Ўзбекистон собиқ Бош прокурори 44 яшар Отабек Муродов собиқ ДХХ раиси Ихтиëр Абдуллаев устидан очилган жиноят иши доирасида 18 сентябрь куни терговга чақирилган ва ўша куни тергов изоляторидан қўйиб юборилмаган.
Мазкур терговга яқин юқори лавозимли амалдор Озодликка шундай хабар юборди.
Ўзбекистон президенти админстрациясига яқин мулозим бу хабарни тасдиқлади.
Матбуотга гапириш ваколати йўқлиги боис шахси сир қолишини сўраган бир-биридан мустақил бу мулозимларга кўра¸ Отабек Муродов 18 сентябрь ДХХ изоляторида ДХХ собиқ раиси Ихтиëр Абдуллаев иши бўйича сўроққа чақирилган.
Собиқ бош прокурор 18 сентябрдан 19 сентябрга ўтар кечаси ўша изоляторда олиб қолинган.
Мулозим иддаосига кўра¸ бунга қадар уй қамоғида сақланган собиқ Бош прокурор Муродовга нисбатан эҳтиëт чораси ўзгартирилган.
Айни пайтда Озодлик ихтиëрида бу иддаоларнинг расмий тасдиқ ëки инкори ҳозирча йўқ. Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати Озодликнинг бу ҳақдаги сўровини жавобсиз қолдирди.
Президент фош қилган эди
Жорий йил 21 июнь куни Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг 20-ялпи мажлисида чиқиш қилган президент Шавкат Мирзиёев 3-даражали давлат адлия маслаҳатчиси Отабек Муродовга нисбатан жиноят иши очилганини маълум қилган эди.
Мазкур чиқишида Мирзиёев собиқ бош прокурор ўз ишончини оқламаганини таъкидлаган эди.
"Бу нима деган гап? Мансаб берса, дарров ўзгариб қолади. Вилоят прокурорларидан 100 минг, 50 минг долларлаб олинади. Прокуратура ва солиқ тизимидагиларнинг ҳаммаси порахўр. Мен буни яхши биламан. Мен Муродовга ишонч билдиргандим," деган эди Шавкат Мирзиёев.
Президент Мирзиëев ўз нутқида устидан жиноят ишлари қўзғатилган раҳбарларнинг барчаси жазоланишини айтган эди.
"Прокуратурада коррупция бўлаверадиган бўлса, мен қандай қилиб инвесторларни жалб қиламан? Инвестор депутат ёки ҳукумат одамидан эмас, тадбиркордан сўрайди давлатдаги ҳолат ҳақида. Тадбиркор нима дейди? Прокурор ҳам, вазир ҳам пул олади дейди-да! Собиқ раҳбарларнинг ҳаммаси, у Абдуллаев бўладими бошқасими, катта муддат билан кетади", деган эди Шавкат Мирзиёев.
Президентнинг бу гапидан кейин собиқ прокурор уйидан терговга конвой ҳамроҳлигида олиб кетилиб, прокуратуранинг ишдан бўшатилган собиқ мулозимлари билан юзлаштирилгани иддао қилинган эди.
44 яшар Отабек Муродов Жиноят Кодексининг 205-моддаси (Ҳокимият ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш), 210- моддаси (Пора олиш) ва 211-моддаси (Пора бериш) да айбланмоқда.
Кучишлатар тизими мулозимининг 19 сентябрь куни Озодликка айтишича¸ собиқ Бош прокурор Муродовнинг Қашқадарë ва Тошкентдаги уйлари жорий йилнинг 2 июлидан бошлаб то бугунгача 24 соатлик ташқи кузатувга олинганича қолмоқда.
Рутбадан маҳрум қилинган эди
20 июнь куни Бош прокуратура биносида ўтказилган мажлисда бош вазир Абдулла Арипов ва президент администрацияси раҳбари Зайнилобиддин Низомиддинов Отабек Муродовни учинчи даражали адлия маслаҳатчиси рутбаси ва барча давлат мукофотларидан маҳрум этган эди.
Бу ҳақда мажлиснинг бевосита қатнашчилари Озодликка ўша куниëқ хабар қилган эди.
Озодлик Отабек Муродов билан боғлиқ тергов жараëни ҳақида унинг яқинларидан маълумот олишга ҳаракат қилди.
Ҳозирча Муродов яқинлари матбуот билан мулоқот қилишдан ўзини олиб қочмоқда.
Муродов яқинларининг унга мустақил адвокат ëллаш сўрови қондирилмаган¸ унга давлат томонидан адвокат тайинланган.
Ўзбекистон тарихидаги энг ëш бош прокурор бўлган Отабек Муродов бу қудратли ва ëпиқ идорани матбуот учун очган раҳбар сифатида эътиборга тушган.