Ўзбекистонда қуриладиган атом электр стансиясини 2028 йилгача ишга тушириш режалаштирилган. Бу ҳақда атом электр энергетикасини барпо этиш бўйича ташкилий-техник чора-тадбирларни амалга ошириш масалаларига бағишлаб 10 июлда ўтказилган йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев маълум қилди.
Президентнинг билдириишча, Тошкент “Росатом” корпорацияси билан ҳамкорликда атом электр станциясини қуриш бўйича келишувга эришган. АЭС ҳар бирининг қуввати 1 минг 200 мегаваттли 2та энергоблокдан иборат бўлади.
Июль ойи бошида Озодлик радиоси “Росатом” Ўзбекистон ҳудудида атом электр станциясини қуриш масаласидаги келишувни якуний босқичда муҳокама қилинаётганини билдиргани тўғрисида хабар берганди.
Президент расмий сайтида маълум қилинишича, бугунги кунда Ўзбекистоннинг электр қувватига бўлган талаби 69 миллиард киловатт-соатни ташкил этади.
Унинг деярли қарийб 85 фоизи газ ва кўмирни ёқиш орқали, қолган 15 фоизи гидроэлектр станцияларида ишлаб чиқарилади. Бунинг учун йилига 16,5 миллиард куб метр табиий газ, 86 минг тонна мазут ва 2,3 миллион тонна кўмир сарфланади.
Атом электр станцияси барпо этилиши натижасида йилига 3,7 миллиард куб метр табиий газ тежалади. Бунинг натижасида атроф-муҳитга тарқаладиган ис гази ҳажми йилига 3 миллион тоннага камаяди.
Айни пайтда айрим Ғарб давлатлари, масалан, Германия мавжуд АЭСлари ишини тўхтатмоқчи.
Маълумотларга қараганда, шу кунда Германияда умумий қуввати 9,5 ГВтлик 7 та энергоблок ишлаб турибди. Бундестаг 2011 йилнинг 30 июнида қабул қилган қонунга биноан мамлакат 2022 йилгача ядро энергетикасидан бутунлай воз кечади. Немисларнинг бу қарори Чернобил (Украина) ва Фукусима (Япония) АЭСларидаги авариялар ортидан қабул қилингани айтилади.
Бас, шундай экан, нима учун Ўзбекистон АЭС қурмоқчи?
Озодлик бу саволни айнан шу соҳанинг йирик мутахассиси, Ўшдаги Қирғиз-Ўзбек университетининг Халқаро алоқалар ва инвестициялар департаменти ҳамда "Альтерэнерго" илмий ишлаб чиқариш маркази директори, Қирғиз Республикаси Муҳандислик академияси академиги, А.Эйнштейн номидаги Халқаро энергетика академияси академиги, техника фанлари доктори, профессор Анвар Исмонжоновга берди.