Линклар

Шошилинч хабар
08 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:04

Тошкентда мол гўшти қимматлади; расмийлар буни инкор қилмоқда


Юнусобод деҳқон бозоридаги гўшт растаси. 2016 йилнинг 15 августи.
Юнусобод деҳқон бозоридаги гўшт растаси. 2016 йилнинг 15 августи.

Тошкентда мол гўшти қимматлаб кетгани тўғрисида бир-биридан мустақил икки манбадан Озодликка етиб келган хабарни Юнусобод деҳқон бозорида ишлайдиган қассоблардан бири тасдиқлади. Унинг Озодликка айтишича, мол гўшти сўнгги 10 кунда ўртача 2 минг сўмга қимматлаган.

Юнусобод деҳқон бозори маъмурияти ва “Тошбозорсавдо” ассоциацияси мулозимлари мол гўшти қимматлаганига оид бу маълумотларни кескин рад этди.

“Бугун Юнусободдаги бозордан 34 минг сўмга 1 кило лаҳм гўшт сотиб олдим. “Килоси 35 минг сўм” деган жойдан нақд пулга 34 мингга олдим. Терминали йўқ экан”, деди тошкентлик йигит. У Юнусобод деҳқон бозорининг гўшт растасида олган суратларини ҳам Озодликка тақдим этди.

Суратларда гўшт растасининг баъзи қисмлари, гўшт илгичлар бўш эканлиги кўриниб турибди. Вазиятни мустақил суриштириб кўрган Озодлик манбасининг айтишича, жойларнинг бўшлиги бозорга текширувчилар келиши кутилаётгани учун ҳужжатлари етарли бўлмаган баъзи қассобларнинг ишга чиқмагани билан изоҳланмоқда.

Тилга олинган бозорда савдо қилувчи қассоблардан бирининг Озодликка айтишича, сўнгги 10 куни ичида мол гўшти ўртача 2 минг сўмга қимматлаган. “Мол гўштининг тортилиб қолиши байрам (Мустақиллик куни – таҳр.) муносабати билан Тошкентга вилоятлардан мол келиши чеклангани, четдан ҳам мол кам келаётгани билан боғлиқ”, деди қассоб.

Вазиятни тушунтириб беришини сўраб, Озодлик “Тошбозорсавдо” ассоциацияси билан боғланди. Ташкилотнинг ўзини таништирмаган мулозими Тошкентда, хусусан, Юнусобод деҳқон бозорида гўшт қимматлагани тўғрисида маълумотга эга эмаслигини билдираркан, “Бозордан бизга оперативний даннийлар келади. Сиз айтган бозордан, масалан, 25 минг сўмдан қиммат гўшт йўқ, деган маълумот келган”, деди “Тошбозорсавдо” мулозими. Унинг айтишича, “мол гўшти тортилиб қолди”, “Тошкентга гўшт кириб келиши чекланди”, деган гаплар ҳам мутлақо асоссиздир.

“Вазирлар Маҳкамасининг тегишли протоколлари асосида савдо-сотиқ ташкил қилинган, килоси 20 минг сўмдан ҳам гўшт бор”, деб қўшимча қилди мулозим.

Юнусобод деҳқон бозори маъмуриятининг ўзини таништирмаган ходимаси ҳам Озодлик саволларига жавоб бераркан, бундай деди:

“Бозоримиздаги тадбиркорлар расталаридан ташқари махсус расталарда ҳам гўшт сотилаяпти. Ярмаркалар уюштирилган. Мол гўштимиз килоси 20 минг сўмдан 23 минггача, қўй гўштимиз 21 мингдан 24 минг сўмгача. Сиз айтгандай, 34 минг, 35 минг сўмдан гўшт йўқ бозоримизда. Товуқ гўшти 12, 13 мингдан 11 минг сўмгача тушди”, деди Юнусобод деҳқон бозори маъмурияти вакили.

Гўшт растасидаги баъзи савдо ўринларига оид саволга жавобан маъмурият вакили “Гўшт жуда ҳам кўп. Ҳар куни келаяпти гўшт, вилоятлардан ҳам келаяпти”, деди.

Бу гаплардан сўнг Озодликнинг яна бир манбаси душанба куни Юнусобод деҳқон бозорида бўлиб, вазият билан танишди.

“Нархлар ҳақиқатан ҳам кўтарилибди. Бир қассоб 33 минг, деди мол гўштининг бир килосини. 35 минг деганлар ҳам бўлди. Бу суяксиз гўшт. Ўзи умуман, Тошкент бўйлаб гўшт қимматлаётгани сезилаяпти”, деди бозор-ўчарини одатда Қўйлиқ бозорида қиладиган манба.

Бозор расталаридаги савдо ўринларининг тўлиқ эмаслигини қассоблар келаётган байрам муносабати билан хавфсизлик чоралари кучайтирилаётгани ва вилоятлардан келиб ишлайдиган қассобларнинг уйига кетаётгани билан изоҳлаганини айтди, манба.

Қиёслаш учун Фарғона шаҳридаги вазиятни ҳам суриштирдик. Бир-биридан мустақил икки манбадан бирининг айтишича, Фарғонада кейинги кунларда мол гўшти 1000 сўмга қимматлаган. Иккинчи манба бу маълумотни қисман тасдиқлади. “Баъзи қассобларгина килоси 25 минг сўмлик гўштни кейинги кунларда 26 минг сўмга кўтариб олди”, деди Озодликнинг Фарғонадаги манбаси.

Ўзбекистон пойтахтида гўшт нархида сезиларли ўзгариш бундан 20 кунча олдин кузатилган эди. Озодлик 26 июль кунги материалида Тошкент вилоятига туташ Жанубий Қозоғистонда чорва моллари орасида куйдирги касали тарқаши ва касалликнинг одамларга юқиши ортидан Ўзбекистон ҳукумати қўшни давлатлардан гўшт ва гўшт маҳсулотлари сотиб олишни чеклагани, натижада бундай назорат ортидан пойтахтда махсус лицензиясиз ишлаб келган кушхоналар ëпилгани, гўшт нархи 2000 сўмгача қимматлагани тўғрисида ёзган эди.

XS
SM
MD
LG