Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 00:47

Блог: Куй авжида узилмасин тор


Рассом Аваз Мутал чизган сурат
Рассом Аваз Мутал чизган сурат

Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов тилдан қолибди. Бу xабарни бугун шоирнинг уйига йўқлаб борган савобталаблардан бири менга етказди. Шоир тўшакда тилсиз ëтибди. Уйда фақат қизи ва хотини. Шоирни ҳолидан хабар олгувчи ҳам йўқ дейишди.

Тошкентлик яна бир ҳамкасбим эса ФБ дан мактуб ëзиб "Эркин акани кун-соати битган кўринадир" дея ташвиш билдирди.

"Тилдан қолиб, кетадиган аҳволда ётганакан
Борувдик, бир кўрсатишдию, чиқиб кетдик
Ҳеч ким бормаган олдига, ғалати бўп кетдик. Хотини ва қизлари нега ҳеч ким келмаяпти деб ҳайрон бўлиб ўтиришибди " деб ëзди яна тошкентлик ҳамкасбим.

Тўғриси сиëсий жабҳада у кишидан ҳафа бўлган¸ ëзғирган жойим кўп эди. Аммо кун-соати битганини эшитиб ҳаққимни ҳалол қилишга шошилдим.

Бир пайтлар у кишининг "Тирик сайëралар" китобини ўқиганман.

Китоб ҳиссий ва фикрий ҳуррият муждалари билан тўла эди.

Шу китоб ҳаққи-ҳурмати учун¸ умуман олтмишинчи йилларнинг гўристон муҳитида сас чиқара олгани учун ҳам Эркин Воҳидов эҳтиромга муҳтож.

Ҳар ким ўз дарди билан бўлиб миллат ўз шоирини унутдими?

Бир вақтлар булбулимиз эдику у. Ўз вақтида дардимизни достон қилган ҳам шу киши.

Сўнгги йилларда саройга яқин бўлиб элдан узоқлашганини хато деб билсак ҳам илгариги хизматлари учун у кишини кечирайлик.

Эркин Воҳид деган воқелик косасининг тўла қисмини кўрайлик.

Эркин Воҳид шеъриятга жаранг олиб келди¸ имкони бўлганида миллат¸ тил равнақи учун тили калимага келди.

Эркин аканинг кўзи тириклигида у билан рози-ризолашайлик. Шоирдан сўз қолади. Шу сўз ҳурматини жойига қўяйлик.

Куй авжида узилмасин тор,
Шеър ярмида синмасин қалам.
Яшаб бўлмай умрини зинҳор¸
Бу дунёдан кетмасин одам.

Қўлдан тушиб синмасин қадаҳ,
Лаб текканда тўкилмасин май.
Тўхтамасин уриб турган қалб,
Бошлаб қўйган қўшиғи битмай.

Аммо..

Бир пайтлар Ойбек тилдан қолибди деганида қалбимиз ўртанган ва у кишини тилдан қолишига сабаб бўлган репрессив машинага нафратимиз зиëда бўлган эди. Аммо Эркин Воҳидов тилдан қолибди деган гап таажжуб уйғотмади. Зотан шоирнинг "тилдан қолганига" 25 йилча бўлувди. Кўникиб ҳам қолувдик. Қафасдаги ҳайвонлар бепушт бўлгани каби саройдаги шоирлар ҳам тилсиз бўлишини билиб қўл силтаган эдик...

На эса...

Эркин аканинг ҳам қачонлардир зиё тарқатганини унутмайлик.

СЎНГАН ЮЛДУЗЛАР

Коинот қаъридан
Миллион йил юриб,
Букун деразамга
Кўнган юлдузлар!
Минг йиллар илгари
Таратган нурин,
Минг йиллар илгари
Сўнган юлдузлар!
Ким айтар сизларни
Умри битган деб,
Ҳамон кўк саҳнида
Порлаб турибсиз.
Жозибалар билан
Кўзларни тортиб,
Имлаб, ўзингизга
Чорлаб турибсиз.
Сизга термилурман
Кечалар бедор,
Ажиб қисматингиз
Ўйлаб қолурман.
Неча асрларга
Умри пойидор
Буюк устозларим
Ёдга олурман.
Улар ҳам сиз каби
Ёнган бир замон.
Ёниб адо бўлган
Сизлардек, аммо
Авлодлар йўлини
Ёритар ҳамон
Улар қачонлардир
Таратган зиё.
1964

XS
SM
MD
LG