«Чинор остидаги дуэль»¸ «Суюнчи»¸ «Абдуллажон» каби ўзбек киноси "олтин сандиғи"дан ўрин олган кинофильмлар сценарий муаллифи Рихсивой Муҳаммаджонов Озодлик билан суҳбатда «фалаж аҳволга келган ўзбек киносини» қандай қилиб реанимация қилиш ҳақида гапирди.
Киносценарист Рихсивой Муҳаммаджоновни суҳбатга миллий кино санъати ва киноиндустрияни ривожлантириш масалаларига бағишлаб 29 декабрь куни президент Мирзиёев ўтказган йиғилиш муносабати билан тортдик.
29 декабрь кунги йиғилишда Мирзиёев замонавий ўзбек кинофильмларни жиддий танқид қилди. Шунингдек, Ўзбекистон президенти ўтган 25 йиллик даврда “приватизация баҳонасида кинотеатрларнинг чойхона ва дўконларга айлантирилганидан” таассуф билдирди.
Кинорежиссёр Йўлдош Аъзамов тарафидан 1969 йилда суратга олинган «Ўткан кунлар» киносини соғинишини таъкидлаган Ўзбекистон президенти ҳозирги киноларга “сарфланган пуллар ҳайф” дер экан, фикрини бундай давом эттирди:
“Менинг энг катта ички қийноқларим: “Бобур” киносини кўришни ўзим ният қилардим. Улуғбек, Беруний, қилсак (кино олсак, демоқчи -таҳр.) бўладими?! Миллатимизнинг орзуси бўлган бу кинолар нега йўқ?»
Мирзиëев нутқидаги айнан шу гапларни бундан икки йил олдинги Қурултой дастурида ўзбекистонлик таниқли кино усталари Шуҳрат Аббосов¸ Рихсивой Муҳаммаджоновлар ҳам гапирган эди.