Линклар

Шошилинч хабар
19 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:51

"Умид"чи ўзбек олими яратган соғлом резина Британияда мукофот олди


Анвар Бўронов (ўртада) ҳамкасблари билан. Сурат Nova-BioRubber ширкати расмий сайтидан олинди.
Анвар Бўронов (ўртада) ҳамкасблари билан. Сурат Nova-BioRubber ширкати расмий сайтидан олинди.

“Умид” жамғармаси йўлланмаси билан хориждаги нуфузли университетни тугатиб, Канададаги каучук ишлаб чиқарувчи етакчи корхоналардан бирига раҳбарлик қилаëтган Анвар Бўронов асос солган Nova-BioRubber ширкати Буюк Британия соғлиқни сақлаш бизнес мукофоти танлови - Medilink U.K. Healthcare Business Awardsнинг инновацион материаллар номинацияси бўйича ғолиб деб топилди.

Анвар Бўроновнинг қароргоҳи Канаданинг Суррей шаҳрида жойлашган ширкати резина ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқаради.

Medilink расмийларининг маълум қилишича, Nova-BioRubber аллергия келтириб чиқармайдиган ва турғун йўл билан ишлаб чиқариладиган биолатекс, биорезина ҳамда инулин учун мукофот билан тақдирланган.

Medilink эълон қилган матбуот баёнотида “Ҳакамлар ушбу материал соғлиқни сақлаш соҳасидаги муҳим муаммони ҳал қилишга кўмаклашишини, аллергия келтириб чиқармайдиган ҳамда турғун биолатекс саноатга катта ижобий таъсир кўрсатишини айтишди“, дейилади.

Nova-BioRubber мукофот билан тақдирланган материалларни кўксақич ўсимлигидан ишлаб чиқарган. Кўксақич қоқиўтдошлар оиласига мансуб кўп йиллик ўт бўлиб, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистонда ўсади. Ундан юқори сифатли каучук олинади.

Nova-BioRubber маҳсулотлари латексга аллергияси бўлган шахслар учун қўл келади. Қолаверса, ширкат резинага талаб кучайиб бораётган бир пайтда уни барқарор ишлаб чиқариш йўлини таклиф қилган.

Мукофотни ширкат асосчиси ва директори Бўронов Буюк Британиянинг Бирмингем шаҳрида қабул қилди.

Баённомада ёзилишича, Medilink Буюк Британиянинг соғлиқни сақлаш технологияларини ишлаб чиқарувчи ширкатларнинг энг йирик тармоғи бўлиб, унинг 1,600 аъзоси бор.

Medilink ширкатининг ҳар йили ўтказиладиган Medilink U.K. Healthcare Business Awards танлови соғлиқни сақлаш технологиялари соҳасида қилинган янгиликлар муаллифларини мукофотлайди.

“Умид” жамғармаси йўлланмаси билан хориждаги нуфузли университетни тугатиб, Канададаги каучук ишлаб чиқарувчи етакчи корхоналардан бирига раҳбарлик қилаëтган 48 яшар олим ва тадбиркор Анвар Бўронов ўтган йили OzodNazar эшиттириши меҳмони бўлган эди.

XS
SM
MD
LG