Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:32

Избосканлик фермерлар: "Агробанк" 14 млнлик агрегатни алдаб сотиб, бизни чув туширди


“Агробанк”нинг Тошкентдаги марказий идорасидан ҳам, Андижон вилояти бўлимидан ҳам,Избоскан туманида фермерларга зарарли хашаротларни ўлдиришда фойдаланиладиган заҳар сепувчи ускуна бозор нархидан икки баравар қиммат нархда сотилгани юзасидан изоҳ ололмади.
“Агробанк”нинг Тошкентдаги марказий идорасидан ҳам, Андижон вилояти бўлимидан ҳам,Избоскан туманида фермерларга зарарли хашаротларни ўлдиришда фойдаланиладиган заҳар сепувчи ускуна бозор нархидан икки баравар қиммат нархда сотилгани юзасидан изоҳ ололмади.

Андижон вилоят, Избоскан туманида камида етмиш фермерга туман ҳокимлиги ва “Агробанк” филиали раҳбарлари томонидан зарарли ҳашаротларни ўлдиришда фойдаланиладиган заҳар сепувчи ускуна бозордагидан икки баравар қиммат - 26 миллион сўмдан 36 фоизлик кредит эвазига сотилган.

Бу ҳақда Озодликка хабар қилган айрим фермерлар паспортлари банк бўлими раҳбари томонидан йиғиб олиниб¸ ўз номларига агрегат олиш учун бир йилга 26 миллион сўмлик кредит расмийлаштирилганини айтишди.

5 сентябрь куни Озодлик фермерлар шикояти юзасидан изоҳ олиш учун "Агробанк"нинг Избоскан туман бўлими раҳбари Азизбек Жалолов билан унинг уяли телефони орқали боғланди.

Жалолов Озодлик саволини эшитгач, банд эканини айтиб, кейинроқ телефон қилишни сўради. Аммо, кейин ҳам, бир кун ўтиб ҳам Жалоловга қайта боғланиб бўлмади.

Озодлик суҳбатлашган избосканлик фермерлар уларни "Агробанк"нинг Избоскан тумани раҳбари "чув туширган"и, оқибатда катта миқдорда қарзга ботганликларини айтишди.

Исми сир қолишини истаган избосканлик фермернинг Озодликка айтишича, "Агробанк" бўлими раҳбари уларга имтиёзли кредит берилишини ваъда қилган.

Аммо, улар 26 миллион сўмлик кредитнинг биринчи тўлов қоғози келганда¸ унинг устамаси 36 фоизлигидан хабар топганлар.

...Бизни қарзга ботириб қўйди. 26 миллион сўм, устига 36 фоиз. Бир йилга ҳисоблаганда 14 миллион сўм турадиган агрегат бизга 35 миллионга тушяпти

- Қип-қизил фирибгарлик бўлди. Жалолов “70та заҳар сепадиган аппарат келди, шуни 26 миллион сўм нархда олинглар, 3 йилга 24 миллион сўмдан узиб юборишга берамиз” деди. “Пахта, ғалла қилиб уч йилда узиб юборасизлар” деди. “Хўп” деб ҳужжатларни расмийлаштирдик. “Бу бўлмайди, биттадан паспорт нусхалари ва иш ҳақи тўғрисидаги маълумотларни беринглар” деди. Биз бердик. У эса ҳужжатларни олиб бизнинг номимизга 26 миллион сўмдан бир йилга 36 фоизлик қилиб микрокредит уриб қўйибди. Аппарат ўзи бозорда 14 миллион сўм туради. Ўзининг фойдасини олволиб, бизни қарзга ботириб қўйди. 26 миллион сўм устига 36 фоиз. Бир йилга ҳисоблаганда 14 миллион сўм турадиган агрегат бизга 35 миллионга тушяпти, - деди избосканлик фермер.

Агрегат бозорда 14 миллион сўм турса фермерларга уни бозордан олган афзал эмасми эди? Бу саволга избосканлик фермер шундай жавоб қилди:

Муҳтарам юрт бошимиз селектор йиғилишларида фермерларни қўллаб-қувватлаш кераклигини такрор-такрор айтяпти, бу банкирлар фермерлани пулларини талон-торож қиляпти

- Уч йиллик кредит деганига секин узамиз деб ўйлаган эдик-да. Ҳозир тайёр пул бизда ҳам йўқ-да. Лекин, банк раҳбари бир йилга 36 фоизлик кредит уриб қўйибди-да. Биз бунақа фоизда бир йилга деб ўйламаган эдик-да. Бир сўз билан айтганда банк раҳбари ҳокимлик билан тил бириктириб етмишта фермерни чув туширди. Муҳтарам юртбошимиз селектор йиғилишларида фермерларни қўллаб-қувватлаш кераклигини такрор-такрор айтяпти, бу банкирлар фермерлани пулларини талон-торож қиляпти.

Избоскан туман ҳокимлигининг қишлоқ хўжалик масалаларига масъул мулозими фермерларни "Агробанк"дан кредитга агрегат олишга ҳеч ким мажбурламаганини айтди.

- Билишимизча, уларга бу агрегатни ҳеч ким мажбурлаб сотмаган. Ўзлари шу нархга рози бўлиб олишган. Лекин биз буни ўрганиб чиқяпмиз, агар банк томонидан алдов ёки фитнакорлик бўлган бўлса аниқлаб, чора кўрилади, - деди ҳокимлик мулозими.

Айни схема бўйича ўқитувчиларга ноутбук сотилган

Асосий вазифаси аҳолига молиявий хизмат кўрсатиш бўлган “Агробанк”нинг Избоскан филиали бундан олдин Халқ таълими бўлими раҳбарияти билан "тил бириктирган ҳолда" ўзлари олиб келган ноутбукларни ўқитувчиларга икки баравар қимматга “ўтказгани” ҳақида ўқитувчилар Озодликка шикоят қилган эди.

“Агробанк”нинг Избоскан филиали халқ таълими ходимларига 3 миллион сўмдан кредит бериб¸ Lenovo ноутбуклари олдиришди. Ўз номига бундай кредит очилганидан хабари йўқ ўқитувчилар ҳам кўп. Банк компьютер сотадиган дўкон эмаску! Кредит сўраб борганлар қолиб¸ бунақа кредитни умуман истамаган ўқитувчиларга 3 миллиондан бериб¸ ноутбук сотишган. Банкдагиларнинг ўзлари бизга май ойидан бери туманда 370 ўқитувчига шундай кредит берилганини айтди”¸ деб хабар юборган эди избосканлик ўқитувчилардан бири 2 сентябрь куни Озодликка.

“Агробанк”нинг Тошкентдаги марказий идорасидан ҳам, Андижон вилояти бўлимидан ҳам, Избоскан туманида фермерларга зарарли ҳашаротларни ўлдиришда фойдаланиладиган заҳар сепувчи ускуна ва ўқитувчиларга ноутбуклар бир хил схемада бозор нархидан икки баравар қиммат нархда сотилгани юзасидан Озодлик изоҳ ололмади.

Фермер хўжалигини юритиш Ўзбекистонда энг оғир соҳалардан эканлиги айтилади.

Тошкентдаги Халқаро Пресс клубнинг 2017 йил октябр ойида ўтказилган фермерлар ҳаётига бағишланган анжуманида Ўзбекистондаги аксар фермерлар зарар кўриб ишлаётгани айтилган эди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев икки йил аввал ўз чиқишида пахта етиштиришдан ҳатто фермерлар ҳам фойда кўрмаётганини эътироф этган эди.

XS
SM
MD
LG