Украинага уруш сабаб Ғарбнинг иқтисодий ва молиявий санкциялари остида қолган Россиядаги туроператорлар VISA ва Mastercard карталари очиш учун Ўзбекистонга махсус саёҳат пакетларини таклиф қилмоқда.
Москва ва Екатеринбургдаги туроператорларни бирлаштирган Россиянинг Vedi Group сайёҳлик ширкати “VISA учун Ўзбекистонга” деб номланган уч кунлик тур россиялиларга Visa ва Mastercard карталарини очиш имконини беришини айтмоқда.
"Қўлингизда Россия паспорти бўлса кифоя"
Vedi Group ходимининг Озодликка айтишича, россияликлар учун тўлов карталари очиш Ўзбекистоннинг “Капиталбанк”и билан йўлга қўйилган, ҳисоб очиш учун Россия паспортидан бошқа ҳужжат талаб этилмайди.
“Путёвка 23 минг рубль туради. VISA ва Mastercard карталари очиш учун ҳужжатларни тайёрлаш ҳам шу нарх ичида. Карталар Ўзбекистоннинг “Капиталбанк”ида очилади. У ерда бизни вакилимиз кутиб олади ва ҳужжатларни тайёрлашда кўмакчи бўлади. Қўлингизда Россия паспорти бўлса кифоя. Карта очиш учун маҳаллий пулда 80 минг сўм тўлайсиз. Бир соат вақт олади,холос”, - дейди сайёҳлик ширкати ходими.
Украинага тажовуз сабаб санкциялар киритилиши ортидан VISA ва Mastercard тўлов тизимлари жорий йилнинг 6 мартидан бошлаб Россиядаги барча операцияларни тўхтатганини эълон қилди.
Эндиликда россияликлар хориж давлатларида ва интернет-магазинларда Visa ва Mastercard карталаридан фойдалана олмайди.
Бундан ташқари, Google Pay ва Apple Pay дастурлари ҳам улар учун ишламайди.
“Капиталбанк”нинг Тошкентдаги марказий идораси ходими Россия фуқаролари банк ҳисоби, VISA ва Mastercard карталарини очишлари мумкинлигини айтди.
“Ўзбекистонга бунинг учун сайёҳлик турлари очилганидан хабаримиз йўқ. Лекин шуни айтишим мумкинки, Россия фуқаролари ҳам бизни банкимизда ҳисоб очиб, VISA ва Mastercard олишлари мумкин. Бунинг учун фақат паспорт эмас, Ўзбекистонда вақтинчалик ёки доимий пропискаси ҳақида справка ҳам керак бўлади. 80 минг сўм бир марталик взнос тўлайди. Ҳар ой 500 доллардан кам бўлмаган миқдорда ҳисобда пул бўлиши керак”, - дейди исмини очиқламаган “Капиталбанк” ходими.
Айрим давлатлар, масалан Грузия 1 мартдан 31 мартга қадар норезидентларга мамлакат банкларида ҳисоб очишни тақиқлади. Арманистон банклари эса, хабарларга кўра, 6 ойлик ижара шартномаси талаб қилмоқда. Россияликлар орасида оммабоп бўлган яна бир мамлакат Туркия бир марталик 5 минг АҚШ доллари миқдорида депозит қўйиш шартини жорий қилган. Ўзбекистон банкларида 28 март ҳолатига бу каби чеклов жорий қилингани ҳақида расмий маълумот йўқ.
“Ўзбекистон ўзини хатарга қўймоқда”
Ўзбекистонда очилган банк карталари россияликларга санкция чекловларини четлаб ўтиб, хорижда товарлар ва хизматлар учун нақд пулсиз тўловлардан эркин фойдаланишга имкон бериши мумкин.
Москвалик Игорь Нестеров Озодлик мухбири билан суҳатда бунинг қандай ишлашини тушунтириб берди.
“Ўзбекистон санкциялардан холи. Visa ёки Mastercard очади. У ёқда очган ҳисобига рублда пул ўтказиб туради. Чет давлатларга борганида шу пулни ишлатади ёки долларда ечиб олиши ҳам мумкин. Чунки бизда доллар ҳам чекланган. Бундан мақсад нафақат Visa ёки Mastercard очиш, балки рублни валютага алмаштириш ҳам. Ҳозир Грузия, Озарбайжон ва Туркияда ҳам очишяпти шунақа карталарни. Ўзбекистонга ҳам боришяпти. Билишимча, Ўзбекистонда очиш осонроқ, шунинг учун нафақат тур- путёвкалар билан, одамларнинг ўзлари ҳам Тошкентга бориб очиб келишяпти”, - дейди Нестеров.
Ўзбекистон банкларида қанча россиялик мижоз VISA ва Mastercard карталари очгани ҳақида ҳеч қандай статистика эълон қилганича йўқ.
Лондонда яшовчи ўзбекистонлик тадқиқотчи Алишер Илҳомов Ўзбекистон россияликларга санкцияларни айланиб ўтишга ёрдам бериш билан ўзи ҳам санкция режимини бузувчи давлатга айланиш хавфи остида қолаётганини айтади.
“Россияда “VISA” ва “MasterCard” халқаро тўлов тизимлари фаолияти тўхтатишидан олдин россияликлар санкциялар режими остида доллар ва евродаги халқаро операциялардан узиб қўйилди.
Бироқ Ўзбекистондаги баъзи банклар уларга VISA ва Mastercard карталарини чиқаришга тайёр экан, бу уларга валюта ўтказмаларини амалга ошириш имконини беради.
АҚШ ва Европа Иттифоқи регуляторлари Россияга қарши санкциялар муносабати билан Ўзбекистон банкларининг ролига эътибор қаратишлари керак”, - дейди Илҳомов.
"Иккиламчи санкциялар ҳам бор"
Ўзбекистонлик иқтисодчи Музаффар Аъзамов эса гап оддий россияликлар ҳақида кетар экан, ўзбек банкларини санкцияларни четлаб ўтишда кўмакчи бўлаётганликда айблаш нотўғри эканини айтади:
"Банклар доимий процедурани бажаряпти. Ўзбек банкларига ҳеч ким россияликларга ҳисоб очишни тақиқлаб қўйгани йўқ. Қолаверса, санкциялар бутун Россия халқига эмас, балки маълум банклар ва жисмоний шахсларга нисбатан қўлланилган. Россияликлар ҳам шу туфайли жабр кўряпти.
Агар Ўзбекистон бўлмаса, Россиянинг ўрта синф аҳолиси бу санкцияларни четлаб ўтиш учун бошқа давлатларга боради Арманистон, Қозоғистон бор. Шу давлатларга ҳам бориб очишяпти", - дейди иқтисодчи.
Қозоғистондаги Евросиё университетининг иқтисод бўйича доценти Сапарбай Жубаев ҳам айни фикрда:
"Бу нарса ҳамма қўшни давлатларда кузатиляпти. Россияликлар Грузия, Арманистон, Қирғизистонга боряпти. Қозоғистонда ҳам бор бу. Россияда одамлар санкциядан қочяпти холос. Санкциялар сақланиб қолар экан, бу жараён тўхтамайди", - дейди Жубаев.
Ғарб давлатлари Россиянинг Украинага қарши урушига, таъбир жоиз бўлса, иқтисодий уруш билан жавоб берди- атиги бир неча кун ичида Россия глобал молиявий тизимдан узиб қўйилди.
2021 йил натижаларига кўра, дунёнинг 11 - иқтисоди бўлган Россия ғарб технологиялари ва савдодаги имтиёзлардан маҳрум бўлди, оддий фуқаролар валютасиз қолди.
АҚШда яшовчи молиячи Фарҳод Иноғомбоевнинг Озодликка айтишича, Қўшма Штатлар санкцияларни айланиб ўтишга имкон берган банкларга ҳам жазо қўллаши мумкин.
"АҚШ иккиламчи санкциялар масаласини ҳам кўриб чиқмоқда. Бу Ўзбекистон банклари учун жуда хатарли. Агар улар АҚШ санкциясига тушган жисмоний ёки юридик шахсларга ҳисоб очишга кўмаклашадиган бўлса ўзлари ҳам санкция нишонига тушиши хавфи юқори. Оддий россияликларга муаммо йўқ, лекин барибир банкларнинг юридик бўлимлари Россиядан келаётган ушбу мижозларни текширишлари, текширишлари ва яна текширишлари керак. Орасида санкция рўйхатига кирганлари бўлиши мумкин. Иккиламчи санкциялар ҳам борлигини унутмаслик керак", - дейди Иноғомбоев.
25 март куни Қўшма Штатлар Россияга санкцияларни четлаб ўтишда ёрдам берадиган шахслар ва ширкатларга қарши ҳам санкциялар жорий қилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.
АҚШ президентининг хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливанга кўра, Вашингтон ўзининг иқтисодий ва молиявий жазо чораларини кенгайтириши ва “иккиламчи” санкциялар қўллаши мумкин.
Аввалроқ Президент Байден Хитойни Россияга санкциялар таъсирини камайтиришда кўмаклашишнинг оқибатларидан огоҳлантирганди.
Ўзбекистон расмийлари бу борада матбуотга бирон изоҳ бергани йўқ. Жумладан, АҚШ ва Европа Иттифоқи санкциясига тушган асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмоновнинг мамлакатдаги активлари тақдири борасида ҳам ҳеч қандай расмий баёнот берилмади.
Шу ой бошида президент Мирзиёев Ўзбекистоннинг “айрим ташқи савдо ҳамкорларига” нисбатан қўлланаётган санкциялар оқибатларини камайтириш бўйича ҳукуматга режа ишлаб чиқиш ҳақида топшириқ берган.
Ҳозиргача бу каби режа ишлаб чиқилгани расман эълон қилингани йўқ.