Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 04:08

Дўстлик туман бозори ҳам тадбиркорга компенсация бермасдан бузилмоқда


 Ўзбекистоннинг бошқа вилоят ва туман марказларида бозорларнинг бузилиши тадбиркорларнинг кескин норозилиги манзарасида кечган.
Ўзбекистоннинг бошқа вилоят ва туман марказларида бозорларнинг бузилиши тадбиркорларнинг кескин норозилиги манзарасида кечган.

Жиззах вилояти Дўстлик тумани марказидаги буюм ва деҳқон бозорининг дабдурустдан бузилиши шу бозорда тирикчилик қилиб келган деҳқонлар ва савдогарлар норозилигини уйғотди. Озодликка тинимсиз қўнғироқ қилган бир гуруҳ тадбиркорларнинг таъкидлашича, ҳокимлик бузилаётган дўконларига товон пули тўлаш ҳақида ҳеч нарса айтмаган. Дўстлик тумани ҳокимлигининг капитал қурилиш бўйича мулозими Озодлик билан суҳбатда бозор бузилиб ўрнида кўп қаватли савдо мажмуаси қурилиши, реконструкция даврида савдогарларга бошқа жойдан шароит яратиб берилишини айтди.

23 январь куни асосан аёллардан иборат элликтача савдогар бозорга келган туман ҳокимлиги вакиллари билан деҳқон бозорини жойида қолдириш борасида мулоқот қилишга уринган.

Савдогарлар талаби қондирилмаган, уларга бозор бузилиши ҳақида туман ҳокимлигининг қарори борлиги айтилган.

Гувоҳларнинг Озодликка айтишича, қий-чув кўтарган савдогарларни милиция келиб тарқатишга мажбур бўлган.

- Бозорни бузамиз, дўконларни бўшатларинг¸ деб келишди. Қаерга кўчирилишимиз, бузилган дўконларга товон бериладими, йўқми, ҳеч нарса айтишмаяпти. Бўшатинглар¸ дейишяпти¸ холос. Аёллар ҳокимлик расмийлари билан қий-чув қилишди, фойдаси бўлмади. Ҳокимнинг қарори бор экан. Бир неча милиция келиб тарқатди. Бозор чеккасидаги айрим дўконлар бузилаяпти, келаси ойгача ҳаммаси бузилар экан, - дейди жиззахлик савдогар.

Дўстлик тумани ҳокимлигининг капитал қурилиш бўйича мулозими Озодликка савдо-сотиқ шароитини яхшилаш мақсадида буюм ва деҳқон бозори ўрнида замонавий савдо мажмуаси қурилишини айтди.

- Кўп қаватли савдо мажмуаси бўлади у ерда. Март ойидан қуриш бошланади. Мустақиллик кунига битказиш режаланган. Бозорлардан тушум бўлмаяпти. Агар замонавий қилиб супермаркетлар қурилса¸ тушум ҳам бўлади, савдогарлар учун ҳам¸ харидорлар учун ҳам шароит яратилади, - деди Дўстлик тумани ҳокимлигининг Капитал қурилиш бўйича мулозими.

Айтилишича¸ Дўстлик тумани деҳқон бозорида 200 атрофида одам савдо қилади. Буюм бозори қисмида эса элликдан зиёд хусусий дўкон мавжуд.

Савдогарлар деҳқон бозори бузилиб, янги дўконлар қуриладиган бўлса уларнинг ижара нархи, ҳамда солиқ тўловлари ўта юқори бўлиб кетишидан ташвиш билдирмоқда.

- Ҳокимликлар юзлаб одам тирикчилик қилиб келган бозорларни бузаяпти. Туманда таъмирга муҳтож инфраструктура талайку! Ундан кўра, йўлларни таъмирласин, ўлда-жўлда бўлиб ётибди, бозоримизга, тирикчилигимизга тегмасин, - дейди Дўстлик тумани бозорида кийим-кечак дўконига эга тадбиркор.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 27 март куни имзолаган 2853-сонли қарорига кўра, Ўзбекистондаги барча деҳқон бозорлари бузилиб, ўрнида замонавий савдо мажмуалари қурилмоқда.

Бундан аввал ҳам Ўзбекистоннинг бошқа вилоят ва туман марказларида бозорларнинг бузилиши тадбиркорларнинг кескин норозилиги манзарасида кечган.

XS
SM
MD
LG