Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:07

Андижоннинг "Янги бозори"дан қувилган нончи аёллар норозилик тариқасида йўл тўсди (ВИДЕО)


Андижоннинг "Янги бозори"дан қувилган нончи аёллар норозилик тариқасида йўл тўсди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:14 0:00

Андижон шаҳрининг “Янги бозор” деҳқон бозорида махсус рухсатномасиз нон сотадиган аёлларга бу бозор ҳудудини тарк қилиш учун берилган муҳлат тугаши ортидан 30 апрель куни бозор маъмурияти уларни бу ҳудуддан чиқариш учун милиция отряди чақиртирди.

Милиция босими билан қувилган 50 нафарга яқин аëл бу ҳаракатга норозилик тариқасида бозор олдидан ўтувчи Фурқат кўчасини тўсиб қўйди.

Стихияли тарзда юзага чиққан бу норозилик иштирокчиларининг Озодликка билдиришича¸ улар бозор маъмуриятидан нон сотгани алоҳида жой қилиб беришни талаб қилган.

Нон сотувчи аёллар акцияси узоққа чўзилмаган - милиция отряди уларни тарқатган, қаршилик қилганларни машинага босиб олиб кетган.

30 апрель кунги воқеага бевосита алоқадор томонларнинг Озодликка айтишича, Андижон шаҳридаги “Янги бозор” деҳқон бозори бузилиши сабаб¸ кейинги икки ой давомида бозор маъмурияти бу ҳудудда нон сотадиган аёллар ва ёймачи савдогарларни бозор ҳудудини тарк этиш лозимлигидан огоҳлантириб келган.

Бунинг учун берилган муҳлат тугагач¸ 30 апрель куни маъмурият лицензиясиз нон сотиб келганлардан бозор ҳудудини зудликда тарк этишни сўраган¸ аммо савдогарлар бозор маъмуриятининг буйруғига бўйсунмаган.

- Соат 13:30-14:00 лар эди. Андижон шаҳри “Янги бозори”да нон сотувчи аёллар нон сотгани алоҳида жой қилиб бермагунларингча¸ бозордан кетмаймиз, деб туришди. Кейин милиция келиб, ҳаммасини ҳайдай бошлади. Кейин бозордан қувилган элликдан зиёд аёл “Янги бозор” олдидаги Фурқат кўчасидаги йўлни ёпиб қўйди. Йўллар ёпилиб, машиналар ўтолмай қолди. Яна милиция келиб уларни тарқатди, қаршилик қилганларни машинага босиб олиб кетди, - дейди Озодлик билан суҳбатда воқеанинг бевосита иштирокчиси бўлган нон сотувчи аëллардан бири.

“Янги бозор” маъмурияти вакили Озодлик билан суҳбатда воқеани шарҳлар экан, "солиқ тўламасдан савдо-сотиқ фаолияти билан шуғулланадиган савдогарлар"нинг бозордан ҳайдалганини тасдиқлади.

- Бозор бузилишга тушган. Деҳқон бозори ўрнида замонавий савдо мажмуаси қурилади. Кўчада юриб, налог тўламасдан сотишлар бўлмайди энди. Бу ҳақда уларга тушунтириш берилаяпти, лекин улар тушунмаяпти. Савдогарлик қиламан, деганларга дўконлар берилади, рухсатини олсин. Бу аёллар махсус кийимсиз, антисанитария ҳолатида нон сотаяпти, очиқ ҳолда, белгиланмаган жойда. Бу мумкин эмас,- деди ўзини таништирмаган “Янги бозор” маъмурияти вакили.

Андижон шаҳар ҳокимлигининг Озодлик суҳбатлашган мулозими "Янги бозор" ўрнидаги янги савдо мажмуасининг 1 сентябргача қуриб битказилиши режаланаётгани, у ерда ёймачиларнинг савдо қилишларига рухсат берилмаслигини айтди.

- Савдо фаолияти энди фақат дўконда, лицензия олиб қилинади. Бутун республика бўйича бозорлар тартибга солинаяпти. Бизда ҳам шу. Ёймачилик бўлмайди энди, - деди ҳокимият вакили.

Озодлик гаплашган андижонликларга кўра¸ Андижон шаҳарининг 1-кичик даҳасида жойлашган “Янги бозор” деҳқон бозори ичкариси ва ташқарисида нон ва бошқа уйда тайëрланадиган озиқ-овқат маҳсулотлари сотиш орқали ўнлаб ишсиз аëл тирикчилик қилади.

“Янги бозор” деҳқон бозорида гўшт сотадиган тадбиркорнинг айтишича, бозорда нон сотадиганларнинг аксарияти кўп болали аёллардир.

- Йиллардан бери бу аёллар шу бозорда тирикчилик қилиб келади. Лекин нон сотиш учун дўконни ижарага олиш ўзини оқламайди. Гўштдан қилса бўлади, нон сотиб дўкон ижарасини топиб бўлмайди. Нон бизда азалдан кўчада сотилган, - дейди андижонлик савдогар.

Озодликка маълум бўлишича, нон сотувчи аёллар "Эски шаҳар" деҳқон бозоридан қувилганидан бир кун ўтиб яна бозор атрофига тизилишган.

Буни шу бозордаги савдогарлар ҳам тасдиқлашди.

- Ҳозир яна сотиб ўтиришибди. Милиция келиши билан аравасини нарироққа тортади. Бу ёқдан қувса¸ у тарафга бориб сотади, - дейди андижонлик савдогар.

Ўзбекистоннинг бошқа бозорларидан ҳам ёймачиларни милиция ҳайдагани ҳақида Озодлик илгари хабар берган.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:16 0:00
Бевосита линк

Ўтган ҳафта Жиззахнинг "Кўк" бозоридан ёймачилар қувилган пайтда милиция билан тўқнашув рўй берган. Лекин сал ўтиб ёймачилар бозор атрофини қайтадан ишғол этган эди.

XS
SM
MD
LG