Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:46

"Домодедово"да икки кун қолиб кетган йўловчилар Тошкентга бошқа учоқда келди (ВИДЕО)


19 август куни электроникасидаги носозлик туфайли Москванинг «Домодедово» аэропортидан Тошкентга уча олмаган «Ўзбекистон ҳаво йўллари» авиакомпаниясига қарашли самолёт ўрнига 21 август, соат 00:30 Тошкентга қараб бошқа учоқ учди.

Хабар қилинишича, учоқ 19 август куни Москва вақти билан соат 22:45 да учиши керак бўлган, лекин учувчилар борт электроникасини ёқа олмаган.

Шу тариқа, 602-чи борт бир кеча-кундуздан ортиқ вақт ушлаб турилганидан кейин, носозликлари бартараф этилмаган ва йўлга бошқа учоқ чиқарилгани маълум бўлди.

Кечиктирилган рейс йўловчиларидан бири, тошкентлик журналист Тимур Карповнинг айтишича, айрим йўловчилар кичкинагина кутиш залида, қолган йўловчилар бизнес-залда ўтиргани, яна бир неча киши - асосан қариялар ва болалилар - меҳмонхонага жойлаштирилган.

(Журналист Тимур Карпов видеотасвири)

Фейсбукдаги йўловчилар қолдирган изоҳлардан бирида яқинда Тошкентдан учиб келган самолёт борт компьютери учун керакли эҳтиёж қисмини олиб келгани айтилади.

Йўловчиларга орадан саккиз соат ўтгандан кейингина эрталаб 7 да нонушта таклиф қилинган.

«ЎҲЙ (Ўзбекистон ҳаво йўллари-таҳр.) вакиллари дастлаб саволларга қўпол равишда жавоб беришди, кейин пассажирлардан аэропорт биносини тарк этишни сўрадилар. Қария ва болалар меҳмонхонага жойлаштирилди, қолганлар кутиш залида самолёт таъмирланишини кутиб ўтирибдилар. Сервисга гап бўлиши мумкин эмас)))», – деб кинояли изоҳ қолдирган йўловчилардан бири.

Домодедово аэропортида ўз рейсини кутиб қолган йўловчилар авиаширкат вакилларини қуршаб олди ва маълумот беришни сўраб, бесамар уриниб кўрди.

Тошкентга учаётган айрим йўловчилар авиаташувчини судга беришини билдирди.

Бироз вақтдан кейин миллий авиакомпания сайтида расмий баёнот пайдо бўлди:

“Авиакомпания мутахассислари ҳаво кемасининг дастурлаш таъминотида носозликларни бартараф қилиш устида ишлашмоқда. Йўловчиларни олиб чиқиш учун 20 август куни авиакомпания томонидан Домодедоводан Тошкент йўналиши бўйича қўшимча рейс маҳаллий вақт билан 23:15 учиб кетади, дейилади “ноқулайликлар яратилгани учун” йўловчилардан кечирим сўралган баёнотда.

Ҳозирда ўзбек муҳожирлари “Домодедово” аэропортидан ўз манзилига жўнатиб юборилганини аэропорт маъмурияти ҳам тасдиқлади.

Бундан олдинроқ, 22 август куни, “Ўзбекистон Ҳаво йўллари”га қарашли Истанбулдан учиб келаётган Boeing 767 учоғининг Тошкент шаҳрига қўнаётганида тормоз тизими ишдан чиқиб, фавқулодда ҳолат юзага келгани тўғрисида хабар қилинган эди.

XS
SM
MD
LG