Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:53

Газ ва электрдан қарзи борлар бундан буён прокуратура олдида жавоб беради (ВИДЕО)


Истеъмолчилардан табиий газ ва электр қуввати учун қарзни ундириш билан, президент Мирзиёев имзолаган фармонга биноан, бундан буён Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузурида ташкил этиладиган Мажбурий ижро бюроси шуғулланади.

3557 сўздан иборат жуда катта ҳужжатнинг баъзи муҳим жиҳатларига тўхталамиз.

10817 киши ишсиз қоладими?

Бу президент фармони билан танишиш жараёнида пайдо бўлган ташвишли саволдир.

Электр энергияси ва табиий газ учун қарзларни ундириш билан боғлиқ барча ишлар Мажбурий ижро бюроси (Бюро) га юклатилмоқда.

Бюронинг ташкил этилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Суд департаменти тугатилмоқда ва унинг 1 301 та бўшатилаётган штат бирлиги ҳамда департаментнинг барча вазифалари, функциялари ҳамда ваколатлари Бюрога ўтказилмоқда.

Президент фармонининг 6- бандида айтилишича,

“Ўзбекэнерго” АЖнинг истеъмолчилар билан ишлаш бўйича 6 562 та электромонтёр штат бирликларини ҳамда “Ўзтрансгаз” АКнинг табиий газни ҳисобга олиш ва реализация қилиш бўйича 4 255 та назоратчи штат бирликларини қисқартирилади”.

Яъни, Суд департаментидан бўшатилаётганлар Бюрога ўтказилиши айтилган.

Лекин “Ўзбекэнерго”нинг электромонтёрлари ва “Ўзтрансгаз”нинг назоратчилари “қисқартирилади” дейилган¸ холос. Хўш, улар ишсиз қоладими? Бу саволга “Ўзтрансгаз”нинг Тошкентдаги бош офиси мулозимидан ҳам, вилоятлардаги филиаллари ходимларидан ҳам жўяли жавоб ололмадик.

11 триллионлик қарз

Президент фармонида электр энергияси ва газ етказиб беришда “жиддий камчилик ва муаммолар” мавжудлиги, улар “дебитор қарздорликни кескин камайтиришга” имкон бермагани тан олинган.

Қарз муаммосини Мирзиёев йил бошида тилга олган, Вазирлар Маҳкамасининг 14 январда бўлиб ўтган кенгайтирилган мажлисида жами 18 триллион сўмлик дебитор қарздорликдан 11 триллион сўми ёки 60 фоизи охирги 3 йил мобайнида чўзилиб келаётгани тўғрисида гапирган эди.

Ўзбекистон Республикаси бош вазири ўринбосари Ғуломжон Иброҳимов 20 январ куни Президент Мирзиёев иштирокида Қорақалпоғистонда бўлиб ўтган мажлисда 1 августгача дебиторлик қарзларини ундиришга сўз берган эди.

Дебитор қарздорлик масаласига 3 назар

Бас, қарз ундириш учун махсус ташкилот тузилаётган экан, фармонни ўрганиш асносида бу масалага таъминотчи, назоратчи ва истеъмолчи қандай ёндошишига қизиқдик.


Газ етказиб берувчининг айтганлари

Президент Мирзиёевнинг 29 май кунги фармони ортидан жойлардаги вазиятни ўргандик. Масалан, “Жиззахшаҳаргаз” корхонаси ходимининг айтишича, шу кунда табиий газ учун аҳоли 35 млрд 133 млн сўм, улгуржи истеъмолчилар 1 млрд 639 млн сўм, ҳаммаси бўлиб 36 млрд 772 млн сўм қарз.

“Шаҳар, дебиторлик қарзларни ундириш мақсадида, 4 та секторга бўлинган, уларнинг бирини ҳоким, иккинчисини прокурор, учинчисини милиция бошлиғи, тўртинчисини солиқ идораси бошлиғи бошқради. 1 августгача дебитор қарзни тугатамиз, деб ишлаяпмиз",- деди “Жиззахшаҳаргаз” вакили.

Одамлар нима учун қарзини тўламаяпти? Бу саволга таъминотчи жўяли жавоб айтмади.

Газ назоратчисининг айтганлари

Президент фармонига биноан “Ўзтрансгаз”нинг ишдан бўшатиладиган 4 255 назоратчиси истеъмолчи билан бевосита ишлайдиган ходимлардир. “Самарқандшаҳаргаз”да ишлайдиган Жўрабек - ана ўша 4 255 назоратчидан бири.

Табиий газ ёқувчи 687 хонадон билан ишлайдиган Жўрабекнинг ҳозирча Президент фармонидан, бинобарин, тез орада ишсиз қолишидан хабари йўқ.

Унинг айтишича, 687 хонадондан 235 тасининг газдан қарзи бор.

“Баъзиларнинг қарзи жуда катта. Битта хонадон 5 млн 500 минг сўм қарз. Бошқа бири 3 млн 800 минг сўм қарз”, деди назоратчи.

Жўрабекнинг айтишича, “кўпчиликнинг газга тўлашга пули йўқ – чет элда ишлаб юрган ўғилларидан пул келмаётганини баҳона қилишади, пенсионерлар пенсиясидан 30 минг, 50 мингдан тўлайди, счетчик бўйича эса, қарзи, масалан 280 минг, шундай қилиб қарз кўпайиб кетяпти”.

Кўп қаватли уйда яшайдиган газ назоратчиси Жўрабек, ўзининг айтишича, ойига 520 минг сўм маош олади ва бу пулнинг 250 минг сўм атрофидаги қисмини газ учун ишхонаси ушлаб қолади.

Истеъмолчининг айтганлари

Президентнинг 29 майдаги фармонида “истеъмолчи энергия ресурслари истеъмолини ҳисобга олиш ускуналарининг лозим даражада эксплуатация қилиниши ва созлиги учун жавобгар бўлади”, дейилган.

Боғибаландлик тингловчи жўнатган сурат газ идораси ходими билан можаро давомида олинган.
Боғибаландлик тингловчи жўнатган сурат газ идораси ходими билан можаро давомида олинган.

Самарқанднинг Боғибаланд маҳалласида яшайдиган, исми айтилмаслигини сўраган истеъмолчининг шу кундаги ташвиши фармонда тилга олинган “энергия ресурслари истеъмолини ҳисобга олиш ускуна”си билан боғлиқ.

Унинг айтишича, “шу кунларда горгаз ходимлари уйма-уй юриб, ҳамманинг газдан қарзи бор, деб тайинлаб кетишаяпти. Бировнинг 7 млн, бошқасининг 5 млн сўм қарзи бормиш”.

Суҳбатдошимиз газ идораси билан тортишиб, уддалай олмаганини, охир-оқибат "4 ярим млн сўм тўлашга мажбур бўлганини" айтди. "Акс ҳолда газни узиб кетмоқчи эдилар", деди боғибаландлик истеъмолчи.

Боғибаландлик истеъмолчи газ ҳисоблагичи билан боғлиқ можарони батафсил айтиб бердики, унинг ҳикоясини бу ерда келтириш иложсиз. Унинг ўз қиссасидан ҳиссаси бу: “газ идораси ходимлари мени алдади”.

​Ижтимоий тармоқларда тарқалаётган юқоридаги видеода газ идораси ходими билан истеъмолчи ўртасидаги можаро акс этган. (Айтилишича, видео Тошкент шаҳар, Миробод туман газ идорасида олинган)

Ҳозиргина келган яна бир хабар

“Ассалому алайкум, газ муаммосини кўтараяпсизлар экан. Бизда – Қўқондаям газ идораси давлатдан 50 млрд сўм қарз экан. Бу қарзни Қўқон халқига 4 миллиондан бўлиб юборибди. Счетчиги борларга ҳам”, деб ёзди тингловчиларимиздан бири.

Бу хатдан кейин беихтиёр бош вазир ўринбосари Ғуломжон Иброҳимовнинг 1 августгача дебиторлик қарзларини ундириш тўғрисида Президент Мирзиёевга сўз бергани яна ёдга тушди.

Кутинг, Сизнинг уйингизга ҳам келишади

Президентнинг 29 майдаги фармонида “Ўзбекэнерго” ва “Ўзтрансгаз”компаниялари раҳбариятига 2017 йил 1 июлга қадар туман ва шаҳарларда 2017 йил 1 июнь ҳолатига энергия ресурсларидан қарздорлиги мавжуд бўлган барча истеъмолчиларнинг рўйхатини янги ташкилот - Мажбурий ижро бюросига тақдим этиш топширилган.

Эслатиб ўтамиз, Мажбурий ижро бюроси Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузурида ташкил этилмоқда.

XS
SM
MD
LG