Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:59

АҚШ-Мексика чегараси: Қамоқ ва ўлим хавфи ўзбекларни "Америка орзуси"дан қайтаролмаяпти


Military Observer канали эълон қилган видеода тўрт эркак Юма секторидаги чегара деворлари орасидан ўтаётгани кўринади.
Military Observer канали эълон қилган видеода тўрт эркак Юма секторидаги чегара деворлари орасидан ўтаётгани кўринади.

10 декабрь куни Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Америка Қўшма Штатлари чегарасини ноқонуний кесиб ўтаётган 4 нафар ўзбекистонлик қўлга олинганини тасдиқлади.

Агентлик хабарида ўзбекистонликларнинг қачон қўлга олингани ва уларниг кейинги тақдири ҳақида маълумот берилмаган.

"Юртдошларимиз Туркиядан Мексикага ва ушбу давлатдан Америка Қўшма Штатларининг Нью-Йорк ва Филаделфия шаҳарларига бориш мақсадида бўлган", дейилади Агентлик матбуот хизмати тарқатган хабарда.

Аввалроқ Телеграмдаги Military Observer каналида ўзбекистонлик экани ишонилган тўрт эркак Юма секторидаги чегара деворлари орасидан ўтиб бораётгани акс этган видео тарқалганди.

Видеони ким ва қачон олгани маълум эмас. Тасвирларда Юма секторидаги чегара деворлари кўринади.

Озодликнинг аниқлашича, тўрт нафар ўзбекистонлик Мексика ҳудудидан Юма сектори орқали АҚШнинг Аризона штатига ноқонуний равишда ўтаётган вақтда Aмерика хавфсизлик кучлари томонидан тўхтатиб қолинган.

Ўзбекистонликларнинг кейинги тақдири ҳақида ҳеч нарса маълум эмас. АҚШдаги Ўзбекистон элчихонаси Озодликнинг бу ҳақдаги сўровини жавобсиз қолдирди.

АҚШга ноқонуний ўтмоқчи бўлганлар, одатда қамоққа олинади ёки ортга қайтарилади.

6 декабрдан АҚШнинг "Мексикада қолинг" сиёсати расман амал қила бошлаган.

Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, Мексикага депортация қилинган муҳожирлар ўта оғир шароитларда бошпана сўраш бўйича қарор қабул қилиш учун кўпинча 15 ой кутишига тўғри келади.

АҚШ Чегара хизмати маълумотига кўра, шу ой бошида Мексика билан чегарадаги Аризона штати Юма сектори Морелос тўғони яқинида бир кун ичида 1300га яқин муҳожир кузатилган. Бу одатдагидан икки баробар кўпдир.

Юма секторида ушланган ноқонуний чегарани кесиб ўтувчиларнинг аксарияти Мексикадан ҳамда Салвадор ва Гватемала каби Марказий Америка давлатларидан келган бўлса-да, Чегара хизмати ходимлари сўнгги пайтларда Бангладеш ва Ўзбекистон давлатларидан келганлар сонининг кўпайганини кўришган.

АҚШ Чегара хизматига кўра, сўнгги пайтларда Бангладеш ва Ўзбекистондан келаётган муҳожирлар сони кўпайган.
АҚШ Чегара хизматига кўра, сўнгги пайтларда Бангладеш ва Ўзбекистондан келаётган муҳожирлар сони кўпайган.

Ўзбекистонликларнинг айримлари Қўшма Штатларга иш излаб келганликларини айтишса, баъзилари диний эътиқоди ва маълум ижтимоий гуруҳга аъзолиги ёки сиёсий қарашлари туфайли таъқибдан қочиб келганликларини даъво қилганлар.

Ноқонуний муҳожирлар оқими

АҚШ Божхона ва чегарани қўриқлаш бошқармаси шу йил бошида Юма секторида Мексика орқали Аризона штатига ўтмоқчи бўлган ўзбекистонлик ноқонуний муҳожирлар қўлга олингани ҳақида хабар тарқатганди.

Юма сектори чегара бўлинмасининг махсус операциялар бўйича бошлиғи Тристен Молинанига кўра, қўлга олинган ўзбекистонликлар жинсий ориентацияси туфайли камситиш ва қамалиш хавфидан қочиб келганликларини даъво қилишган.

Ўзбекистонда бесоқолбозлик учун уч йиллик қамоқ жазоси бор.

АҚШ Божхона ва чегарани қўриқлаш бошқармаси ўз веб-сайтида маълум қилишича, октябрь ойида расмийлар Юма секторида 21 623 нафардан ортиқ муҳожирга дуч келган.

Бу 2020-йил октабр ойига нисбатан 2600 фоиздан кўпдир.

Ноқонуний миграция масалаларини ёритиб борувчи россиялик видеоблогер Валерий Никифоров пост-совет ўлкалари фуқароларининг Мексика орқали АҚШдан бошпана топиш канали аввалдан мавжудлигини айтади.

“Афсуски, қамалиш ва ўлим хавфига қарамай, баъзилар Мексика орқали АҚШдан бошпана топишга уринади. Мексика Россия, Туркия ва Украина ватандошлари учун мамлакатга киришни соддалаштирган. Уларни мақсади туристларни кўпроқ жалб этиш бўлса керак. АҚШга виза олиш қийинлиги, айниқса пандемия даврида бунинг имконсизлиги сабабли Мексика орқали Америка орзусига эришишга уринишлар кўпайди. Мексиканинг Тихуана шаҳри АҚШ чегарасига жуда яқин. АҚШ чегарачиларига бориб таслим бўлишади ва бошпана сўрашади. Гейман, мени юртимда камситишади, деб бошпана сўрашади. Ойлаб чегара ҳудудида ўтирганлар бўлган. Киролмай қайтиб келганлар қанча. Чунки ҳозир бошпана олиш қийинлашган. Қайтариворяпти. Мексикада бедарак йўқолиб кетганлар қанча. Бунинг учун минглаб доллар сарфлашади. Ўзбекистонликларнинг баъзилари қалбаки Россия паспортлари билан Мексикада қўлга тушганлари ҳам бўлди", - дейди блогер Озодлик билан суҳбатда.

Мексика Россия, Туркия ва Украина ватандошлари учун мамлакатга киришни соддалаштирган.
Мексика Россия, Туркия ва Украина ватандошлари учун мамлакатга киришни соддалаштирган.

Икки йил аввал Мексиканинг Канкун курорт шаҳрига учиб борган Россия паспортига эга 14 киши мамлакатга киритилмаганди.

Улар Россия паспортига эга ўзбекистонликлар экани, асл мақсади сайёҳликка мос келмагани сабаб ортга қайтарилгани хабар қилинди.

Ноқонуний муҳожирлар меҳмонхона ўринлари бронланганини тасдиқлай олмаган, ортга қайтиш чипталарини кўрсатмаган, мамлакатда қолиш учун етарли пул маблағлари мавжудлигини исботлай олмагани айтилади.

Улардан баъзиларининг паспорти сохта бўлиб чиққани ҳам хабар қилинган.

Туркия орқали Мексикага

Истанбул шаҳрида яшовчи ўзбекистонлик Азизнинг Озодликка айтишича, Туркия орқали Мексикага, у ердан АҚШга ўтишга уринаётганлар ҳам бор.

У шу йил бошида уч нафар таниши Мексикага бориб, АҚШга ўтолмай қайтиб келганини сўзлаб берди.

“Бориб, киролмадик, деб қайтиб келди. Уч ой туришган чегарада, азоб, антисанитария холатида яшашган. АҚШга киритишмаганидан кейин, қайтиб келдик, дейишяпти. Бошпана олишга жиддий сабаб бўлиши керак экан. Кимлардир ўртада туриб пул қилади, ҳужжатларини қилади, буларни ишонтиради. Беш минг доллар тўлашган шунга. Самолёт билетларни олишган. Булар эса шунга алданиб бориб, ҳаётини таҳликага қўймоқда”, - дейди Азиз.

АҚШда яшаётган ўзбекистонлик тадқиқотчи Баҳодир Файзнинг айтишича, сўнгги пайтларда Туркия орқали Мексика ва у ердан ноқонуний АҚШга ўтишга уринаётган марказий осиёликлар сони кўпайган.

“Америкага Мексика орқали ўтувчи мигрантларнинг аксари марказий ва жанубий америкаликлар эди. Ҳозир буларга осиёликлар, жумладан Афғонистон, Эрон ва марказий осиёликлар ҳам қўшилган. Бу иш кўпроқ Туркия орқали амалга оширилади. Чунки эскидан Туркиядан қочоқчилик йўллари, каналлари мавжуд бўлган. Туркиянинг Қора денгиз, Эгей ва Ўрта ер денгиз портлари орқали, кемаларда қочоқ ташиш катта бизнесга айланган эди. Ҳозир Мексика ва Туркияга қарайдиган бўлсак, икки тарафда ҳам назорат йўқ. Бунинг устига, наркотрафик ҳам шу каналлар орқали амалга оширилади. Бу ҳақда Туркия ҳукуматини айбловчи маълумотлар яқин ойларда жуда кўп тарқалди. Назорат заиф экан, бу ноқонуний миграцияга йўл очади”, - дейди Баҳодир Файз.

АҚШ ва Мексика чегарасида ноқонуний муҳожирлар.
АҚШ ва Мексика чегарасида ноқонуний муҳожирлар.

АҚШ Божхона ва чегарани қўриқлаш бошқармасига кўра, жорий йилда Қўшма Штатларнинг жанубий чегарасида Россиядан келган 4103 ноқонуний муҳожир америкалик чегарачиларига дуч келган.

Бу ўтган йилдаги кўрсаткичга қараганда қарийб ўн баробарга кўпдир. АҚШ Божхона ва чегарани қўриқлаш бошқармасида ўзбекистонликлар ҳақида статистика жуда кам.

Миграция масалаларини ёритиб борувчи россиялик видеоблогер Валерий Никифоровнинг айтишича, ўзбекистонликларнинг кўпчилиги Мексикага Россия паспорти билан бориши сабаб улар россиялик сифатида қайд этилиши мумкин.

“АҚШга ўзбекистонликлар Мексика орқали Россия паспортлари билан киришга уринади. Чунки россияликлар учун Максикага кириш осон. Шунинг учун АҚШ Божхона ва чегарани қўриқлаш бошқармаси ҳисоботида россияликлар бўйича статистика бор ”, - дейди миграция масалаларини ёритиб борувчи россиялик видеоблогер Валерий Никифоров.

Россияликлар Мексика-АҚШ чегарасидан ўтмоқчи бўлаётган муҳожирларнинг жуда оз қисмини ташкил этади.

Бошқарма маълумотига кўра, жорий йилда чегарада 1 миллион 700 минг нафар мигрант қайдга олинган.

Уларнинг ярмидан кўпини Мексика, Гватемала, Гондурас ва Сальвадор фуқаролари ташкил қилади.

Бундан олдин Польша чегарасидан ноқонуний ўтишга уринган икки нафар ўзбек ватандоши ушланганиди. 22 ноябрь куни Польша полицияси бу ҳақда хабар берди.

Ломже шаҳар полицияси ходими Юстина Янковская сўзларига кўра, ўзбекистонлик иккавлон “Skoda” автомобилида 8 нафар Ироқ фуқаросини чегарадан ноқонуний ўтказмоқчи бўлган.

АҚШ визасига навбат

Маълумотларга кўра, АҚШга виза олиш учун мурожаат қилган Ўзбекистон фуқароларининг ярмидан кўпи рад жавобини олади.

Ҳозирда пандемия сабабли АҚШ визасини олиш деярли имконсиз. пандемиядан аввал, 2019 йилда Қўшма Штатларда вақтинча бўлиш учун рухсат сўраб ариза ёзган ўзбекистонликларнинг 70 фоизига виза берилмаган.

Бу – Марказий Осиё давлатлари ичидаги энг юқори, собиқ иттифоқ республикалари орасида иккинчи энг манфий кўрсаткичдир.

Ўзбекистонликлар АҚШда муҳожирликка оид қонунчиликни бузавериши виза муддатининг кескин қисқаришига ва бошқалар учун рад этилишига сабаб бўлаётгани айтилади.

Олдин ўзбек фуқаролари учун АҚШ визаси 4 йилга берилган бўлса, ҳозир бу 1 йилга қадар қисқартирилган. АҚШ Давлат Департаментига кўра, ҳар йили ярим миллионга яқин ўзбекистонликлар Green Card лотереясида ўйнаш учун ариза топширади.

2018 йили бу рақам қарийб тўрт баробар кўп бўлган, 2 миллион 114 минг Ўзбекистон фуқароси Америкада яшаш ҳуқуқини берувчи грин-карта лотереяси ўйинида қатнашган.

Айни пайтда ўтган йили Green Card лотереясини ютган минглаб одам пандемия чекловлари боис суҳбатга чақирилмай, қолиб кетган эди.

АҚШнинг Чикаго шаҳридаги "Ўзбекистонликлар жамияти" фаолларидан бири Фаҳриддин Жонибекнинг Озодликка айтишича, Америкадаги 11 миллион ноқонуний муҳожирлар орасида ўзбекистонликлар кам эмас.

"11 миллиондан ортиқ "нелегал" бор. Ўзбекистонлик "нелегаллар"нинг кўпчилиги виза билан келиб, қолиб кетган. Бунинг оқибати ўлароқ АҚШ элчихонаси виза беришни қийинлаштирган. Чунки АҚШга келганларнинг кўпчилиги қайтиб бормаяпти. Виза олиш қийин бўлгани сабаб ноқонуний каналлар орқали келиш кўпаяди. Бу ерда ноқонуний келиб, яшаётганлар орасида ўзбекистонликлар жуда кўп. Бошқалар қатори ишлайди, лекин яхши ишга жойлаша олмайди. Истаган пайтда уларни мамлакатдан бадарға қилиб юборишлари мумкин. Ундан кўра грин кард билан келган маъқул", - дейди Фаҳриддин Жонибек.

АҚШ Аҳолини рўйхатдан ўтказиш бюросининг сўнгги ҳисоботига кўра, Қўшма Штатларда 62 мингдан зиёд ўзбекистонлик яшайди. Улардан икки мингдан ортиғи АҚШ ватандошлигини олган.

Ўзбеклар энг кўп яшайдиган шаҳарлар Нью Йорк, Сан Антонио, Хюстон, Чикаго, Филадельфия экани айтилган.

XS
SM
MD
LG