Бухорода якшанба куни Бухоро ва Навбаҳор футбол жамоалари ўртасидаги ўйинни томоша қилгани борган футбол ишқибозларининг соқол қўйганлари стадионга киритилмади. Стадион олдида турган посбонлар уларга соқолларини олдириб келишни айтиб, ортга қайтарган. Маҳаллий посбонларнинг бу хатти-ҳаракати инсон ҳуқуқларининг бузилиши ўлароқ кўрилмоқда.
Бухоролик футбол ишқибозларидан бири ўз жамоаси ўйинини томоша қилиш учун яқин атрофдаги сартарошхонага бориб, соқолини қирдириб келган ва шундан сўнг у стадионга киритилганини айтади.
- Футбол томоша қилгани борувдик. Кираверишда минглаб одам. Фуқаро формасидаги бир одам мени четга олиб “соқолингни олдириб кел, кейин кирасан”, деди. “Нима учун, мени ҳеч ким огоҳлантирмадику соқолсиз келгин, деб”, дедим. У эса “укам нормальний гап билан тушунтиробман”, деди. Нарироққа қарасам шунақалардан яна тўрттаси турибди. Охири 300 метр наридаги сартарошхонага бориб соқолни қирдириб, келдим, - деди футбол ишқибози.
Бухоро жамоаси фанклуби етакчиларидан бири Озодлик билан суҳбатда соқол қўйган ишқибозларни стадионга киритмаслик ҳақида оғзаки буйруқ борлигини тасдиқлади.
- Соқол қўйган ёш йигитлар қўйилмайди. 40-45 ёшдан ошганлар, отахонларга мумкин. Ҳамма жойда ҳозир шу,- деди Бухоро жамоаси фанклуби етакчиларидан бири.
Лекин, футбол ўйинига чипталар сотилган пайтда соқол қўйганлар стадионга киритилмаслиги ҳақида ишқибозлар огоҳлантирилмаган, стадионда ҳам огоҳлантириш ёзиб қўйилмаган.
- Билетга ёки стадионни кираверишига “соқоллилар киритилмайди!”, деб ёзиб қўйса бўладику, - дейди бухоролик футбол ишқибози.
Маҳаллий посбонларнинг бу хатти-ҳаракати инсон ҳуқуқларининг бузилиши ўлароқ кўрилмоқда.
- Мусулмоннинг соқол қўйгани учун жамоат жойларига қўйилмаслиги бу унинг эътиқод ҳуқуқлари чекланишидир, - дейди Франциядаги Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Надежда Отаева.
Ўзбекистон Мусулмонлар диний идорасидагилар ҳам мусулмонларга бу каби талабларни қўйишга ҳеч кимнинг қонунан ҳаққи йўқлигини айтмоқда.
- Соқол қўйиш мусулмонлар учун суннат бўлиб ҳисобланади. Соқолига қараб одамни ажратиш қонунга хилофдир, - деди Ўзбекистон Мусулмонлар диний идораси мулозимларидан бири.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда талаба йигитларнинг соқоли озгина ўсган бўлса-да, дарсдан чиқариб юбориш, кўча ва бозорларда соқол қўйган ёш йигитларни милиция бўлимларига олиб бориб, сўроққа тутиш ҳоллари кўпайгани айтилади.
Ўтган йили эса Қўқон шаҳри бозорига ҳижоблилар ва оқ дўппи кийганларнинг кириши тақиқлаб қўйилгани ҳақда Озодлик хабар берган эди.