий саноат келади. Туркия нафақат Қозоғистонда дрон сотиш ёки ишлаб чиқариш ёки Қирғизистонга сотишдан, балки танклар ёки артиллерия технологиясини сотиш орқали минтақадаги ҳозирлигини кучайтиришдан ҳам катта манфаатдор. Аммо бу ерда ҳарбий инфратузилма ва товарларнинг 90 фоиздан ортиғи Россиядан келишини ҳам тушуниш керак. [Турк ҳарбий технологияси] ҳамма нарсага ва ҳар доим ҳам мос келавермайди.

[Қозоғистон] ҳарбий алоқалар ва ҳарбий саноатни ривожлантиришда катта салоҳиятга эга. Аммо улар бўшлиқлар пайдо бўлиб қолади, чунки компонентларни бирлаштириш деярли имконсиз. Шу сабабли, мамлакат ҳарбий ҳамкорлик учун Россия таъминотига қарам бўлиб қолмоқда.

Марказий Осиёдан Туркия орқали Европа бозорларига чиқа оладиган қишлоқ хўжалиги инфратузилмасини яратиш ҳақида тез-тез гапирилади. Аммо Марказий Осиёдаги экологик хавфларни ҳисобга олсак, бу ҳам анча қийин.

Озодлик: Дарҳақиқат, Туркия бозори чаққон ҳарбий маҳсулотлар ишлаб чиқарувчиси сифатида танилган. Қозоғистон ҳамкорликда ҳужумчи дронларни ишлаб чиқариш режасини эълон қилди. Қозоғистон Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига аъзо бўлганини ҳисобга олсак, режалар амалга ошиши қанчалик имконли?

Асел Тутумлу: Бу ерда муаммо КХШТга аъзоликда эмас, балки элита манфаатида. Принципиал жиҳатдан бу дронларни Қозоғистонда қуриш мумкин. Гап шундаки, ушбу дронларни маҳаллий ишлаб чиқариш уларни ташқаридан сотиб олиш билан солиштирганда элита учун қанчалик манфаатли.

Буни собиқ “Казахстан Инжиниринг” шўба ташкилоти мисолида кўрдик. Компания ўз маҳсулотларини яратиш билан шуғулланган, аммо давлат буюртмаларини йўқотган. Муайян даражадаги амалдорлар учун ташқаридан товарлар сотиб олиш анча осон. Элита давлат бюджети пулларини харидларга сарфлаб, катта фойда олади. Маҳаллий ишлаб чиқаришни яратиш мумкин, лекин у давлат ёрдамисиз ишламайди.

Озодлик: Демак, бу масалада Россияга эътибор йўқми?

Асел Тутумлу: Мен бундай деб ўйламайман, чунки бу ўзига хос ишлаб чиқариш. Биз дронларни ишлаб чиқарамиз, чунки Россия буни бизга таклиф қила олмайди. Агар биз маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантирсак ёки Россияники билан рақобатлашадиган қуролларни ишлаб чиқаришга инвесторларни таклиф қилсак, катта муаммолар бўлиши мумкин. Аммо биз бунгача борамиз деб ўйламайман: ҳарбий элита Россия институтларида ўқитилган ва бундай нарса уларнинг хаёлига ҳам келмайди.

ЭКСКЛЮЗИВ: Мирзиёев. Қрим. Тоштурма
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:24:43 0:00

МОСКВА ВА АНҚАРА ТАЪСИР ЎТКАЗИШ УЧУН РАҚОБАТЛАШАДИМИ?

Озодлик: Мутахассислар фикрича, ТДТнинг мақсадлари улкан бўлса-да, ҳозир фақат Озарбайжон ва Туркия бу иттифоқ учун қўшимча ҳаракатлар қилишга тайёр, чунки Россия Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон устидан улкан таъсир кучига эга. Бу ҳақда қандай фикрдасиз? Россиянинг таъсири ТДТдаги ҳамкорликка хавф соладими?

Асел Тутумлу: Бу ерда Россия ва Туркия ўртасида рақобат бор деб ўйламайман. Назаримда, Туркия ва Озарбайжоннинг мақсади Марказий Осиё давлатлари манфаатларига тўлиқ мос келади ва Россия манфаатларига зид эмас.

Россия Туркия таклиф қилаётган нарсада хавф кўрмаяпти. Ҳа, айрим [рус] расмийлари лотин алифбосига ўтиш Россия таъсирига қарши кураш, дейишлари мумкин. Ёки муқобил йўлакларни яратиш транзит ҳамкори сифатида Россияга қийинчилик туғдиради. Лекин, назаримда, Россия муқобил йўлаклар ва йўлларни ривожлантириш ўзи учун ҳам фойдали эканини тушунади. Унинг МДҲ давлатлари ва Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорлиги бошқа ташкилот ва келишувлар доирасида давом этмоқда.

Озодлик: Россия матбуоти ҳамон жуда асабий муносабатда. Ёзда Остона ва Анқара Уралскда ҳарбий кемалар қуриш бўйича келишув имзолаган эди. Ғарб таҳлилчилари эса бу Россия флотилиясининг Каспий денгизидаги ҳукмронлигига зарба бериши мумкин ва Туркия у ерда доминант ўйинчига айланиш ниятида, деб ҳисоблайди.

Асел Тутумлу: Россия давлат оммавий ахборот воситаларидан ҳар доим муносабат бўлади. Россияда баъзилар уни империя сифатида кўради. Эҳтимол, рус ўқувчиси назарида бу яхши: Россия эътибор қаратади, "назорат қилади".

Аммо, аслида, бошқарувдагилар тушунишади: бу қанчалик амалга ошиши ҳали номаълум. Каспий денгизи саёз бўлиб бораётганини ва чуқурроқ қисми Эрон ва Туркманистон томонда жойлашганлигини ҳисобга олсак, ҳатто флотга муҳтож эмасмиз. Шимолий қисми жуда текис ва унчалик чуқур эмас. Шундай экан, бу лойиҳани қай даражада амалга ошириш мумкинлиги катта савол.

Озодлик: Туркия президенти ҳузуридаги Хавфсизлик ва ташқи сиёсат кенгаши аъзоси, сиёсатшунос Бурҳониддин Дуран ўз мақоласида Туркия минтақада Хитой билан рақобатлаша олишини таъкидлади. Сизнингча, бу мумкинми?

Асел Тутумлу: Туркия сиёсатчилари дабдабали нутқларни яхши кўради. Лекин бу гаплар ортида Хитой билан рақобат қилишнинг ҳожати йўқ, бу давлат ҳаммага керак, деган тушунча ётибди: Марказий Осиёга ҳам, Озарбайжонга ҳам, Туркия ва Европа давлатларига ҳам. [Хитой] Туркиянинг стратегик жойлашувидан ўз юкларини ўтказиш учун фойдаланиши мумкин. Туркия яхши лойиҳаларни тақдим эта олади, Хитой эса сармоя, ресурслар ва товарлар билан таъминлайди. Минтақадаги кучлар мувозанатга назар ташласак, Туркиянинг [Хитой билан] рақобатдан кўра ҳамкорлик қилиш имкониятлари кўпроқ.

Озодлик: Хўш, ТДТдаги ҳамкорлик келажаги ҳақида нима дейиш мумкин?

Асел Тутумлу: Бу давлатлар ўзаро ҳамкорликни қанчалик оширишига боғлиқ бўлади. Маданий мерос, мустаҳкамланаётган барқарорлик ҳақидаги дабдабали нутқларга қарамай, биз ҳали ҳам савдо айланмаси кичиклигича қолаётганини ва деярли ўсмаётганини кўряпмиз. [ТДТга аъзо мамлакатлар] ҳукуматларининг савдо айланмасини икки ёки уч баравар ошириш режаларига қарамай, ҳеч нарса иш бермаяпти. Биз амалга ошириш жуда қийин бўлган маълум бир режалар тузилаётганини кўряпмиз.

Форум

XS
SM
MD
LG