Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:07

Муддати битган ОВИР билан МДҲдан четда юрганлар жазоланмайди (ВИДЕО)


Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонаси консули Азим Озотов Прагада
Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонаси консули Азим Озотов Прагада

Хорижда муддати битган чиқиш визаси билан бошқа давлатларга бориб юрган Ўзбекистон фуқаролари жазодан озод қилинди. Ўзбекистоннинг Германиядаги консули Азим Озотовнинг айтишича, бундан фақат МДҲ давлатлари истиснодир. ​Яъни, МДҲ давлатларида чиқиш визаси битган фуқаролар Ўзбекистонга қайтиши керак.

Германиядаги Ўзбекистон элчихонасининг 9 июл куни Прага шаҳрида ўзбекистонликлар билан учрашган консули Азим Озотов муддати битган чиқиш визаси билан хорижда ҳаракатланган фуқароларга белгиланган жазо қисман бекор қилинганини маълум қилди.

​- Хорижда чиқиш визасининг муддати битган фуқаролар Шенген визаси ҳудудидаги мамлакатлар, АҚШ, Австралия, Туркия каби давлатларга саёҳат қилиши мумкин. Бу энди қонунбузарлик ҳисобланмайди, - деди консул Озотов.

Аммо, МДҲ мамлакатлари бундан мустаносидир.

Консулнинг Чехияда яшаётган ўзбекистонликлар билан ўтган учрашувда берган бу баёноти кўпчилик учун янгилик бўлди.

Аммо, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги қошидаги Хорижга чиқиш-кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасидан (Республика ОВИРи) олинган маълумотга кўра, янги тартиб 2016 йилнинг май ойида жорий этилган.

Бунга қадар хорижда юрган пайтида чиқиш визасининг муддати тугаган ўзбекистонликларга учинчи давлатга чиқиш тақиқланган ва юртга қайтиб, визасини узайтириш талаб қилинарди.

Бу тартибни бузганлар эса ​Ўзбекистон Жиноят кодексининг 223-моддасига кўра, энг кам иш ҳақининг 200дан 400 баробаригача жарима, бу ҳаракатни такрор-такрор содир этган тақдирда уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум этиш кўзда тутилган эди.

Республика ОВИРидан олинган маълумотга кўра, чиқиш визаси тартибини бузганларга 2014 йилда жорий этилган жиноий жавобгарлик ортидан "ижтимоий аҳамияти катта бўлмаган қонунбузарлик боис, судланган фуқароларни сони кўпайиб кетган".

"Шуни инобатга олган ҳолда 2016 йилнинг май ойида Ички ишлар вазирлиги, Прокуратура ва Миллий хавфсизлик хизмати томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 1995-йилдаги 8-сонли қарорига ўзгартиш киритилди. Энди, фуқаронинг чиқиш визаси муддати хорижда битган бўлса, масалан, Туркияда битган бўлса, учинчи давлатга чиқишига рухсат берилади. Масалан, Туркиядан Америка, Осиё давлатлари, Европага бориши мумкин. У давлатлардан тўғри Ўзбекистонга қайтса, жазоланмайди. У давлатлардан яна Туркияга қайтиб, кейин Ўзбекистонга қайтса ҳам жазоланмайди", деди республика ОВИРининг мулозими Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.

Расмий маълумотга кўра, бунда фақат МДҲ - Мустақил давлатлар ҳамдўстлигига аъзо мамлакатлар истиснодир.

"Яъни, қачон чиқиш визаси тартиби бузилади? Қачонки, хорижда юрганида чиқиш визасининг муддати тугаган фуқаролар МДҲ мамлакатларига кириб, кейин яна МДҲ ҳудудидан чиқиб, хорижий давлатга кетса, тартибни бузган бўлади. Яъни, масалан, Туркияда визаси тугаган фуқаролар Россия ёки Қозоғистонга кирса ва у ердан яна Туркияга ёки виза талаб қилинадиган бошқа хорижий мамлакатга чиқиб кетса, тартибни бузган бўлади", деди деди республика ОВИРининг мулозими Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.

Айни пайтда, мулозим нега айнан МДҲ мамлакатлари истисно қилингани сабаблари ҳақида маълумот бермади.

Эслатиб ўтамиз, МДҲ - Мустақил давлатлар ҳамдўстлигига 12 давлат аъзо - Ўзбекистон ва унга қўшни тўрт давлат: Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон, Қозоғистон ҳамда Россия, Грузия, Украина, Молдова, Белорус, Озарбойжон, Арманистон.

Расмийга кўра, виза тартибини бузган шахсларга белгиланган жазо ўзгаришсиз қолган.

ЖКнинг 223-моддасига биноан "Белгиланган тартибни бузиб чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш ёхуд чегарадан ўтиш — энг кам ойлик иш ҳақининг икки юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади".

Республика ОВИРидан олинган маълумотга кўра, фуқарога жазо белгилашда, унинг муддати битган чиқиш визаси билан неча бор саёҳат қилгани инобатга олиниб, жарима ёки қамоқ муддати қўлланиши мумкин.

XS
SM
MD
LG