Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 06:12

Тошкент Афғонистондаги ўзбеклар намойишига эътибор қаратадими?


Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошлиқ делегация 8-9-июль кунлари Кобулда бўлиб, бир қатор расмий учрашувлар ўтказди. Сурат "Америка овози"дан олинди.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошлиқ делегация 8-9-июль кунлари Кобулда бўлиб, бир қатор расмий учрашувлар ўтказди. Сурат "Америка овози"дан олинди.

Афғонистонда тинчлик музокарасини олға сураётган Тошкент шимолдаги ўзбекларнинг афғон ҳукуматига нисбатан норозилигини эътиборсиз қолдираётгани айтилмоқда. Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошлиқ ҳукумат делегациясининг яқинда Афғонистонга қилган сафари шимолдаги ўзбекларнинг ҳукуматга нисбатан норозилиги кучайган бир даврга тўғри келди.

Шимолдаги вилоятлар аҳолиси этник ўзбек генерали, Афғонистон Вице-президенти Абдулрашид Дўстум вакили бўлган Низомиддин Қайсорийнинг озод этилишини талаб қилмоқда.

Маҳаллий полиция бошлиғи бўлган Қайсорий ҳукумат кучлари томонидан ҳибсга олинган. Ушбу ихтилоф унинг генарал Дўстумга яқин экани билан изоҳланмоқда.

Айни пайтда генерал Дўстум Туркияда, аммо унинг тез кунларда ватанига қайтиши мумкинлиги ҳақида хабар берилмоқда.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошлиқ делегация 8-9-июль кунлари Кобулда бўлиб, бир қатор расмий учрашувлар ўтказган эди. Кобулда Президент Ашраф Ғани, ҳукуматнинг бир қатор раҳбарлари билан учрашган Комилов асосан толиблар ва ҳукумат ўртасидаги мулоқот имкониятлари ҳақида музокара юритгани хабар қилинади.

Сафар юзасидан эълон қилинган расмий хабарга кўра, Комиловнинг Афғонистон Президенти Ашраф Ғани, ҳукумат Ижрочи раиси Абдулла Абдулла, Хавфсизлик кенгаши раҳбари Муҳаммад Атмар, Ташқи ишлар вазири Раббоний, собиқ президент Ҳамид Карзай билан ўтган учрашувларида асосан тинчлик жараёни, мамлакатни янада ривожлантириш ва миллий бирдамликка эришиш истиқболлари юзасидан фикр алмашилган.

Комиловнинг сафарини мамлакат шимолидаги этник ўзбеклар норозилиги билан боғлиқ дейиш қийин. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги уч ҳафтадан буён Афғонистон шимолида давом этаётган бу норозиликлар юзасидан бирор муносабат билдиргани йўқ.

Таҳлилчи Фарҳод Толиповга кўра, янги ҳокимият даврида Афғонистон билан муносабатларда умумий ўзгариш бор, аммо буни шимолдаги ўзбек аҳолисига дохил дейиш қийин.

“Ўзбекистон Афғонистонга нисбатан ўз позициясини, сиёсатини билдирар экан, шимолдаги ўзбеклар билан боғлиқ вазиятни тушунган, билган тақдирда ҳам ҳар доим жуда эҳтиёткор муносабатда бўлиб келган. Яъни ўзбеклар Ўзбекистоннинг масалага аралашувга чақиришидан ҳадикда бўлиб келган. Каримов ибораси билан айтганда, худди мана Ўшдаги воқеага муносабат билдирганидек, улар ўзбек бўлса-да, уларнинг муаммоси, ҳаёти, бу Афғонистоннинг ички иши. Каримов муносабатини шундай билдириб келган. Менингча, бу позицияда ҳозир ҳам бирор ўзгариш бўлмайди. Фақат бу борада фаоллик Толибон қудратга келиб, унга қарши Шимолий альянс тузилган пайтларда кузатилган эди”, - дейди сиёсатшунос Фарҳод Толипов.

Ўзбекистонда ҳокимият алмашиши ортидан аввал анча ёпиқ бўлган муносабатларда ўзгаришлар кузатилди. Президент Ашраф Ғани илк бор давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлди. Президент Мирзиёев Афғонистон минтақадаги иқтисодий-сиёсий ва ижтимоий жараёнларга қўшилиши керак, деган позицияда ва томонлар савдо-иқтисодий соҳада ҳамкорликни ривожлантиришмоқда.

Комилов бошлиқ ҳукумат делегацияси сафари давомида Ўзбекистон Афғонистон шимолидаги Мозори Шариф шаҳрида индустриал парк қуриши, чегара яқинида эркин иқтисодий зона барпо этилиши ҳақида келишувларга эришилган.

Тошкентнинг Афғонистон бўйича янги сиёсатидан кутилган асосий мақсад афғон ҳукумати ва толиблар ўртасида тинчлик мулоқотини ўтказишга қаратилган ташаббуснинг амалиётини таъминлашдир.

Ўзбекистон шу мақсадда Афғонистонда ихтилофга тортилган барча кучлар билан ҳамкорлик қилиш ниятида. Тошкентда Афғонистон бўйича ўтган юқори даражадаги дастлабки конференцияда президентлар Мирзиёев ва Ғани, бир қатор давлатларнинг ташқи ишлар вазирлари иштирок этиди, афғон ҳукумати ва Толибон ўртасида мулоқотни тиклашга қаратилган Тошкент декларацияси имзоланди.

Фарҳод Толипов фикрича, Ўзбекистоннинг бу ташаббуси янги эмас, аммо уни олға сураётган ҳокимият янги; мамлакат етакчисининг Афғонистонга нисбатан қарашида ҳам ўзгаришлар борлигини қайд этиш керак.

“Афғонистон бўйича бу ташаббусни, ҳозирги раҳбарият билдиряпти, олдингиси йўқ, деб бўлмайди. Каримов даврида ҳам Ўзбекистон турли минбарлардан шу ташаббус билан чиққан, аввалги позиция ҳам шу Афғонистондаги турли кучларни сулҳга олиб келиш, толибларни ҳам музокара столига ўтқазиш эди. Шунинг учун ҳам биз мутлақо янги ташаббус билан чиқдик, деб бўлмайди. Фақат янги раҳбар Афғонистонни бегоналаштириш нияти йўқлигини айтмоқда. Яна бир фарқли жиҳат шуки, Мирзиёев Афғонистонни нафақат таҳдидлар тарқаётган мамлакат, балки истиқболлар очилаётган, ҳамкорликни кенгайтириш мумкин бўлган давлат сифатида ҳам кўрмоқда. Ўзбекистон Афғонистон муаммоси биринчи галда миллий, мамлакатнинг ўзида, иккинчи навбатда минтақавий, қўшни давлатлар билан ва учинчи галда глобал миқёсда ечилиши керак, деб ҳисобламоқда”, - дейди сиёсатшунос.

Расмий Тошкент ҳам Афғонистон бўйича сиёсатини миллий, минтақавий ва глобал миқёсда олиб бораётгани кузатилади. Афғонистон расмийлари билан музокаралар Тошкентда ҳам, Кобулда ҳам давом этмоқда. Айрим хабарларга кўра, Тошкент Толибоннинг Қатардаги ваколатхонаси билан ҳам мулоқотни йўлга қўйган.

Минтақавий даражада Марказий Осиё + Афғонистон мулоқот гуруҳини тузиш, сиёсий-иқтисодий ҳамкорлик, хавфсизлик муаммоларини минтақа давлатлари иштирокида муҳокама қилиш режаланган.

Глобал миқёсда Тошкент ташаббусига очиқ эътироз билдирган геосиёсий томон ҳозирча йўқ. Тошкентдаги Афғонистон бўйича халқаро конференцияда афғон муаммосига тортилган, ўзаро зиддиятда бўлган барча сиёсий доиралардан вакиллар қатнашди, тинчлик мулоқотини бошлашга қаратилган декларация имзоланди.

"Америка овози"

XS
SM
MD
LG